Қайднома

Қидирув

Филипосян нега Таиланд Биринчи Лигасини маъқул кўрди?

Филипосян нега Таиланд Биринчи Лигасини маъқул кўрди?

  08.10.2021 07:37
  0
  502
Филипосян нега Таиланд Биринчи Лигасини маъқул кўрди?

Вақтида «Машъал», «Насаф» ва «Бунёдкор» каби клублар шарафини ҳимоя қилган тажрибали ҳимоячи Артём Филипосян бир неча йилдан буён хорижда ўйнамоқда. Дастлаб Таиландга йўл олган футболчи кейинчалик Индонезия чемпионатидан қўним топди. Бу мамлакатда пандемия туфайли футбол мавсуми бекор қилингач, Артём Таиландга, собиқ клубига қайтди. Филипосян энди фаолиятини Таиланд Биринчи лигаси иштирокчиси «Муангкан Юнайтед»да давом эттирмоқда.

- Артём, «Муангкан Юнайтед» таклифини қабул қилишда нималарни биринчи ўринга қўйдингиз?

- Асосийси, таклиф қизиқтирди, клубда шароитлар ҳам яхши. Қолаверса, жамоа олдига Суперлигага чиқиш вазифаси қўйилган, таркиб шунга мувофиқ, савияли футболчилар билан тўлдирилган. Аслида бошқа мамлакатлар клубларидан ҳам аниқ таклифлар тушганди. Лекин бир неча йилдан буён Таиландда ўйнаяпман, об-ҳаво ва шароитларга анча кўникиб олдим. Қисқаси, барчасини ўйлаб кўриб, Таиландда қолишга қарор қилдим. Биласизми, Таиландда ўйнашнинг ёқимли томонлари кўп. Дейлик, мухлисларнинг стадионларга ташрифи жойида. Таиландликлар бутун ўйин давомида футболчиларни тўлиқ қўллаб-қувватлаб ўтиришади.

- Хўш, «Муангкан Юнайтед» юқори лигага кўтарилиш салоҳиятига эгами, сизнингча?

- Юқорида айтганимдек, таркиб чакки эмас, шароитлар ҳам яхши. Умуман олганда, биздан фақат ўйнаш талаб қилинади. Чемпионат аллақачон бошланди ва ҳар бир ўйинда ғалабани кўзлаяпмиз, албатта.

- «Муангкан Юнайтед» сафидаги легионерлар ҳақида ҳам маълумот берсангиз?

- Клуб мендан ташқари, 3 нафар бразилиялик ва сингапурлик футболчини рўйхатдан ўтказди. Айтиш ўринли, Таиланд клублари легионер танлашда жуда талабчан. Чемпионатда Бразилия, Япония ва Жанубий Кореядан келганлар кўп. Жамоалар катта маош беради ва шунга мувофиқ, имкон қадар савияли  футболчилар билан шартнома тузади. Шунинг ҳисобига ҳам, чемпионат анча қизиқарли.

- Сардор Мирзаев ҳам Таиланд­да ўйнамоқда - «Муангтонг Юнайтед» сафида. У билан кўришиб турасизми?

- Сардор билан телефон орқали тез-тез гаплашамиз. Лекин ҳозиргача кўришиш имкони топилмади. Чунки пандемия туфайли ҳамма жой ёпиқ эди. Энди вазият анча юмшади, карантин қоидалари бекор қилинди. Аммо чемпионат бошланиб кетди, шунинг учун кўришишга вақт ажратолмаяпмиз.

- Таиландда сизга маъқул келмаган жиҳатлар ҳам борми?

- Футбол масаласида ҳеч қандай шикоят йўқ - ҳаммаси жойида. Маъқул келмаган ягона томони - маҳаллий таомлар жуда аччиқ. 

- Билишимизча, Индонезиянинг «Персикабо» клуби билан амалда шартномангиз бор эди. Жамоада қолишингиз ҳам мумкинмиди?

- «Персикабо» сафидан жой олганимда, ҳаммаси яхши эди. Пандемия бошлангач, мамлакатда футбол мусобақалари буткул тўхтатилди. Клуб эса маошни нақ 75 фоизга қисқартирди. Қисқаси, футболсиз қолдик ва атиги 25 фоиз маош билан чекланишимизга тўғри келди. Якунда раҳбариятга вазиятни тушунтирдим ва ўзаро келишувга асосан, шартномани бекор қилдик. Аслида клуб президенти ҳам, бош мураббий Игорь Круишенко ҳам жамоада қолишимни истаганди. Аммо бу вақтда Таиланд клуби билан келишиб олишга улгургандим.

- 2011 йили «Насаф» билан ОФК кубогини қўлга киритгандингиз. Ҳозирда Рўзиқул Бердиев жамоаси мазкур турнирда яна бир бора зафар қучиш имкониятига эга. Собиқ клубингиз ўйинларини кузатяпсизми, унинг имкониятини қандай баҳолайсиз?

- ОФК кубоги-2011даги ғалабада бизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаган, етарли шароитларни яратиб берган вилоят ҳокими Нуриддин Зайниевнинг ҳиссаси катта бўлганди. Таркиб ҳам жуда кучли эди. Ҳозирги «Насаф» ҳам турнир фаворити. Ишонаманки, қаршиликлар турнирда ғалаба қозониб, буни амалда исботлашади!

И.АБДУВАҲОБОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz