Қайднома

Қидирув

Агаларов ниманинг ҳисобига «ёндирмоқда»?

Агаларов ниманинг ҳисобига «ёндирмоқда»?

  01.10.2021 03:35
  0
  361
Агаларов ниманинг ҳисобига «ёндирмоқда»?

Гамид Агаларов - РПЛ жорий мавсуми старт босқичида кутилмаганда, ҳаммани ҳайратлантираётган янги юлдузча. Кутилмаганлик шуки, бунга қадар «соя»да юрган футболчи бирданига юзага қалқиб чиқди ва эндиликда ғайриоддий аниқлик билан зарбалар йўлламоқда. Диққат қилинг, «Уфа»нинг 21 ёшли ҳужумчиси жорий мавсумгача Россия чемпионати элит лигасида 17 марта майдонга тушган, аммо бирорта гол урмаганди. Янги мавсумнинг 8та турида эса рақиблар дарвозасини 8 марта нишонга олди. Агаларов бундан ташқари, Россия ёшлар терма жамоаси учун 3та гол урди, жумладан, испанларга қарши баҳсда ўзини кўрсатди. Қисқаси, қо­йилмақом маҳсулдорлик. sports.ru сайти ўз навбатида, янги тўпурар йигит ўйинига эътибор қаратишни пайсалга солмади.

Хўш, ёш ҳужумчи ниманинг эвазига бирданига катта тараққиётга қадам ташлади? «Агаларовнинг сири - унинг ишга ёндашуви. «Велес»ни бошқарганимда, аниқроғи, қишда «Волгарь» билан ўйнадик. Гамид ўша пайт шу жамоа сафида эди. Қисқасини айтганда, ўша Агаларов билан ҳозиргисининг ўртасида осмон ва ерчалик фарқ бор - мутлақо икки хил футболчи», - деди «Уфа» бош мураббийи Алексей Стукалов янги голеадорнинг жорий мавсумдаги 4-голидан кейин. Мураббий мутлақо ҳақ - Гамид ҳеч қачон, ҳаттоки, ёшлар биринчилиги ёки қуйи дивизион (тўғрироғи, МФЛ-2)да ҳам бунчалик тез-тез гол урган эмас. Тўғри, Агаларовнинг парвози мавсум стартидан олдин бошланди. Ҳар ҳолда, у ёзги йиғин чоғи «Уфа»нинг энг яхши тўпурарига айланди. Жумладан, «Университатя» билан баҳсда «дубль» қайд этди, шунингдек, «Балтика» ва «Сепси» (Руминия) клублари дарвозасини ўққа тутди. Шунга қарамай, ҳаттоки, «Уфа»да ҳам Агаларовдан бу қадар жиддий эффект кутишмаганди. Бинобарин, sports.ru сайти маълумотларига кўра, бошқирдистонликлар мавсум стартигача янги ҳужумчи қидиришганди.

Агаларов РПЛ 8-туридан ўрин олган «Химки»га қарши баҳсда «дубл»га эришди ва тўпурарлар пойгасида пешқадам бўлиб олди. У 8-тур якуни бўйича Фёдор Смолов ва Денис Глушаковдан 2та голга ўзиб кетди. Гамиднинг 8та голидан 7таси ўйин ҳолатидан урилган ва 1тасигина пенальти самарасидир. Таққослаш учун айтсак, дастлабки 8та ўйинда Смолов ўйин ҳолатидан 5та гол урди, Александр Ерохин ҳам. Энг асосий вақт: Агаларов чемпионатда камида 2та гол урган футболчилар орасида 1та аниқ зарбага энг кам ўйин вақти сарфлаганлар рейтингида биргина «Рубин» вакили Андерс Дре­йердан ортда қолмоқда, бошқалар ундан анча орқадалар.

«Химки» дарвозасига урган биринчи голи Агаларов учун алоҳида аҳамиятга эга. Биринчидан, Гамид РПЛда ўнг оёғи билан илк марта гол урди (қолган 7та голидан 5таси чап оёқ ва 2таси бош билан берилган зарбалар самараси). Иккинчидан, у жарима майдони ичида тўпга бир неча марта тегинишдан кейин биринчи марта гол қувончини туйди. Агаларовнинг мавсум стартида қайд этган ажойиб статистикасини Фёдор Чалов (РПЛ-2018|2019нинг дастлабки 11та ўйинида 8та гол) ёки Александр Соболев (мавсум-2019|2020нинг дастлабки 13та ўйинида 10та гол) ижросидаги «портлаш» билан солиштириш қийин. Зеро, Чалов бундан олдин 2 мавсум давомида 6тадан гол уришга улгурганди (2016|2017 ва 2017|2018 йиллар чемпионатида 6тадан). Соболев эса РПЛдаги қойилмақом стартгача МФЛ-2017|2018да 14та гол уриб, кўзга ташланганди. Хуллас, Чалов ҳам, Соболев ҳам ёрқин стартгача катта саҳнага чиқиш тайёргарлигини олиб боришган. Агаларов аксинча, барчасини бирданига, қўққисдан бошлаб юборди. Масалан, Гамид 7-турдан сўнг зарбалар сони бўйича «Уфа»нинг яна бир ҳужумчиси Вячеслав Кротов (гол йўқ), Хвичи Кварацхелия (1та гол), Жордан Ларссон (гол йўқ) ва Константин Тюкавин (2та гол) билан бирга 18-кўрсаткич соҳиби бўлиб турганди. «Химки» билан баҳсда эса 2та гол учун 3та зарба йўллади ва умумий рўйхатда 7-ўринга кўтарилди (Чидера Эжуке ҳисобида ҳам 18та зарба йиғилди). Агаларовда зарбалар аниқлиги 61 фоизни ташкил этди. Бу жорий мавсум пенальтилардан ташқари, камида 12 марта зарба йўллаган футболчилар рейтингида энг юқори кўрсаткичдир. Таққослаш учун келтирсак, Сардор Азмун бу оралиқда 17та (59 фоизи аниқ), Александр Ерохин 16та (56 фози аниқ), Жон Кордова 13та (54 фоизи аниқ) зарба йўллади. Яна бир маълумот: ўтган мавсум камида 50 марта зарба берган футболчилар орасида Жорже Деспотович 48 фоизлик аниқлик билан энг яхши бўлганди.

Пенальтиларни ҳисобга олмаганда, зарбаларнинг голлар сонига нисбати бўйича Агаларовнинг кўрсаткичи - космос, шунчаки! Тушунарлики, бунда самара фоизи ҳаммада пасаяди, жумладан, Агаларовда ҳам. Аввалги мавсум кўрсаткичларига қарасак, ҳеч ким ҳаттоки, 26 фоиз маррасига етмаган: Артём Дзюба - 25 фоиз, Сардор Азмун - 20 фоиз, Жорже Деспотович - 18 фоиз. Ҳозирда Гамиднинг бу борадаги кўрсаткичи 44 фоизга тенг! Албатта, пенальтилар ҳисобисиз xG кўрсаткичининг бундай кўриниш олишида омаднинг ҳам ўрни бор. Дейлик, «Химки» дарвозасига урилган биринчи голини олайлик, Гамидга «рикошет» ёрдам берди. Умуман, Агаларов жорий мавсум турлича голлар уришга улгурди: қайтган тўпга эга чиқиб («Динамо» билан ўйинда), жарима зарбасидан сўнг («Химки» билан ўйинда), пенальтидан («Крилья Советов» билан ўйинда), ҳимоячини чалғитиш асносида («Химки» билан ўйинда) ва қанот узатма|оширмаларидан кейин («Динамо», «Зенит» ҳамда «Сочи» билан ўйинларда).

Дарвоза олдида тўғри позиция танлаш, тўпни тана ёрдамида ёпиш (бу хислати айниқса, «Локомотив» ва «Химки»га қарши ўйинларда яққол сезилди), тажовузкорлик ва старт тезлиги - булар Агаларовнинг плюс жиҳатлари. Тахмин қилиш мумкинки, агар Гамид танаффусга қадар яна 2-3та гол урса ҳам, топ-клублар қишда уни сотиб олиш васвасасига тушса керак. Агаларовга баҳо беришда, унинг ҳаттоки, ёшлар жамоаси ёки МФЛда ҳам самарали тўп сурмаганини назардан қочириш ярамайди. Шунинг баробарида чемпионат стартидаги аномал аниқлиги эътиборга молик, барибир. Ҳар ҳолда, бунга қадар айтарли гол урмаган йигитча бирданига ғалати тезлик олди.

Биласизми?

 

***    2000нинг 16 июль куни Махачқалъада туғилган Гамид Агаларов «Анжи» клуби тарбияланувчиси ҳисобланади. 2020 йилнинг 24 январь куни «Уфа» билан 3 йиллик шартнома тузган ва кейинчалик «Волгарь» (Астрахань)да ижара муддатини ўтаб қайтган футболчи Ўзбекистон миллий жамоа­си собиқ ярим ҳимоячиси Руслан Агаларовнинг ўғлидир. Маълумот учун, катта Агаларов миллий жамоамизга Владимир Сальков томонидан жалб этилган маҳаллийлаштирилган футболчи бўлиб, ЖЧ-2002 саралаш босқичидаги 1та ўйинда иштирок этганди. Вакилларимиз ўша баҳсда Тошкентда БАА термасига 0:1 ҳисобида имкониятни бой беришган ва Руслан миллий жамоамизга бошқа келмаган ёки чақирилмаган.

***        Sport.ru маълумотига кўра, Гамид Агаларовнинг «Уфа»даги йиллик маоши 3,6 млн. рубль ёхуд чамаси 42 минг еврога тенг. Айни пайт РПЛнинг энг яхши 10 нафар тўпурари рўйхатига қарасак, энг паст иш ҳақи айнан Агаларовники. Таққослаш учун айтсак, «Локомотив» ҳужумчиси Фёдор Смолов йилига 3 млн. евро (Гамиддан 71 баравар кўп) олади. «Зенит» вакили Артём Дзюбанинг йиллик маоши миқдори эса Агаларовникидан нақ 88 баравар катта — чамаси 3,7 млн. евро.

Ҳ.АТАВУЛЛАЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz