Қайднома

Қидирув

Евротур: Сентябрдаги «боксинг-дэй»

Евротур: Сентябрдаги «боксинг-дэй»

  29.09.2021 21:01
  0
  343
Евротур: Сентябрдаги «боксинг-дэй»

Ортда қолган ҳафтани топ-бешлик вакиллари нафақат дам олиш, балки иш кунларини ҳам майдонда ўтказдилар. Испания, Италия ва Франция чемпионатларида қўшалоқ турлар ўтказилган бўлса, АПЛ вакиллари Лига кубогининг 3-босқич учрашувларида куч синашдилар. Фақат немислар навбатдаги тур беллашувлари билан чекланишди.

Англия. Етакчилар учун омадсиз тур

Ҳа, агар «Брайтон» Лондонда «Кристал Пэлас»­ни енга олганида, ҳозир яққол пешқадамга айланган бўларди. Бироқ «чайкалар» аранг бир очко олишди ва ажойиб имкониятдан фойдалана олишмади. Лекин ўз майдонида дастлабки мағлубиятини тан олган «МЮ» ва «Челси»нинг омадсизлиги олдида бу ҳолва, албатта.

Сульшер шогирдлари «Олд Траффорд»даги муросасиз беллашувда «Астон Вилла» дарвозасига йўл топа олишмади. Боз устига, баҳс ниҳоясига яқинлашган паллада ўз дарвозаларидан тўп олиб чиқишди. Тўғри, Хознинг 88-дақиқадаги голига жавоб қайтариш учун вақт жуда оз қолганди. Шунга қарамасдан, майдон эгалари мағлубиятдан қутулиб қолишлари мумкин эди. Бироқ Бруно Фернандеш қўшимча вақтда белгиланган пенальтини голга айлантира олмади - 0:1.

Яққол етакчига айланиб олиш имкониятига эга бўлган «Челси» ҳам ўз майдонида мавсумдаги илк мағлубиятига имзо чекишга мажбур бўлди - Тухель - Гвардиола дуэлида ниҳоят, испаниялик мураббий аламли 3та мағлубиятдан кейин германиялик касбдошидан устун келди - 0:1. Тўғри, «Стэмфорд Бриж»даги мухлислар қайсидир жамоанинг яққол устунлигига гувоҳ бўлмадилар, асосий эътибор ўз дарвозаси дахлсизлигига қаратилган баҳс тақдирини Габриэль Жезуснинг аниқ зарбаси ҳал қилди.

Брентфордга йўл олган «Ливерпуль» табиийки, асосий таъқибчиларининг натижаларидан хабардор ҳолда майдонга тушган ва улардан 3 очкога ўзиб кетишни мақсад қилганди. Бироқ майдон эгаларининг жиддий қаршилигини енга олмади. Мезбонлар эса мазмунли ўйинлари билан мухлисларини хурсанд этишди, ҳисобни очишди. Тўғри, меҳмонлар тез орада мувозанатни тиклаб, кейин икки марта олдинга ўтиб олишди. Лекин мавсум кашфиёти бўлиб турган «Брентфорд» мувозанатни тиклашга муваффақ бўлди. Якуний ҳисоб - 3:3. Шу тариқа Юрген Клопп жамоаси атиги 1 очкога бўлсада, олдинга чиқиб олди. Пешқадамдан бор-йўғи бир «қадам» ортда қолаётган жамоалар сони эса 5тага етди. Дарвоқе, «Кристал Пэлас» - «Брайтон» қарама-қаршилигида мавсумни майдон эгаларига нисбатан муваффақиятли ўтказаётган меҳмонларда ўз тарихида илк марта АПЛ пешқадамига айланиш имконияти пайдо бўлганди. Бироқ уларга айнан шу руҳий босим халал берган кўринади.

«Чайкалар» пойтахтда ҳужумкор ўйин кўрсата олмадилар. Виейра шогирдлари эса прессинг эвазига ишончли ҳимояландилар ва Заханинг пенальтидан урган голи эвазига ҳисобни очдилар. Танаффусдан кейин мезбонлар ғалабаси нақддек кўринган паллада дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиққан Мопе ҳисобни тенглаштирди.

«Эмирейтс»да бўлиб ўтган Шимолий Лондон дербисидан кейин (3:1) «Арсенал» ва «Тоттенхэм»да ажиб ўхшашлик юзага келди - дастлабки 3 турда бирорта очкога эга бўлмаган «тўпчилар» кейинги 3 учрашувда зафар қучишди, «шпорлар» эса аксинча, 3 ғалабадан кейин 3 мағлубият.

«Гудисон Парк»да «Норвич»ни қабул қилган «Эвертон» ҳар бўлимда биттадан жавобсиз гол уриб, ўз мақеини сақлаб қолди.

Испания. Қачондир шундай бўлиши муқаррар эди

Ҳа, жорий мавсум стартида «Атлетико» учрашувларнинг якуний қисмида ғалабани нақд қилаётган, «Реал» эса сермаҳсулликни қайд этаётганди. Қўшалоқ турнинг иккинчисида ана шу анъана бузилди - грандлар майдонни голсиз тарк этишди. Тўғри, 6-турда «Мальорка» дарвозасига 6та гол урган (6:1) «Қироллик клуби» кейин «Вильярреал»дан енгилмади, ҳар ҳолда - 0:0. Сафарда «Хетафе»дан устун келган (2:1) «матрасчилар»ни эса, «Алавес» ўз қуроллари билан жазолади: тезкор гол эвазига ҳисобни очиб, кейин дарвозасига «автобус» қўйди. Унинг «калити»ни топиш на Гризманн ва на Суаресга насиб этди.

Айтганча, қўшалоқ турда 2та мағлубиятга имзо чеккан «Хетафе» сўнгги чорак асрдаги антирекорд соҳибига айланди. Навбатдаги омадсизлик Ла Лига тарихини тўлиқ эгаллайдиган антирекорд бўлиши мумкин. Ким билади дейсиз, балки тарихчилар буни рад этувчи далилни топа олишар. Лекин сўнгги 25 йил ичида ҳеч қайси жамоа бунчалик омадсиз стартни қайд этган эмас.

Қўшалоқ турни «Севилья» муваффақиятли ўтказиб, аввал «Валенсия»дан 3:1, кейин «Эспаньол»­дан 2:0 ҳисобларида устун келди ва 3-ўринга кўтарилиб олди. «Реал Сосьедад» ҳам 100 фоизли натижалар («Гранада», 3:2 ва «Эльче», 1:0) эвазига 2-поғонани банд этди. Лекин «Севилья» етакчиларга нисбатан битта ўйин захирасига эга.

Кадисда нурсиз (0:0) дурангга имзо чеккан «Барселона» «Камп Ноу»да «Леванте»га имконият қолдирмади (3:0) ва жадвалдаги мавқеини анча тиклаб олди.

Германия. Нимадир ниҳоясига етади, нимадир бошланади

Бундеслиганинг 6-турида ўтган мавсумларда жуда кам кузатилган зерикарли, кичик ҳисобдаги учрашувлар билан бир қаторда, анчадан бери кузатилмаётган ва муҳим аҳамиятга эга бўлган воқеалар ҳам юз берди. Масалан, Мёнхенгладбахнинг «Боруссия»си шу йилнинг ўзида иккинчи марта дортмундлик адашини мағлубиятга учратди. Тўғри, мағлубиятдан ҳеч ким кафолатланган эмас. Лекин ҳамма гап шундаки, мазкур жамоа бунгача қаторасига 13 учрашувда (!) майдонни бош эгиб тарк этганди. Бу ёқда маҳаллий мухлислар меҳмонлар устози Розени ўта «қайноқ» кутиб олишди. «Тойчоқлар» учун энг муҳими - дортмундликлар таркибида Эрлинг Холанд йўқ эди. Хуллас, майдон эгалари зафар қучиш учун яхшигина имкониятга эга бўлишганди. Охир-оқибат, ўйин тақдирини ягона аниқ зарба ҳал қилди. Кейин ўйин қоидасини бузган Доуд сариқ карточка билан жазолагани учун ҳакамга эътироз билдириб, иккинчи сариқни олди ва майдонни тарк этди. Натижада меҳмонлар камчилик бўлиб қолишди ва мувозанатни тиклашнинг иложи бўлмади.

Фюртга сафар уюштирган «Бавария» сўнгги ўринда келаётган дебютантни ортиқча қийинчиликсиз (3:1) маҳв этди. Леваголга имкон беришмаганининг ўзи ҳам майдон эгалари учун жасорат мақомида, десак хато бўлмайди.

Ўтган мавсумда «Бавария»га дуч келгунга қадар ғалабали серияни давом эттирган «Вольфсбург» бу мавсумда Зинсхаймда «Хоффенхайм»дан дастлабки мағлубиятни (1:3) қабул қилди. Қизиғи, «бўрилар» қаторасига 4та ғалабадан кейин аввалги турда дурангга рози бўлишганди, энди мағлубиятга имзо чекишди.

«РБ Лейпциг» ўз майдонида «Герта» дарвозасига 6та жавобсиз гол урди ва жадвалнинг қоқ ўртасига кўтарилиб олди. Шунингдек, «Фрайбург» - «Аугсбург» баҳсида ҳам йирик (3:0) ҳисоб қайд этилди.

«Байер» эса Вирцнинг ягона голи эвазига «Майнц»дан муҳим 3 очкони тортиб олди.

Италия. «Ювентус» ўзига келмоқда

Қўшалоқ турда 100 фоизли натижага эришган «Наполи» («Сампдория» - 4:0, «Кальяри» - 2:0) яққол пешқадам мақомини сақлаб қолди. Дебютантлар билан куч синашган «Милан» ҳам аввал «Венеция»ни 2:0, кейин «Специя»ни 2:1 ҳисобида енгди. Флоренцияда «Фиорентина»ни 3:1 ҳисобида енгган «Интер» ўз уйида «Аталанта» билан жанговар (2:2) дурангга имзо чекиб, қимматли 2 очкодан маҳрум бўлди. Натижада «Милан» билан ўрин алмашди. «Удинезе» устидан камтарона (1:0) ғалабага эришган «Рома» «Лацио»га имкониятни бой бериб, 4-ўринга тушиб қолди. Дарвоқе, Жозе Моуриньо дастлабки Рим дербисида мағлубият аламини татиб кўрди.

«Ювентус» эса аввал сафарда «Специя»ни, ке­йин Туринда «Сампдория»ни бир хил - 3:2 ҳисобларида таслим этиб, нақ 9-поғонага кўтарилиб олди.

Франция. Дубль-зафарлар самараси

Лига 1нинг қўшалоқ турида ғалабани расмийлаштирган «ПСЖ» («Мец» - 2:1, «Монпелье» - 2:0) энг яқин таъқибчисидан 9 очкога илгарилаб кетди. «Монако» («Сент-Этьен» ва «Клермон» - 3:1) ҳамда «Лилль» («Реймс» ва «Страсбур» - 2:1) эса 6 поғонага кўтарилиб, еврокубоклар ҳудуди чегарасига етиб олишди. Етакчи квартетнинг қолган уч вакили эса аввалги очколари эвазига тўртликни тарк этишмади. Бироқ навбатдаги мағлубият улар учун қимматга тушиши мумкин.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади

 


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz