Қайднома

Қидирув

Маълумот: U-18 биринчилиги: мураббийлар доираси

Маълумот: U-18 биринчилиги: мураббийлар доираси

  09.10.2021 06:26
  0
  237
Маълумот: U-18 биринчилиги: мураббийлар доираси

ПФЛ жорий йил U-18 биринчилиги савиясини ошириш бўйича ислоҳотга қўлга урди. Аниқроғи, ёш футболчиларга кўпроқ амалиёт тақдим этиш учун иштирокчилар сонини оширди. Хўш, мусобақада қатнашаётган жамоаларга кимлар устозлик қилишмоқда?

АГМК. Олмалиқ клубининг ҳар бир ёш тоифасидаги таркибида тажрибали мутахассислар жамланишган. Хусусан, U-18 жамоаси устози, ёшлар билан ишлаш бўйича етук мутахассис ҳисобланган Суюн Муртазоев узоқ йиллардан буён АГМК тизимида меҳнат қилмоқда.

«Андижон». Мазкур жамоанинг U-18 таркибини Лутфулло Мажидов бошқармоқда. Фарҳод Ғофуров - бош ассистент ролида. Бу икки мураббийнинг «ташриф қозоғи» Андижон футбол академиясига бориб тақалади. Клубнинг янги раҳбарияти Мажидовни бежиз таклиф қилмаган. У болалар футболида етарли тажрибага эга.

«Арал-Самали». Келажакда Суперлигада ўйнашни режалаштираётган Нукус клубининг U-18 таркибига маҳаллий мутахассис Ергали Махсетов масъул. Ушбу мураббий эндигина 30 ёшини қарши олди ва ҳозирча «Б» лицензиясига эга.

«Бунёдкор». Асосан академия тарбияланувчиларидан ташкил топган ёш «қалдирғочлар»ни Ринат Мифтахутдинов ва Фирдавс Кенжаев жуфтлиги шуғуллантирмоқда. Улардан биринчиси бош мураббий ролида.

«Бухоро». Бухоролик собиқ ҳужумчи, вақтида голеадорлик маҳоратини намойиш этган Анвар Ражабов U-18 жамоаси бош мураббийи ҳисобланади. Маълумотларга қараганда, ўсмирларни унинг ёлғиз ўзи мустақил бошқармоқда.

«Динамо». Самарқанд жамоасининг U-18 таркибига 31 ёшли Нодир Мардонов устозлик қилмоқда. У бунга қадар асосан болалар футболида самарали меҳнат қилган маҳаллий мураббийлардан биридир. 

«Истиқлол». Афсуски, «Истиқлол»нинг асосий жамоаси молиявий муаммолар туфайли Про лигадаги иштирокини эрта якунлади. Шунга қарамай, клуб раҳбария­ти U-18 жамоасини сақлаб қолди. «Истиқлол» ўринбосарлари айни пайт Жаҳонгир Пўлатов ва Илҳом Солиев жуфтлиги раҳбарлигида шуғулланишмоқда.

«Локомотив. Жамоа раҳбарияти охирги йилларда ёшлар тизимига катта эътибор қаратмоқда. Дейлик, ҳар бир ёш тоифасига 3 нафардан мураббий бириктирилган, уларга барча шароитларни яратиб берилган. U-18 жамоасини Вазген Манасян бошқараётган бўлса, Юрий Винтовкин унга яқиндан кўмаклашмоқда. Алишер Аҳмедов эса дарвозабонлар мураббийи ҳисобланади.

«Машъал». Молиявий қийинчиликлар ортидан ўз академиясига етарли эътибор беролмай қолган клубнинг 18 ёш тоифасидаги таркибига Актам Бердиев масъул. Ушбу мутахассис бунга қадар ҳам «Машъал» тизимида фаолият юритган ва болалар билан ишлаш бобида етарли кўникмага эга.

«Металлург». Бекободда ҳам ёшларга эътибор катта. U-18 жамоаси «Машъал»даги фаолияти орқали танилган Габит Сапаргалиевга ишониб топширилган. Унга айни пайт яна бир собиқ футболчи Аббос Абдуллаев ассистентлик қилмоқда. 

«Навбаҳор». Наманганда футболни қаттиқ яхши кўришади ва ёшлар жамоаларидан ҳам натижа кутишади. Ҳозирда U-18 жамоасини таниқли мураббий Усмон Асқаралиев бошқармоқда. Аъзам Ражаббоев ҳам мураббийлар штабида. Айтиш керак, бу жуфтлик ўтган мавсум ижобий натижа қайд этганди.

«Насаф». Академия тарбияланувчиларидан иборат жамоани украиналик Валентин Поддубний шуғуллантирмоқда. Унга дарвозабонлар бўйича мутахассис Денис Монин ёрдам бермоқда. Шуни алоҳида айтиш керак, U-18 биринчилигида «Насаф»нинг ўзига яраша ўрни ва мавқеи бор. Бунда академия тизимида фаолият кўрсатаётган мураббийлар гуруҳининг ҳиссаси катта, албатта.

«Нефтчи». Шонли тарихини қайта тиклашга астойдил бел боғлаган «Нефтчи» раҳбарияти ёшларга ҳам беэътибор эмас. Собиқ ярим ҳимоячи Азиз Алижонов клубнинг U-18 тоифасидаги таркиби билан ижобий натижалар қайд этмоқда. «Нефтчи» келаси йили Суперлигада ўйнаса, Алижонов U-21 жамоаси бошқарувини қўлга олса керак. Ҳозирда асосий таркиб учун яхши ижрочилар гуруҳи чиқаётганини ҳам айтиш жоиз.

«Олимпик». Темур Кападзе бўлажак олимпиячилар билан самарали тарзда иш олиб бормоқда. Жамоанинг U-18 таркиби Акмал Холматов назорати остида. Вақтида «Нефтчи»ни олға етаклаган собиқ ярим ҳимоячи орада маълум муддат болалар футболида ишлаганди. У эндиликда ўсмирлар жамоасини бошқариш орқали тажриба оширмоқда.

«Пахтакор». Дмитрий Ан - «шерлар»нинг ушбу ёш тоифасидаги жамоасида асосий мураббий. Унга Равшан Ҳайдаровнинг ўғли Сарвар Ҳайдаров ва Фарҳод Нишонов ёрдам беришмоқда. Ушбу трио самарали ишламоқда, ҳар ҳолда, «Пахтакор» ўсмирларининг натижалари чакки эмас.

«Сурхон». Термиз клуби раҳбарияти асосан ёш мураббийларга ишонч билдирмоқда. U-18 тои­фасидаги жамоа ҳам иқтидорли мутахассис Вазир Муртазоевга ишониб топширилган. Штабда Азамат Жўрамуродов унга елкадош бўлиб хизмат қилмоқда.

«Сўғдиёна». Бугунги кунда Жиззах клубининг U-18 таркиби Анвар Алматов назоратида. Узоқ йиллардан буён клуб тизимида фаолият юритаётган бу мураббий ҳам ёшлар билан ишлаш бобида катта тажрибага эга.

«Турон». Суперлига дебютанти ёшларига ҳозирча Ўлмасбек Раҳмонов устозлик қилмоқда. «Турон» раҳбарияти ушбу мутахассис етарли тажриба ҳосил қилишига имкон бермоқда. Раҳмоновга кўмаклашаётган Иброҳим Мамадиев ҳам ўз билимини тобора оширмоқда.

«Хоразм». Про лига иштирокчиси байроғи остидаги U-18 жамоаси келажакда бутун Хоразм футболига фойда келтирса, ажабмас. Ҳозирда «Хоразм»нинг эртанги кун умидларини Маъмур Абдуллаев ва Валентин Коваленко жуфтлиги тарбияламоқда.

«Шўртан». Молиявий қийинчиликлар туфайли жар ёқасига келиб қолган Ғузор клуби ёшларга эътибор қаратиш имкони топмоқда, барибир. Раҳбарият бунда асосий жамоани бошқарган ва ижобий натижа кўрсатган Ихтиёр Каримовга кўпроқ ишонч билдирмоқда. Ихтиёр Тоғаевич тарбиялаётган U-18 таркиби йигитлари келажакда «Шўртан»нинг асосий футболчиларига айланишса, ажабмас.

«Қизилқум». Йилдан-йилга бутун тизимни кучайтираётган «Қизилқум» раҳбарияти ёшлар таркибига ҳам бефарқ эмас. Клубнинг собиқ футболчилари имкон қадар иш билан таъминланмоқда. Ёрқин мисол - Воҳид Шодиев бутсаларини михга илганидан сўнг мураббийлик курсларида таҳсил олди ва U-18 жамоаси бошқарувини қўлга олди.

«Қўқон-1912». Бу жамоа ўсмирлар таркибида ажойиб жуфт­ликни кўриш мумкин: ёшлар футболида кўпни кўрган Наримон Асанов ёрдамчи мутахассис ролида фарзанди Эрнест Асановни тарбияламоқда. Ҳозирча уларнинг ишлари кўнгилдагидек - ёшларнинг кўрсаткичлари чакки эмас.

«Янгиер». Асосан Янгиер футбол маҳорати мактаби тарбияланувчиларидан тузилган жамоани Муҳаммадали Файзуллаев бош­қармоқда. 28 ёшли мураббийга яқинда футболчилик фаолиятини тугатган Аббос Махсталиев кўмаклашмоқда. Шунингдек, Дилмурод Каримов ҳам ёрдамчи ҳисобланади.
***

урнир жадвали Учрашувлар  #ЖамоаЎйинҒалабаДурангМағлубиятТ-ФОчко
  1 Нефтчи U18Нефтчи U18 18 14 3 1 43-17 45
  2 Пахтакор U-18Пахтакор U-18 16 12 3 1 55-16 39
  3 Насаф U-18Насаф U-18 17 10 4 3 45-20 34
  4 Навбаҳор U-18Навбаҳор U-18 17 10 3 4 55-26 33
  5 Янгиер U-18Янгиер U-18 17 9 3 5 37-30 30
  6 Бунёдкор U-18Бунёдкор U-18 17 9 3 5 33-26 30
  7 Хоразм U-18Хоразм U-18 17 8 4 5 26-25 28
  8 Андижон U-18Андижон U-18 17 7 5 5 34-24 26
  9 Турон U-18Турон U-18 17 7 5 5 29-23 26
  10 АГМК U-18АГМК U-18 17 6 6 5 33-29 24
  11 Олимпик U-18Олимпик U-18 17 7 3 7 37-35 24
  12 Сурхон U-18Сурхон U-18 17 6 5 6 27-32 23
  13 Локомотив U-18Локомотив U-18 17 6 5 6 23-28 23
  14 Қўқон-1912 U-18Қўқон-1912 U-18 16 6 4 6 40-33 22
  15 Сўғдиёна U-18Сўғдиёна U-18 16 6 4 6 24-34 22
  16 Машъал U-18Машъал U-18 17 5 6 6 22-27 21
  17 Нурафшон U-18Нурафшон U-18 17 6 2 9 22-33 20
  18 Истиқлол U-18Истиқлол U-18 16 5 4 7 23-36 19
  19 Металлург U-18Металлург U-18 17 5 3 9 24-43 18
  20 Шўртан U18Шўртан U18 17 3 8 6 26-32 17
  21 Динамо U-18Динамо U-18 17 4 2 11 22-41 14
  22 Қизилқум U-18Қизилқум U-18 17 3 3 11 25-43 12
  23 Арал Самали U-18Арал Самали U-18 19 2 3 14 23-66 9
  24 Оқтепа U-18Оқтепа U-18 18 1 3 14 16-25 6


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz