Қайднома

Қидирув

Нигоҳ: Қаерда легионерлар кўпроқ?

Нигоҳ: Қаерда легионерлар кўпроқ?

  14.10.2021 03:03
  0
  393
Нигоҳ: Қаерда легионерлар кўпроқ?

Ҳар йили ўтказиладиган ёзги ва қишки трансферлар билан танишган мухлисларни суюкли клублари қайси легионер билан ўз таркибини кучайтириб олгани қизиқтириши табиий. Шунингдек, уларнинг кўпчилигини топ-чемпионатлар, дейлик, АПЛ жамоаларидаги ўзгаришлар ҳам бефарқ қолдирмаслиги аниқ. Шуни инобатга олган Football-Style туманли ўлкадан ташқари, Европанинг бошқа чемпионатларидаги трансферлар статистикаси билан танишиб чиқди. Сизга тушунарли бўлиши учун Греция Суперлигасига оид маълумотни мисол тариқасида ҳавола этамиз. Бу лига вакилларининг 51,1 фоизи хорижлик футболчилар. Легионерларнинг Грециядаги энг кўп вакиллари - испанлар (12,9 фоиз ёки 30 нафар). Хуллас, бошладик.

АПЛ (Франция - 9,8 фоиз)

Бу рақам ҳеч кимни ажаблантирмайди, ахир французларда ноёб иқтидорлар даври келган. Иқтидорли футболчилар эса, табиийки, дунёнинг энг кучли лигасида тўп суришни истайдилар. Анчадан бери шундай мақомда келаётган АПЛ яқин келажакда етакчиликни бой бермаса керак.

Топ-клублар таркибига назар ташласак, уларда албатта Франция вакиллари борлигини кўрамиз. «МЮ»да Варан ва Погба, ЕЧЛнинг амалдаги ғолибида Канте ва Сарр, «Лестер»да ўтган мавсумнинг энг ишончли ҳимоячиларидан бири Уэсли Фофана ва Франция чемпиони Бубакари Сумарелар тўп суришмоқда. Гвардиоланинг «Сити»сида ўйнаган Бенжамен Менди айрим сабабларга кўра футболдан четлатилган.

Сўнгги трансфер дарчасида амалга оширилган энг қиммат 25та келишувнинг 5таси францияликларга тегишли, уларнинг энг қиммати Рафаэль Варан - 70 млн. евро.

Ла Лига (Аргентина - 13,3 фоиз)

Бу кўрсаткични ҳам мантиқий жавоб орқали изоҳлаш мумкин. Азалдан испанлар Лотин Америкаси мамлакатлари билан яқин алоқадалар, қитъанинг кўп давлатлари испан тилидан расмий ёки асосий тиллардан бири сифатида фойдаланадилар. Легионерлар сони бўйича Аргентинадан кейинги ўринларни Франция, Бразилия, Уругвай ва Португалия банд этган. Аргентиналикларнинг энг ёрқин вакили Лионель Месси эди. Энди навбат узоқ вақт «Удинезе» етакчиси бўлган «Атлетико» дебютанти Родриго Де Паулга келди. 40 млн. еврога баҳоланган хавбек ватандошлари ўртасида энг қиммат футболчи.

Симеоне шогирдларининг шоҳсупага кўтарилишига сезиларли ҳисса қўшган Анхель Корреа ҳамкорликни давом эттирмоқда. Ёзги дарчада «Тоттенхэм» вакили Эрик Ламела ҳам Ла Лигага кўчиб ўтди. Шунингдек, икки йил аввал «Севилья»нинг бебаҳо жавоҳири бўлган Лукас Окампосни ҳам унутганимиз йўқ. Умуман олганда, Пиреней вакиллари аргентиналик ўйинчилар учун 76,3 млн. сарфладилар.

«А» серия (Бразилия - 7,9 фоиз)

Италияда Жанубий Американинг бошқа миллати етакчилик қилмоқда. Таажжубки, бу устунликнинг ҳам ишончли асоси бор. Бразилия аҳолисининг 15 фоизи (тахминан 32 млн. киши) ўзининг италияликлар авлоди эканлигини яширмайди. Шу тариқа «карнавал ва сериаллар» салтанати келиб чиқиши италиялик бўлган кишилар сони бўйича иккинчи ўринга чиқиб олди. Биргина Сан-Паулунинг ўзида 6 млн.га яқин италиялик истиқомат қилмоқда.

Ҳозирда дунёнинг етакчи плеймейкерларидан бири бўлган Жоржиньо ҳам Бразилиядаги италияликлар сулоласидан. У Неаполдаги ёрқин ўйини эвазига шуҳрат қозонди. «А» серия жамоаларида ҳозир жуда кўп бразилиялик легионерларни учратиш мумкин:

Артур, Алекс Сандро, Данило каби таниқли ўйинчилар «Ювентус»да, Луис Фелипе «Лацио»да, Рожер Ибаньес «Рома»да тўп суришмоқда. Ёзда «Сассуоло» «Гремио»дан Матэус Энрикени сотиб олди. Энг қиммат баҳодаги бразилиялик (40 млн. евро) мақоми эса «Барселона»нинг собиқ ярим ҳимоячиси Артурда.

Бундеслига (Франция - 12,4 фоиз)

Немис клублари кўпинча ёш иқтидорлар учун чинакам трамплин вазифасини адо этадилар. Юлдуз мақомига кўтарилиб олган франциялик футболчининг Германияга келиши - жуда кам кузатиладиган воқеа. Фақат «Бавария» бундан мустасно, албатта. «Вольфсбург» сафига қўшилган 31 ёшли Жошуа Гилавоги франциялик легионерлар оқсоқоли. У бундан 5 йил аввал «Атлетико»дан «бўрилар» таркибига ўтганди.

Қолган французларнинг барчаси ёш иқтидорлар. 21 ёшли Максанс Лакруа ҳам «Вольфсбург»да, «Бавария» иқтидорли Дайо Упамеканони «Лейпциг»дан тортиб олиб, «буқалар»ни «Страсбур» вакили Муҳаммад Симаканни таклиф этишга мажбур қилди. Бу йигитлар ҳали 23га ҳам чиқишмаган. Улар орасида 25 ёшли Кингсли Коман юксак савияси билан ажралиб туради. Немис портали уни 65 млн. еврога баҳоламоқда. Ундан кейинги ўринларни Упамекано (60 млн.) ва Люка Эрнандеслар (45 млн.) банд этишган. Мюнхен таш­қарисидаги французлар орасида 43 млн.ли Кристофер Нкунку пешқадам.

Лига 1 (Сенегал - 8 фоиз)

Ўйлашимизча, бу ерда муҳокамага ўрин йўқ. Агар франциялик скаутлар ва мактаблар бўлмаганида, футбол олами африкалик афсунгарларнинг каттагина қисми маҳоратидан бебаҳра қолган бўларди. Бундан ташқари, жуда кўп сенегалликлар Франция фуқаролигини ҳам қабул қилишган. Лекин Дешам жамоасидаги рақобат ўта юқори бўлгани боис, терма жамоа миқёсида тарихий ватанлари шарафини ҳимоя қилишга мажбурлар. Бунга мисол тариқасида Сенегал термасининг Лига 1даги энг қиммат вакили бўлмиш Абду Диаллони кўрсатиш мумкин. Бу йигит Франциянинг 16дан 21 ёшгача бўлган терма жамоаларида тўп сурган бўлсада, асосий терма жамоадан жой ололмади. Шу сабабли, 2021 йилнинг мартида футболдаги фуқаролигини ўзгартиришга мажбур бўлди.

Албатта, худди Германиядаги французлар каби, Франция сенегаллик футболчилар учун профессионал майдондаги илк қадам мақомида қолмоқда. Шу боис, Лига 1да номдор ўйинчилар йўқ. Тўғри, Бельгияда ўзини кўрсата олган «Монако» ўйинчиси Крепин Диатт, қачонлардир «Лацио» сафида «А» серияни ёндирган клубдоши Кейта Бальде ва «ПСЖ»да улкан ҳажмдаги «қора ишлар»ни бажараётган Идрисса Гуйелар бундан мустасно, албатта.

BWIN лигаси (Бразилия - 43,1 фоиз)

Португалия - Европа Бразилияси. У ердаги легионерларнинг 40 фоиздан кўпроғи битта мамлакат вакиллари! Бунинг сабаби шуки, бразилиялик футбол магистрларининг аксарияти инглиз тилини билмайдилар. Бир хил тилда сўзлашадиган Португалия эса Европа футболига мослашиш учун энг қулай маскан.

2та жамоа, аниқроғи, «Жил Висенте» ва «Портимоненсе»нинг ўзида нақ 13 нафар бразилиялик тўп сурмоқда. Пеле ватандошлари энг оз бўлган жамоа - «Боавишта»да 3 нафар. Энг қимматбаҳо легионер - «Порту» вакили Отавио (24 млн. евро) «аждаҳолар уяси»да узоқ ушланиб қолди. У 26 ёшда.

Копа Америка-2019нинг энг яхши ёш ўйинчиси бўлмиш Эвертон ҳам, ўтган мавсумни «Тоттенхэм»да ўтказган Карлос Винисиус, «Брага»лик ноёб иқтидор соҳиби Лукас Пиазон ва «Спартак»ни ранжитган Жилберто Мораес ҳам Португалияда.

РПЛ (Хорватия - 9,4 фоиз)

Жафокаш лимит туфайли «суюкли» чемпионат мақомига тушиб қолган РПЛда легионерлар жуда оз - 32,2 фоиз. Шу сабабли, ундаги 9,4 фоизнинг залвори Англиядаги 9,8дан оғирроқ. Россия билан Болқон мамлакатлари ўртасидаги бозор муносабатлари яхши шаклланган, скаутлар у ердан кўплаб иқтидор соҳибларини олиб келишган. Масалан, Олич ЦСКАда, Чорлука «Локомотив»да, Плетикоса «Спартак» ва «Ростов»да мухлислар ёқимтойига айланишганди.

Шу йилнинг 31 августида «Вест Хэм»га ўтгунига қадар Никола Влашич «шахмат либослилар»нинг Россиядаги энг яхши футболчиси эди. Маҳорат бобида у нафақат «армиячилар», балки лигада тенгсиз бўлган. Transfermarkt бу вингерни 30 млн. еврога баҳолагани бежиз эмас.

Ўтган йилнинг ёзида ўзини сайёрамизнинг энг яхши ҳимоячиси деб биладиган Деян Ловрен Санкт-Петербургга борди, «Байер»нинг собиқ ҳимоячиси Тин Едвай «Локо» сафини тўлдирди. Мана 3 йилдирки, Филипп Уремович «Рубин»да, Никола Моро «Динамо»да тўп суришмоқда.

ЖАҲОНГИР тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz