Қайднома

Қидирув

Клублар: Ҳаммаси яна «Шериф» ҳақида

Клублар: Ҳаммаси яна «Шериф» ҳақида

  08.10.2021 04:40
  0
  376
Клублар: Ҳаммаси яна «Шериф» ҳақида

Бугун спорт ОАВда ЕЧЛ янги мавсумининг бош «тўполончиси» - «Шериф» клубига дахлдор қизиқарли фактлар шу қадар кўп айлантириляптики, уларнинг барчасини битта мақолага жойлаштиришнинг иложи йўқ. Тирасполликлар гуруҳ босқичи стартида «Шахтёр»ни 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратишганидаёқ матбуотда жамоага нисбатан қизиқиш кескин ортиб кетганди. Мана, «Шериф» ўтган ҳафта «Сантьяго Бернабеу»да яна бир тарихий ғалабани расмийлаштиргач, энг дангаса фанатлар ҳам камтарин жамоа билан яқинроқ танишишга тушдилар...

«ШЕРИФ» ХОЛДИНГИ -СУПЕРМОНОПОЛИЯ

ЧЛда ҳеч ким кутмаган катта «портлаш эффекти»ни юзага келтирган Молдова клуби соҳиби бутун бир мамлакатга эгалик қилади. Молдова футболи тарихида Европа клублар бош турнири асосий раундига илк марта йўл олган «Шериф» 2-турдан ке­йин 100 фоизлик натижа билан мураккаб гуруҳда пешқадам бўлиб турибди. Камтарин ва кенг оммага нотаниш жамоадан ким бунчалик «сурбет»лик кутганди? Қаранг, Приднестровье клуби ҳозир «Реал», «Шахтёр» ва «Интер»дан олдинда! Ваҳоланки, тирасполликлар турнир саралаш босқичидаёқ шов-шув кўтаришга улгуришганди, энди маълум бўл­яптики, квалификацион ўйинлардаги «тўполон» ҳолва экан. Қизиқ, «Шериф» ниманинг ҳисобига мислсиз муваффақиятга эришмоқда?

Аввало, айтиш керак, «Шериф» холдинги Приднестровье ўлкасидаги супермонополия ҳисобланади. Республикадаги бош банк, кўплаб ёқилғи қуйиш шахобчалари, дўконлар, умуман, энг сердаромад бизнес йўналишлари айнан клуб соҳибига қарашли. Ўтган асрнинг 90-йиллари бошида собиқ иттифоқ парчалангач, Молдова ҳудудидаги Приднестровье республикаси ҳам ўз мустақиллигини эълон қилди. Молдованинг 3та йирик шаҳри (Тирасполь, Бендери ва Рибница) Россияга ҳар томонлама яқин саналган айни шу ҳудудда жойлашганини маълумот сифатида келтириш жоиз. Хуллас, 1992 йилги қуролли тўқнашувдан кейин Приднестровье республикаси Молдова таркибидан бутунлай ажралиб чиқди, бироқ расмий Кишинёв буни тан олмади. Шундан буён ҳудуд «музлатиб қўйилган» можаро ҳолатида қолмоқда. Янги тузилган республика фақат Абхазия, Жанубий Осетия ва Тоғли Қорабоғ каби расмий мақомга эга бўлмаган давлатлар томонидан тан олинган, холос. Жумладан, Россия ҳам Прид­нестровьени халқаро даражасида тан олмаган. Ваҳоланки, ПМР (Приднестровье Молдован республикаси) 2017 йилдан эътиборан иккинчи давлат байроғи сифатида Россия федерациясиникини ишлатмоқда. Қолаверса, 4 йил олдинги маълумотлар бўйича айтсак, республика ҳудудида РФнинг 213 минг фуқароси яшаган (ҳудуд аҳолисининг деярли ярми).

Ҳа, Приднестровье тўлақонли мустақилликка эришолмади, шунга қарамай, у ерда 30 йил давомида ўзига хос бизнес-муҳит шаклланди. Тўғри, моҳиятан олганда, бутун мамлакат «Шериф» холдинги таркибидаги хусусий компанияларга тегишли. «Новая газета» нашри 2020 йили ПМРдаги умумий ҳолат ҳақида бонг урганди: «Шериф» холдинги - Шарқий Европага хос супермонополия. Республика ҳудудидаги барча сердаромад бизнес турлари унга тегишли. «Шериф» тасарруфида ёқилғи қуйиш шахобчалари ва супермаркетлар тармоғи, банклар, ҳудуддаги ягона уяли алоқа оператори бор. Шунингдек, телеканал, нашриёт уйи, вино-коньяк саноати, тўқимачилик комбинатлари, спорт мажмуалари ҳам шу холдинг ихтиёрида. Футбол клуби эса гуруҳнинг энг машҳур лойиҳаларидан биридир». Умуман, ПМР бюджетининг 50 фоиздан кўпини «Шериф» компаниялари солиқ тўловлари ташкил қилади. Хуллас, айтишларича, республика иқтисодиётининг ҳам «оқ», ҳам «соя» қисмидан 60 фоизи шу холдинг назорати остида.

2020 йилнинг ноябрь ойида ПМР маҳаллий парламентига сайловлар бўлиб ўтди ва 33та ўриндан 29тасини «Шериф» тузган ва молиялаштираётган «Янгиланиш» партияси депутатлари эгаллашди. Қолаверса, сайланган яна 3 нафар депутат - «Шериф» билан яқиндан ҳамкорлик қиладиган ишбилармонлар. Охирги ваколат ҳам холдингга хайрихоҳ сиёсатчига берилди. Хуллас, ЧЛда биринчи марта бутун мамлакатга эгалик қилувчи соҳиб клуби қатнашмоқда. Тўғри, Приднестровье жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олинмаган, лекин мазмун-моҳият ўзгармайди, барибир.

 

ЛИМИТ УМУМАН ЙЎҚ

2019 йили Молдова чемпионатида легионерлар чекловини бекор қилишди. Бу айнан «Шериф»­га қўл келди: Тирасполь жамоаси асосан хорижлик футболчиларга таянмоқда. Янги қоидага мувофиқ, мамлакат чемпионатида ҳам жамоалар бир вақтнинг ўзида 11 нафар легионер хизматидан бемалол фойдаланиши мумкин. Натижада «Шериф» хўжайинлари жамоага бирин-кетин легионерлар жалб эта бошлашди. Халқаро экс­пертларнинг хулосаларига кўра, лимитнинг бекор қилиниши «Шериф» муваффақиятининг асосий омилига айланмоқда. «Молдова чемпионатида легионерларга қў­йилган чекловнинг бекор қилинганига кўп бўлмади. Бундан нима чиқди? Қаранг, «Шериф» ЧЛ саралашида Сербия чемпиони «Црвена Звезда» ва Хорватиянинг энг яхши клуби «Динамо»ни доғда қолдирди. Россия ҳам шу йўлдан бориши керак. Натижада маҳаллий футболчилар паспорт туфайли имтиёзга эга бўлмайдилар ва ўз устиларида қаттиқ ишлашга ўтадилар. Ҳозирги ҳолатда эса, уларда на мотивация бор ва на олдинга интилиш учун курашиш истаги. Шунинг учун ҳам ЦСКА ўша Загреб «Динамо»сига ютқазди, «Шериф» эса бу клубни «янчиб» ташлади», - деганди футбол агенти Дмитрий Селюк Молдова жамоаси ЧЛ гуруҳ раундига йўл олгач. «Шериф» бош мураббийи Юрий Вернидуб ҳам шундай фикрда: «Легионерлар лимитининг фойдаси йўқ, балки зарари бор. Кўпчилик буни ватанпарварлик сифатида баҳолайди. Мана, Украинани олинг, чеклов анча юмшоқ, атиги 4 нафар украиналик майдонга тушса, бас. Шунинг учун «Шахтёр» ва «Динамо» клублари мунтазам ЧЛда иштирок этади. «Шахтёр» гуруҳдан чиқишни ҳам уддалаган. Жамоа таркибида Бразилиядан қанча легионер борлиги ва «Бавария», «Манчестер Сити»га неча нафар футболчи сотилганини ўйланг... Россияда аксинча, худди Беларусдаги каби футболчиларни шунчаки, қулоғидан тортиб чиқаришади. Оқибатда улар ишсиз қолмасликларини билиб, шунга яраша ишлашади. Ваҳоланки, катта пул олишади. Майдонга тушганларида эса, маошни оқлашмайди».

Фактлар

***    «Шериф»нинг «Реал»га қарши ўйини «заявка»сига атиги 4 нафар молдовалик футболчи киритилди ва улар ҳам захирада қолишди.

***    Жамоадаги энг йирик диаспора Бразилиядан: Мадридда 2 нафар бразилиялик майдонга тушди, яна бири захирадан жой олди.

***    «Шериф» «Сантьяго Берна­беу»да майдонга тушган барча футболчилар учун жами 250 минг евро тўлаган. Шунча сумманинг барчаси АЕК дарвозабони Георгиос Атанасиадис ижарасига кетган.

***    Transfermarkt порталида «Ше­риф»­нинг «Реал»га қарши турган 14 нафар футболчисидан 4 нафарининг трансфер баҳоси кўрсатилмаган.

***    14 нафар футболчидан 4 нафари «Шериф»да ижара муддатини ўтамоқда, жумладан, Жасур Яхшибоев ҳам.

***    Шу 14 нафар футболчидан 7 нафари «Шериф» сафига эркин агент мақомида қўшилган.

***    «Шериф»нинг энг қимматбаҳо футболчиси - Франк Кас­танье (transfermarkt маълумотига кўра, унинг баҳоси 1 млн. еврога тенг). Мадридда майдонга тушганлар орасида энг арзони - Кес­тон Жульен (300 минг евро).

***    14 нафар футболчи «Шериф»да ўртача ҳисобда 10,4 ой ўйнаш тажрибасига эга. Энг «эски» футболчи - чап қанот ҳимоя­чиси Кристиану «Шериф» таркибига 51 ой муқаддам қўшилган. 3 нафар футболчининг шарнома тузганинига эса энди 1 ойдан ошди.

***    «Реал» дарвозасига урилган 1-гол муаллифи Жасур Яхшибоев «Легия»дан ижара асосида олинган. У бир йилча олдин Беларусь чемпионатида университет жамоа­си учун ҳам ўйнаган.

***    «Реал» дарвозасига урилган 2-гол муаллифи Себастян Тилль «Прогресс Нидеркорн» (Люксембург)дан ижара келишуви асосида олинган. У жорий йил «Тамбов»нинг 7та ўйинида майдонга тушган.

***    Чап қанот ҳимоячиси Кристиану 2017 йили Бразилия «С» серияси иштирокчиси - «Волта Редонда»дан ўтган.

***    Марказий ҳимоячи Данило Арболеда Колумбия клуби «Депортиво Пасто»дан ўтган.

***    3 нафар футболчи Словения чемпионати клубларидан таклиф этилган.

***    ЧЛда дебют голини нишонлаган Жасур Яхшибоев «Шериф» сафидаги биринчи ўйинини 12 сентябрь куни ўтказганди. У ЧЛда гол муаллифига айланган ўзбекистонлик иккинчи футболчи бўлди (Максим Шацкихдан кейин).

***    Transfermarkt порталида кўрсатилишича, Жасур Яхшибоевнинг трансфер баҳоси 500 минг еврога тенг. «Реал» тўпурари Карим Бенземаники эса - 25 млн. евро. Умуман, биргина Бенземанинг ўзи «Шериф»нинг бутун таркибидан икки баравар қимматроқ.

***    «Реал» таркибининг умумий қиймати 793 млн. евро бўлса, «Шериф»ники 12 миллион евродан кўпроқ.

***    «Реал» ўйин давомида 31 марта зарба йўллади, «Шериф» эса атиги 4 марта!

***    «Шериф» жорий мавсум УЕФА коэффициентлар жадвалида 15 очко тўплашга улгурди. Таққослаш учун айтсак, Россиянинг барча клублари атиги 8,5 очко ишлади (29 сентябрь ҳолати бўйича).

«Шериф» ЧЛ гуруҳ босқичидаги 2та ўйинда 12та мамлакат футболчиларидан фойдаланди. Ҳар икки баҳсда 4 нафардан маҳаллий футболчи қайдномага киритилди, аммо украиналик бош мураббий Юрий Вернидуб уларни майдонга туширгани йўқ.

«Шериф»нинг «Шахтёр» ва «Реал»га қарши ўйинларида майдонга тушган

футболчилари фуқаролиги

***Гана

***Бразилия

***Колумбия

***Греция

***Перу

***Люксембург

***Мали

***Ўзбекистон

***Шимолий Македония

***Босния ва Герцеговина

***Гвинея

***Тринидад ва Тобаго


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz