Мувозанат бузилиши қандай оқибатларга олиб келишини «Булутларга ёндош осмон остида», «Қиличнинг дамидай арқон устида» югураётган дорбоз яхши билади. Томошабин ҳам дорбознинг ҳолатини жуда яхши тушунади. Чунки дор ўйинидаги ҳар бир ҳолат кўз ўнгимизда содир бўлади. Бироқ ҳаётда шундай мувозанат бузилишлари ҳам кузатиладики, кўпинча уларни сезмай қоламиз. Жаҳон футболидаги маромнинг йўқолишини шундай сезилмас бузилишлар қаторига қўшиш мумкин. Ана, сэр Алекс Фергюсон кетганидан сўнг «МЮ» ҳали-ҳануз ўзига келолмаяпти. Жозе Моуриньодек забардаст мураббий ҳам ўзига келтиролмаган жамоани энди Оле-Гуннар Сульшер бошқармоқда. Таъкидлаш жоиз, «қизил иблислар» таркиби бу мавсум аввалгиларига нисбатан анчагина кучайди. Футболчилар гуруҳи сифати ошгани ўйин кучайишига кафолат эмас, албатта...
Оле-Гуннар Сульшер жамоада бир маром, ўзига хос мувозанатни ушлолмаяпти, муҳим бошқарув нуқтасини тополмаяпти. Шунинг учун Криштиану Роналду, Поль Погба, Бруну Фернандеш каби улкан истеъдод соҳиблари ҳам «Эвертон»дек ўртамиёна рақибни енгиш йўлига киролмадилар. Майли, «МЮ»ни қўя турайлик, бу жамоа ўзига келолмаётганига анча бўлганини айтдик. «Реал»га нима дейсиз? «Қироллик клуби» «Шериф» ёки «Эспаньол»га ютқазадиган даражада кучсизми? Очиғи, бундай савол қўйилишининг ўзи мантиқсизлик. Зеро, таркиб ва ўйин сифати борасида бу жамоаларни ўзаро таққослашнинг ўзи мутлақо қолипга сиғмайди. Лекин унутмаслик керакки, мувозанат бузилган паллада таққослар ҳақида сўз бормайди, қиёслар бир четга сурилади. Карло Анчелоттининг уйқуси қочгани бежиз эмас. «Шериф» каби камтаргина рақиб донгдор клубни «шок»ка тушириб, унинг мураббийи уйқусини ўчирди. Эҳтимол, «Эспаньол»нинг зарбаси Анчелотти эсини киритар?! Бу кетишда «эс кириш» ҳам осон кечмайди, шекилли!
Омад қуши Европа осмонининг бир бурчагидан иккинчи бурчагига учиб, Тирасполга қўнгани ростми?! Билмадик, буни вақт кўрсатади. Вақтида Беларуснинг БАТЭси ҳам «Бавария»ни енгиб, шов-шув кўтарганди. «Шериф»нинг шов-шуви тасодиф эмаслигини ЧЛ гуруҳ босқичининг навбатдаги турларида билиб оламиз. Молдова клубини олдинда «Интер» синови кутмоқда. Нима бўлганда ҳам, «Шериф» еврофутболда мувозанат бузилаётганини яна бир бора исботлади. Ҳар ҳолда, бу жамоа «Шахтёр» учун ҳам «тоза совға» ҳисобланаётганди. «Кончилар» амалда украиналик мураббий Юрий Вернидуб жамоаси қаршисида бош эгишди. Тақдир ўйинларини қарангки, ўзбек ўғлони Жасур Яхшибоев шу жамоа сафида тўп сурмоқда. Жасурнинг «Шериф» таркибида ўйнаётгани ҳам бир қарашда тасодифга ўхшайди. Аслида эса «Шериф» ва Жасур Яхшибоев фаолиятининг бир нуқтада туташувида ғалати ҳақиқат мужассам. «Шериф» ҳам, Яхшибоев ҳам дастлаб ўз-ўзича, бир-биридан айро ҳолда футболдаги кўникилган қолиплар, мувозанатни бузишни истаган. Охир-оқибат, тақдир шундай истак соҳибларини бир нуқтада, яъни «Шериф» тимсолида учраштирди.
Футбол дунёси «Шериф» сенсациясини унутиб улгурмай, «Ренн» барчани ҳайратлантирди, ажаблантирди. Ҳайратланиш сабаби шуки, бетараф мухлис «Ренн»дан бундай ишончли ғалабани асло кутмаганди. Ажабланиш сабаби ҳақида эса сўзлаш ортиқча. Ахир «ПСЖ» таркибида «Ренн»га қарши Лионель Месси - Неймар - Килиан Мбаппе триоси ўйнади. Лаёқат, салоҳият ва истеъдод бобида мазкур учликка тенг келадиган, йўқ, қиёсланадиган куч борми ҳозирги футбол оламида?! Бу борада кўпчиликнинг фикри бир жойдан чиқиши аниқ: «ПСЖ» триоси футбол оламида ягона ҳодиса айни пайт. Аммо мувозанат бузилган чоғда ўша лаёқат, салоҳият, истеъдод, тенгсиз триолар ҳам иш бермас экан-да! «Шериф» ортидан «Ренн» ҳам кўпчилик кўникмаган бу хулосани исботлади-қўйди.
Нималар бўляпти ўзи футбол оламида? Бу саволга жавобни инқироз кўчасидан чиқолмаётган «Барселона» тақдиридан излаш лозим, назаримизда. «Реал», «ПСЖ», «Манчестер Cити», «Ювентус», «МЮ» каби донгдор клублар ҳарқалай, мағлубиятлар оралаб, олға бормоқда. «Барселона»да эса бутунлай бошқача ҳолат. Мухлислар «ЧЛ ўтган мавсумидаги 8та голни унутмаган «Барселона» энди «Бавария»ни «еб ташлайди», деб ўйлашганди. Тўғри, футболни худди футзал каби ўйнаётган «Бавария»нинг имкониятлари барчага маълум. Лекин қақшатқич зарбадан кейин «Барселона» кучсизланган таркиби билан ҳам «Бавария»ни «тиз чўктириш» қудратига эга жамоа аслида. Роналд Куман шогирдлари эса қасос олиш бир четда турсин, «Бавария»га тузукроқ қаршилик кўрсатишолмади ҳам. «Бенфика» бу учрашув натижасидан «ҳаволанди» ва «Барселона»ни аяб ўтирмади. Куман қайси хаёл билан Луис Суарес хизматидан воз кечгани ҳалигача номаълум. Бўлаётган воқеалар баъзан кишининг ўй-хаёлларини қуюшқондан чиқаради: «Балки Хосеп Бартомеу яширин равишда «Барселона»ни ботқоққа ботириш, парчалаб ташлашни режалаштиргандир, эҳтимол, Куман шу режанинг сўнгги ижрочисидир?!» Йўқ, йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас! «Барселона»даги бугунги ташвишли ҳолат - шунчаки, нотўғри олиб борилган ишлар натижаси. Биз шундай хулосага мойилмиз, шундай ўйлаймиз, бироқ жамоада юз бераётган жараён ўй-хаёлларимиз мувозанатини бузади. Буюк жамоа фаолиятидаги мувозанатнинг бузилиши бирдан кўзга ташланмади. Ҳаммаси аста-секин, сезилиб-сезилмайдиган даражада амалга оширилди, гўё. Акс ҳолда, ҳар жиҳатдан бақувват жамоа бирдан ҳозиргидек мушкул аҳволга тушиб қолмасди. Жамоада мураббийлар шундай тез алмаштирилдики, натижада энг истеъдодли футболчилар ҳам шу сиёсат қурбонига айланишди.
Криштиану Роналдунинг «Реал»дан «Ювентус»га ўтиши ва «МЮ»га кўчиши футбол оламида мувозанат бузилаётганидан дарак берувчи яна бир огоҳлик қўнғироғидир. Унинг ортидан Лионель Месси «ПСЖ» таркибига қўшилди. Таваккал қилиб айтиш мумкинки, Лео ҳам Франция клуби таркибида муқим ўрнашолмайди. Бу муҳит, бу жамоа унинг учун эмас, фикримизча. Эҳтимол, Лео кейинги мавсумдаёқ «Манчестер Cити»га йўл олар. Хўш, у Хосеп Гвардиола қўл остидаги жамоадан қўним топади, деб ҳисоблайсизми? Бунга ишониш қийин. Роналду айланиб-айланиб «МЮ»га қайтгани каби Месси ҳам 2-3 мавсум оралиғида яна «Барселона» сари юзланмасмикан? Унинг учун бундан бошқа йўл йўқдек. Футбол олами Роналду ва Месси рақобати даврида гуллаб-яшнади! «Эль-класико» эса ўзининг энг юқори чўққисига кўтарилди! Инсон табиатини қарангки, у шундай буюк тўқнашувдан ҳам зерикди охир-оқибат ва янгиланишни хоҳлади. Янгиланиш хоҳиши эса футбол оламидаги мувозанатни бузиб юборди. Аёнки, ҳар бир мухлис футбол оламидаги аввалги мувозанат қачондир яна ўз измига қайтишини қўмсайди. Ожиз фикримизча, бу қайтиш учун катта йўқотишлар талаб қилинади. Бошқача айтганда, Месси ва Роналду футболчилик фаолиятини тўхтатишгачгина, улар ортидан Ибрагимович ва Неймар бутсаларини михга илишгачгина ҳаммаси яна изга тушади. Эрлинг Холанд ва Килиан Мбаппе даври Роналду ва Месси даврига нисбатан юқорироқ тараққиёт босқичига эришадими ёки йўқ - бу бошқа масала! Ҳамма гап янги давр ва ўша даврга хос тараққиёт босқичининг бошланишида! Шундай ўзгаришлар фонида «Қўқон-1912» чемпион «Пахтакор» дарвозасига бир эмас, 4та гол ургани кўпчиликка ғайритабиий туюлмади. Мухлислар ҳам «шерлар» Тошкент шаҳар ҳокимлиги ихтиёрига ўтгач, нималарнидир сезишяпти, чоғи. Ҳозирги тезкор замонда сезмай бўлармиди ўзгаришларни?! Ана, «Навбаҳор» мухлислари ҳам Термиздаги ўйиннинг бошланғич таркибини кўрибоқ асабийлашишди. Улар аввалдан мағлубият нафасини ҳис қилишгандир-да...
Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20