Қайднома

Қидирув

Ракурс: Техник директорнинг вазифаси нима?

Ракурс: Техник директорнинг вазифаси нима?

  12.10.2021 03:30
  0
  175
Ракурс: Техник директорнинг вазифаси нима?

Мазкур лавозимдаги мутахассислар фаолияти 30 йилга яқинлашиб қолган бўлсада, кўпчилик мухлислар уларнинг қандай юмушлар билан шуғулланишлари борасида аниқ тушунчага эга эмаслар. Уларни асосан футбол директори, спорт директори, деб юритишади. Қолаверса, бу соҳа вакилларига бўлган клублардаги талаб унчалик юқори эмас. Масалан, АПЛ жамоаларининг ярмидан озроғи техник директор вазифасини бажарувчи мутахассисларни ёллашган. Яқинда ОАВ эътибори билан тасдиқланган янглиш фикрга кўра, футболчилар танлови учун техник директор масъул. Аслида эса, ҳар қайси клуб раҳбари ва (ёки) ижрочи директори имкони борича ўз тизими ва эҳтиёжига мос келадиган футболчини танлайди.

Замонавий техник директор кўплаб мажбурият ва функцияларни бажариши мумкин. Яъни, асосий жамоа ўйин фалсафаси назоратидан тортиб, академиянинг ривожланишигача, машғулот базасидаги шароитдан тортиб, ўйинчилар билан шартномалар бандларини келишиб олиш, янги ўйинчилар ва мураббийлар харидигача. Айнан шу сабабли барча клублар мухлислари шунчалик кенг ваколатларга эга бўлган техник директорларга ишончсизлик билан қарайдилар. Масалан, «МЮ» март ойида Даррен Флетчерни шу лавозимга тайинлаганида, фанатлар таажжубларини яшириб ўтирмадилар. Натижада, клублар нима учун техник директорларни ишга оладилар ва ундан қандай мақсад кўзланган, деган саволга аниқлик киритиш зарурати юзага келди.

Лекин аввало озгина тарихга қайтамиз...

Техник директор лавозими Европада салкам 30 йил аввал пайдо бўлди. Қизиғи шундаки, бу лавозим соҳибларини асосан миллий ассоциациялар белгилашар ва муайян муваффақиятларга эришилганди. Жумладан, 1995 йилда Швейцария футбол иттифоқи Хансруеди Хаслерни техник директор лавозимига тайинлаб, унга мустақил равишда янги футбол тизимини шакллантириш имкониятини берди. Хаслернинг 15 йиллик фаолияти давомида Швейцариянинг таркибида Харис Сеферович, Гранит Жака, Рикардо Родригес каби ўйинчилардан иборат 17 ёшгача бўлган ўсмирлар терма жамоаси 2009 йилдаги жаҳон чемпионатида ғолиб чиққанди.

Бельгия футболининг ҳозирги «олтин авлоди» ҳам ҳис этиш қобилияти ёрдамида тушуниш осон бўлган қарорларни қабул қилган зукко мутахассис даврида шаклланди. Бельгия футбол ассоциацияси томонидан техник директор лавозимига лойиқ топилган Мишель Саблон ён қўшниси бўлмиш Нидерландия терма жамоаси, шунингдек, «Аякс» ва «Барселона»дек ёрқин клублар қўллаётган 4-3-3 схемаси асосида маҳаллий футболда ислоҳот ўтказди. Ёш иқтидорларнинг жалб этилиши эвазига ички чемпионатнинг нуфузи кўтарилиб, унга нисбатан қизиқиш кучайди. Ана шу ижобий ўзгаришлар охир-оқибат терма жамоани ФИФА рейтингида етакчи ўринга олиб чиқди.

Аста-секин АПЛ клублари ҳам техник директор хизматидан фойдалана бошладилар. Лекин ҳар қайси мутахассис ўз клубида муайян ваколат чегарасида фаолият юритиши белгилаб қўйилди.

Исроиллик Авраам Грантнинг янги ихтисос бўйича олиб борган ишлари тезда унутилди. «Портсмут» бошқаруви раиси Милан Мандарич таклифи билан 2005 йилда иш бошлаган мутахассис икки йилдан кейин «Челси»га ўтиб кетди.

Шу пайтгача келиб-кетган техник директорлардан фақат саноқли кишиларгина Швейцариядаги Хаслер ва Бельгиядаги Саблон каби кенг ваколатларга эга бўлдилар. Ана шу омадлилардан бири ҳозир ҳам АПЛдаги фаолиятини давом эттирмоқда...

«Ливерпул»даги Майкл Эдвардс, «Манчестер Сити»даги Чики Бегиристайн ва «Эвертон»­лик Марсель Брандслар илғорлар сафида бўлсаларда, «Брайтон» вакили Дэн Эшворт ҳозирда замонавий техник директорлар ўртасида эталон мақомида қолмоқда. Унинг самарали хизматлари туфайли «Амэкс» трибуналарида доимий ажиотаж кузатилмоқда. Боиси, жамоа мунтазам равишда мазмунли ва томошабоп ўйин намойиш этади. Рақобатбардош таркиб, шинам стадион, аъло сифатли машғулот базаси - айнан шу мутахассис меҳнатининг мевалари. Ваҳоланки, элитанинг бошқа жамоаларига нисбатан «Брайтон»нинг бюджети ўта камтарин, молиявий имкониятлари чекланган. Жадал тараққиёт йўлини танлаган ҳар қандай клуб ундан ибрат олса арзийди.

2017 йилда АПЛга қайтган «чағалайлар» Англия терма жамоалари ривожланиш бўлими директори лавозимини тарк этган Эшвортни ўз сафларига қўшиб олишганди. Қизиғи шундаки, айни ўша паллада ОАВда «МЮ»нинг Эшвортга қизиқиши қизғин муҳокамада эди. Бироқ ўйчи ўйига етгунча, таваккалчи ишини битирди - «қизил иблислар»га нисбатан илдамроқ ҳаракат қилган «Брайтон» малакали мутахассисни илиб кетди. Натижа ҳам куттириб қўймади, жамоа элитага мустаҳкам ўрнашиб олди.

«Брайтон»да Эшворт улкан бун­ёдкорлик ишларини амалга оширмоқда. 50 ёшли мутахассис ёшлигида «Норвич»да ҳимоячи позициясида тўп сурганди. Энди у «чағалайлар»нинг эркаклар ва аёллар жамоаларига масъул, академия фаолиятини назорат қилади, тиббий ва илмий-спорт бўлимларига раҳбарлик қилмоқда. Шунингдек, ёш футболчилар ва захира ўйинчиларини ижарага бериш масалаларини ҳал қилади. Дэн бу юмушларни қай тариқа бажаришини қуйидагича изоҳлаганди: «Амалда ўзимни ғилдираклар орасида ҳис этаман, вазифам - 7та турли бўлимлар ва йўналишлар фаолиятини бир мақсадга йўллаш орқали муваффақиятни таъминлашдан иборат».

Дэн Эшворт чиндан ҳам техник директор вазифасини идеал даражада бажара олаётган мутахассислардан бири. Ҳатто қўшимча юмушларда ҳам томошабин бўлиб қолишни ёқтирмайди. У ўз вазифасини қуйидагича тасаввур қилади:

«Менимча, техник директорнинг асосий вазифаси - ўртача ва узоқ муддатга мўлжалланган лойиҳаларда клуб учун энг кўп манфаат келтирадиган ечимларни топиш. Гап яқин кунларда амалга ошириладиган «эртанги натижа» ҳақида эмас, шунчаки, барча бўлимлар Хоуп Пауэлл (аёллар жамоаси бош мураббийи) ва Грэм Поттерга (эркаклар жамоаси устози) мақсадга эришишда етарли кўмак беришлари лозим».

Клуб равнақи хусусидаги сермазмун тезис Эшвортнинг файласуфларга хос фикрлашидан далолат беради. Унинг фикрича, тараққиётни юқоридан пастга қараган ҳолда муҳокама қилиш керак. Ўз вазифаларини адо этиш жараёни эса узлуксиз давомийликни талаб этади.

«Агар сиз бош мураббийни ҳар 14 ой ёки шунга яқин муддатда алмаштирадиган бўлсангиз, афсуcки, АПЛ жамоаларида бу ҳолат кўп кузатилади, барча бўлимлар фаолиятини ягона махражга олиб кела олмайсиз. Ўйин услубининг тез ўзгариши бунга имкон бермайди. Ижарадан қайтганларни ва академия тарбияланувчиларини янги услубга мослашга улгурмайсиз. Чунки ҳар икки йилда 16-17 нафар ўйинчини янги мураббийнинг янги услубига ўргатиш талаб этилади», - дейди Эшворт.

Афсуски, техник директорларнинг аксарияти Дэн каби очиқ фикр билдирмайдилар ёки ОАВ вакиллари билан мулоқот қилмайдилар.

Лавозимлар номида маъно йўқми?

Замонавий техник директор ва спорт директори бажариши шарт бўлган вазифалар доимо футбол элитасининг тор доирасидан ташқарида бўлганлар учун жумбоқлигича қолаверади. Шу сабабли, мухлис ва экспертлар бу соҳа вакилларининг фаолиятига аниқ баҳо бера олмайдилар.

Иккинчи томондан, Дэн Эшворт ва унинг ўтмишдошлари ибора ҳеч нарсани ҳал қила олмаслигини амалда исботлаганлар. Дэннинг ўта самарали фаолияти ва клубга кўрсатаётган таъсири бош мураббий билан директорлар кенгаши ўртасидаги алоқа сифатига боғлиқ эканлигидан далолатдир. Бу соҳа мутахассиси спорт, менежмент ва иқтисодни баравар инобатга олган ҳолда иш юрита олса, тараққиётни таъминлай олади. Фақат шундагина техник директор иш берувчилар, мухлислар ва футболчиларнинг юксак эътирофига сазовор бўлади.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz