Қайднома

Қидирув

Катанец ҳам «репетиторлик»ни бошлади...

Катанец ҳам «репетиторлик»ни бошлади...

  13.10.2021 03:30
  0
  422
Катанец ҳам «репетиторлик»ни бошлади...

Сарлавҳага олиб чиқилган «Репетитор» сўзининг камина лойиҳа муалл­лифи бўлган «Репетитор» интеллектуал-маърифий газетасига алоқаси йўқ. Бу ўринда шунчаки, фаолиятимизнинг бир қирраси мавзу билан мувофиқ келиб қолди, холос. Ҳозирги кунда мамлакатимизда репетиторликнинг янги мавсуми тобора қизиб бормоқда.
Маълумки, репетиторлар одатда абитуриентларни олий ўқув юртлари имтиҳонига тайёрлаш жараёнини нолдан бошлашади. Шу тариқа талаба бўлиш орзусидаги абитуриент олдига қўйилаётган юклама 10 ой давомида аста-секин оширилади. Якунда абитуриент кириш тест синовига тайёр  бўлади. Бу жараённинг дастлабки босқичида аксарият абитуриентлар  билимларни ўзлаштиришда юқори кўрсаткичга эришишади. Вақт ўтиши билан, яъни юкламалар ортиб бориши натижасида абитуриентлар ўртасида  билимдонлар, ўртамиёналар ва ўзлаштирмовчилар гуруҳи табиий равишда ажралади. Бошқача айтганда, ҳар қайси абитуриент репетиторлар томонидан тайёрланадиган «рақиб» - ойма-ой ўтказиладиган тест синовларига бирдек бардош беравермайди. Айни шу жиҳатларни ҳисобга олиб, Сречко Катанецнинг миллий жамоамиздаги фаолиятини репетиторликка қиёсладик...

Машҳур ўқув марказларида репетиторлик жараёнини бошлашдан аввал тингловчи бўлиш хоҳишини билдирган абитуриентларни ўзига хос усулда саралаб олишади. Сречко Катанец ҳам миллий жамоамиз имкониятлари ҳақида зарур хулоса чиқариш ва шунга асосан фаолияти режасини тузиш учун илк ўйинга Швеция термасини танлади. Стокгольм сафаридан кейин Малайзия ва Иордания жамоаларини рақиб сифатида танлаганидан икки хил маъно уқиш мумкин: 1. Сречко Катанец ҳаммасини нолдан бошлаш ниятида. У ўзича миллий жамоамизнинг янги тарихини яратмоқчи. 2. Янги бош мураббий шведларга қарши кечган ўйиндан кейин ҳам бош жамоа­миз имкониятлари хусусида етарли хулосага келолмаган, яъни термамизнинг асл кучи ҳамон унинг учун мавҳум.

 Дастлабки маънодан келиб чиқадиган хулосага асослансак, ҳаммасини нолдан бошлаш - хато. Зеро, миллий жамоамиз айни ҳолатида ҳам барчасини нолдан бошлайдиган даражада кучсиз эмас ва унинг ўзига яраша тарихи мавжуд.  Мундиал йўлланмаси ҳозиргача қўлга киритилмагани мамлакатимиз ва Малайзияда футбол савияси монандлигини билдирмайди асло.  Бинобарин, бош жамоамизнинг мундиалда иштирок этиш йўлидаги муваффақиятсизликларига футболимиз эмас, аксинча, соҳа мутасаддилари, мураббийлар ва айрим етакчи ўйинчилар айбдор ҳисобланишади. Футболи ривожланмаган юртдан Элдор Шомуродов, Сардор Рашидов, Жалолиддин Машарипов, Отабек Шукуров, Азиз Ғаниев, Остон Ўрунов, Жасур Яхшибоев каби легионерлар чиқишмайди. Дейлик, Малайзия футболининг савияси ҳаминқадар ва шунинг учун у ерда биздаги каби легионерлар порлашмайди. Агар Сречко Катанец ишни нолдан бошлаш учун Малайзия футболи савиясини танлаган бўлса, бу - унинг хатоси. Мураббийнинг ўзи ҳам хатосини англади, чоғи, Малайзия термасига қарши учрашув қийин кечгани хусусида сўзлаб, футболимиз жамоатчилиги фикрини чалғитишга уринди. Аёнки, у ҳозирча мамлакатимиз футбол жамоатчилигини бу каби хулосалар билан чалғитиб бўлмаслигини тушунмайди. Сречко ҳар қанча таъкидламасин, мухлислар ушбу ўйин жамоамиз учун қийин кечганига ишонишмайди. Нима, Катанец жамоамиз мухлисларига оврўпача қувлик билан хўрозқанд тутмоқчими? Йўқ, бундай хўрозқанд тутишлар даври аллақачон ортда қолган. Катанец буни ўз вақтида тушуниб етмаса, эртага кеч бўлиши ва яна бош мураббий танлашда адашилгани ҳақида янги баҳс-мунозаралар бошланиши аниқ. Албатта, воқеалар шундай ривожланишини истамаймиз. Лекин бош мураббийнинг ўйин қийин кечганлиги ҳақидаги хулосаси унинг юқорида таъкидланган дастлабки маъно-хулосага асосланаётганидан далолат.

Хўп, майли, Сречко Катанец дастлабки маъно-хулоса асосида иш юритмаяпти, деб ўзимизни ишонтирайлик. У ҳолда, ўз-ўзидан иккинчи маъно-хулоса тўғрисида мулоҳаза юритишга тўғри келади. Швеция термасига қарши ўйиндан кейин бирор якуний хулоса чиқаролмаган бош мураббий навбатдаги ФИФА кунларида кучли рақиб танлашдан чўчидими? Малайзия термасига қарши ўтказилган учрашувга кайфиятни кўтариш воситаси сифатида қараш маъқул, бизнингча. Альпинистлар Эверест­ни забт этиш йўлида  машғулот манбаи сифатида адирликни танлашмайди ҳеч қачон. Адирга чиқиб-тушиш альпинистни руҳий-жисмоний жиҳатдан тобламайди, қайсидир мураккаб вазиятда оқилона йўл тутишга ўргатмайди. Малайзия­ликларга қарши учрашув шу маънода  футболчиларимиз учун жамоавий ўйинни шакллантириш, чизиқлар аро алоқани мустаҳкамлаш, тактик схемаларни сайқаллаш вазифасини бажаролмайди. Келинг, кескин хулоса чиқарайлик, бу ўйин терма жамоамиз учун амалий жиҳатдан фойдасиз ва аҳамиятсиздир. Гарчи мағлубият билан якунлаган бўлса-да, футболчиларимизнинг Швецияда кечган ўйиндаги ҳаракатлари мухлисларга ҳузур бағишлаганди. Малайзия жамоаси устидан қозонилган йирик ҳисобли ғалаба эса ҳолва еган, хўрозқанд ялаган ҳолатдаги ширин бир тамшанишни эслатди, гўё. Бошқа ҳеч нарсани эмас.

Тўғри тушуниш керак: ҳа, Роберт Левандовски жамоадошлари Сан-Марино термаси дарвозасига 5та гол уришди, бироқ бу рақиб уларнинг ихтиёрий танловлари эмаслиги кўпчиликка аён. Мундиал саралашида рақибларни қуръа тўқнаштиради. Шунинг учун Ўзбекистон ва Польша ёки Англия терма жамоалари қайд этган йирик ҳисобли натижаларни қиёслаш мутлақо ноўрин. Англия ва Польша термалари вакиллари очколарни кўпайтириш ва тўплар нисбатини яхшилаш учун жон куйдиришгани табиий ҳол. Малайзия термаси дарвозасига урилган 5та голга қараб эса, бирор арзирли хулоса чиқариш мушкул. Қани энди Ҳусайн Норчаев терма жамоамиздаги дебют голини бирор кучлироқ жамоа дарвозасига урганидами, мухлислар дўппиларини осмонга отишарди. Фикримизча, Иордания термасига қарши учрашувдан сўнг Сречко Катанец тафаккури ва тасаввуридаги  мавҳумлик бироз йўқолади. Негаки, Иордания терма жамоаси ўз  майдонида ҳар қандай рақибни аяб ўтирмайди. Демакки, Катанецнинг жамоамиз имкониятини қай даражада ўрганишга улгурганига шу ўйинда нисбатан аниқлик киритилади. Иордания терма жамоаси - янги бош мураббий салоҳиятини синовдан ўтказиш учун яхши рақиб. Достон Ҳамдамов араб футболи босимига ҳам бардош бериб, рақиб дарвозасига гол урса, бу унинг ўз устида астойдил ишлай бошлаганига исбот бўлади. Агар вакилларимиз иорданияликларни лоақал кичик ҳисобда мағлуб эта олишса, унда Катанецни олқишласак арзийди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, бош жамоамизга омад тилаймиз. Кўряпмизки, собиқ иттифоқ ҳудудида бўй ростлаган Озарбайжон, Грузия, Молдова, Қозоғистон каби давлатларда футбол ривожи жуда қийин кечмоқда. Бу мамлакатлар жамоалари ЖЧ-2022 саралашининг навбатдаги турида ўз майдонларида мағлубиятга учради. Улар ўйинига шўро мафкурасидан қолган иллатлар ҳамон салбий таъсир кўрсатмоқда. Истаймизки, Сречко Катанец бош жамоамизни айни шундай иллатлардан фориғ айласин. Фориғланиш жараёни бошландими ёки йўқ - буни Иордания термасига қарши учрашув жараёнида билиб оламиз, азизлар!

Муҳаммад ВАЛИ, InterFUTBOL газетасининг 12 октябрдаги сешанба сони


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz