Қайднома

Қидирув

Вундеркиндлар: Порлашга шай юлдуз

Вундеркиндлар: Порлашга шай юлдуз

  12.10.2021 08:28
  0
  178
Вундеркиндлар: Порлашга шай юлдуз

Германия футболида янгидан-янги ёш футболчилар кўзга кўриниб қолди. Улар орасида «Бавария» хавбеки Жамол Мусиала ҳақида кўп гапирилмоқда. Лекин шундай эътиборга лойиқ яна бир навқирон ўйинчи ҳам бор. Бу «Байер»нинг ҳужумкор ярим ҳимоячиси Флориан Вирц. Айнан шу икки футболчига немис футболининг эртаси сифатида қаралмоқда. Уларнинг иккиси ҳам 18 ёшда, шунга қарамай, ўз жамоаларида муҳим ҳисобланишади. Айниқса, Вирц «доришунослар»га самарали ҳаракатлари билан кўп ёрдамлашмоқда. «Байер»нинг янги мураббийи Херардо Сеоане Леверкузен ташқарисида ҳам натижага эришишга лойиқ яхшигина жамоа шакллантирди ва Флориан унда алоҳида ўринга эга.

Вирц «Кёльн» тарбияланувчиси ҳисобланади, ушбу клуб академиясида 10 йил таҳсил олган. Йигитча «эчкилар»нинг асосий таркибигача чиқолмади, лекин U-17 жамоасида 24та ўйин ўтказиб, 12та гол урди. Хавбек яхшигина сермаҳсуллик намойиш этиш орқали янада жиддийроқ клублар эътиборини ўзига қаратди. 2020 йилнинг январида Флориан «Байер»га ўтди. «Доришунослар» 16 ёшли футболчи учун 200 минг евро тўлашди. Леверкузенда Вирц дарҳол ишга киришди: «Байер» ёшлар жамоасида 4та ўйин ўтказиб, 2та гол ва 3та самарали узатма муаллифига айланди. Вундеркинд ўсишга жиддий киришганини дарҳол кўрсатди.

Айнан ўшанда, мавсум-2019|2020да ёш футболчини «доришунослар» асосий жамоасига қабул қилишди. Хавбек Германия чемпионатида 7та ўйин ўтказди, Европа Лигасида дебютини нишонлашга улгурди. 2020 йилнинг 18 май куни бўлиб ўтган «Вердер»га қарши баҳсда Вирц миллий биринчилик олий дивизионида илк ўйинини ўтказди. У ўшанда 17 ёшу 15 кунлик эди. Шу тариқа, қаҳрамонимиз Бундеслига учрашувида бошланғич таркибдан жой олган энг ёш футболчи сифатида «Байер» тарихига кирди. Флориан ушбу кўрсаткич бўйича Кай Хаверцнинг рекордини янгилади, ҳозир Леверкузенда айнан шу футболчининг йўқлигини билинтирмаяпти. Дарвоқе, Хаверцнинг «доришунослар» таркибидаги дастлабки ўйинида рақиб айнан «Вердер» бўлганди. «Челси» ярим ҳимоячиси ўшанда 17 ёшу 4 ойлик эди.

2020 йилнинг 6 июни - футболчининг фаолиятида ўзгача сана. Шу куни у Бундеслигадаги биринчи голини урди, яна кимсан «Бавария» дарвозаси ишғол қилинди. «Байер» ўша куни 2:4 ҳисобида ютқазди, лекин учрашув Вирц учун воқеаларга бой тарзда кечди. Катталар даражасидаги илк голни Мануэль Нойер қўриқлаётган дарвозага уриш - ноёб ҳодиса. Боз устига, у Бундеслигада тўп киритган энг ёш футболчига айланди. Ўтган мавсум бошида Хаверц «Челси»га кетгач, Флорианнинг йўли очилиб, маҳоратли ҳамюртининг ўрнини эгаллади. Аввалги кампанияда хавбек Германия чемпионатининг 29та ўйинида қатнашиб, 5та гол ва 11та самарали узатма муаллифи бўлди ва шу тариқа «доришунослар»нинг яна Европа Лигасига йўл олишларига катта ҳисса қўшди.

Вирцнинг Германия термасидаги иштироки ҳам алоҳида эътиборга молик. Флориан миллий жамоадан аввал 15 ёшлилардан бошлаб, барча ёш тоифаларидаги термаларда ўйнаган. 2021 йилнинг мартида футболчи ЖЧ-2022 саралаш босқичи доирасидаги баҳс учун Бундестим таркибига кирди. Йоахим Лёв қўл остида бирорта ҳам ўйин ўтказмаган хавбек U-21 термаси ихтиёрига қайтиб, биргаликда ёшлар ўртасидаги Европа чемпионатида ғолиб чиқди. Германиялик вундеркинд Нидерландия термасига қарши кечган ярим финалда (2:1) «дубль» қайд этди ва шу тариқа Бундестим ёшларини турнир финалига олиб чиқди. Ҳал қилувчи баҳсда Штефан Кунц шогирдлари Португалияни кичик ҳисобда енгишди. Ўшанда «олтин» голни форвард Лукас Нмеча урганди.

Жорий йил сентябрида Вирц яна ЖЧ-2022 саралашида қатнашаётган Германия термасидан чақирув олди. Бундестимнинг янги устози Ханс-Дитер Флик футболчига барча уч учрашувда тўп суриш имкониятини берди. Флориан 2 сентябрь кунги Лихтенштейнга қарши баҳсда (2:0) мамлакат бош жамоасидаги дебютини ўтказди. 3 кундан кейин эса немис ўғлони Арманистоннинг тор-мор этилишида (6:0) қатнашиб, ассист муаллифига айланди. Бу мавсум хавбекнинг ҳисобида клублар тоифасидаги барча турнирларда 5та ўйин, 4 гол ва 4та самарали узатма бор. У Патрик Шик билан биргаликда «Байер»нинг энг яхши тўпурари, «Хоффенхайм» ҳужумчиси Андрей Крамарич билан бирга Бундеслиганинг энг яхши ассистенти бўлиб турибди.

Вирц ҳозир «Байер»нинг асосий активи ҳисобланади. Гап нафақат унинг сермаҳсуллигида, балки имкониятларида ҳам. Германияда Флорианни Хаверц билан солиштиришаркан, унинг серқирра ижрочи сифатида ортда эканлигини таъкидлашмоқда. Аслида бундай эмас. Худди ҳамюрти сингари, Вирц ҳам майдон марказида ўйнай олади, шунингдек, ҳужумкор ярим ҳимоячи, вингер ва марказий форвард вазифаларини уддалайди. Флориан Кайнинг функцияларини бажаришга қодир. Тўғри, Хаверцнинг Бундеслигадаги ўйинлари билан солиштирганда, Вирцдаги сермаҳсуллик паст. Лекин йигитча эндигина 18га тўлди, шунга қарамай, «доришунослар» сафида барча турнирларда 52та ўйин ўтказиб, 13та гол ва 12та ассист қайд этишга улгурди. Бу тинейжерлар учун жуда яхши кўрсаткич. Бундеслига қаҳрамонимиз 17 ёшдалигида у ҳақда кичик видеоматериал ҳам тайёрлаганди.

Флориан Golden Boy совринига даъвогар 40 футболчи рўйхатига киради. Эҳтимол, мукофотни қўлга киритмас, лекин мазкур ҳолатда фактнинг ўзи муҳимроқ. Жамоатчилик эътирофи - ўсиш йўлидаги қўшимча туртки. Футболчини «Бавария» ва АПЛнинг бир нечта клуби кузатиб бормоқда. Унда грандларга ёқадиган барча сифатлар мужассам: тезлик, техника, дриблинг ва яхшигина зарба. Бундан ташқари, Вирц - ажо­йиб пас узатувчи. У бир ўйин давомида ўртача 2,3та потенциал голли узатмани амалга оширади, пасларнинг аниқлик кўрсаткичи эса 84,1 фоизга тенг. Ўз навбатида, хавбек ўйин давомида ўртача 1,3та самарали алдаб ўтиш ва 1,5та тўпни эгаллаб олишни амалга оширади.

Ҳозирги «Байер» анча ёрқин ва қизиқарли кўринмоқда. «Доришунослар» Бундеслиганинг 4та ўйинида 15та гол уришди. Бундан ташқари, жамоа Европа Лигасида муваффақиятли старт олиб, 1-турда «Ференцварош»ни енгди (2:1). «Байер»нинг келажаги порлоқ кўринмоқда, шу боис, уларга Вирцни таркибда сақлаб қолиш муҳим  саналади. «Доришунослар» спорт директори Руди Феллер яқинда берган интервьюларининг бирида клуб баъзида энг яхши футболчиларини сотишга мажбур бўлишини таъкидлаганди. Лекин функционер яқин йиллар мобайнида Флорианни ҳеч ким сотмаслигига мухлисларни ишонтирди. Бу тўғри. Ушбу футболчи ва Леверкузен бир-бирларига ҳали кўп нарса беришлари мумкин.

Ў.УМАРОВ тайёрлади 


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz