Қайднома

Қидирув

Фигудан илҳомланувчи «Америка сардори»нинг «дил сўзлари»...

Фигудан илҳомланувчи «Америка сардори»нинг «дил сўзлари»...

  02.10.2021 02:52
  0
  311
Фигудан илҳомланувчи «Америка сардори»нинг «дил сўзлари»...

«Челси» клуби ва АҚШ миллий жамоа­си вингери Кристиан Пулишич The Athletic мухбири билан суҳбатда ҳаёти ва фаолиятидаги «биринчи» мақомига эга эътиборга молик барча воқеаларни ёдга олди. Демак, «Америка сардори» лақабли футболчи йўлидаги асосий биринчи қадамлар билан танишамиз.

- Ётоқхонангиз деворидаги дастлабки портрет...

- Луиш Фигуники. У ўша пайт «Интер»да тўп сурар ва бош кумирим саналарди. Фигу иштирокидаги ўйинларни доимо уйимиз ертўласида отам билан томоша қилардим. Португалияликка меҳрим баландлигини сезган отам унинг портретини совға қилганди.

- Дастлабки лақабингиз...

- «Фигу»! Аслида отам ҳанузгача менга «Фигу», дея мурожаат қилади. Вақтида ЕЧЛ ўйинидан кейин Луишни ерости йўлагида кўриб қолиб, унга қўл узатгандим. Ўшанда суратга тушишни ҳам хоҳлаганман, аммо негадир ийманиб, сўрай олмаганман. Яна бир лақабим - «Америка сардори». Буниси америкалик эканлигим билан боғлиқ. Тўғри, дўстларим ёки жамоадошларимдан ҳеч ким бу лақабни ишлатмайди. «Америка сардори» - бунга хусуматим йўқ, аммо ўзимга ёқишини айтолмайман.

- ТВда томоша қилинган даст­лабки ўйин...

- Вақтни аниқ айтолмайман, лекин қаерда кўрганим эсимда - мен, отам ва унинг яқин дўсти учун энг зўр жой саналган уйимиз ертўласида. Биз Европа мусобақалари, АПЛ ва «Реал» учрашувларини доимий равишда ертўлада кузатардик. Онам томошага халал бермаслик учун у ерга умуман тушмасди.

- Дастлабки кўз ёши...

- Болакайларни футбол билан таништиришга мўлжалланган Kiddie Kickers дастури доирасидаги учрашувда енгилганимиздан сўнг йиғлагандим. Аслида ўйинда натижа юритилмасди, аммо барчасини миямда ҳисоблардим. Жамоамиз мағлубиятга учраса, машинага жимгина ўтириб, уйга етгунча йиғлардим. Аҳволимни кўрган ота-онам эса хавотирга тушиб, мени шифокорга олиб боришни ўйлашарди...

- Кўнглингиз тўлмаган дастлабки ўйин...

- 8-9 ёшда баъзан пенальтидан фойдаланолмасдим, гоҳида сустлашиб қолардим. Шундай пайтлар ўзимдан қаттиқ ранжирдим. Ул­ғайгач, омадсизликларга нисбатан юмшоқроқ қарашни ўргандим.

- Дастлабки голингиз...

- Илк голни «Брэкли Таун» жамоаси либосида урганман. Ўшанда жуда ғурурланганим ёдимда. Муҳими, футбол ватанида муносиб тўп сура олишимни теран ҳис қилдим ва инглизча ўйин услубини чинакамига севиб қолдим.

- Дастлабки шартномангиз...

- Дортмунд «Боруссия»си билан. АҚШ футболидан Европанинг номдор жамоасига ўтганимдан кейин «еттинчи осмон»да учгандим. Ҳа, бирданига асосий таркибдан жой олмадим, лекин профессионаллик йўлида тарихий қадам ташлагандим. Германияда анча қийналганим ҳам рост - яқинларим ва дўстларимдан йироқлашган, ўқишдан воз кечгандим. Бу ўта қалтис таваккал ва катта йўқотиш эди. Асосийси, ўзгача муҳитда ишлаш иштиёқидан куч олганман.

- «Боруссия» Д. учун дастлабки учрашув...

- Бундеслига доирасида «Ингольштадт»га қарши кечган ўйин. Гарчи захирадан майдонга тушган бўлсамда, ўша кунни сира унутмайман. Сариқ тусли деворлар ва 80000 мухлис... Дортмундда фанатлар таъсири жуда кучли.

- Фаолиятингиздаги дастлабки соврин...

- 2017 йилги Германия кубоги. «Айнтрахт»га қарши финал ўйинининг 2-бўлимида захирадан тушиб, пенальти ишладим ва Обамеянг уни голга айлантириб, кубок тақдирини ҳал қилди. Ўша оқшом Берлинда ажойиб байрам бўлганди.

- Терма жамоадаги дастлабки ўйинингиз...

- 2016 йили Огайо штатининг Колумбус шаҳрида ЖЧ саралаши доирасида Гватемала термасига қарши кечган учрашув. 4:0 ҳисобида якунланган баҳсда захирадан майдонга тушиш билан дебютни нишонладим. Миллий жамоадан қўнғироқ бўлганида, роса ҳаяжонландим. Чунки Дортмунддаги фао­лиятни  энди бошлаган ва атиги 2 марта майдонга тушган 17 ёшли йигитча эдим. Клинсманн йиғинга таклиф этгач, бу қувончли хабарни биринчи бўлиб, отамга етказдим.

- Терма жамоадаги дастлабки голингиз...

- Америка кубоги турнири арафасида Канзасда Боливия термаси билан бўлган ўртоқлик учрашувида голларим ҳисобини очдим. Аслида менга ассистентлик қилган Дарлингтон Нагбенинг ўзи ҳам гол уриши мумкин эди. У қизғанчиқ эмас. Қизиғи, ўйиндан 1 кун аввал мени мактабдаги битирув кечасига таклиф этишган, унда қатнашиш учун Клинсманн­дан рухсат олишим лозим эди. Мураббий илтимосимдан ажабланган бўлсада, машғулотлардан кейин кетишимга изн берди. Хуллас, Харрисбургга парвоз қилиб, байрамни дўстлар даврасида ўтказдим, тун бўйи ухламадим. Лекин спиртли ичимликларга асло яқинлашмадим. Эрталаб Канзасга қайтишда, самолётда 3 соат ухлаб олдим. Чарчоқ сезилгани боис, бошланғич таркибга кирмадим, кейин захирадан тушиб, ғалаба голини урдим!

- Дастлабки ЖЧ...

- Бош орзум - ЖЧ финалида ватан шарафини ҳимоя қилиш! Ҳозирча мундиал билан уйимиздаги телекўрсатувлар орқали танишман. Лэндон Донован ва Клинт Дэмпсининг голлари ёдингиздами? Уларни унутиш мумкин эмас. ЖЧ-2018га боролмаслигимиз аниқ бўлган ўйиндан кейин йиғлаб юбордим. Ҳозир Қатар-2022 йўлланмаси учун курашяпмиз, 4 йил аввалги омадсизликдан тегишли хулоса чиқарилган.

- Дастлабки интервью...

- Дортмунд клуби матбуот хизмати билан биринчи марта гаплашганимда, ўзимни ўнғайсиз сезгандим. Кейинчалик кўникиб кетдим. Нотиқлик санъати билан мақтанолмайман, кўпинча нима дейишни билмай қоламан. Немис тилини ўрганганимдан кейин қўшимча муаммолар юзага келди: аввал нима дейишни ўйлаб олишим, уни немисчага ўгиришим, шундан кейин гапиришим керак эди.

- Сиз билан суратга тушган дастлабки футболчи...

- Аргентина термаси билан ўйин танаффусига қадар рақиб 2та гол урди, Месси ўта фаол ҳаракатланди. Мен эса 2-бўлимда майдонга тушдим, якунда 0:4 ҳисобида енгилдик. Учрашувдан кейин тасодифан мени ва Мессини допинг текширувига чақиришди. Ўшанда 17 ёшда эдим, маҳмадоналик қилмасдан Лео ёнида жимгина ўтирдим. Кейин шифокоримиздан телефонимни келтириб беришини сўрадим - Месси билан суратга тушишни ўйлагандим. Хуллас, Лео муло­йим йигит экан, таклифимни рад этмади...

- Футболкангиздаги дастлабки мухлис...

- Уни терма жамоага илк бор йўл олганимда учратгандим. Жамоа автобусида кетаётиб, фамилиям ёзилган 10-рақамли футболкаларни кийиб олган оила вакилларини кўрдим. Роса ҳаяжонланган бўлсамда, буни сездирмадим. Яна бир воқеа Дортмундда юз берганди. Тамаддихонага кирсам, фамилиям битилган «Боруссия» футболкасидаги йигит ўтирибди. У аввалига ўзини мени танимагандек тутди, лекин овқатланаётганимда, ёнимга келиб, қуёқ саломлашди.

- Дастлабки тижорат шартномаси...

- Nike билан, кейин Panini пайдо бўлди. Дастлабки бюджетим 1 доллар эди.

- «Челси» базасидаги дастлабки кун...

- 2010 йил... Тафсилотлари аниқ ёдимда эмас, лекин ихчамгина машғулот-кўрик бўлганди. Ўшанда савиям талабга жавоб бермагандир, шартнома хусусида гап-сўз очилмаганди.

- АПЛдаги дастлабки ўйин...

- Ҳар доим АПЛда тўп суришни орзу қилганман, тўғри, дебют жуда омадсиз чиққанди - «Олд Траффорд»да 0:4 ҳисобида енгилгандик.

- Дастлабки «хет-трик»...

- Профессионал даражадаги дастлабки «хет-трик»ни 2019 йилнинг октябрида, «Бернли»га қарши баҳсда қайд этдим. Табиийки, бир ўйиндаги 3та гол футболчига хотиржамлик бағишлайди.

- Англия кубогидаги дастлабки финал...

- Гол урдим, кейин жароҳатландим ва мағлубиятга учрадик... Кўтаринки кайфият ва алам қоришиб кетган кун...

- ЕЧЛдаги дастлабки финал...

- Финал тайёргарлиги - кенг кўламли ва асабий жараён. Унинг атрофидаги баҳс-мунозара, шов-шув ва завқ - ажойиб. Ўйин тугагачгина хотиржам тортиб, таассуротларга эрк бериш мумкин. Финал шарафига меҳмонхона ёнида яқинларимиз ва дўстлар билан ихчам байрам ташкил этдик. Муваффақиятни дабдабали нишонламадик, Португа борган мухлисларимиз овозлари меҳмонхона айвонидан эшитилиб турарди. Айниқса, қўшиқлар ёқди, аммо «Челси» фанатлари менинг шаънимга аталган USA ҳайқириғи ўрнига бошқа ибора ўйлаб топишса, яхши бўларди...

Содиқ СОБИР тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz