Қайднома

Қидирув

Эътироф: Ҳаммасига Венгер жавоб беради

Эътироф: Ҳаммасига Венгер жавоб беради

  04.10.2021 08:08
  0
  249
Эътироф: Ҳаммасига Венгер жавоб беради

ФИФАнинг жаҳон чемпионатларини ҳар икки йилда ўтказиш тартибига ўтиш йўлидаги кураши тобора қизғин тус олмоқда. Қуйидаги материал мазкур ғоя муаллифи Арсен Венгернинг ўз нуқтаи назарини қай тариқа ҳимоя қилаётгани ҳақида.

Ўз жойини топди

ФИФА ва УЕФА амалдорлари келиб-кетаверадилар, уларнинг фаолияти кўпинча футбол жамоатчилигига умуман сезилмайди. Ҳатто улар ўтмишдаги таниқли футболчилар ёки мураббийлар бўлишса ҳам. Боиси, функ­ционерларга айланишгач, улар бор диққат-эътиборларини муайян маъмурий топшириқларни бажаришга қаратадилар, ассоциациялар президентлари эса асосий фигуралар бўлиб қолаверадилар.

Лекин «Арсенал»ни узоқ вақт бошқарган, фалсафа ва футбол мавзуларида ўз ғоялари билан танилган Арсен Венгер бу анъанага барҳам берган кўринади. Ғояларни ҳаётга татбиқ этиш оддий мураббий учун ўта мураккаб вазифа эди. Бироқ Венгер ФИФА тизимига йўл топиб, футболни глобал ривожлантириш бўлими бошлиғи лавозимини эгаллади.

Шундан кейин ўз ғояларини рўёбга чиқариш пайти келди, деб ҳисоблади ва ФИФА орқали сўнгги йиллардаги энг можароли мавзу - халқаро учрашувлар тақвимини тўла-тўкис янгилаб, жаҳон чемпионатларини ҳар икки йилда ўтказишни таклиф этди. Ҳозир Арсен Венгер номи бу фикрга маҳкам ёпишиб олган ва иложи борича кўпроқ пул топишга уринишда айбланаётган бош раҳбар - Жанни Инфантинодан кўпроқ тилга олинмоқда.

Афтидан, «тўпчилар»нинг собиқ устози ФИФА президенти лавозимини эгалламаган ҳолда тарихга киришни мақсад қилган кўринади. Камдан-кам учрайдиган имконият. Шу сабабли айрим баҳсли жиҳатларга қандай жавоб қайтарганлигини билиш қизиқарли. Эътирозлар эса жуда кўп. Айниқса, ФИФАни ўзининг молиявий ҳамда спорт манфаатларига, жумладан, Европа чемпио­натига тажовуз қилганликда айблаётган УЕФАнинг норозиликлари.

Тавсия этилаётган таҚвим

Аввало, Венгер режасидаги янги тақвимни эслатиб ўтайлик. Жаҳон чемпионатлари жуфт йилларда ўтказилади. Конфедерация­лар турнирлари, жумладан, Европа чемпионати ҳам тоқ йилларда ташкил этилади. Терма жамоаларнинг саралаш учрашувлари учун битта (октябрь) ёки 2та (октябрь ва март) танаффус кўзда тутилган. Умуман олганда, саралаш баҳс­ларига бир ой муддат ажратилади. Ҳозир бундай танаффуслар 5та ва ҳаммаси клублар мавсуми ичидан жой олган. Шунингдек, футболчиларга турнирлар ниҳоясига етганидан кейин 25 кунлик таътил кафолатланиши кўзда тутилган.

30 сентябрда ФИФА ўз аъзолари билан эркаклар ва аёллар терма жамоалари тақвимларини муҳокама қилади. Амалдаги тақвим аёллар футболи учун 2023 йилгача, эркаклар футболи учун 2024 йилгача қўлланади.

«Бу муддатларга қадар ҳеч қандай ўзгаришлар бўлмайди. Халқаро учрашувлар тақвимини қайтадан шакллантиришда бир қатор ғояларга асосландим. Биринчиси - ер юзасида энг яхши футболни жорий этиш. Иккинчиси - тақвимнинг нисбатан замонавийроқ ва соддароқ усулини яратиш. Шунинг учун саралаш учрашувлари сонини камайтириш ва квалификация даврини янгидан гуруҳларга ажратишни истайман», - дейди Венгер.

Франциялик мутахассисдан клуб мураббийлиги даврида ҳам мазкур ғоя бўйича муносабатини сўрашганди: «Бу вариантни ёқлаган бўлардим. У клубларга сезиларли енгиллик беради. Мавсум давомида халақит қиладиган ҳолатлар деярли қолмайди. Терма жамоалар йиғини туфайли юзага келган танаффуслардан кўп азият чекканим ёдимда. Ҳозир гап мен ҳақимда эмас, футбол учун қулай шароит яратиш, унинг барча учун тушунарли, содда бўлишига қаратилган таклиф хусусида. Ишончим комилки, бундан клублар фақат манфаат кўрадилар. Чунки уларда бутун эътиборни ўз вазифаларига қаратиш имкони туғилади, ўйинчилар мавсум давомида уларнинг ихтиёрида бўладилар. Учрашувлар сонининг ортиши, ортиқча парвозлар бўлмайди, кафолатланган таътил туфайли турнирлар сифати ошади. Шу боис, мен лойиҳани ҳимоя қиламан. Биз ҳамма билан бамаслаҳат ишлаяпмиз. Назаримда, футболчилар ҳақида қайғураётганимга касаба уюшмасини ишонтира олдим».

ЖўшҚинлик учун айблов

Табиийки, мазкур қизғин тортишувга УЕФА ҳам жимгина қараб турмаяпти. Александр Чеферин тасарруфидаги маҳкама вакилларининг фикрича, халқаро учрашувлар тақвимининг ўзгартирилиши футбол учун 4та жиддий хавфни, жумладан, ЖЧ нуфузининг пасайиши ва футболчилар саломатлигида муаммолар пайдо бўлишини юзага келтиради. Бундан ташқари, УЕФАдагилар ФИФА бу лойиҳага ҳеч ким билан маслаҳатлашмаган ҳолда қўл урганидан норозилар.

Шунингдек, улар Венгер томонидан таклиф этилаётган график аёллар ва ўсмирлар футболига бўлган эътиборни сусайтириб юборади, деб ҳисоблашмоқда. Уларнинг фикрича, аёллар ва ўсмирлар ўртасидаги мусобақалар асосий терма жамоалар турнирлари билан бир вақтга тўғри келади. Шу сабабли ўз мухлислари ва ҳомийларидан жудо бўлади. Бу эса Венгер ҳамда ФИФАнинг дунё футболини ривожлантириш ғояларига зид.

«Ғояга хайрихоҳ ёки қарши бўлган муайян кучларни билмайман. Мен шунчаки, режаларимни тавсия этдим ва у футболга манфаат беради, деб ўйлайман. Чунки «Арсенал»даги узоқ йиллик фаолиятимда клублар ва терма жамоалар ўртасидаги алоқа ҳавас қиладиган даражада эмаслигига гувоҳ бўлганман. Жаҳон чемпионатларини ҳар икки йилда ўтказиш ғояси жамоатчиликни бефарқ қолдирмаслиги ва қизғин баҳсларга сабаб бўлиши тушунарли, бунга ажабланмайман. Бироқ аввалига ғояга қарши чиққанлар таклифни бафуржа таҳлил қилганларидан кейин фикрларини ўзгартирадилар. Ҳа, улардаги жўшқин қаршиликни ҳам тушунаман, улар шунга кўникиб қолишган. Лекин лойиҳанинг мағзини тўлиқ тушуниб ета олишмаган. Ҳар икки йилда ўтадиган ЖЧ саралаш учрашувларини ўтказиш тартиби қайта кўриб чиқилганидан кейин тўлиқ бўй кўрсатади. У мен учун якка тартибдаги саёҳат эмас, мендан келажак тақвимини шакллантиришда ёрдам беришимни сўрашди ва мен барча билан бамаслаҳат ишлаяпман».

Жорий график - энг яхшиси эмас

Ўз таклифини ҳимоя қилиш жараёнида, Арсен Венгер ўзи ва кўплаб экспертлар фикрига кўра, мукаммалликдан йироқ бўлган амалдаги тақвимга муқобил вариант яратиш устида бош қотираётганини алоҳида таъкидлади:

«Футболнинг яхшироқ бўлиши йўлида таваккалга қўл урдим. Ҳақ эканлигимга ишончим комил бўлгани учун, авантюрани давом эттиришга тайёрман. Жаҳон футболининг амалдаги тақвими аниқлик ва оддийликдан йироқ, ташкилий масалага ёндашуви замонавий эмас. Шу кетишда тез орада «бошимиз деворга урилиши» аниқ. Ўйиндаги хаос ва ортиқча юкламаларга қарши курашиш керак. Минтақаларни ҳозиргидек тез-тез алмаштириш, клубдан терма жамоа ихтиёрига бориш ва ундан яна ортга қайтиш футболчилар учун жуда зарарли. Квалификация даврининг қисқаришидан клублар ҳам, футболчилар ҳам фақат манфаат оладилар».

Юзага келиши мумкин бўлган муаммолар ҳаҚида

Жаҳон чемпионатлари нуфузининг пасайиши:

«ЖЧ шунчалик улкан, тарихий воқеаки, тақвимдаги ўзгариш унинг нуфузига путур етказмайди, деб ўйлайман. Биз фақат эзгуликка интиляпмиз, ҳар йили янада яхшироқ бўлишни истаймиз».

Олимпия ва аёллар терма жамоаларига эътиборнинг сусайиши:

«Биз уларни қурбон қилиш ниятида эмасмиз. Бу масалада кўпчиликнинг фикрини ўргандим. Улар аёллар жаҳон чемпионати ҳар икки йилда ўтказилишини маъқулладилар. Қолаверса, бу аёллар футболининг ривожига ижобий таъсир кўрсатади».

Қитъалар конфедерациялари билан келишишнинг иложсизлиги:

«Барча маҳкамалар бу борада муҳокамага киришиб, ижобий хулосага келишларидан умидворман. Ўзим УЕФА билан боғланиб, ғояни тушунтирдим. Биз барча конфедерациялар, миллий федерациялар билан мулоқот қилишимиз лозим. Инфантино ва унинг касбдошлари муҳокамага бош-қош бўлишлари керак».

Клублар мухлисларининг норозиликлари:

Ҳозир вақтнинг 80 фоизини клуб футболи банд этган, 20 фоизи терма жамоалар ихтиёрида. Биз мана шу мувозанатни сақлаб қолиш ниятидамиз. Мен барча мухлислар учун шундай қилмоқчиман. Рақобат янада юқорироқ ва аҳамиятлироқ бўлишини таъминлаймиз. Футболдаги мазкур ўзгаришларни 2028 йилгача амалга оширишни мўлжаллаяпмиз».

Ҳа, қаловини топсангиз, қор ҳам ёнади. Агар 6 йилдан кейин ҳикоямиздаги ўзгаришлар ҳақиқатга айланса, «Арсенал»даги муваффақиятли фаолияти ва намунали инсонга хос одоб-ахлоқи билан миллионлаб мухлислар меҳрини қозонган франциялик мутахассис бежизга «Профессор» унвонига лойиқ топилмаганига амин бўламиз. 2028 йилнинг тезроқ келишини сабрсизлик билан кутамиз.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz