Қайднома

Қидирув

Юбилей: Машҳурлик сари илк қадам ёхуд яна "сўйлоқ" ҳақида...

Юбилей: Машҳурлик сари илк қадам ёхуд яна "сўйлоқ" ҳақида...

  07.10.2021 07:07
  0
  338
Юбилей: Машҳурлик сари илк қадам ёхуд яна

Футбол оламининг ўта ёрқин юлдузларидан бири Роналдо 22 сентябрь куни 45 ёшга тўлди. «СЭ» нашри шу баҳона буюк «сўйлоқ»ни туғилган куни билан қутлаган ҳолда, унинг яшил майдон узра мислсиз парвози қандай бошланганини эсга олди.

Роналдо «Крузейро»даги қисқа, лекин сермаҳсул давр (14та ўйинда 12та гол) эвазига 17 ёшидаёқ ЖЧ-94 турнирига отланаётган Бразилия миллий жамоасидан чорлов қабул қилади. Ёш вундеркинд Америкада фақат бир марта, Роберто Баджо пенальтилар сериясида тарихий хатога йўл қўйганидан кейин қувончдан ўзини жиловлай олмай, майдонга югуриб тушган бўлсада, мундиал «заявка»сига тушганининг ўзиёқ Европа клублари тинчини бузишга кифоя қилганди. Умуман, янги юлдузчанинг «кўҳна қитъа»га йўл олиши андак вақт ва манфаатли таклифга боғлиқ бўлиб қолганди. Кўпчилик Роналдони «Ювентус» ва «Милан»га боғлаб турган бир паллада йигитча ҳаммани лол қолдирганча Нидерландия футболига юзланади. Йигитча бутунлай кутилмаган қарорни ЖЧ-94ни иккинчи тўпурар мақомида якунлаган ва Ла Лиганинг энг сермаҳсул мерганига айланган афсонавий Ромарио маслаҳати таъсирида қабул қилганди. «Ромарио ПСВни Европанинг профессионал даражада шаклланган клуби сифатида таърифлади, янги муҳитга мослашиш учун ундан яхшироқ жамоа тополмаслигимни айтди. Ўйлашимча, у бу масалада тўла ҳақ бўлиб чиқди», - деганди «сўйлоқ» кейинчалик ўз интервьюларида. Албатта, бундай мазмундаги тавсия асоссиз эмасди - Эйндховенда 5 йил сермаҳсул ўйин кўрсатган (149та учрашувда 128та гол) Ромарио нима деяётганини яхши биларди. Шунингдек, ПСВнинг ўзи ҳам «отни қамчилаш»ни сира пайсалга солмайди. Бинобарин, футболда Хрис­тофор Колумб мақоми бежиз клубнинг собиқ бош директори Франк Арнесенга берилмаган. Ҳар ҳолда, у футболга «феномен»дан ташқари, яна кўплаб юлдузларни тортиқ этди - чин кашфиётчи. Арнесен 2004 йили «Тоттенхэм»да иш бошлаганида, Роналдо даниялик мутахассис ўз фаолиятида катта ўрин тутганини баралла эътироф этди: «Франкнинг «Тоттенхэм»га йўл олгани мени яна Англия ҳақида ўйлашга мажбур қилмоқда. У билан ҳамкорликда ишлаш мен учун идеал вариант ҳисобланади. Арнесен мени футбол оламига тортиқ этиш билан отамдек қадрдон бўлиб қолди». Франк эса Роналдо трансферидаги муваффақиятини ҳазил оҳангида изоҳлаганди: «Ҳаттоки, кўзи ожиз бувим ҳам Роналдодан буюк футболчи чиқишини кўра оларди. Шундай экан, бу ерда гап скаутинг хизматида эмас. Мутахассис шунчаки, керакли паллада керакли жойда пайдо бўлиб, номзод кўнглига йўл топса, бас».

Маълум бўлишича, айни пайт Москванинг «Локомотив» клубида ишлаётган Ральф Рангник ҳам вақтида Роналдо иқтидорини пайқаган ва уни «Штутгарт» тизимига олиб ўтишга уринган экан (Ранг­ник ўша пайт Германия клуби ёшлар сектори координатори лавозимида ишларди). Ўшанда «Крузейро» 17 ёшли иқтидор учун 6 млн. доллар сўраган, бироқ Германия жамоасида шунча маблағ топилмаган. Арнесен ва ПСВ вакиллари эса баҳони 5 миллион долларга туширишади ва бўлажак юлдуз Нидерландияга йўл олади.

Нидерландия Эредивизиони доирасидаги 33та ўйинда 30та гол, барча турнирлар ҳисобидан 35та гол (36та ўйинда)! Таққослаш учун келтирсак, Ромарио ПСВдаги дебют мавсумида 34та учрашувда майдонга тушиб 26та гол урганди. Роналдо эса энг эсда қоларли ўйинни 1994|1995 йиллар мавсумидан ўрин олган ва ПСВнинг мағлубияти билан ниҳоя­сига етган баҳсда намойиш этган. 1994 йилнинг 17 сентябри. Леверкузен. Маҳаллий «Ба­йер» 30 минг мухлисни ўз бағрига олган «Бай-Арена»да УЕФА кубоги биринчи раунди доирасида ПСВ билан куч синашганди. Томонлар 9та голни ўз ичига олган чин триллер намойиш этишади. 18 ёшини қаршилашига 9 кун қолган Роналдо ўша оқшом «хет-трик»ка эришади. Ёш бразилиялик аввалига, ўзи ишлаган пенальтини голга айлантиради. Ўша вазият хроникаси: Роналдо тўпни қабул қилиб олгач, уни ўзидан сал узоқлаштириб юборади, боз устига, дарвозабон Фолльборн тезкор ҳаракати билан бурчакни қисқартиради. Шунга қарамай, Роналдо тўпни қайта эгаллаб олиб, голкиперни алдаб ўтишга уринади. Такрорий лавҳада тўқнашув юз бермагандек кўринганди. Бироқ бразилиялик ўз рақибини алдаб ўтиб, ниятига етганди. Тўғри, «Байер» 16-дақиқадаёқ ҳисобни 3:1 кўринишига келтириб қўяди. 41-дақиқага келиб, майдон эгалари ҳужумчиси Ульф Кирстен «хет-трик»ни расмийлаштиришга улгуради. Биринчи бўлимнинг сўнгги дақиқасида эса Роналдо таянч ҳудудида очилиб, тўпни дарвозадан чамаси 25 метр узоқликда қабул қилади. Кейин алдамчи ҳаракатлар билан таъқиб­чисини ортда қолдиради ва қулай позицияга чиқиб бориб, дарвоза «тўққизлиги»ни нишонга олади. Бразилиялик вундеркинд учинчи голни юзага келтиришда тезлик олиш маҳоратини намойиш этиб, қанотдан узатилган тўпга ҳаммадан аввал етиб келади. Ҳужумчи 80-дақиқада захирага олинади, бунда бутун ўйин давомида рақибларидан саноқсиз тепкиларни қабул қилган футболчи майдондан оқсоқланиб чиқиб кетади. Якунда ПСВ 4:5 ҳисобида имкониятни бой беради. Кейинчалик учрашув ҳақидаги асосий хулосани ўша пайтда «Байер» шарафини ҳимоя қилган афсонавий Руди Фёллер чиқарганди: «Тўғриси, 18 ёшли йигитчанинг шунчалик мукаммал ўйин кўрсатишига ҳеч қачон гувоҳ бўлмаганман».

«Феномен» самарали фаолияти мобайнида футбол тарихидаги энг ёрқин юлдузлар - Зайниддин Зидан, Роналдиньо, Луиш Фигу, Дэвид Бекхэм билан ёнма-ён тўп сурди. Бироқ ўзи яшил майдондаги энг яхши шериги сифатида Люк Нилисни эътироф этганди. Бельгия­лик ҳужумчи «Андерлехт»дан ПСВ сафига 1994 йилнинг ёзида, Роналдо билан бир вақтда ўтган. У чиндан ҳам, бразилиялик амплуадоши билан ажойиб дуэт ташкил этади. Бу бироз кулгули туюлиши мумкин, аммо уларнинг ҳамжиҳатликларида аввало, битта хонада истиқомат қилишгани муҳим роль ўйнаган. Тўғри, футболчилар бирданига идеалликка эришолмайдилар. Дейлик, Нилис 1994|1995 йиллар мавсумининг биринчи ярмида ҳаттоки, Роналдо билан битта хонада яшашни ҳам истамаган, бу борада мураббий ва шифокорларга шикоят қилишгача борганди. Маълум бўлишича, у «феномен»нинг жуда қаттиқ хуррак отишига тоқат қилолмаган экан. Кейинчалик Роналдонинг томоқ безларида муаммо борлиги аниқланган ва қишда улар бартараф этилган. «Люк ҳар бир ўйинда менга ҳаттоки, Зидандан ҳам кўпроқ ёрдам берарди. Балки у унчалик ёрқин ўйинчи эмасдир, лекин ҳеч қачон қизғанчиқлик қилмаган. Аксинча, доимо иложи борича кўпроқ узатма амалга ошириш ва мени қулай ва­зиятга чиқариш пайида бўларди. Биз бир-биримизни жуда яхши тушунардик», - дея хотирлайди «феномен» ўша ҳамкорликни.

Эйндховендаги иккинчи мавсум «сўйлоқ» учун аввалгисидек ёрқин ўтмайди. Бинобарин, унга тизза соҳасидаги оғриқлар роса азоб берганди. Умуман, айни шу муаммо Роналдога ўзининг чексиз салоҳиятини тўлиқ юзага чиқариш имкониятини бермаган. 1996 йилнинг февралида ҳужумчи жарроҳлик столига ётишдан ўзга чора тополмайди, кейин 4 ой давомида тикланиш билан овора бўлади. Ниҳоят, ёзда «Барселона»га йўл олади. Нима бўлганда ҳам, Роналдонинг Эйндховендаги дебют мавсуми - фантастика! YouTube тармоғидаги ўйин лавҳалари бу фикр­га яққол далолат. Ҳа, 18 ёшли тўпурар мукаммал техникаси, фақат ўзига хос «эластико» финти, тезкор ва чаққонлиги, чарчоқ нималигини билмаслиги билан шон-шуҳрат чўққиси томон дастлабки дадил қадамни баралла ташлаганди.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz