Қайднома

Қидирув

Ракурс: Хамес энди Қатарда

Ракурс: Хамес энди Қатарда

  10.10.2021 08:28
  0
  313
Ракурс: Хамес энди Қатарда

Хамес Родригеснинг «Эвертон»даги нохуш дамлари ортда қолди – колумбиялик Қатарнинг «Ал-Райян» клуби билан шартнома имзолади. Ваҳоланки, ўтган мавсумдан футболчининг умиди катта эди: севимли устози Карло Анчелотти уни «Эвертон»га таклиф этган, АПЛдаги дастлабки 5 турда учтадан гол ва ассист қайд этган, жамоаси билан еврокубоклар поғонаси учун курашаётганди. Бироқ...

Қисқа муддатда умидлар барбод бўлди. Хамес 2020 йилнинг декабри ҳамда 2021 йилнинг мартида жароҳат сабаб иккитадан ҳафтани ўтказиб юборди, натижада формаси йўқолди ва мавсум охиригача самарали ҳаракатлари камайди. Яна бир зарба - Америка кубогида Колумбия термаси таркибига чақирилмади, бу ҳолат футболчини жуда ранжитди. «Мураббийлар штабининг менга ишончи йўқлиги жуда оғриқли, зеро Колумбия учун ҳар доим жонимни ҳам беришга тайёр тураман», - деганди Родригес.

Карло Анчелоттининг «Реал»га кетиши сабр косасига тўкилган сўнгги томчи бўлди, кейинчалик «Эвертон» Рафаэль Бенитесни таклиф қилди - ушбу мутахассис билан Хамес ўртасидаги муносабатлар «Реал»даги давридан буён яхши эмас.

Родригеснинг агенти Жорже Мендеш мижозини бирор-бир топ-клубга жойлаштира билмади. «Зенит»дан қизиқиш бўлди, «Истанбул» ҳақида гап-сўзлар тарқалди. Ҳаттоки, Хамеснинг «Реал»га қайтиши мумкинлиги айтилди, лекин журналист Мигель Анхель Диаснинг айтишича, Анчелотти «Эвертон», «Бавария» ва айнан «Реал»да бирга ҳамкорлик қилган колумбияликни чақирмасликка қарор қилган. Қолаверса, Хамеснинг ўзи ҳам Мадриддаги даври якунига етганини айтди.

Шунга қарамай, шартнома бўйича қўйилган шарт­ларни фақат «Ал-Райян» қабул қилди. «Эвертон» футболчини олиб қолишга ортиқча уринмади - аксинча, шу йилнинг ўзида Хамесдан қутулиш учун ҳар қандай таклифга жиддий қаради. Қатар сўнгги умидлардан бири эди - бу ерда, одатда, трансферлар ойнаси кечроқ ёпилади. Эндигина 30 ёшни қаршилаган ўйинчи учун қайғули йўналиш.

«Ал-Райян» - Қатар футболи етакчиларидан бири. Мазкур клуб саккиз марта мамлакат чемпионлигига эришган, сўнгги бор бу ишни мавсум-2015/2016да амалга оширган. Тўғри, ушбу ғолибликни 20 йилдан зиёдроқ вақт давомида кутишганди (сўнгги бор мавсум-1994|1995да қўлга киритилган). Мавсум-2020|2021ни эса жамоа учинчи ўринда якунлади.

2020 йилдан буён «Ал-Райян»ни Лоран Блан бош­қармоқда. Француз «ПСЖ»дан 2016 йилда кетган, деярли тўрт йил ишсиз юрганди. 2016-2018 йиллар мобайнида жамоани афсонавий даниялик футболчи Микаэль Лаудруп бошарганди. 2000 йиллар «Ал-Райян» тарихидаги энг муваффақиятли давр бўлди, дейиш мумкин, айнан ўшанда жамоа машҳур шахсларни ўз таркибига жалб этишни бошлаганди. 2003 йили клубга «Реал»нинг афсонавий ҳимоячиси Фернандо Йерро келди, 2004 йилда эса ака-ука де Бурлар Қатарда тўп суришди. Аммо шундай юлдузлар билан ҳам чемпионлик қўлга киритилмади - мавсум-2004|2005да иккинчи ўрин эгалланди, холос.

Ҳозирги «Ал-Райян» таркибидагилардан энг машҳури - жазоирлик Ясин Браими бўлиб, у беш йил «Порту»да тўп сурган. Клуб президенти - 33 ёшли Абдулла бин Ҳамад ал Тани Қатар амирининг ўринбосари ва унинг норасмий вориси. Мамлакатдаги энг обрўли шахслардан бири ҳисобланади. Сиёсий ва спорт соҳасидаги лавозимлардан ташқари, Абдулла Vodafone Qatar (йирик уяли алоқа операторларидан бири), Qatar Petroleum (давлат нефть компанияси) ҳамда International Bank of Qatar каби компанияларда раҳбарлик қилади.

Ал Танининг ҳозирги молиявий ҳолати 2,5 миллиард долларга баҳоланади.

Манба: sports.ru, Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz