Қайднома

Қидирув

Ракурс: «Ньюкасл» - янги «пул қопчаси»

Ракурс: «Ньюкасл» - янги «пул қопчаси»

  13.10.2021 13:00
  0
  290
Ракурс: «Ньюкасл» - янги «пул қопчаси»

«Ньюкасл» клуби жаҳон футболининг бўлажак грандими? АПЛ иштирокчилари энди пулга кўмиладиган «қарғалар»га қандай қарши туришади? Мана, «Ньюкасл»ни Саудия Арабистони консорциумига сотиш бўйича олиб борилган узундан-узун музокара жараёни ниҳоят, якунига етди. Жамоа соҳиби Майк Эшли акциялар назорат пакетини Саудия Арабистони ҳукумати таркибига кирувчи инвестиция жам­ғармаси, PCP Capital Partners ва RB Sports & Media компанияларини ўз ичига олган гуруҳга сотди. Келишув қиймати 300 миллион фунт стерлинг (408 миллион доллар)га баҳоланмоқда.

Эшлининг сўзларига кўра, унда янада қизиқарлироқ таклифлар бор эди (бунга ишониш қийин, зеро, у анчадан буён клубдан қутулишни ўйлаётган, лекин муносиб харидор тополмаётганди), фақат «Ньюкасл» келажаги учун айнан саудияликлар билан келишувга эришишни маъқул кўрган. Қўшимча қилинишича, энди «Ньюкасл» акцияларидан 80 фоизини Саудия жамғармаси назорат қилади. Қолган 20 фоиз акция Аманда Стэйвлига тегишли PCP Capital Partners ва британиялик ака-ука миллиардер Рубенлар тасарруфидаги RB Sports & Media ўртасида тенг бўлинади. Клуб директори лавозимини Стэйвли эгаллайди. Дарвоқе, Яқин Шарқ шайхларини «Манчестер Сити»га айнан шу инсон олиб келганди. Аманда аллақачон АПЛ учун (демакки, бутун дунё учун) энг кучли таркиб йиғиш ва яқин келажакда чемпионлик сари олға бориш режасини эълон қилиб улгурди.

Агар молиявий «Фэйр-плей» қоидаси бўлмаганида, «Ньюкасл» кейинги мавсумдаёқ даҳшат уйғо­тадиган таркиб йиғармиди? Ҳар ҳолда, клубнинг янги эгалари жуда бой. Уларнинг умумий бойликлари 435 миллиард долларга баҳоланмоқда. Бу АПЛдаги бошқа барча клуб эгаларининг умумий бойлигидан ҳам кўпдир. Таққослаш учун айтсак, «Манчестер Сити» соҳиби шайх Мансур тасарруфидаги мол-мулклар баҳоси 31,5 миллиард долларга тенг (у энди АПЛда иккинчи рақамли бадавлат хўжайин бўлиб қолди). Англия чемпионатидаги бой соҳиблар рўйхатининг 3-қатори яқинда ниҳоят, яна Буюк Британия ҳудудига кириш учун йўл топган Роман Абрамовичга тегишли (россиялик олигархнинг бойлиги «атиги» 13 миллиард долларга баҳоланмоқда).

Аманда Стэйвли «Ньюкасл» бош мураббийи Стив Брюс билан учрашишни ҳам пайсалга солмади. Янги директор амалдаги мураббийни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини билдирди. Бироқ бу шунчаки, навбатчи сўзлар, холос. Катта эҳтимолки, янги хўжайинлар унча танилмаган мутахассис билан кўп ҳамкорлик қилишмайди: унинг савияси ҳам, ҳаттоки, таш­қи кўриниши ҳам «Ньюкасл»нинг янги вазифасию, имиджига тўғри келмаса керак.

Айтиш жоиз, «Ньюкасл» мухлислари бу келишувдан мамнунлар. Улар хабар расман эълон қилингач, буни туни билан нишонладилар. Хусусан, «Сент-Жеймс Парк» стадиони атрофида қўшиқ садолари, ҳайқириқлар ярим тунга қадар тингани йўқ. «Ньюкасл» афсонаси Алан Ширер ҳам хурсанд: «Ҳа-а! Бизда яна умид туғилди!» Ширер бу борада ҳақ. Зеро, ҳозир жамоанинг кун тартибида турган асосий масала Анг­лия, Европа ёки жаҳонда ҳукмронлик ўрнатиш эмас, балки АПЛда ўз ўрнини сақлаб қолишдир. Ахир «қарғалар» жорий мавсум 7та ўйинда майдонга тушиб, ҳали ғалаба қозонганлари йўқ ва турнир жадвалининг 19-қаторида «илиниб» туришибди. Тушунарлики, «Ньюкасл»ни элитада «жон» сақлаб қолиш борасида кескин кураш кутмоқда, зеро, араблар фақат январь ойи­дан сармоя кирита бошлайдилар. Унгача сабр қилиш ва мавжуд ресурсларни ишга солишдан ўзга чора йўқ.

Футбол жамоаларининг энг бой

хўжайинлари (жаҳон бўйича)

 

1. Саудия Арабистони ҳукуматининг инвестиция жамғармаси («Ньюкасл», Англия) - 435 млрд. доллар

2. Шайх Мансур («Манчестер Сити», Англия) - 31,5 млрд. доллар

3. Дитрих Матешиц («РБ Зальцбург», Австрия|«РБ Лейпциг», Германия|«РБ Бразил», Бразилия|«Нью-Йорк Ред Буллз», АҚШ) - 21,3 млрд. евро

4. Андреа Аньелли («Ювентус», Италия) - 15 млрд. доллар

5. Роман Абрамович («Челси», Англия) - 13 млрд. доллар

6. Филип Аншутц («ЛА Гэлэкси», АҚШ) - 11 млрд. доллар

7. Стэн Кронке («Арсенал», Англия) - 9,2 млрд. доллар

8. Носир ал Хелайфи («ПСЖ», Франция) - 8,8 млрд. доллар

9. Чжан Цзиндун («Интер», Италия) - 8,4 млрд. доллар

10. Го Гуанчан («Вулверхэмптон», Англия) - 7 млрд. доллар

The Telegraph хабарига қараганда, «Ньюкасл»нинг янги соҳиблари, хусусан, Саудия Арабистони шайхлари жамоада юқори мақомга эга мураббий ишлашини хоҳлашади. Ҳозирда «Челси»нинг собиқ бош мураббийи Фрэнк Лэмпард ва «Рейн­жерс» устози Стивен Жеррард­га реал номзодлар сифатида қаралмоқда. Айтганча, «Ньюкасл» охирги совринини бундан 15 йил олдин ютганди.

МУҲАММАДХОН тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz