Бундеслиганинг охирги турида «Аугсбург»га қарши зерикарли ва мағлубият билан тугаган учрашувга қарамай, Менхенгладбахнинг «Боруссия» клуби «Арминия» билан ўйинни юқори кайфиятда ўтказди: Зоммернинг аҳмоқона ўтказиб юборган тўпидан кейин рақибнинг устунликка эришишига бошқа имкон беришмади ва қолган вақтда учта гол уришди. Уларнинг иккитаси жамоа сардори Ларс Штиндль ҳисобига ёзилди. Биз бугун ушбу футболчи - 2017 йилги Конфедерациялар кубогининг «яширин тулпори», унинг қоронғу ва туманли келажаги ҳақида гаплашамиз.
Узоқдан урилган ажойиб голлар
Агар сиз YouTube порталида Штиндлнинг голлари тўпламини очсангиз, ажойиб манзарага кўзингиз тушади. Ларс деярли барча зарбаларини жарима майдончаси ташқарисидан йўллайди. Бу эҳтимол, ҳужумкор ярим ҳимоячига хосдир, аммо таъкидлаш жоизки, бу зарбаларнинг деярли барчаси голга айланиб, жамоада ва стадионда ажойиб атмосфера шаклланишига сабаб бўлади. Ларс шунингдек, жамоасининг штатли пенальтичиси ҳисобланади: ўтган мавсум «нуқта»дан 6та гол уриб, «қора-яшилранглилар»ни бир неча бор мағлубиятдан қутқариб қолди.
«Тулпорлар отаси»
Ларс сардорлик боғичини бежизга тақмайди: у майдонда ва унинг ташқарисида туғма етакчи. Ҳеч бўлмаганда, ўтган мавсум Франкфуртнинг «Айнтрахт»ига қарши ўйинини эслаш ўринлидир. Ларс ҳисобни очиш билан бирга, жамоага иккита ўтказиб юборилган голни йўққа чиқаришда ёрдам берди, қўшимча вақтда гол урди ва пенальтини аниқ ижро этди. Мухлислар унга меҳр билан «Тулпорлар отаси» лақабини беришган: футболчиларга, айниқса, ёшларга бўлган муносабати, умидсизлик пайдо бўлганда жамоанинг руҳини кўтариш қобилияти учун. Унинг ёрдами билан «Боруссия» чемпионатда бўлмаса, еврокубокларда курашни давом эттирмоқда.
Конфедерациялар кубоги қаҳрамони
Ларснинг фаолиятидаги бир ажойиб факт кишини ҳайратлантиради - у илк марта Германия терма жамоасига 28 ёшида чақирилган. Ва дарҳол Бундестимга фойда келтирган: Чили терма жамоаси билан ўтган икки муҳим учрашувда гол урди. Айниқса, финалдаги ғалабали голи эсда қоларли бўлганди, шу туфайли Германия минимал ғалабани тантана қилиб, кубокни қўлга киритганди. Штиндль нафақат ўз терма жамоаси билан кубокни кўтарди, балки турнир тўпурарлари рўйхатига ҳам кирди.
Жароҳатлар панд берди
Ларснинг терма жамоадаги кейинги тарихи жуда ачинарли - у жароҳат туфайли ЖЧ-2018ни ўтказиб юборди, лекин эҳтимол, бу яхшидир, ҳар ҳолда, Германия терма жамоаси ўша йили хунук натижа кўрсатгани ва унинг чақирилмаганини ҳаммамиз эслаймиз. Қаҳрамонимиз кейин ҳам термага жалб этилмади. Айрим мухлислар ҳатто унинг халқаро фаолиятини якунлаганини тахмин қилишди. Штиндлни тўлиқ «нозик ўйинчи» деб аташ мумкин эмас, лекин у мавсумда камида битта жароҳат олади ва бу бутун жамоанинг натижасига салбий таъсир қилади. Штиндлга фақат 2017/18 йилги мавсумда омад кулиб боқди, лекин 2018/19 йилги мавсумда ўйинчига худди челакдан ёмғир ёққандай бўлди - у ҳаммаси бўлиб 23та ўйинни ўтказиб юборди, бу жамоанинг асосий ўйинчиси учун жуда кўпдир.
Энди нима бўлади?
Ларснинг кейинги тақдири номаълум. Ҳозирда на Лёв жамоасига ва на Флик жамоасига керак, лекин миллий терманинг навбатдаги йиғинини кутишга ҳақли. Гладбахда эса ҳаммаси маромида - мухлислар ва жамоадошларининг севгисидан ташқари, у клуб раҳбариятининг ҳурматига ҳам сазовор бўлди. 2020 йилда футболчи «қора-яшилранглилар» билан шартномасини яна уч йилга узайтирди. Бу фаолиятининг энг гуллаган даврини сўнгги йиллардаги севимли жамоасига бағишлаш учун ажойиб имкониятдир.
М.ПЎЛАТОВ тайёрлади
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20