Қайднома

Қидирув

«Эвертон» «Бавария»дан қиммат

«Эвертон» «Бавария»дан қиммат

  28.09.2021 02:52
  0
  159
«Эвертон» «Бавария»дан қиммат

Англия клубларининг «коронавирус бозори»даги ҳукмронлиги ҳаҚида. Ўтган ёзда Европадаги трансфер бозори роса қизиди. Бир-биридан ажойиб келишувлар гувоҳига айландик. Қуйидаги мақолада шундай диққатга молик йирик харидларни саралаб, омма эътиборига ҳавола этди.

«Коронаинқироз» эсдан чиқди

Ўтган ёзда трансфер бозорида сарфланган маблағлар миқдорига назар ташласак, футбол клублари томонидан коронавирус туфайли молиявий йўқотишларга учрашгани ҳақида қилинган дийдиёлар, нолишларни эшитгингиз келмай қоларкан. Харажатлар жуда катта. Бозор кўпчилик тасаввур қилганидан анча тез тикланди. Гарчи инқироз акс-садолари гоҳ-гоҳида янграб турган бўлса ҳам. Бу ҳолат тикланиш жараёнида тенгсизлик мавжудлигига ишора.

Айрим лигаларда клублар тўлов салоҳиятини тез тиклаб олишди, баъзилари эса ҳамон иқтисод қилиш билан банд. Тўғри, бунинг ўзига яраша сабаблари бор. Масалан, Ла Лигадаги салбий ҳолатлар нафақат коронавирус, балки клуб иқтисодчиларининг умумий сиёсати ҳамда турнир қоидалари туфайли вужудга келди, дейиш мумкин. Албатта, бу ўринда биринчи навбатда «Барселона» назарда тутилмоқда. Англия эса «телевизион ёстиқча» эвазига тезда ўзини ўнглаб олди, умуман, бу соҳа ҳар доим АПЛ жонига оро кирган. Шунга қарамай, инқирозлар даврида инглизларнинг шу қадар муваффақиятли фаолият юритишлари мумкинлигини тасаввур қилиш осон эмасди.

 

«Манчестер Сити» ҳамон авжида

Нуфузли CIES агентлиги Европанинг етакчи лигаларидаги жамоалар таркибининг нархи қайд этиладиган рейтингни янгилади. Рўйхатда етакчи ўзгармади. Футболчилари билан фаол тарзда шартномаларни узайтираётган «Манчестер Сити» ҳамон барчадан олдинда. «Шаҳарликлар»нинг ҳозирги таркиби 926 миллион фунт стерлингга баҳоланмоқда. «Сити» таркибидаги футболчиларнинг ўртача нархи ҳам диққатга молик - 37 миллион фунт. Албатта, Жек Грилишнинг «Астон Вилла»дан 100 миллион фунт эвазига сотиб олиниши ҳам статистикага ўз таъсирини ўтказди.

«Манчестер Сити» ўз мақомини чемпионатнинг дастлабки турида, «Тоттенхэм»га қарши баҳсда яққол намоён этди. Ўша баҳсда «шаҳарликлар» таркиби Премьер-лига тарихидаги энг қиммати бўлди. Ўша учрашувни «асосий»да бошлаган 11 футболчининг умумий нархи 520 миллион фунтни ташкил этди. Статистика молиявий салоҳият борасида қудратли ва заиф жамоалар ўртасидаги фарқни яққол кўрсатиб берди.

 

Рақобатчиларда ўсиш

«Манчестер Сити» таркиб қийматини ошираётганда, бошқалар жим қараб туришди, дейиш нотўғри бўлади, албатта. Рейтингда иккинчи ўринни эгаллаган «Манчестер Юнайтед»да ҳам сезиларли ўсиш кузатилди. Ўтган мавсум бошида «шаҳарликлар» яқин таъқибчиларини 165 миллион фунтлик фарқ билан ортда қолдиришган бўлса, жорий чемпионат стартида «Сити» ва «МЮ» таркиблари нархи орасидаги тафовут 49 миллион фунтга тенг бўлди.

Бугунги ҳисоб-китобларга кўра, бу фарқ катта эмас. «МЮ»нинг ҳамшаҳарларини қувиб етаётганига ажабланмаса ҳам бўлаверади. «Қизил иблислар» ўтган ёзда харидларга жуда катта пул сарфлашди. 73 миллион фунт эвазига Дортмунд «Боруссия»сидан Жейдон Санчо, 42 миллион фунт эвазига «Реал»дан Рафаэл Варан, 19,8 миллион фунт эвазига «Ювентус»дан Криштиану Роналду олиб келинди. Эндиликда «МЮ» таркибининг умумий қиймати 877 миллион фунтга тенг. «Манчестер Юнайтед»нинг ортидан етакчи билан орадаги фарқни қисқартирган яна бир жамоа - «ПСЖ» келмоқда. Парижликлар таркиби 820 миллион фунтга баҳоланмоқда. Кейинги ўринлардагилар билан тафовут эса анча сезиларли.

 

Англия ва бошқалар

Тўртинчи ўринда 675 миллион фунтлик кўрсаткич билан «Реал» бормоқда. Мадридликлардан 6 миллионга ортда қолаётган «Челси» бешинчи поғонада. Лондонликлар Ромелу Лукакуни «Интер»-дан 98 миллион фунтга сотиб олиш орқали катта ўсишга эришдилар. Лекин ажабланарлиси, «кўклар» минусга ишлашмади. Улар параллель равишда, жумладан, Тэмми Абрахамни «Рома»га 34 миллионга, Курт Зумани «Вест Хэм»га 30 миллионга, Фикайо Томорини «Милан»га 25 миллионга (ва бошқа айрим футболчиларни) пуллашди.

«Кўклар» шу тариқа харажатлар ўрнини қоплашга эришдилар. Кейинги ўринда 576 миллион фунтлик кўрсаткич билан «Ливерпуль» бормоқда. Эътибор беринг, юқори олтиликдаги тўрт жамоа Англиядан. Кучли ўнликда туманли ўлка вакиллари 6тани ташкил этаётган бўлса, топ-15ликда АПЛнинг 8 клуби бор. Яъни рўйхатнинг ушбу қисмидаги жамоаларнинг ярмидан кўпи.

 

Табақаланиш кучаймоқда

Агар «ПСЖ» хўжайинларининг мисли кўрилмаган сарфлари ҳамда «Реал»нинг топлар сафида қолишга интилиши бўлмаганда, Англиянинг етакчилиги янада яққолроқ кўзга ташланарди. Бош­қа клублар пул сарфлашдан қочмайдиган инглизлар фонида анча ортда қолиб кетишди. АПЛнинг молиявий қудрати шуни кўрсатмоқдаки, ҳатто «Арсенал» (542 миллион фунт), «Тоттенхэм» (472 миллион фунт) ва «Эвертон» (400 миллион фунт)нинг таркиби Германияда 9 йилдан буён гегемонлик қилаётган «Бавария»никидан (361 миллион фунт) қимматроқ.

Рейтингнинг топ-15лигида 8та Англия клубидан ташқари, Испаниянинг учта вакили бор. «Реал»­ни аввалроқ тилга олдик, «Барселона» «Арсенал»дан бироз қимматроқ - 551 миллион фунт, «Атлетико» эса 414 миллионли натижа эвазига «Эвертон» ва «Тоттенхэм» ўртасида жойлашди. Шунингдек, Германия ва Франциядан биттадан жамоа, Италиядан иккита клуб бор. Таркиби 563 миллион фунтга баҳоланган «Ювентус» «Барселона»ни ортда қолдирган ҳолда 7-ўринни эгаллади. «Наполи» (357 миллион фунт) эса 14-поғонада. Неаполликлар «Бавария»дан бироз ортда, «Лестер»ни эса атиги 5 миллионлик фарқ билан қувиб ўтишган.

 

Турфа имкониятлар

Англия клубларининг нисбатан барқарор молиявий ҳолати далолат бермоқдаки, АПЛнинг энг «арзон» жамоалари ҳам Италия, Испания, Германия ва Франциядаги айни рейтингларнинг ўртасидан жой олишлари мумкин. Ҳаттоки, бироз юқорироқда ҳам, десак тўғри бўлади. Масалан, АПЛнинг қиммат бўлмаган клубларидан бири сифатида 75 миллион фунтга тенг таркибга эга «Норвич»ни кўрсатиш мумкин. Ундан олдинда «Брентфорд» (96 миллион), «Бёрн­ли» (101 миллион), «Уотфорд» (104 миллион) ва трансфер ойнаси ёпилиши арафасида «МЮ»дан 25 миллион фунт эвазига Дэниэл Жеймсни сотиб олган «Лидс» (180 миллион) бор.

Пандемия даврида Англия клублари бошқаларни жиддий равишда ортда қолдириб, шу тариқа жаҳонда қайси лига чидамкор ва кучли эканлигини яна бир карра кўрсатиб қўйишди. Коронавирус тарқалганидан буён бўлиб ўтган учта трансфер ойнасида АПЛ клублари 1,6 миллиард фунт стерлинг сарфлашди. Иккинчи ўринда «А» серия бормоқда - ушбу лига жамоалари шу вақт оралиғида 255 миллион фунтга тенг харажат қилишди. Фарқ чиндан ҳам жуда катта.

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz