Қайднома

Қидирув

Футбол атрофида: Торсбю глобал исишга бефарқ эмас

Футбол атрофида: Торсбю глобал исишга бефарқ эмас

  30.09.2021 03:30
  0
  226
Футбол атрофида: Торсбю глобал исишга бефарқ эмас

«Сампдория» вакили жаҳон ҳамжамиятини қийнаётган катта муаммо - иқлимнинг глобал исиши туфайли ўйинчилик рақамини ўзгартирди. У вақтида бутун жамоани машғулотларга велосипедда қатнашини таъминлагани билан эътиборга тушганди. 2015 йили Парижда БМТ конференция­си иштирокчилари глобал исиш суръатини чеклашга қаратилган катта келишув остига имзо чекишганди. Ўша ҳужжат моҳияти оддий: глобал исиш суръатини ҳарорат кўтарилишининг ўртача меъёри - 2 даражадан пастроқда ушлаб туриш. Кейинчалик ҳаракатни кучайтириб, бу меъёрни 1,5 даража цельсийга тушириш кўзда тутилганди. Бош мақсад - ХХI аср ўрталарига қадар иқлим бўйича нейтрал дунё яратиш. Шунга мувофиқ, 2020 йили мамлакатлар томонидан иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтиришга қаратилган стратегия маъқулланди. Париж битими мамлакатлар зиммасига технология ишланмалари бўйича тажриба алмашиш ва ёрдамга муҳтож барча давлатларга турли йўналишлар (жумладан, молиявий)да кўмаклашиш мажбуриятини юклайди. 2024 йилдан эътиборан Париж деклерациясининг барча иштирокчилари глобал исишга қарши қандай чоралар кўрилгани ҳақида ҳисобот тақдим этишлари шарт.

Мортен Торсбю - 2019 йилнинг июль ойида «Херенвен»дан «Сампдория»га кўчиб ўтган норвегиялик футболчи. У Нидерландия клубида 8-рақам остида ўйнаганди, бироқ генуяликлар сафига қўшилганида, «8» банд эди. Торсбю бу масалада ортиқча бош қотирмай, шунчаки, 18-рақамни олди. Норвегиялик ярим ҳимоячи ўз танловини оддий изоҳлаганди: «Севимли рақамим - «8» банд экан, нима қилардим? Энди «18» остида майдонга тушишим муаммо эмас. Бунга табиий ҳол сифатида қарайман: «1» ҳар доим олға боришга ундайди. Асосийси, унинг ёнида мен учун қадрли «8» бор». Торсбю шу аснода 2 йил давомида 18-рақамли футболкада тўп сурди ва жорий мавсум олдидан ўйинчилик белгисини кескин ўзгартирди. Аниқроғи, кутилмаганда, «2»ни олди. Бу айнан глобал исишга қатарилган Париж битимига эътибор қаратиш ҳаракатидир. Норвегиялик йигит BroPod саҳифасида барчасини алоҳида тушунтиришга ҳам уринди: «Футбол билан энди шуғуллана бошлаганимдаёқ, яъни ўсмирлик йилларидан экология масалалари ҳақида кўп ўйлардим. Аммо ўша пайт асосий вазифам спорт билан шуғулланиш эди. Энди ҳаммага фойдали ишга қўл урмоқчиман. Баъзи танишларим эътироз ҳам билдиришди: «Ўзи нима қилмоқчисан? Бизда катта экологик инқироз, сен эса футбол ичидасан. Сенинг хоҳишингда қандайдир маъно йўқ». Ҳаттоки, орада негадир футболдан четга чиқишни ҳам ўйладим. Кейин ота-онам билан гаплашдим ва биргаликда якуний хулосага келдик: инсон ўз ҳаёти ва фаолиятини чиндан ҳам, муҳим нарса учун курашишга сарфлаши керак. Ҳозирги ҳолатда қўлимдан келадиган энг яхши иш - бу футболчи сифатида имкон қадар обрў орттириш ва муҳим масалалар ҳақида бонг уриш. Гап хабардорлик ҳақида. Одамлар қабул қилган ҳар бир қарор оқибатларини теран тушунишлари керак».

Торсбю табиатни муҳофаза қилиш масалаларига 18 ёшидан қизиқади. У ўшанда «Херенвен» билан энди шартнома тузганди. Табиийки, норвегиялик йигитчанинг Нидерландияда танишлари кўп эмасди. Хуллас, у бўш вақтини адабиёт, жумладан, экологияга доир қўлланмалар билан танишишга сарфлайди. Мортен айни ўша вақтда ўзи учун энг муҳим қарашни ҳам шакллантиради: «Дунё табиати инсоний ёрдамга ўта муҳтож». Торсбю аввалига муаммони жамоадошлари ва дўст­лари даврасида муҳокамага қўяди, кейин клуб раҳбарияти эътиборини тортишга уринади. Асосийси, «Херенвен» Мортенни тўла қўллаб-қувватлаб, футболчиларни машғулотларга фақат велосипедда қатнашга чақиради, ҳаттоки, мажбур қилади ҳам. Торсбю шундан сўнг оммавий эффектни юзага келтириш  учун катта аудиторияга чиқиш кераклигини тушунади. Йўқ, у Италияда велосипед ғоясини илгари сурмади. Ҳар ҳолда, велоспорт Нидерландияда маданиятнинг ажралмас бир қисми саналса, Апеннинда бундай эмас. Торсбю бунинг ўрнига Италия Атроф-муҳит,  қуруқлик ва денгизни муҳофаза қилиш вазири билан учрашиб, табиатни ифлосланиши муаммоларига эътибор қаратадиган футболчилар жамияти - We Play Green жамғармаси тузишни муҳокама қилди.

Торсбю фаолиятини тугатгандан сўнг ўз юрти - Норвегияда табиат муҳофазаси билан тўлақонли шуғулланишни режалаштирмоқда. Футболчи Грета Тунберг қарашларини ҳозирги ёшлар учун идеал намуна сифатида кўрсатади ва у билан учрашиш орзусида. Мортен футболчилар орасида яна бир эко-фаол йигит - Эктор Бельерин билан дўст тутинган. У испаниялик ҳамкасби билан ижтимоий тармоқлар ор­қали алоқа ўрнатиб, атроф-муҳитга инсоннинг салбий таъсири масалаларини муҳокама қилган. Торсбюни айниқса, самолётларнинг табиатга зарари кўпроқ ўйлантиради. У шунинг баробарида атмосферага зарарли моддалар чиқишини назорат қилувчи компанияларга хайрия маблағи ажратишни одат қилган. Норвегиялик йигитнинг айтишича, барча ўйинларга поезд ёки енгил автомобилда боришни хоҳлайди, лекин бу кўп вақт ва куч талаб этиши нуқтаи назаридан иложсиз.

Асосийси, Торсбю ўз таомномасида ҳайвонлар маҳсулотини кескин камайтирган. Қолаверса, кам учрайдиган ҳайвон турларини ҳимоя қилиш учун Норвегия ҳукуматидан расман ёрдам сўраган. Аниқроғи, дўстининг айни шу масала билан шуғулланадиган хусусий компанияси орқали мурожаат йўллаган. Торсбю яна ўз мақомидан фойдаланиб, бир қатор муҳим учрашувлар ташкиллаштиришда ёрдам берди. «Тушунинг, космосдаги энг катта ва гўзал сайёрада яшаймиз. Лекин унга тўғри муносабатда эмасмиз. Ҳозирги ишларимиз кун келиб, бутун инсониятга катта ташвиш келтиради. Муҳими, глобал экологик фалокат олдини олиш имконияти йўқ эмас. Йўқ, шуҳрат ва обрў топиш учун гапирмаяпман - бу менга мутлақо аҳамиятсиз. Бош вазифам - муаммоли саволларни ўртага ташлаш. Уларнинг жавоблари кейинги авлодга соғлом ва беташвиш ҳаётни таъминлайди», - дейли жонкуяр футболчи.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz