Қайднома

Қидирув

Евротур: Еврокубоклар таъсири остида...

Евротур: Еврокубоклар таъсири остида...

  26.09.2021 05:05
  0
  126
Евротур: Еврокубоклар таъсири остида...

Ҳисобот тури арафасида стартга чиққан Чемпионлар Лигаси ва Европа Лигаси беллашувлари ўз иштирокчиларига турлича таъсир этган кўринади. Ҳар ҳолда, халқаро аренада муваффақиятга эришганлар ички мусобақада ҳам рисоладагидек тўп суришди ва аксинча, мақсадга эриша олмаганларнинг яна иши қовушмади.


Англия. Етакчи триода «рокировка»

5-тур натижаларидан кейин АПЛ жадвалини бош­қариб келаётган уч жамоа бир хил очко жамғарган ҳолда, ўзаро ўрин алмашдилар. «Энфилд»да «Кристал Пэласни 3:0 ҳисобида таслим этган «Ливерпуль» ва Лондон дербисида «Тоттенхэм»ни шундай ҳисобда енгган «Челси» тўплар нисбатига кўра «МЮ»ни 3-ўринга тушишга мажбур этишди. Қизиғи, бу икки жамоа барча кўрсаткичлар бўйича, худди келишиб олгандек, бир хил одимламоқда. Бу ҳам камдан-кам учрайдиган ноёб ҳолат.

Сульшер шогирдлари эса Лондонда «Вест Хэм» устидан иродали (2:1) ғалабани расмийлаштирдилар. Очиғи, учрашув дуранг билан тугаганида, адолатлироқ бўларди. Бироқ Де Хеа - Нобл дуэлида дарвозабон ғолиб чиқди.

Амалдаги чемпион «Этиҳад»да «Саутгемптон» дарвоасига йўл топа олмади - 0:0.

Мавсумни кўтаринки руҳда ўтказаётган «Брайтон» эса ўз майдонида «Лестер»дан устун келиб (2:1), «Сити»дан ўзиб кетди ва етакчи учликка яқинлашиб олди.

Аввалги турда «Челси»дан 3та гол қабул қилган «Астон Вилла» ўз майдонида «Эвертон»ни шунча гол билан «сийлади». Уотфорддан 3 очко билан (2:0) қайтган «Вулверхэмптон» ўз уйида бошқа бир дебютант - «Брентфорд»дан шундай ҳисобда мағлубиятга учради. «Уотфорд» эса Норижда ҳанузгача очко олмаган «Норвич»ни 3:1 ҳисобида енгди.

Испания. Яна сермаҳсулликдан йироқ тур

Ла Лиганинг 5-турида стартдаги сусткашлик такрорланди. 10 учрашувнинг 6тасида томонлар муроса (3таси нурсиз) йўлини танладилар. Қолган 4 беллашувнинг 3тасида меҳмонлар, биттасида майдон эгалари зафар қучдилар. Лекин чинакам курашга мухлислар «Валенсия» - «Реал» (1:2) ва «Райо Вальекано» - «Хетафе» (3:0) учрашувида гувоҳ бўлдилар. 86-дақиқага қадар ҳисобда ортда қолаётган «Қироллик клуби» 3 дақиқа ичида 2та гол уриб, «Месталья»дан 3 очко билан қайтишга муваффақ бўлди ва яққол пешқадамга айланди.

«Райо Вальекано» «Хетафе»ни уч марта ўз дарвозасидан тўп олиб чиқишга мажбур этган бўлсада, меҳмонлар «қора» ҳудудни тарк этиш учун бор имкониятини сарфлади. Пенальти эвазига тезкор гол урган майдон эгалари эса кейинчалик асосий эътиборни ўз дарвозалари дахлсизлигини сақлашга қаратишди. Ўйин якунига яқинлашиб қолганида мувозанатни тиклашга уринган меҳмонлар 2та қарши ҳужумни ўтказиб юборишди.

«Алавес» - «Осасуна» қарама-қаршилиги тақдири танаффусга қадар ҳал бўлди - икки тўп фарқи билан олдинга чиқиб олган меҳмонлар иккинчи бўлимни ғалабани сақлаб қолишга сарфладилар.

«Барселона» «Камп Ноу»да «Гранада»ни енга олмай, яна ўз мухлисларини ранжитди. Кўпчилик Куман жамоасидан ЕЧЛдаги омадсизликдан («Бавария», 0:3) тегишли хулоса чиқаришни кутганди. Бироқ амалда ўйиндаги ҳисоб меҳмонлар томонидан очилди - мезбонларнинг ҳимоядаги хатосидан фойдаланган Домингуш Дуарте ўз жамоасини олдинга олиб чиқди. Шундан кейин «Барса» ўзига келиб олгунига қадар «Гранада»да яна имкониятлар бўлди. Аммо зарбаларга аниқлик етишмади.

Иккинчи бўлимда табиийки, майдон эгалари ташаббусга эга бўлишди ва бир қатор хавфли ҳужумларни ташкил этишди. Меҳмонлар эса қўполлик билан бўлсада, ҳисобни ушлаб қолишга уриндилар. Охир-оқибат, ҳакам Араухога нисбатан қўлланган қоидабузарликни эътиборсиз қолдириши натижасида майдонда кичик тўқнашув ҳам бўлиб ўтди. Лекин якунда каталонияликлар сафида энг яхши ўйинчи деб топилган Араухо Гавининг узатмасини голга айлантириб, жамоани мағлубиятдан қутқариб қолди. Бироқ жанговар дуранг майдон эгаларини ҳам, мухлисларни ҳам қониқтирмаганлиги аниқ.


Германия. «Бавария» одатий ўрнини эгаллади

«Уик-энд» арафасида бўлиб ўтган еврокубок баҳсларининг ички мусобақага қанчалик илҳом берганига Бундеслиганинг ҳисобот тури натижалари яққол мисол бўла олади. Аввалига Лейпцигда (4:1), кейин Барселонада (3:0) зафар қучгач, иштаҳаси очилган «Бавария» «Бохум» дарвозасини нақ 7 марта ишғол этди. Ҳа, мухлисларга ажойиб гол базми туҳфа этилди.

Шунингдек, «Милан»ни доғда қолдирган (3:2) «Боруссия Дортмунд» «Унион»ни 4:2 ҳисобида маҳв этди. Ҳисобга қараб хулоса чиқарадиган бўлсак, берлинликлар жиддий қаршилик кўрсатишгандек туюлади. Бироқ аслида, 3та тўп фарқи билан олдинга ўтиб олган дортмундликлар бироз хотиржамликка йўл қўйишди. Лекин рақиб жавоб тўпини киритганидан кейин ўзларини ўнглаб олишди ва ҳисобни йириклаштирдилар. Ўз уйида ирода эвазига «Ференцварош»дан 3 очко тортиб олган «Ба­йер» (2:1) Штутгартда 3:1 ҳисобидаги ғалабани расмийлаштирди. Бундан ташқари, «доришунослар» 32-дақиқада озчилик бўлиб қолган ҳолда гол уришни уддаладилар. Фақат «Вольфсбург» нисбатан камтарин натижа билан кифояланди - Лига 1да ўз ўйинини топа олмаётган «Лилль» билан нурсиз дурангга имзо чеккан «бўрилар» ўз майдонларида «Айнтрахт»га шундай мурувват кўрсатдилар - 1:1. Натижада «Бавария» тўплар нисбатига кўра олдинга чиқиб олди.


Италия. «Наполи» - яққол етакчи!

4-турнинг сўнгги учрашуви «А» сериянинг янги етакчисини тақдим этди. Удинега сафар қилган «Наполи» маҳаллий «Удинезе» дарвозасига 4та жавобсиз гол уриб, чемпионатдаги очко йўқотмаган ягона жамоага айланди. Аслида турга мағлубиятсиз етиб келган мезбонлар ҳам мавсумни рисоладагидек бошлашган ва 5-ўринда эдилар. Шу боис, «Наполи» жиддий қаршиликка дуч келиши тахмин қилинганди. Бироқ Лучано Спаллетти шогирдлари илк дақиқадан ташаббусни ўз томонларига оғдиришди ва танаффусга қадар 2та гол уришди.

Танаффусдан кейин Кулибали ҳисобни йирик кўринишга олиб келгач, ўйин тақдири ҳал бўлганди. Сўнгги дақиқаларда Ирвинг Лосано ҳам ўз номини таблога ёздириб қўйди.

Шу турга қадар мағлубиятсиз келаётган «Рома» кутилмаганда ҳали бирорта очкога эга бўлмаган «Верона»га имкониятни бой берди. Аслида баҳс «бўрилар» фаоллиги билан бошланган, 36-дақиқада Пеллегрини ҳисобни очганди. Лекин иккинчи бўлимда ташаббус мезбонлар томонида бўлди. Улар тез орада 2та гол уриб, олдинга чиқиб олишди. Ҳатто мувозанатни тиклаган автогол ҳам уларни руҳан синдира олмади. Якунда Фараонининг аниқ зарбаси учрашувни «Верона» фойдасига ҳал қилди.

«Жузеппе Меацца»да «Болонья»ни қабул қилган «Интер» йирик (6:1) ғалабани расмийлаштириб, «Милан»ни қувиб ўтди. Стефано Пиоли жамоаси Туринда «Ювентус» билан битим (1:1) имзолади. Шунингдек, «Лацио» ҳам бу турда «Кальяри» билан дурангга имзо чекиб, қимматли 2 очкодан маҳрум бўлди.

Буларку майли, Швецияда «Мальмё»ни йирик (3:0) ҳисобда маҳв этган «Ювентус»нинг ички чемпионатда аутсайдерлар сафида юриши кишини ажаблантиради.


Франция. «ПСЖ» узоқлашмоқда

Бундеслигада «Бавария» гегемон бўлса, Лига 1да «ПСЖ»га тенглаша оладиган жамоа кўринмаяпти. «Анже», «Ницца», «Лион», ҳатто дебютант «Клермон» ҳам имкон қадар грандга яқин юришга уриниб кўришди. Энди навбат «Ланс» билан «Марсел»га келди. Лекин пойтахт клуби анча хотиржам. Тўғри, бу гал «Лион»дан очко тортиб олиш осон бўлмади - Неймар бир амаллаб мувозанатни тиклаган бўлса, Икардининг 3 очколи зарбаси қўшимча вақтнинг 4-дақиқасида йўлланди. Бироқ гранд мақсадига етди, барибир.

«Ницца» ўз майдонида «Монако» билан жанговар дурангни расмийлаштирди, «Ланс» амалдаги чемпионни ягона гол эвазига маҳв этди, «Марсель» «Ренн» дарвозасига 2та жавобсиз тўп йўллади. «Анже» эса «Нант»дан йирик (1:4) ҳисобдаги мағлубиятни қабул қилиб олди. Не-не фаворитларни маҳв этиб, мавсум кашфиёти унвонига номзод бўлиб турган «Клермон» эса ўз майдонида аутсайдер «Брест»ни енга олмади. Лекин майдонда озчилик бўлиб қолишига қарамасдан, ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди - 1:1.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz