Қайднома

Қидирув

Эътибор марказида - «Бунёдкор» академияси

Эътибор марказида - «Бунёдкор» академияси

  09.10.2021 09:49
  0
  318
Эътибор марказида - «Бунёдкор» академияси

Сўнгги кунларда «Шериф» ҳужумчиси Жасур Яхшибоев ва унинг «Сантьяго Бернабеу»да «Реал» дарвозасига урган голи ўзбек футболининг энг муҳим воқеаси сифатида эътироф этилди. Шундай паллада «Бунёдкор»­нинг болалар жамоаси Тошкентдан Москвага сафар уюштириб, «Спартак» ва «Динамо» академиясидаги кучли рақибларига қарши баҳс юритди.

18та шаҳардан келган 32та жамоа (жумладан, «Бунёдкор» ҳам). Москвадаги «Металлург» стадионида ҳукм сураётган куз ва 10 даража илиқ об-ҳавода ўтказилаётган футбол ўйинлари. Россиянинг бошқа клублари еврокубокларда баҳс юритаётган паллада Championat.com томонидан 10-11 ёшли футболчилар иштирокида ўтказаётган қаторасига учинчи турнири давом этди.

Россияда болалар билан қандай ишлашлари тушунарли бўлса, Ўзбекистон футболи, айниқса, болалар футболи экзотик кўриниши мумкин. Азалдан ушбу мамлакат билан спортга хос умумий тарихга эга бўлсакда, Ўзбекистон футболи - барибир, бошқача. Баъзан жозибали, қизиқарли ва бизникига ўхшамайди.

Шундай экан, «Бунёдкор» тарбияланувчилари Москвада бўлиб туришганидан унумли фойдаланиб, 2011 йилда туғилган футболчилар мураббийи /улом Ҳалимтоевни суҳбатга чорлаб, уларда ўйинчиларни қандай тарбиялашаётганига қизиқдик. Натижада 10та бўлимдан иборат монолог ҳосил бўлди - Ўзбекистондаги футбол тарбияси нимаси билан аҳамиятли? Бу саволга «Бунёдкор» мисолида жавоб оламиз. Нега футболчилар тоғли ҳудудларда йиғин ўтказишади, нега сархил мева-сабзавотлар билан озиқланишади, нега манежлардан фойдаланишмайди?

Демак, «Бунёдкор»

академияси, палов ва тоғлар ҳақида 10 воқеа

1. Бизнинг академияда ишлаш учун ажойиб шароитлар яратилган. Болаларни 6 ёшдан танлаб олиб, 17 ёшга тўлгунларига қадар улар билан ишлаймиз. Вазифамиз - уларни U-18 жамоасига тайёрлаб, даражаси юқорироқ ўйинларда тўп суришларига имкон бериш. Агар футболни давом эттиришга кўзлари етмаса, камида яхши ва соғлом одам сифатида қолишади. Шу боис, академиямизда нафақат футбол, балки таълим ва тарбияга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

2. Тошкентдаги иқлим йил давомида очиқ ҳавода шуғулланиш имконини беради, қуёшдан куч оламиз (кулади) ва айнан шу сабабли кўпинча янги узилган меваларни истеъмол қиламиз, кўплаб витаминларга эга бўламиз. Олмалар, бананлар, маҳаллий суд маҳсулотлари - футболчилар буларнинг барини яхши кўришади, академиямизда улардан кўп миқдорда озиқланишади. Об-ҳаво шароити туфайли йил давомида фақат январда, 20 кун давомида залда машғулот ўтказамиз, холос. Қолган машқлар ташқарида, сунъий майдонда ўтади.

3. Машғулотлар пайти болаларнинг кўпроқ тўп билан муомала қилишларини кузатамиз. Улар футбол оддий ўйин эканлигини тушунишлари керак. Тўпни яхши назорат қилишлари, ўз навбатида, вазият тақозо этган паллада тезкор қарор чиқаришлари муҳим саналади. Ҳар қандай вазиятларда оддий қарор чиқариб, шунинг эвазига ғалаба қозонишлари керак.

4. Ўзбекистонда ёғли таомлар кўп истеъмол қилинади, байрамларни ва ҳаттоки кичик оилавий зиёфатларни ҳам паловсиз тасаввур қилиш қийин. Биз ҳам паловни рад этмаймиз ва ўйиндан олдинги машғулотлардан ке­йин кечки овқатда уларга шу таомдан берамиз. Шу тариқа эртасига ўйин пайти кўпроқ кучга эга бўлишади. Қўй гўшти иммунитетни кўтаради, болалар ҳам уни яхши кўришади. Палов билан бирга албатта, салат ҳам берилади, овқатдан кейин эса  кўк чой ичамиз - у организмни тўйинтириб, овқат ҳазм бўлишини тезлаштиради. Паловдан ке­йин организм жуда кўп суюқликни талаб этади, чанқоқни қондиришда эса сув ёки қора чой эмас, айнан кўк чой кўпроқ ас­қотади.

5. Ёзда бизда иссиқ кучли бўлади, июлда ҳаво ҳарорати 45 даражагача кўтарилади, шу боис, мазкур ойда болалар билан вақтимизни тоғли ҳудудлардаги лагерларда, Чорвоқ сув омбори ҳудудидаги дам олиш масканларида ўтказамиз. У ерда нафақат гўзал манзара гувоҳига айланасиз, балки футбол майдонлари бор болалар лагерлари бор. Шунингдек, бундай масканлардаги ҳаво шаҳардагига нисбатан 10 даража паст бўлади.

Тасаввур қилинг, тоғларда стадиони ва сунъий майдонига эга лагерлар бор! Ўша жойда бир маҳал кечки машғулотлар ўтказамиз, тонгда эса болалар бассейнда сузишади, тоққа сайрга чиқамиз. Албатта, мевалар термаймиз, лекин тепаликларда пикник уюштирамиз, шашлик пиширамиз. Болалар беркинмачоқ ўйнашади, улар учун эстафеталар ташкил этамиз. Жазирама ҳукм сураётган, чемпионат тўхтаган ёз ойи ўрталаридаги бундай ҳордиқ кишига катта мароқ бағишлайди.

6. Бундан ташқари, «Бунёдкор» академиясида акробатикадан ҳам дарс берилади - бу вазифани ажойиб педагог Ирина Николаевна бажаради. Болалар ушбу мутахассис қўл остида мослашувчанлик, чаққонлик ва тезкорликка ўргатувчи машқларни бажаришади, тўғри югуришни ўрганишади - ахир бу футболчи учун жуда муҳим. Ўмбалоқ ошишади, батут, ҳалқа, зина, чамбарак ва матлардан фойдаланишади. У ерда болалар вақтларини хуш кайфиятда ўтказишади!

7. Шунингдек, тарбияланувчилар билан икки нафар руҳшунос ишлайди. Улар турли тематик вазифаларни бажаришади, интеллектуал ўйинлар ўйнашади. Биз учун болаларнинг фикрлашлари, ўзаро суҳбатлашишлари муҳим. Ахир футболда психология биринчи ўринда туради. Футболчи ютқазаётганда, ўша вазиятдаги босимни енгиши, хатоларни ўйламай, ўйнашда давом этиши керак. Ўйинлардан кейин айрим футболчиларимизни руҳшуносга жўнатаман, айниқса, дарвозабонларни. Мутахассис билан ўтказилган суҳбат ўзларига бўлган ишончни йўқотмасликлари учун аҳамиятли. Психологлар саъй-ҳаракатлари эвазига болалар кейинги машғулотга оптимал ҳолатда ташриф буюришади.

8. Инглиз тилини ўқитиш шарт! Ахир биз халқаро турнирларга борамиз, қолаверса, тил ўрганиш фаолиятини чегара ортида давом эттирадиганларга қўл келиши турган гап. Алоҳида инглиз тилидан ташқари, айрим фанлар рус тилида ўтказилади, шу тариқа болаларнинг имкон қадар кўпроқ тилни ўзлаштиришларига имкон берилади. Жамоамизда рус тилини ҳамма билади, Россия ёки Қозоғистонга сафар уюштирсак, болалар бамайлихотир сайрга чиқишади, жамоалар билан суҳбатлашишади, кўплаб дўстлар орттиришади.

9. Академиямизда учта гуруҳ бор: «А», «В» ва «С». «А» гуруҳида энг иқтидорлилар текинга шуғулланишади. «В» ва «С» гуруҳлари эса пуллик. Лекин рақобатни таъминлаш учун ҳар уч ойда бир марта қўшимча танлов ўтказиб, икки гуруҳдаги энг яхшиларни «А» гуруҳга ўтказамиз.

10. Мураббийнинг ишида уч хил йўналишни кўраман - тарбиялаш, ўқитиш ва шуғуллантириш. Бунда катта сир йўқ - шунчаки, ўз ишингизни яхши кўришингиз керак. Мен ҳам яхши кўраман: Ўзбекистон Суперлигасидаги 15 йиллик фаолиятим давомида тўплаган тажрибамни болалар билан баҳам кўрмоқчиман.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: Championat.com


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz