Қайднома

Қидирув

Демба Ба: «Рангник исталган жойда футболни ўзгартиришга қодир»

Демба Ба: «Рангник исталган жойда футболни ўзгартиришга қодир»

  30.09.2021 06:06
  0
  242
Демба Ба: «Рангник исталган жойда футболни ўзгартиришга қодир»

Сенегаллик машҳур ҳужумчи Демба Ба ЕЛ гуруҳ босқичи 1-туридан ўрин олган «Локомотив» - «Марсель» ўйини арафасида Москвага келди. У 13 сентябрь куни футболчилик фаолиятини якунлаганини расман эълон қилганди. Маълумот учун, «Челси», «Вест Хэм» ва «Ньюкасл» клубларида ёрқин из қолдирган бақувват ҳужумчи 2011 йилнинг декабрь ойида АПЛнинг энг яхши футболчиси сифатида тан олинганди. Диққат қилинг, Демба Ба нақ 5та тилда равон сўзлаша олади. Вақтида «Хоффенхайм»да Ральф Рангник қўл остида 4 мавсум ўйнаган собиқ ҳужумчи германиялик мутахасс билан ҳамон дўстона муносабатда ва келажакда спорт функционери бўлишни режалаштирмоқда. Хуллас, у янги йўналиш сир-асрорларини «Локомотив»га келишидан олдин бутун «Ред Булл» футбол империясини бошқарган немис мутахассиси олдида ўрганишга қарор қилган кўринади. Демба Ба «СЭ» нашрига берган интервьюсида буни яширгани йўқ.

- Адашсамак, Москвада илк марта келдингиз...

- Ҳа, шундай. Бу қисқа ташриф дастурида саёҳатга вақт йўқ. Эндиликда Ральф Рангник ёнига иложи борича тез-тез келиб тураман. Шундай экан, ҳали кўп кўришсак керак.

- Айтингчи, Россия клубларидан бирор марта таклиф олганмисиз?

- Ҳа, «Рубин» ўз сафига чорлаганди. Аммо ўша пайт «Ньюкасл­»­да ҳаммаси яхши кетаётганди. Шунинг учун АПЛда қолишни афзал кўрганман.

- «Хоффенхайм»да сиз билан бирга ўйнаган Карлос Эдуардо вақтида Қозон клуби сафига қўшилганди. Сизни ҳам ўша пайт чақиришганми?

- Йўқ, кейинроқ.

- Германияда Рангник қўл остида 4 йил ўйнагансиз. Унинг ишида энг катта таассурот қолдирган жиҳат нима?

- Эҳтирос. Ральф ҳали ҳам буни йўқотган эмас. Асосийси, Рангник ўз эҳтиросини атрофидаги барча инсонларга ўтказади. Шахсан мен уни ҳар доим осонгина тушунардим. Чунки иккимизни ишга нисбатан кучли эҳтирос, садоқат ва профессионал ёндашув боғлаб турарди.

- Келажакда спорт менежери бўлишни хоҳлашингиз, бошқарув санъатини айнан Рангникдан ўрганмоқчилигингиз ростми?

- Шундай имконият туғилса, бахтиёр бўлардим! Ҳамиша олдинга интилишимиз, ҳаётда узоқ муддатли режа асосида ишлашимиз ва кўзимиз етадиган юмушларга қўл уришимиз, бу борада шахсий қарашни шаклантиришимиз керак. Ральфдан ўрганиш - жуда яхши. Ундан яхшироқ устоз топиш қийин. Чунки бу соҳада Ранг­никдан кучлироғи йўқ.

- Умуман, функционерлик йўлини ўзингиз танладингизми ёки бунда кимнидир маслаҳатига қулоқ солдингиз...?

- 100 фоиз ўз танловим. «Хоффенхайм»даги фаолиятдан кейин ҳам Ральф билан алоқани узганим йўқ. Айтишим керак, у футболчилик фаолиятимга катта таъсир кўрсатган шахслардан биридир. Шу кунга қадар Рангникнинг бошқа клублардаги ишини ҳам кузатиб келдим ва беихтиёр ҳайратим ошди. Яширмайман, аввалдан унинг дастуридан лол қолган, ўрганишга бел боғлаганман. Мана, энди Ральф янги йўналишдаги фаолиятимга ҳам бевосита таъсир ўтказиши мумкин.

- Хўш, ўрганиш жараёни қанча давом этади?

- Имкон борича барчасини пухта ўзлаштиришим керак. Умуман олганда, ўрганиш ҳеч қачон якунланмайдиган ҳаётий жараён ҳисобланади. Шундай экан, тирик эканман, ўрганишдан асло тўхтамайман.

- Рангникнинг «Локомотив» таклифини қабул қилгани, ўзини Россия футболи билан боғлаганидан ҳайрон қолмадингизми?

- Йўқ. Ишончим комил, Ральф қаерга бормасин, футболни ўзгартиришга қодир. Бунда нафақат ўз клуби, балки бутун мамлакат футболини назарда тутяпман.

- Унинг фалсафасига кенгроқ тўхталсангиз...

- Биринчи навбатда, Ральф ўйин ҳақида жуда аниқ тасаввурга эга. Унинг идеал чизмаси - бозорда қиймати ошадиган иқтидорли ёшлар ижросидаги вертикал ҳужумкор футбол. Эндиликда барча клублар шундай йўлдан боришга қизиқиши керак, менимча. Яъни бугунги кунда биринчидан, тўғри иқтисодий ёндашув, иккинчидан, жозибали ва кон­структив футболга эҳтиёж катта. Ральфнинг фалсафаси - шу иккисининг ажойиб бирлашуви.

- Рангник яна прессинг ва босимга қарши курашга йўғрилган замонавий футбол мафкурачиси, кашфиётчиси ҳисобланади. Унинг «Хоффенхайм»даги ишини қандай эслайсиз?

- Бир томондан, машғулотларда чинакамига роҳатланардим. Бошқа тарафдан қарасак, тинимсиз меҳнат талаб этиларди. Бинобарин, Ральф фалсафасидаги футбол ўйинчи зиммасига катта ҳажмда иш юклайди: сен ҳамиша жисмонан 100 фоиз тайёр туришинг шарт. Бу жуда кўп энергия талаб этиши ўз-ўзидан тушунарли. Шунинг баробарида Рангник рақибларни ҳам азоб тортишга мажбур қилади. Ҳозирда  кўплаб мураббийлар худди шундай услубда ўйин тузиш йўлидан боришмоқда. Тўғриси, Ральф «Хоффенхайм»даги фаолияти билан бутун Германияда футболга нисбатан қарашни ўзгартирди. Дейлик, немис мураббийлари ўша давр­дан кейин бутун Европани забт этишга тушдилар. Улар бунда Ральф йўлга қўйган футболни кўз-кўз қилишди. Бу чинакам инқилоб эди!

- Қизиқ, айнан қайси мураббий Рангникдан кўпроқ ғоя олди, сизнингча?

- Ҳамма биладики, Томас Тухель бевосита Рангник қўл остида ишлаган. Умуман, Ральфнинг ғоялари Юрген Клоппни ҳам, германиялик бошқа мураббийларни ҳам илҳомлантиргани тайин. Такрорлайман, у бутун немис футболини ўзгартирди!

- Яна қайси мураббий сизда кучли таассурот қолдирган - Рафаэль Бенитесми, Жозе Моуриньоми ёки бошқаси?

- Моуриньо. У ҳамиша ўз йўлидан юради ва ғалаба қозониш иложини топади. Барчасига бутун фаолияти исбот...

- «Локомотив»да кимнидир танийсизми?

- Албатта. Алексис Бека яхши йигит ва ажойиб футболчи. Унинг ўйини чиндан ҳам, қизиқарли.

- Ирқчилик ва бошқа камситишларга қарши фаол курашадиган шахс сифатида ҳам танилгансиз. «Челси»га қарши ўйин олдидан «Зенит»нинг фақат хорижлик футболчилари тиз чўкиш акциясига қўшилишди. Россиялик ўйинчилар ҳеч қачон бундай қилишмайди, чунки тиз чўкиш миллий маданиятимизга зид. Бу ҳақда нима дея оласиз?

- Кечирасиз, маданият нимага зид?

- Тиззалаб ўтиришга.

- Йўқ, бу ҳеч қайси мамлакат маданиятига кирмайди. Фақат африкалик қуллар 4 асрдан кўпроқ вақт давомида тиз чўкишган. Бу масалада ҳеч қандай ижобий нарса йўқ. Афсуски, ирқчилик ҳали ҳам тугамади, энди бу иллатнинг бошқача кўринишлари кўзга ташланмоқда. Демак, курашдан чекинмаслик керак. Йўқ, тиз чўкиш акциясига қарши чиқаётганларга эътироз билдирмайман, шунингдек, бу амални бажарадиганларга хайрихоҳ ҳам эмасман. Шунчаки, барча-барча миллий ва ҳаётий ғояларга бағрикенг бўлса, бас. Демоқчиманки, энг муҳими - ўзаро ҳурмат.

- ЧЛ доирасидаги «ПСЖ» - «Истанбул» ўйинининг тўхтаб қолишига сабабчи бўлган эдингиз (руминиялик захира ҳаками футболчига нисбатан «қоравой» иборасини ишлатгач, у майдондан чиқиб кетган ва ўйин эртасига давом эттирилганди). Ке­йинроқ ўша ҳакам билан гаплашдингизми?

- Ҳа, бир неча дақиқа. У бутунлай аҳмоқлик қилганини тан олди ва кечирим сўради. Қолгани УЕФАга боғлиқ эди ва можаро нима билан якунланганини кузатмадим.

- Францияда туғилиб-улғайгансиз, лекин бу мамлакатда атиги 1 мавсум ўйнадингиз, холос. Нима учун?

- Тўғрисини айтаман, Франция­да мени ҳеч қачон қайсидир академияга таклиф қилишмаган. Ке­йинчалик тўртинчи дивизион клубига бордим, у тўлиқ профес­сионал эмасди. Ўша жамоа сафида ҳам ҳеч қачон юқори савияли ўйинларда қатнашмаганман, эҳтимол, яхши таассурот қолдиролмагандирман. Шунинг учун якунда бошқа йўлдан кетдим ва бу жуда тўғри бўлиб чиқди.

- Фаолиятингиз давомида Бельгия, Германия, Англия, Туркия, Хитой ва Швейцарияда тўп сурдингиз. Сизга қайси бири мосроқ тушди?

- Англия.

- Келажакда қаерда яшамоқчисиз?

- Айни пайт оилам Парижда. Лекин қаердадир муқим яшаб қолмасам керак.

- Швейцарияда мавсум тугамай туриб, фаолиятингизни тугатишга қарор қилиб, «Лугано» билан хайрлашдингиз. Нега?

- Клубга янги хўжайинлар гуруҳи келди. Қарасам, янги раҳбарият режаларида менга жой йўқ экан. «Лугано»га мени бош­қа инсонлар таклиф қилишганди. Хуллас, барчасини обдон ўйлаб кўриб, футболчилик фаолиятини тугатиб қўя қолишни лозим топдим.

- Футболдан ташқаридаги амбицияларингиз қандай?

- Ҳозирча дам оляпман - ҳам жисмонан, ҳам руҳан тикланишим керак. Имкон борича оиламга кўпроқ вақт ажратяпман, саёҳатларга чиқяпман. Футболга келсак, у ҳамиша қалбимда. Буни на юрагим ва на ҳаётимдан чиқариб ташлай оламан.

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz