Қайднома

Қидирув

Ана, холос!Асосий «гувоҳ» - сув идиши

Ана, холос!Асосий «гувоҳ» - сув идиши

  09.10.2021 03:03
  0
  192
Ана, холос!Асосий «гувоҳ» - сув идиши

«Женоа» етакчиларидан бири Маттиа Дестро 25 сентябрь куни ўзи билиб-билмай, еврофутболнинг ҳафта лавҳаси қаҳрамонига айланди. Биринчидан, ҳужумчи майдоннинг деярли ярмини юқори тезликда босиб ўтди, йўл-йўлакай бир неча рақибини алдаб ўтди ва гол урди. Иккинчидан, футболчи бу юриши давомида қўлидаги сув идишини ташлагани йўқ. Қисқаси, Дестро қўлида идиш тутганча рақиб дарвозасини нишонга олди.

Элдор Шомуродовнинг собиқ клуби жорий мавсумни нотекис бошлади. Дейлик, генуяликлар дастлабки 6та турда атиги 1та ғалаба қайд этиб, 2 бора дурангга рози бўлишди ва 3та ўйинда имкониятни бой беришди. Стартдаги 6та учрашувда 5 очко - бу «А» серияда ўз ўрнига эга жамоа учун жуда кам.

Хусусан, 6-турдан ўрин олган «Верона»га қарши уй учрашуви ҳам «Женоа» учун ўта асабий тус олди:

- жамоа 49-дақиқага келиб, 0:2 ҳисобида ортда борди;

- жамоа 85-дақиқага келиб, 3:2 ҳисобида олдинга чиқиб олди;

- жамоа 90+1-дақиқада ғалабани қўлдан чиқарди - 3:3.

Аммо учрашувнинг асосий триллери бошқа - «Женоа»нинг 3-голи. Унга 85-дақиқада ҳужумчи Маттиа Дестро муаллифлик қилди. Ғалати томони шуки, ўша паллада Дестронинг чап қўлида ғайриоддий буюм бор эди. Ҳа, сув идиши! Гап шундаки, Маттиа сув ичиб турган паллада мезбонлар тўпни ўйинга киритиб юборишди. Яъни Горан Пандев узатма орқали айнан уни олға бошлади. Дестро эса қўлидаги сув идишини ташлашга ҳам улгурмади, бирдан тезлик олиб, майдоннинг деярли ярмини юқори суръатда босиб ўтди. У йўл-йўлакай «Верона» ҳимоячиларини алдаб ўтиб, якунда дарвозабон қаршисига чиқиб борди ва уни ҳам ожиз қолдирди. Футболчи шундан ке­йингина қўлидаги идишни трибуна томон улоқтирди. 90+1-дақиқада «Верона»ни муқаррар мағлубиятдан қутқариб қолган Никола Калинич финал ҳуштаги чалингач, Дестрога яқинлашиб, уни ажойиб ўйин билан табриклади ва нега қўлидаги сув идишини ташлаб юбормаганини сўради. Маттиа эса бунга оддийгина жавоб берди: «Тўғриси, уни қаерга қўйишни билмадим...». «Женоа» бош мураббийи Давиде Баллардинидан ҳам матбуот анжуманида сув идиши ҳақида сўрашди. У эса шунчаки, кулиб қўйди: «Маттиа нега идиш билан югурганини билмайман. Асосийси, у ўз вазифасини аъло даражада бажарди - ажойиб футболчидан ноёб кадр». «Женоа» матбуот хизмати эса бу ҳолатга ижодий ёндашди: «Сирли ичимлик».

Ҳ.МАСАИДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz