Қайднома

Қидирув

Трансферлар: Лукаку уйига қайтди

Трансферлар: Лукаку уйига қайтди

  27.09.2021 09:09
  0
  170
Трансферлар: Лукаку уйига қайтди

Ромелу Лукакунинг «Интер»дан «Челси»га ўтиши Роналду ва Мессининг тарихий трансферлари фонида йўқолиб қолмади. Унинг учун жуда катта пул сарфланди, бу ўтишни кўпчилик кутмаганди - «Интер» молиявий муаммоларини ҳал қилиш учун муҳим футболчиларидан бирини сотишга мажбур бўлди. Қолаверса, бу шахс эришган ютуқлари даражасига кўра, алоҳида аҳамиятга эга. Ўтган мавсум у чемпионатда 24та гол ва 11та ассист қайд этди. Якунда фақат Левандовски 35та самарали ҳаракатни амалга оширди, Месси ва Кейнда бироз кўпроқ бўлди.

Трансфернинг шов-шув кўтарганини тушуниш мумкин, лекин келишув аввалдан режалаштирилмаганди. «Интер» раҳбарлари Антонио Конте кетганидан кейин мухлисларни аввалдан огоҳлантириш мақсадида, клуб бюджетдаги камчиликларни бартараф этиш учун етакчилардан бирини сотиши кераклигини таъкидлашди. Мазкур ҳолатда фақат бир футболчини қўйиб юбориш ҳақида гап бораётганди.

Ашраф Ҳакими 60 млн. еврога сотилгач, «Интер» бош директори Беппе Маротта «бошқа ҳеч кимни сотмоқчи эмас»лигини билдирди. Июль ойи охирида Мароттанинг ўзи Лукакунинг сотилмаслигини, у янги мураббий Симоне Инзаги учун аҳамиятли футболчи эканлигини айтди. Орадан икки ҳафта ўтиб, бельгиялик ҳужумчи сотилди - обрўга катта зарба. Шу қадар таъсирланарли бўлдики, ҳатто «Интер» фанатлари агентнинг манзилига таҳдидлар ҳам йўллашди.

Агар Лукакунинг ўзи аввалроқ бу ҳақда гапирганда, зарба кучи оғир бўлмаслиги ҳам мумкин эди. У клуб ва мухлислар билан ижтимоий тармоқ орқали хайрлашди, аммо уни кетишга «Челси»дан катта маблағ ундиришни ният қилган агент ва раҳбарият кўндиргани ҳақида лом-мим демади. Ҳужумчининг агенти Федерико Пасторелло вазиятга изоҳ берди, лекин у тушунарсиз чиқди: бир томондан, менежерлар футболчини сақлаб қолишга уринишган, бошқа томондан, хўжа­йиннинг сотув бўйича топшириғи бўлган.

Ниҳоят, Лукаку ҳам борини айт­ди. У Бельгиянинг HLN порталига интервью берди. Суҳбат пайти нафақат «Челси»га ўтиш сабаблари, балки бошқа мавзуларга ҳам тўхталди.

«Таклиф келганидан кейин тушундимки, «Челси»нинг мақсади жиддий экан. Дастлаб улар 100 млн., кейин 105 млн., сўнгра 110 млн. евро ва Заппакостани таклиф қилишди. «Интер» кўнмади. Ёмонликча кетишни ёки махфий тарзда музокара ўтказишни истамадим. Инзагига ушбу таклифга кўниши кераклигини айтдим, чунки энди фикру хаёлим Миланда эмасди, жамоадаги муҳитни бузишни хоҳламадим».

Лондонда Лукакунинг маоши икки баравар ошди, лекин футболчи гап пулда эмаслигини таъкидлади: «Мен «Интер»дан фақат «Челси»га кетишим мумкин эди. Болалар одатда «Реал», «Барселона» ва «МЮ»га мухлислик қилишади, аммо «Челси» - менинг клубим. Унинг мен учун қандай аҳамиятли эканлигини барча билади».

Эҳтимол, шундайдир. Зеро таништирув маросимида Ромелу уйи­га қайтаётганини қайд этди, жамоа сафига қўшилганидан кейин эса Дидье Дрогба билан мунтазам гаплашиб туришини, ушбу муносабат унинг учун жуда муҳимлигини билдирди.

Муаммо шундаки, Лукаку Италияга кўчиб ўтаётганда болаликдаги кумири Адриано («Интер»­нинг бразилиялик собиқ ҳужумчиси) бўлганини таъкидлаганди. «Арсенал» дарвозасига урган голини «Челси» эмблемасини ўпиш орқали нишонлагани у қадар таъсирли чиқмади, чунки аввалги йилларда «Эвертон», «Вест Бромвич», шунингдек, «Интер» ва ҳатто «МЮ»да ҳам шу ишни такрорлаганди.

Буларнинг бари таъна эмас - ахир футболчи ўзи хоҳлаган пайт, истаганча эмблемани ўпиш ҳуқуқига эга. Фақат «Челси»га ўтиш тафсилотлари ҳақида бироз аввалроқ хабар бериши керак эди - «Интер» директорлари футболчининг ўзи кетишни хоҳлаганини айтиб, ўзларини оқламоқчи бўлишди, лекин уларга ҳеч ким ишонмади. Ваҳоланки, ўша пайт Лукаку Инзагининг офисига қатнаб, қўйиб юборишини сўраган.

Ромелу «Интер» ҳақида гапираётганда, собиқ клуби «томорқасига тош отиш»ни ҳам унутмади. «Мени жарликдан олиб чиққани учун «Интер»га раҳмат. «МЮ»да жуда қийин аҳволга тушиб қолгандим». Бунақаси биринчи марта бўлмаяпти.

Гарчи бельгиялик футболчи Манчестерни икки йил аввал тарк этган бўлсада, тез-тез «қизил иблислар»ни ёмон сўзлар билан эслашда давом этмоқда. Мана, унинг кетганидан кейин айтган яна бир гапи: «Клубга барча муаммоларида айбдор қилиб кўрсатиш учун одам керак эди. Бу мен ва Погба бўлдик. Кўпчилик мени «МЮ»да кўришни истамаганди. Лекин жамоада шунчалик ёмон ўйнаган эканман, нега термада ҳаммаси яхши бўлган? Бизнинг ўйин услубимиз ўхшаш. Аммо иккита учрашувда (Швейцария ва Исландияга қарши) тўртта гол урдим, наҳотки, муаммо менда бўлса? Ўзимни ҳимоялангандек ҳис қилолмадим».

2019 йилнинг декабрида уни ҳеч ким қўллаб-қувватламагани ҳақида яна гапирди: «Ҳар доим у ердан кетишимни тасаввур қилардим. «МЮ»даги бир йил аввалги 8 йилдаги меҳнатлар самарасини ўчириб юборарди. Натижада, обрўни қайта тиклашим керак бўлади».

Бир сафар Оле-Гуннар Сульшер манзилига ҳам дашном йўллаганди: «Ўнг қанотда майдонга тушганимда, ниманидир ўзгартириш вақти келганини тушунгандим». Умуман олганда эса, Лукаку ҳеч қачон Сульшер шаънига шахсан ёмон гапирмаган, уни фақат ҳурмат қилишини айтган.

Ўтган кузда ҳужумчи яна тилини тия олмади. «МЮ»да дангаса бўлиб қолгандим, «Интер»да эса ҳаммадан кўп ишлайман. Мақсадим ортди, Манчестерда эса доим ўйин темпи, тўп тезлигига улгура олмаётганимни айтишарди. Мен секинманми? Секин югурадиган футболчи Европа Лигаси финалидаги («Севилья»га қарши) каби пенальтини ишлай олмайди. Ўзим нотўғри деб ҳисоблаган жуда кўплаб сўзларни эшитишимга тўғри келди. Ниҳоят, қатъий қарорни қабул қилдим: жин урсин, кетаман».

Қизиғи, манзилига йўлланаётган танқидларга қўшилмаяпти, ўз навбатида, машғулотларда дангаса бўлиб қолганини айтяпти. Ушбу парадоксни унинг характери ва амбициялари билан изоҳлаш мумкин: Ромелу ўзини қадрлашаётганини сезгачгина, астойдил меҳнат қилади. Худди Антонио Конте сингари. Эътиборлиси, мазкур муаммога Бельгия терма жамоаси бош мураббийи Роберто Мартинес ҳам, Лукаку ҳали «МЮ» таркибида тўп суриб юрган кезлари эътибор қаратганди. Гап футболчининг формаси ёмонлиги ёки унинг ўйин даражасида эмас, афтидан, уни клубдаги одамлар жуда кўп танқид қилишган.

«Челси»да бундай бўлмайди. Томас Тухель қишгача Лукакудан 50та гол кутаётганини айтди - албатта, бу ҳазил, лекин мақтовга асосланган. Марина Грановская эса клуб ҳужумчининг қайтганидан хурсандлигини билдирди.

Шаклланган ўйин тизимида ўзи учун аниқ ва қулай бўлган ролга эга бўлиш орқали Лукаку мақсадларини амалга ошириш имконига эга. Дарвоқе, Мартинеснинг таъкидлашича, Ромелу учун совринлар учун курашиш жуда муҳим, ундаги мотивация шунга боғлиқ. Лондонда футболчи совринлар учун курашади. Агар ҳаммаси яхши давом этса, у ҳолда «Челси» эмблемаси Лукаку ўпган охирги рамз бўлади.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz