Қайднома

Қидирув

Ойбек Рустамов: «Бу мавсум омадимиз келмаяпти»

Ойбек Рустамов: «Бу мавсум омадимиз келмаяпти»

  04.10.2021 05:53
  0
  262
Ойбек Рустамов: «Бу мавсум омадимиз келмаяпти»

Суперлига 20-туридан ўрин олган «Қўқон-1912» - «Андижон» учрашувида томонлар дурангга имзо чекишди. Ўйинда дастлаб меҳмонлар ҳисобни очишди. Бахтиёр Ашурматов шогирдлари эса бош ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда пенальтидан гол уриб, мағлубиятдан қутулиб қолишди. Мазкур беллашув давомида «Қўқон-1912» сафида Ойбек Рустамов фаоллиги билан ажралиб турди. Учрашувдан сўнг футболчи билан боғланиб, унинг ўйиндан олган таассуротларига қулоқ тутдик.

- Ойбек, «Қўқон-1912» ўз майдонида ўйнаган бўлса-да, сўнгги дақиқаларда мағлубиятдан аранг қутулиб қолди...

- Жуда қийин ўйин бўлишини билардик ва шунга яраша тайёргарлик кўрдик. Дастлабки бўлимда рақибга нисбатан кўпроқ ҳужумлар ташкил қилдик. Афсуски, яратилган имкониятларимиздан фойдалана олмадик. Танаффусдан сўнг кутилмаганда дарвозамиздан тўп олиб чиқдик. Голдан ке­йин рақиб ҳимоявий ўйин услубида тўп сурди. Хайрият, сўнгги дақиқаларда мувозанатни тиклай олдик. Аслида биринчи бўлиб гол урганимизда, ўйин бошқача сценарий остида кечарди.

- Жамоанингизнинг бу мавсумдаги иштирокини қандай баҳолайсиз?

- Афсуски, қайд этаётган натижаларимиз ўзимиз ўйлаганчалик яхши эмас. Турнир жадвалида кўриб турибсиз, бу мавсум анча оғир ўтмоқда. Кетма-кет баҳсларда юта олмасдан, муҳим очколарни бой бермоқдамиз.

- Мавсум бошида жамоа олдига қандай мақсадлар қўйилганди? Эндиликда қайси ўринда тугатиш вазифаси қўйилди?

- Ҳар мавсум жамоамиз олдига юқори вазифалар қўйилади. Йил бошида медаллар учун курашишимиз лозим эди. Юқорида айтиб ўтганимдек, қайд этган натижаларимизда пасайиш кузатилиб, асосий вазифадан узоқлашиб кетдик. Эндиликда қолган ўйинларимизда ижобий натижалар қайд этган ҳолда, кучлилар қаторидан ўрин олмоқчимиз. Мухлисларимизни хурсанд қилиш учун ҳам охирги турларга қадар очко йўқотмаслигимиз керак.

- Жамоанинг асосий таркиб футболчиси ҳисобланасиз. Бу мавсумда ўзингиз кўрсатаётган ўйинлардан қониқиш ҳосил қиляпсизми?

- Тўғриси, жорий мавсум мен учун омадли бўлди, дея олмайман. Стартда жароҳат олдим. Тикланиб, сафга қайтишга қадар спорт формадан чиқиб кетдим. Ҳозирда секин-аста аввалги ҳолатга қайтиш учун ўз устимда кўпроқ тер тўкмоқдаман. Мавсум якунига қадар бош мураббий томонидан берилган имкониятдан фойдаланиб, жамоамга ёрдам бермоқчиман.

- Мавсум давомида қайси жамоага қарши ўйин сиз учун қийин кечди?

- Осон ўйиннинг ўзи бўлгани йўқ. Айниқса, ўз майдонимизда бўлаётган беллашувларда қийинчиликларга дуч келяпмиз. Жорий мавсум уйда атига битта учрашувда ғалаба қозондик. Қолган ўйинларда эса дуранг ёки мағлубиятга учрамоқдамиз. Очиғи, бирорта ўйинни осон бўлди, дея олмайман.

- Сизнингча, барқарор ўйин кўрсата олмаётганларингизга нима халал бермоқда?

- Очиғи, бунга ўзим ҳам аниқ бир сабабни кўрсата олмайман. Ўтган мавсум натижаларимиз яхши бўлганди. Бу йил акси кузатилмоқда. Баъзи баҳсларда омад етишмаяпти. Шундай бўлса-да, кайфиятимизни туширмасдан охиригача курашамиз. Мухлисларимизни хурсанд қилиш истагидамиз.

- Жамоада тўп сураётган легионерлар хусусида нималарни айта оласиз?

- Улар билан алоқаларимиз яхши бўлиб кетган ва майдонда бир-биримизни тушуниш бўйича муаммо йўқ. Иван Йосович ва Якуба Бамба икки йилдирки, «Қўқон-1912» шарафини ҳимоя қилишмоқда. Ҳарқалай, мухлисларимиз ҳам уларнинг ўйинларидан хурсанд. Славко Лукич илгари Суперлигада тўп сургани боис, ўзбек мухлислари унинг қандай имкониятларга эга эканигини билишади. Бизнинг жамоада ҳам Лукич яхши ўйин намойиш қилмоқда.

- Ойбек, жамоа билан шартномангиз қачон тугайди? Кейинги режаларингиз қандай?

- Жамоа билан тузган шартномам мавсум якунига қадар мўжалланган. Кейинги мақсадларимга тўхталсам, ҳозир бу борада аниқ бирор нима дея олмайман. Балки келаси мавсумда яхши янгиликлар бўлиши мумкин.

Иззатбек суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz