Европа футболида янги саҳифа: миллий чемпионатлар элит лигасида иштирок этадиган клублардан бирини аёл мураббий бошқармоқда. Тарихда биринчи марта! Ҳа, унинг дебюти 1:6 ҳисоби билан бошланди, лекин жамоаси турнир жадвалида нақ 40 очко илгарилаб кетган рақибга қарши майдонга тушганини ҳам эътиборга олиш керак. Аслида Фарер ороллари футболида эътиборга лойиқ жиҳатлар йўқ, ҳисоби. Лекин яқинда спорт матбуоти нигоҳи шу митти ўлка чемпионатига бурилди. Диққат қилинг, Фарер ороллари элит лигасининг яққол аутсайдери - «ТБ Тверойри» клуби бошқаруви аёл мураббий қўлига топширилди. Бу жамоанинг турнир жадвалидаги ҳолатига асло ҳавас қилиб бўлмайди - 22та ўйиндан кейин атиги 3 очко олган «ТБ» умидсизлик домида. Ахир у чемпионатда ҳали ғалаба нималигини билмаган, боз устига, 19та ўйинни бой берган ва голлар нисбати -64га тенг. Ваҳоланки, гап Фарер оролларининг энг қадимий клуби (1892 йили ташкил этилган) ҳақида кетмоқда. Хуллас, мутлақо умидсизликка тушган «ТБ Тверойри» раҳбарияти яқинда ҳеч ким кутмаган тажрибага қўл уриб, бош мураббий лавозимига британиялик Хелен Лоррейн Нквочани тайинлади. Шу тариқа у Европа футболи тарихида олий дивизионда иштирок этувчи эркаклар жамоасини бошқарадиган биринчи аёл мураббий бўлди. Шу фактнинг ўзиёқ Хелен Лоррейн билан яқинроқ танишиб чиқишга салмоқли асос ҳисобланади.
Британиялик аёл мураббийни Фарер чемпионати қийин синов билан қарши олди: ўйин борасида ночор аҳволда қолган «ТБ Тверойри» мамлакатнинг энг совриндор клуби - «ХБ Торсхавн» (22 карра чемпион, 28та миллий кубок ва 4та суперкубок соҳиби) меҳмони бўлди. Боз устига, якшанба кунига белгиланган учрашув фарерча кучли ёғингарчилик туфайли эртасига қолдирилди. Якунда «ТБ» лига турнир жадвалида 3-ўринни эгаллаб турган рақиб олдида шунчаки, «куйиб» қолди - 1:6. Аммо бу мағлубият учун янги мураббийни қаттиқ койиш ноўрин. Биринчидан, «Торсхавн» маҳаллий ўлчов бўйича жуда кучли жамоа. Дейлик, у еврокубокларнинг жорий мавсумида Черногориянинг «Будучность» жамоасини умумий 6:0 (4:0 ва 2:0) ҳисобида енгди. Фарер ороллари чемпионати турнир жадвалига қарасак, «ХБ» ва «ТБ»ни нақ 40 очко ажратиб турганди. Муҳими, яққол аутсайдер лоақал биринчи бўлимда анча ишончли кўринди. Яъни танаффусга атиги 1:2 ҳисоби билан чиқди. Иккинчидан, Хелен Лоррейн Нквоча хонимга топширилган жамоа чиндан ҳам, ўта кучсиз. Оддий мисол, «ТБ Тверойри» бу учрашувдан олдин 2:7 ва 0:6 ҳисобларини қайд этганди. Хелен иш бошлашидан олдин «ТБ»ни германиялик икки мураббий бошқарди ва улар биргаликда атиги 3та ўйинда дуранг натижа таъминлашди. Қисқаси, Хелен чемпионат тугашига 5та тур қолган паллада турнир жадвалида ўзига энг яқин жамоадан 10 очко ортда қолаётган жамоани қабул қилиб олди. Дарвоқе, олдинда икки аутсайдерни ўзаро учрашув кутиб турибди. Лоррейн хоним балки шу ўйинда Европа элит лигаларида ғалаба қозонган биринчи аёл мураббийга айланар...
Ҳа, «ТБ Тверойри»ни юқори дивизионда олиб қолиш имконияти деярли йўқ. Эҳтимол, раҳбарият Хеленга келаси мавсум таркибни янгилаб, жамоани яна юқорига кўтарувчи мураббий сифатида қараётгандир. Лоррейн Нквочанинг ўзи Англияда энг юқори савияда ўйнаган, қолаверса, полицияда 15 йил ишлаган. Оддий айтганда, Лондонда туғилган Хелен мураббийлик соҳасига ўтишидан олдин самарали футболчилик фаолиятини ўтаган. У - «МЮ» клуби тарбияланувчиси. Фаолияти давомида эса «Миллуолл», «Уимблдон», «Кристал Пэлас» ва «Фулхэм» аёллар жамоалари шарафини ҳимоя қилган. Хелен 32 ёшида жиддий жароҳат ортидан бутсаларини михга илишдан ўзга чора тополмаган. Асосий факт: у футбол билан шуғулланиш баробарида полицияда хизмат қилган. Бу борадаги иш тажрибаси 15 йилга тенг. Лоррейн хоним 2013 йили мураббий сифатида футболга қайтишга қарор қилди ва полициядан сержант мақомида нафақага чиқди. У шундан буён Калифорнияда таҳсил олди, «МЮ», «Челси» ва «Арсенал» клублари мактабларининг АҚШдаги филиалларида ишлади, шунингдек, «Нью-Йорк Ред Буллс» академиясида ҳам тажриба оширди. Хелен Англияга қайтганидан сўнг бирданига эркаклар жамоаларини шуғуллантиришга ўтди, орада маълум муддат Шанхай футбол академиясида ҳам ишлади ва 2021 йилнинг январь ойида «ТБ Тверойри» тизимидаги ёшлар жамоаси бошқарувини қўлга олди. Мана, энди навбат асосий жамоага келди.
Нквоча Европада биринчи, лекин дунёда эмас. Гонконг футболида аёл мураббий эркаклар жамоаси билан ҳаттоки, нуфузли соврин ютишга ҳам улгурган. Умуман, Хеленнинг иши Европа футболи учун тарихий воқеа саналсада, «кўҳна қитъа»да ҳам аёл мураббийларнинг эркаклар жамоасидаги фаолиятига доир ёрқин мисоллар етарли. Энг диққатга сазовори - Корин Дьякр фаолияти. Диққат қилинг, бу аёл нақ 3 мавсум (2014-2017 йиллар оралиғи) Лига 2да «Клермон»га раҳбарлик қилди. Ҳа, бу элит дивизион эмас, аммо Фарер ороллари ва Франция футболи ўртасида катта фарқ борлигини ҳам эътиборга олиш керак, барибир. «Клермон» аёл мураббий бошқарувидаги биринчи мавсумда 12-ўринни банд этди, бу жамоанинг охирги 3 йилдаги энг яхши натижаси бўлди. Корин кейинги мавсум «Клермон»ни 7-ўринга кўтарди ва France Football уни Лига 2нинг энг яхши мураббийи сифатида эътироф этди. Дьякр хоним 2017 йили аёллар футболига қайтиб, Франция термаси бошқарувини қўлга олди.
Дунё футболи тарихида эса юқори лигада ишлаган ва ҳаттоки, соврин ютган аёл мураббий бор. Чжан Юандин англиялик Дэвид Бекхэмга нисбатан муҳаббати ўлароқ, футболга бош суқди ва 2015 йили аввалига «Истерн» (Гонконг) мураббийлар штабига қўшилди, кейин жамоани мустақил бошқара бошлади. У шу тариқа 27 ёшида «Истерн»ни 20 йиллик танаффусдан кейин чемпионлик сари етаклади. Умуман, Чжан Юандин «Истерн»даги иши давомида бир қатор эътиборли кўрсаткичларга эришди:
** Гонконг футболида эркаклар жамоасини бошқарган биринчи аёл мураббий бўлди.
** Дунёда профессионал эркаклар жамоасини элит дивизионда ғалаба сари етаклаган биринчи аёл мураббий бўлди.
** Гонконг футболида йилнинг энг яхши мураббийи бўлди (2016 йили).
** Эркаклар жамоасида ишлаб, Осиёнинг 2006 йилги энг яхши аёл мураббийи бўлди.
** Чемпионликдан сўнг «Истерн» билан миллий лигада кумуш медаль ҳам ютди.
** Қитъа миқёсидаги турнирда эркаклар жамоасини бошқарган биринчи аёл мураббий бўлди (унинг жамоаси 2017 йилнинг февраль ойида ОЧЛ доирасида «Гуанжоу Эвергранд»га 0:7 ҳисобида ютқазди. Юандинни ҳимоя қилиш учун ўша вақт Луиз Фелипе Сколари бошқарган Хитой чемпиони яққол кучли бўлганини айтиш жоиз).
МУҲАММАДХОН тайёрлади
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20