Қайднома

Қидирув

Андрей ШЕВЧЕНКО: «Мен футболчиман, сиёсатчи эмас»

Андрей ШЕВЧЕНКО: «Мен футболчиман, сиёсатчи эмас»

  10.10.2021 05:50
  0
  340
Андрей ШЕВЧЕНКО: «Мен футболчиман, сиёсатчи эмас»

Яқинда «Милан» клуби ва Украина терма жамоасининг афсонавий ҳужумчиси Андрей Шевченко 45 ёшга тўлди. Қутлуғ сана муносабати билан уни табриклаган ҳолда, фаолиятидаги энг ёрқин дамларни эслаб ўтишни лозим топдик.

2004 йил футболчи Андрей Шевченконинг энг ёрқин чўққиси бўлди. Ҳужумчи йил якунида Европанинг энг яхши ўйинчисига аталган «Олтин тўп» совринига сазовор бўлди. Ўша йилнинг майида Андрей «Милан» таркибида иккинчи марта скудетто соҳибига айланди, «А» сериянинг энг яхши тўпурари (32 учрашувда 24 гол) бўлди. Август ойида эса «Лацио»га қарши беллашувда «хет-трик»ка эришиб, миланликларга Италия суперкубогини ҳадя этди. Ўша йили Украина терма жамоаси сафида ҳам ҳужумчи сермаҳсул ўйин кўрсатди: 6 учрашувда 4та (Туркияга 2та, Греция ва Грузияга биттадан) гол уриб, ЖЧ-2006 финал босқичига 1-ўрин билан йўл олишини таъминлади. Ўшанда украинлар турклардан 2, данияликлардан 3 ва юнонлардан 4 очко кўпроқ жамғаришганди. Зафарли йилнинг декабрида Шевченко бир йўла 2та нашр - «СЭ» ва La Gazetta dello Sportга интервью берди. Марҳамат, ана шу сермазмун ва ибратли мулоқотнинг асосий лавҳалари билан танишинг.

- Сиз доимо шахсий мукофотлардан кўра жамоавий муваффақиятни устун қўйиб келгансиз. Энди айтинг-чи, «Олтин тўп» хусусида нима дея оласиз?

- «Олтин тўп» - шахсий эмас, жамоавий соврин. Мен уни кўпчилик билан бўлишиб оламан. Ёлғиз ўзим ҳеч қачон бундай юксак муваффақиятга эриша олмасдим. Шундай экан, бу масалада ҳеч қанақа зиддият йўқ. Тўғри, нуфузли совриннинг айнан менга топширилиши жуда ёқимли. Лекин ҳар қандай индивидуал соврин кўпчиликнинг меҳнати самараси эканлигини бир сонияга бўлсада, унутмайман. Агар шахсий фикримни билмоқчи бўлсангиз, мен уни Паоло Мальдинидек буюк инсонга беришга тайёрман. «Милан» сардори нафақат Италия, балки Европа футболида ҳам ўчмас из қолдирган ва қолдиришда давом этмоқда.

- «Милан»даги сермаҳсул ўйинингиз Украина термасининг зафарли юришида ҳам давом этмоқда. Сизнингча, жамоанинг ЖЧ-2006да иштирок этиш имконияти қай даражада ва «Олтин тўп»ни қўлга киритишингизда жамоадошларингиз ҳиссаси борми?

- Мен Италияда яшаб, шу ерда тўп суряпман. Аммо ватаним қаерда эканлигини унутмайман. Миллий термамиз ўз гуруҳида пешқадамлик қилаётганидан мамнунман, албатта. Финал босқичи йўлланмасини қўлга киритиш учун яхши имкониятга эгамиз. Биргаликда амалга ошираётган барча ишларимиз учун мураббийлар ва жамоадошларимдан беҳад миннатдорман. Табиийки, «Олтин тўп»га сазовор бўлишимда ҳам уларнинг улкан ҳиссалари бор. Навбатдаги саралаш беллашувини ҳам муваффақиятли ўтказиб, шиддатни пасайтирмаслигимизга умид қиламан.

- Баъзан жамоатчилик орасида тушуниш қийин бўлган, Шевченко учун «Милан» термадан қадрлироқ, қабилидаги гап-сўзлар чалиниб қолади. Гўёки, сиз терма жамоада 100 фоиз куч сарфламас, мураббийлар билан тортишиб турар экансиз. Бу борада нима дея оласиз?

- Шунақа бемаъни бўҳтонни тарқатадиганларга ачинаман. Ўз терма жамоамда иштиёқ билан тўп сураман, мураббийларга нисбатан ҳеч қандай хусуматим йўқ. «Милан»дагилар эса бирор-бир гап-сўзсиз терма жамоа ихтиёрига жўнатадилар. Чунки унинг шарафини ҳимоя қилиш муқаддас бурчим эканлигини яхши биладилар.

- Мамлакатингизда юз бераётган сиёсий вазиятда номингиз у ёки бу сиёсий йўналишда зикр этилмоқда. Буни қандай изоҳлайсиз?

- Жавобим жуда оддий. Мен футболчиман, сиёсатчи эмас. Сиёсат билан шуғулланиш у ёқда турсин, ҳатто гапиришни ҳам истамайман. Ватанимда юз бераётган воқеаларни эса, ачиниш билан кузатиб боряпман. Айниқса, ҳаммадан кўпроқ жабр кўрадиган оддий фуқаролар тақдири мени қийнайди.

Р.S.: 2012 йилнинг 27 июлида бутсаларини михга илган Шевченко ҳар ҳолда, сиёсатда ўзини синаб кўришга қарор қилди ва «Украина, олға» партияси аъзосига айланди. Ўша йили бўлиб ўтган парламент сайловларида тадбир жамғармасига 10 млн. гривна сармоя киритган Андрей партия рўйхатида 2-ўринда қайд этилди. Бироқ тез орада Шева бу унинг йўли эмаслигини тушуниб етди ва миллионлаб мухлислар бахтига, улар орзиқиб кутаётган ерга - футболга қайтди. 2016 йилнинг февралида Андрей Украина терма жамоаси мураббийлар штабидан жой олди. Ўша йилнинг июлида эса Михаил Фоменко ўрнига бош мураббий лавозимини эгаллади. Мураббий Андрей Шевченконинг жамоаси Евро-2020 саралашидан муваффақиятли ўтиб, финал босқичида чорак финалгача етиб борди.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz