Қайднома

Қидирув

Асқар Умаров: «Зомин» йўлланмага осонгина эришгани йўқ»

Асқар Умаров: «Зомин» йўлланмага осонгина эришгани йўқ»

  13.10.2021 06:21
  0
  278
Асқар Умаров: «Зомин» йўлланмага осонгина эришгани йўқ»

Жиззах вилоятининг «Зомин» клуби Биринчи лигада муддатидан олдин 1-ўрин масаласини ҳал қилди ва келаси мавсум Про-лигада қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Зоминликлар бутун мавсум давомида барқарор ўйин намойиш этишгани билан ажралиб туришди. Ушбу натижа билан табриклаш баҳона «Зомин» бош мураббийи Асқар Умаровни суҳбатга тортиб, мавсум таассуротлари ва клубнинг келгуси режаларига қизиқдик.

- Аввало, «Зомин»нинг муддатидан олдин Про-лига йўлланмасига эга чиққани билан табриклаймиз. Бу вазифани бажариш йўлида қандай мушкулотларга рўбарў бўлдинглар?

- Табрик учун раҳмат. Мавсум бошидаёқ олдимизга турнирда ғолиб бўлиш ва йўл-йўлакай жамоани Про-лигага тайёрлаб бориш вазифаси қўйилганди. Шу мақсад сари ҳар бир машғулот ва ўйинга жиддий ёндашдик. Раҳбариятнинг бутун мавсум давомида жамоани талаб даражасида қўллаб-қувватлагани ишимизни анча осонлаштирди. Шунингдек, ютуғимизда жонкуяр мухлисларнинг ҳам ҳиссалари катта. Қисқаси, йигитлар билан астойдил ишладик ва якунда меҳнатга яраша мукофот олдик.

- Мавсум давомида айнан қайси жамоаларга қарши ўйинларда қийналдинглар?

- Вазифани муддатидан олдин бажарган бўлсак-да, йўлланма осонгина қўлга киритилгани йўқ. Зеро, ҳар бир рақиб «Зомин»га муносиб қаршилик кўрсатишга уринди. Натижаларга қарасак, баъзи ўйинларда кутилмаган мағлубиятларни тан олишимизга ҳам тўғри келди. Дейлик, «Бунёдкор-Фарм» билан баҳсда шундай бўлди. Фикримча, мавсум давомидаги энг мураккаб ўйинимиз айнан ёш «қалдирғочлар»га қарши кечди. Бинобарин, ўша куни ўз даражамизни кўрсата олмадик.

- «Зомин»нинг молиявий ҳолати қандай? Бу борада муаммолар, дейлик, футболчилар олдида қарздорлик йўқми?

- Ҳозирги вақтда моддий томондан қийналмаётган клуб топилмаса керак. Бизда ҳам баъзи муаммолар кузатилди. Дейлик, мавсум давомида баъзан маош ва мукофот пули тўлови кечиктирилди. Менимча, маошнинг кечикиши Биринчи лигадаги барча жамоаларда бўлса керак. Муҳими, раҳбарият бизни имкон доирасида қўллаб-қувватлади. Айниқса, туман ҳокими йигитларни руҳлантириш ва моддий томондан рағбатлантиришда жонбозлик кўрсатиб, маош ва мукофот пули босқичма-босқич берилишини таъминлади.

- Умуман, бу йилги Биринчи лига баҳслари қандай таассурот қолдирди?

- Чемпионатда ўсиш борлиги яққол сезилди. Тўғри, айрим жамоалар молиявий томондан мушкулотларга дуч келди. Асосийси, олдига аниқ вазифа қўйган жамоа­лар билан курашиш қизиқ кечди. Хуллас, мавсум таассуротлари чакки эмас. Ҳар ҳолда, 1-ўрин учун 3-4та жамоа ўртасида қизғин кураш борди. ПФЛ агар Биринчи лига совриндорларини ҳам моддий томондан рағбатлантириб борса, келажакда ўткинчи ўйинлар янада камаяди ва аксарият клублар Про-лига йўлланмаси учун курашади. Ҳар ҳолда, жорий йил «Ғиждувон», «Нефтгазмонтаж» ва «Навбаҳор-Фарм» клублари Про-лига йўлланмаси йўлида «Зомин»­га жиддий рақобат туғдира олди.

- Эндиликда клуб Про-лигада иштирок этиш учун лицензиялаш талабини бажариши шарт. Бу борада ҳаракат борми?

- «Зомин» 2020 йили Про-лигада иштирок этганди. Айни пайт жамоамиз ПФЛ томонидан қўйилаётган барча талабларни бажаришга тайёр. Ҳозирда бу масалада ишлар бошланган. Ишончим комил, клубимиз ҳеч қандай муаммога учрамайди.

- Хўш, таркиб қанчалик кучайтирилади? Ахир Про-лига бошқа турнир, барибир...

- Ҳозирдан бемалол айтаман, таркиб борасида катта ўзгаришларга қўл урмаймиз. Ҳа, 4-5 нафар янги футболчи жалб этиш режалаштирилган, лекин ҳозирги таркиб ўзагини сақлаб қоламиз. Ўйлайманки, йигитларимиз Про-лигада ҳам бемалол тўп суриш салоҳиятига эгалар.

- Кўз остингизга олиб қўйган футболчилар ҳам борми?

- Албатта, бор. Фақат ҳозирча айнан кимларни кузатаётганимиз ҳақида маълумот беролмайман. Мавсум тугасин, трансферлар бўйича раҳбарият билан келишиб, иш тутамиз.

ИЗЗАТБЕК суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz