Терма жамоалар учун ажратилган ФИФА кунлари арафасида топ-чемпионатлар вакиллари яна бир қатор кутилмаган натижаларни қайд этишди. Ҳатто кураги ерга тегмай келаётган пешқадамлар дастлабки мағлубиятларини тан олишга мажбур бўлишди.
Англия. Энди «Челси» пешқадам
Ҳисобот турига етакчидан атиги 1 очко камроқ жамғарма билан етиб келган 5 нафар таъқибчидан фақат «Челси»га пешқадамликни ўз қўлига олиш насиб этди. Агар «Ливерпуль» - «Манчестер Сити» қарама-қаршилигида дуранг қайд этилмаганида, «кўклар» 2-ўринга чиқиб олишарди. Бироқ «Энфилд»даги муросасиз баҳсда зафар қучиш на майдон эгаларига, на меҳмонларга насиб этди. Дастлабки бўлимда «Ливерпуль» негадир ўзига хос бўлган ўйинни кўрсата олмади, ташаббусни рақибига бериб қўйди. «Шаҳарликлар» эса қулай вазиятлардан фойдалана олмадилар. Танаффусда Клоппдан тегишли кўрсатмаларни олган мезбонлар 2-бўлимни фаол бошладилар, ҳужумлар сони кўпайди. Ниҳоят, Муҳаммад Салоҳнинг ажойиб узатмасини голга айлантирган Садио Мане ҳисобни очди. Шундан кейин баҳс янада қизғин тус олди ва Гвардиола шогирдлари бундай босимга тайёр эканликларини намойиш этишди - Фоден мувозанатни тиклади. Лекин тиниб-тинчимас Салоҳ ўзининг индивидуал маҳорати эвазига «қизиллар»ни яна олдинга олиб чиқди. Табиийки, амалдаги чемпион иккинчи мағлубиятини қабул қилмаслик учун бор кучи билан олға интилди ва де Брюйненинг аниқ зарбаси билан ҳисобни тенглаштирди. Хуллас, томонлар «Челси»га йўл бўшатдилар.
Етакчи ва амалдаги чемпиондан ўзиб кетиш имконияти қолган таъқибчиларда ҳам сақланиб қолганди. Бироқ «МЮ» «Орзулар театри»даги баҳсда қимматли 3 очкони ўзига ҳам, рақиби «Эвертон»га ҳам раво кўрмади - 1:1.
«Брайтон» эса ўз майдонида «Арсенал» билан нурсиз (0:0) дурангга имзо чекди.
Мазкур натижалар «Стэмфорд Бриж»да «Саутгемптон»ни 3:1 ҳисобида маҳв этган «Челси» учун айни муддао бўлди. Лекин таъкидлаш жоизки, ўйин майдон эгаларининг тезкор голи билан бошланган бўлсада, хавфли ҳудуддан тезроқ узоқлашишни мақсад қилган меҳмонлар жиддий қаршилик кўрсатишди, ҳатто ҳисобни тенглаштириш имкониятларига ҳам эга бўлишди.
Иккинчи бўлим ҳам тенг курашлар остида кечди. Ниҳоят, «авлиёлар» пенальти эвазига мувозанатни тиклашди. Аммо сафардан очко билан қайтиш уларга насиб этмади - сўнгги дақиқаларда босимни оширган мезбонлар яна икки марта рақиб дарвозасини ишғол этишди - 3:1.
Мавсумни «Арсенал» устидан шов-шувли ғалаба билан бошлаган «Брентфорд» ўз мухлисларини хушнуд этишни давом эттирмоқда. Бу гал дебютант Лондонда «Вест Хэм»ни ўта аламли тарзда таслим этди - 2:1. /алаба келтирган тўп қўшимча вақтнинг 5-дақиқасида «болғачилар» дарвозасидан жой олди.
Испания. «Хетафе»дан халоскор гол
Ла Лиганинг 8-турида ҳам бир қатор эътиборли натижалар қайд этилди. Жумладан, тақвимнинг қалтис ҳазилига кўра, ички мусобақалардаги азалий рақиблар - «Реал» ва «Барселона» рақиблари шаҳридан мағлубият билан қайтдилар. Каталониянинг номдор клуби «Ванда Метрополитано»да «Атлетико»дан 2та жавобсиз тўп ўтказиб юборди. Танаффусга қадар олдинга ўтиб олган Симеоне шогирдлари иккинчи бўлимда керакли натижани ушлаб қолишди.
«Қироллик клуби» эса Барселонада «Эспаньол»га 1:2 ҳисобида имкониятни бой берди. Мадридликлар халоскорига айланган Карим Бензема ҳисобдаги фарқни қисқартирган бўлсада, мағлубиятдан сақлаб қолишни уддалай олмади.
Мадридликларга туташ жойлашган Хетафеда қайд этилган жанговар дуранг (1:1) маҳаллий ва пойтахт мухлисларини бирдек хушнуд этганига шубҳа йўқ - «Хетафе» мавсумдаги дастлабки очкосини қўлга киритиш баробарида «Реал»нинг етакчи мақомида қолишини ҳам таъминлади. Агар беллашув «Реал Сосьедад» фойдасига ҳал бўлганида, пешқадам ва амалдаги чемпиондан 2 очкога ўзиб кетарди.
Ўз майдонида «Севилья»ни кичик ҳисобда маҳв этган «Гранада» дастлабки ғалабасини (1:0) расмийлаштирган ҳолда, «қора» гуруҳни тарк этди. Андалусия клуби эса етакчи учликни квартетга айлантириш имкониятини йўққа чиқарди. Боз устига, қўшимча вақтда «Райо Вальекано»дан тўлиқ 3 очкони тортиб олган «Осасуна»ни ўзига тенглаштириб олди.
Германия. Нагельсманнга дастлабки
«шапалоқ»
«Айнтрахт» Бундеслига грандини тез-тез ранжитиб турадиган «қаттиқ ёнғоқ» сифатида ном қозонган бўлсада, айнан шу турда, айнан етакчининг майдонида мавсумдаги дастлабки ғалабасини расмийлаштиришини ҳеч ким кутмаганди. Ахир атиги бир неча кун муқаддам «Альянц-Арена» эгалари Киевнинг «Динамо»сини нақ 5 марта ўз дарвозасидан тўп олиб чиқишга мажбур этишганди. Мазкур қарама-қаршилик ҳам табиийки, фаворитнинг яққол устунлиги билан бошланди. Лавҳаларнинг бирида Ильзанкердан илдамроқ ҳаракат қилган Левандовски тўпни эгаллаб, олдинроқда турган Горецкага узатди ва шу тариқа ҳисоб очилди. Шундан кейин маҳаллий мухлислар навбатдаги йирик ғалабани нишонлаш тараддудига тушиб қолишди. Бироқ... ўтказилган юборилган голдан кейин ҳушёр тортган меҳмонлар дарвозабони Трапп ўз дарвозаси томон йўлланган тўпларни моҳирлик билан қайтара бошлади, жамоадошлари эса ўта қисқа вақт ичида жавоб голини уришди.
Танаффусдан кейин пешқадамнинг босимни ошириши тахмин қилинганди. Лекин асосан ҳимояда хато қилмасликка интилган меҳмонлар вақти-вақти билан ҳужумга ўтишни ҳам унутмадилар ва иродали ғалаба голини уришга муваффақ бўлдилар. Шу тариқа меҳмонлар мавсумдаги дастлабки зафарни нишонлаган бўлишса, Нагельсманн шогирдлари илк мағлубиятни тан олишди.
Номдошлар дуэти - Дортмунд ва Гладбах «Боруссия»лари учун тур омадли келди. Таркиб борасида жиддий муаммоларга дуч келганларига қарамай, дортмундликлар «Аугсбург»ни маҳв этишди. Гладбахликлар эса сафарда «Вольфсбург»дан 3:1 ҳисобида устун келдилар.
Берлинда «Герта» 1:2 ҳисобида «Фрайбург»га имкониятни бой берган бўлса, «Унион» Майнцдан шундай ҳисобдаги зафар билан қайтди.
«РБ Лейпциг» ўз майдонида аутсайдер «Бохум» дарвозасига 3та жавобсиз тўп йўллаб, турнирдаги мавқеини яхшилаб олди. «Байер» эса «Арминия» майдонида мезбонларга имконият қолдирмади - 0:4.
Италия. «Наполи» топлар ичра танҳо
«А» сериянинг 7-турида ҳам жамоалар сермаҳсул ўйин кўрсатишди. Лучано Спаллеттининг «Наполи»си эса Флоренцияда «Фиорентина» устидан қийин, аммо ўта муҳим ғалабага эришиб, нафақат «А» серия, балки етакчи бешлик вакиллари орасида очко йўқотмаган ягона жамоа бўлиб олди. Энди топ-чемпионатларда 100 фоизли натижага эришган бошқа клуб қолмади.
Шунингдек, «Милан» Бергамода «Аталанта»ни, «Интер» «Сассуоло»ни, «Рома» ўз майдонида «Эмполи»ни мағлубиятга учратди.
Турин дербисини катта қийинчилик билан ягона гол эвазига ўз фойдасига ҳал қилган «Ювентус» етакчиларга янада яқинлашиб олди. Ўз майдонида «Лацио»ни ишончли тарзда таслим этган «Болонья» эса очколар бўйича рақибига етиб олди.
Франция. «ПСЖ»га 2 дақиқада 2 гол
Лига 1нинг 9-турида энг кутилмаган натижа «Ренн» - «ПСЖ» беллашувида кузатилди. Унда 13-ўриндаги жамоага қарши майдонга тушган пешқадам 0:2 ҳисобидаги мағлубиятини тан олди. Тўғри, майдон текис, тўп думалоқ, унинг қаёққа думалашини ҳеч ким билмайди. Лекин аввалги 8 учрашувда 22та гол урган жамоа энди ҳеч бўлмаганда дарвозага аниқ зарба йўллай олмаганини тушуниш қийин. Майли, майдон эгаларининг 2 дақиқа ичидаги 2 голини омадга йўйиб қўя қоламиз. Ҳа, пойтахт клуби ҳамон пешқадам. Лекин таъқибчилар анча яқинлашиб олдилар, мусобақанинг катта қисми эса ҳали олдинда.
Қолган учрашувларга келсак, мавсумни кўтаринки руҳда ўтказаётган «Ланс» «Реймс»дан, «Ницца» «Брест»дан, «Анже» «Мец»дан, «Монако» «Бордо»дан, «Лилль» «Марсел»дан ва «Нант» «Труа»дан ўз майдонларида устун келдилар. Атиги 3та, «Монпелье» - «Страсбур», «Лорьян» - «Клермон» ва «Сент-Этьен» - «Лион» баҳслари бир хил - 1:1 ҳисобидаги жанговар дуранг билан ниҳоясига етди. Балки «ПСЖ»нинг омадсизлигига мана шу омил сабаб бўлгандир...
Содиқ СОБИР тайёрлади
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20