«Лидс» форварди мухлисларга ҳаёти давомида кузатилган энг қизиқарли, таъсирли, баъзан эса қўрқинчли бўлган фактлар ҳақида гапириб берди.
1. Таҳдидлардан тўйганман
- Меҳмонларга аталган кийиниш хонасида ўтирарканмиз, оломоннинг эшигимизни бор кучи билан тақиллатганини эшитардик, «агар ғалаба қозонсангиз, сизларни ўлдирамиз!», «бу ердан омон чиқмайсиз!» ва шунга ўхшаш таҳдидларни ёғдиришарди. Бразилиядагилар «варзеа» нималигини яхши билишади, унда қатнашмай туриб, аниқ тасаввурга эга бўлолмайсиз. Ҳамма ерда топ-клублар бўлади, болалар у ерда ўйнашни хоҳлашади. Шу тариқа пул ишлаш, оилага ёрдам бериш, профессионал бўлиш имконияти бор. Энг яхши жамоаларга киролмаганлар эса «варзеа» турнирида қатнашишади. Ундаги савия академиядагилардан анча паст. Шартномаси йўқлар ҳам ўйнайверади. Баъзан дарвоза бор, тўри йўқ. Айрим жамоалар футболкасиз ўйнайди. Улар жаҳлдор, кун кечиришлари ҳаминқадар, бор ҳаётлари футболга боғлиқ.
Яхшиямки, таҳдидлар шунчаки гаплигича қолади. Мухлислар бизни шу тариқа қўрқитишга уринишаётганини тушунамиз. Аммо баъзида трибуналарда тўппонча кўтарган оломон туради. Ўйлашимча, «варзеа»ни кўрган фахрийлар ҳамма ерда ўйнай олишади. Еврокубоклар финали? Муаммосиз. 90 минг мухлис? Оддий ҳол. «Варзеа» бўйича тажрибам борлигидан фахрланаман. Рости, ўша дамларни яхши кўрардим. Ҳозир ҳам трибуналардаги ҳуштакбозликни эшитишни истайман. Менга босим ва қўрқув ҳисси зарур. Бу менга куч бағишлайди.
2. Менинг икки оилам бор
- Бири - уйда, иккинчиси - кўчада. Рестингда (Порту-Алегридаги фавела) улғаяркансиз, якка ўзингиз жон сақлашингиз имконсиз эканини тушунасиз. Дўстларингиз оилангизга айланади. Эртами-кеч ё улар ёки сиз ёрдамга эҳтиёж сезасиз. Рестинг марказдан узоқда жойлашган бўлиб, баъзан ўйинларга тонгда кетиб, тунда қайтардик. Баъзан егани ҳеч нарса тополмасдик, шунда дўстларимиз овқат олиб келишарди, уйга кетгунча оч қолмасдик. Кўпинча ўйинга боришга пул тополмай, кўз ёш тўкардим. Шунда дўстимнинг онаси кўмак берарди. Пул тополмасак, кўчаларда тиланчилик қилардик. Сабрингиз тугаганда шунга мажбур бўлар экансиз. Лекин биздан қўрқишарди. Ўйинлардан кейин кийимларимиз ифлос, юзларимиз тилинган, танамизда ҳар хил шишлар бўларди. Одамлар уларни тунашимиз мумкинлигидан ҳайиқишарди. Бу жуда қайғули, ахир биз фақат нимадир ейишни хоҳлардик. Ота-онам оч қолмаслигимиз учун астойдил меҳнат қилишарди, аммо бой эмасдик. Уйимиз шунчалик кичкина эдики, ётоқхонада ота-онам ва укам, шунингдек, итлар ва мушуклар бирга ётардик. Жониворлар доимо кайфиятимни кўтариб туришарди.
3. 7 ёшимда Роналдиньонинг байрам кечасида қатнашганман
- Қандай қилиб? Онам гуруҳда мусиқачи бўлган, уларни Роналдиньонинг туғилган кунига атаб ташкил этилган кечага таклиф этишганди. У ҳам деярли мен билан бир жойда туғилган, отам ва унинг акалари таниш эдилар. Биз доимо унга ўхшашни хоҳлаганмиз. У каби яшашни, майдондаги ҳар бир дақиқадан роҳатланишни истардик. Роналдиньо мени ҳайратлантирарди, гўёки «тўпни менга беринг ва сизни кулишга мажбур этаман» деган жумлани шиор қилиб олгандек туюларди.
Байрам оқшоми Роналдиньо «Барселона» таркибига эндигина қўшилган пайтга тўғри келганди. Унинг остонада меҳмонларни табассум билан кутиб олгани ҳамон ёдимда. Мени кўриши ҳамоно қучоқлаб олганди. У ерда юрарканман, бирор сўз деёлмасдим. Нима қила олардим? У барчани ажаблантирарди - ҳатто энг совуқ ва одамови болаларни ҳам. Барчага илиқ муносабатда бўларди, жумладан, кичкинтойларга ҳам. Кейинчалик Роналдиньо билан бир неча бор кўришдим, у менинг ҳақиқий дўстим ва бундан бахтлиман. Авваллари фақат телевизор ёки YouTube орқали кўрган одамингиз билан дўстлашиш ажойиб. У ҳатто ўйинларимни кузатади, мени футболчи сифатида баҳолайди. Бунга қандай жавоб бериш керак?
4. Гиёҳвандлик мени барбод қилиши мумкин эди
- 17 ёшимда «варзеа» турнирларида қатнашардим. Транспортга ота-онам топганидан кўпроқ пул сарфланарди. Уларга кўмаклашиш учун академияда стипендия олишни хоҳлардим, лекин ўхшамасди. Шунда пул топишнинг осон йўлини ўйлай бошладим, оқибатда ёмон иллатга аралашиб қолдим. Шу тариқа кўплаб дўстларимни йўқотдим. Бугун тириксан, эртага эса...
5. Сартарош бўлишим мумкин эди
- Эртами-кеч ҳамма таслим бўлади. 18 ёшимда академиялардан жуда кўп рад жавоби олгач, ҳисобда адашиб кетдим. «Интернасьонал», «Гремио» — барчалари бир хил гапни такрорлашарди. «Бўйи жуда паст», «жуда нимжон», «жуда кучсиз». 19 ёшимда «Аваи» ёшлар жамоасида ўйнадим, у ерда жароҳат олиб, таркибга бошқа қайтолмадим. Якка ҳолда шуғулланишим кераклигини айтишди. Одатда, шундай пайтларда «варзеа»га қайтардим. Бу менинг уйим эди. У ерда яхши ўйнардим. Агар шундай ишлашда давом этсам, профессионал даражага кўтарилишим мумкинлигини айтишарди. «Аваи»да эса таслим бўлдим. Ота-онамга қўнғироқ қилиб, сабрим тугагани, уйга қайтишни хоҳлашимни айтдим. Улар эса эътироз билдиришди, онам тузукроқ иш топишим кераклигини айтди. Бу эса осон эмасди. 7 ёшимдан футболчи бўлишни хоҳлаганим сабабли мактабни ҳам якунламагандим. Энди ё супермаркетда ёки сартарошхонада ишлашим мумкин эди. Ҳаёт шуни тақозо этарди - онам фаолияти давомида сартарош, маникюрчи, атир-упа ва кийим-кечак сотувчиси, котиба, официант ва шу каби касбларда ишлаган. Ҳозир эса ўзи хоҳлаган ишида - ривожланиш жараёни паст бўлган болалар билан шуғулланади. У таслим бўлмади. Буни менга ҳам тушунтирди. Мен ҳам таслим бўлмадим.
6. Футбол билан хайрлашган тоғамни тушундим
- У ҳам профессионал эди, лекин оила аъзолари ва яқинларини соғингани учун футболни ташлади. Мен кетмоқчи эмасман, аммо унинг ҳолатини тушунаман. Одамлар бутун умри давомида тўп ортидан қувадиганларнинг ҳаёти енгил деб ҳисоблашади, лекин севимли инсонларингиздан узоқда яшаш нима эканлигини билишмайди. Муваффақият баҳоси баланд: дўстларингни кўрмайсан, фарзандларингни билмайсан. Бувинг касал бўлса, ёрдам беролмайсан. Мен фавеладанман, шундай экан кўп дўстларим ҳозир қамоқда ёки вафот этишган. Улар билан хайрлашишга улгурмадим.
7. Бруно Фернандеш - акам
- Ҳар ҳолда, мен шундай ўйлайман. Бруно билан дўстлигимиз «Спортинг»дан аввал бошланган, мени харид қилишаётганидан хабар топганда, мен билан бирга ўйнашдан хурсандлигини айтганди. У янги муҳитга мослашишимда кўмаклашган. Тез-тез суҳбатлашардик, бирга тушлик қилардик. «Ренн»га ҳам унинг тавсиясидан кейин кетгандим. У жуда ақлли йигит. «Лидс» таркибига қўшилаётганимда, лигага тезда киришиб кетишимни айтиб, мадад берган. Бруно яна ҳақ бўлиб чиқди. У ўз ҳаракатлари билан менга илҳом бағишлайди, бундай меҳнатсевар футболчилар кам.
8. Анрининг голлари таъсирида улғайганман
- Отам билан текин каналлар орқали АПЛни кузатишни ёқтирардим. Анрини тўхтатиб бўлмасди. Югуриши, якуний зарбалари - ажойиб. Стадионлар ҳам доимо тўлиб турарди - мухлислар куйлашарди, қичқиришарди. Рестингдаги барда ўтирарканман, шундай муҳитда тўп суришга аҳд қилдим.
9. Бьелса билан учрашув
- «Лидс»даги илк машғулотни ўтказаётганимда, ногаҳон у пайдо бўлди. Ўзимча тўп билан муомала қилаётганимда, ортимдан кимдир келди. Ортга қарасам, унинг ўзи - Бьелса. Асабийлашдим. Кўпчилик менга «Бьелса билан ишлашинг шарт» дерди. Бунинг жиддийлигини тушуниб турардим. Аммо маълум бўлдики, Марсело жуда камтар мураббий экан, жамоага қўшилиб кетишимда ёрдамини аямади. Дастлабки ойларда машғулотни тўхтатиб, четга чақириб, нимани нотўғри қилаётганимни тушунтирди. Ундан қарздорман. Шунингдек, Бьелсанинг ҳар қандай паллада фақат ғалаба сари интилиши ёқади.
10. Оёғимдан айрилишим мумкин эди
- Ўтган мавсум охирида «Этиҳад»да Фернандиньо менга нисбатан қўполлик ишлатгани ёдингиздами? Тажовузкор ҳаракат, лекин хавотир олмадим: «варзеа» менга кўп нарсаларни ўргатганди. Қон йўқми - муаммо ҳам йўқ. У ерда фақат синган оёқ ўйнамасликка сабаб бўларди. Шу боис, Марселога «Хавотир олманг, икки-уч кундан кейин аҳволим яхшиланади», дедим. Уйга қайтганимда эса оёғим шишиб кетганини кўрдим. Қон босимим тушиб кетди. Шифокор чақирдим, мени касалхонага олиб боришди. Оғриқ кучли эди, юролмай қолдим. Кейинчалик жарроҳлик амалиёти зарурлигини билдим. Авваллари мени ҳеч қачон операция қилишмаганди. Ўша тунни тиббиёт муассасасида ўтказдим, кейин уйга борганимда, оғриқ яна қайтди. Тўрт марта шифохонага боришга мажбур бўлдим - даҳшат. Оқибатда «Ливерпуль», «МЮ», «Брайтон» ва «Тоттенхэм»га қарши кечган муҳим ўйинларни ўтказиб юбордим.
11. Гол дўстининг онаси хотирасига бағишланади
- Бир неча кун аввал Роналдиньонинг онаси вафот этганди. Бразилияга боролмасдим, шу боис, «Саутгемптон» билан ўйин арафасида Роналдиньога гул жўнатдим. Кийиниш хонасидаёқ либосимга нимадир ёзиш фикри туғилди: гол уришимни кўнглим сезиб турарди. Ўйин охирида белгиланган жарима зарбасини аниқ амалга ошириб, кейин футболкамга имзо қўйиб, унга жўнатдим. Дўстим жуда хурсанд бўлганини эшитдим. Бу муҳим. Рестингда эмасмиз, лекин эски қоидаларни ҳеч ким ўзгартирмаган. Иккинчи оилани унутиб бўлмайди.
12. «Лидс»ни яхши кўраман
- Бу ерда бахтлиман. Мени илиқ қарши олишди: Марсело, раҳбарият, футболчилар, штаб, фанатлар. Ўтган мавсум мухлисларсиз бўш стадионда ўйнаш менга оғриқли таъсир кўрсатди. Ахир АПЛни ишқибозларсиз тасаввур қилиш қийин. Фанатларга раҳмат, доимо уларнинг меҳрини ҳис қилиб тураман. Уларга хуш кайфият улашиш учун астойдил ҳаракат қиламан.
Ў.УМАРОВ тайёрлади
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20