Қайднома

Қидирув

Ўртоқлик ўйини: яна синов деб овунамиз(ми)?

Ўртоқлик ўйини: яна синов деб овунамиз(ми)?

  13.10.2021 00:27
  0
  320
Ўртоқлик ўйини: яна синов деб овунамиз(ми)?

Октябрь ойига белгиланган ФИФА кунларини Иорданиядаги ўқув-машғулот йиғини билан ўтказган Ўзбекистон терма жамоаси Малайзия устидан қозонилган ишончли ғалабадан кейин мезбонларга йирик ҳисобда ютқазди - 0:3.

Ўйин бошида термамиз устунликни ўз томонига оғдирадигандек туюлди, бир нечта ҳужумлар ҳам уюштирилди, вакилларимиз рақибдан тезкорлик бобида устундек кўринди. Лекин бу тасаввурлар баҳснинг учдан бир қисми поёнига етган палладан сўнг йўққа чиқди.

Футболчиларимиз ташкил этган ҳужумларга аниқлик етишмади, Иордания эса 30-дақиқада ҳимоячиларимиз хатосидан унумли фойдаланиб, дастлабки хавфли вазиятини голга айлантирди. Саиф Баха Элдор Суюнов қўриқлаган дарвозани ишғол этди. Биринчи бўлим 1:0 ҳисоби билан якунланди.

Танаффусдан кейин Сречко Катанец таркибда ўзгаришларни амалга оширди, лекин майдонга тушганлар ўйинни кучайтира олишмади. Аксинча, майдон эгалари ғалабани мустаҳкамлашди. Дастлаб Насиб Абдуллоҳ жаримадан етказилган тўпни тўрга жойлаган бўлса, 83-дақиқада Ҳамза Алдарадреҳ тезкорлиги билан ҳимоячиларимизни ортда қолдириб, ҳисобни йирик кўринишга келтирди.

Мазкур учрашувда термамиздаги эски камчиликлар яна кўзга ташланди, футболчиларда чарчоқ сезилди, уларга агрессивлик етишмади, мудофаа чизиғидаги хатолар... Афтидан, яна ўртоқлик учрашувлари - бу шунчаки, синов деб овунишимизга тўғри келади шекилли. Лекин вазиятга жиддий қарасак, ҳали миллий жамоамизда қилиниши керак бўлган ишлар талайгина ва буни Сречко Катанец ҳам аллақачон англаган бўлса, ажабмас. Тажрибали мутахассис мавжуд муаммоларни ўз вақтида бартараф этади, деган умиддамиз.

Маълумот учун, Ўзбекистон термасининг Малайзия устидан эришган ғалабаси ўртоқлик учрашувларидаги 50-ютуққа айланганди. Иордания билан баҳсда эса вакилларимиз бошқа бир юбилей кўрсаткични қайд этишлари мумкин эди: учрашувда уриладиган гол бош жамоамиз тарихидаги 500-гол бўларди.

Ҳозиргача Ўзбекистон термаси 286та ўйин ўтказиб, уларда 135та ғалаба, 55 дуранг ва 96та мағлубият қайд этди. Умумий тўплар нисбати - 499:333.

Энди 500-гол кейинги учрашувга қолдирилди. Термамиз Иордания билан баҳслар тарихида иккинчи мағлубиятни қабул қилиб олди. Мазкур жамоалар ўзаро 14-марта куч синашишган бўлса, энди ушбу рақибга қарши баҳсларда Ўзбекистон миллий термаси ҳисобида 7 ғалаба, 5 дуранг ва 2 мағлубият бор.

 

ЎЗБЕКИСТОН - ИОРДАНИЯ - 0:3 (0:1)

Голлар: Саиф Баха (29), Насиб Абдуллоҳ (56), Ҳамза Алдарадреҳ (83).

Ўзбекистон: Элдор Суюнов, Ислом Қобилов (Абдулла Абдуллаев, 46), Ҳожиакбар Алижонов, Достон Турсунов (Ҳусниддин Алиқулов, 60), Иброҳимҳалил Йўлдошев (Фаррух Сайфиев, 60), Отабек Шукуров, Акмал Мозговой, Шаҳбоз Умаров, Достон Ҳамдамов (Азиз Омонов, 46), Ойбек Бозоров (Игорь Сергеев, 60), Элдор Шомуродов.

Иордания: Язид Абдулла, Эҳсон Ҳаддод, Насиб Абдуллоҳ, Язан Алараб, Муҳаммад Али Ҳашеш, Одаи Саифи, Фадел Ҳасан, Абдулраҳмон Баха, Муса Тамари, Али Олван, Саиф Баха.



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz