Қайднома

Қидирув

Футбол ва бизнес: РПЛ: ТВ-ҳуқуқлар бўйича ката силжиш

Футбол ва бизнес: РПЛ: ТВ-ҳуқуқлар бўйича ката силжиш

  14.10.2021 08:48
  0
  351
Футбол ва бизнес: РПЛ: ТВ-ҳуқуқлар бўйича ката силжиш

Россия Премьер-лигасида ТВ-ҳуқуқлар сотуви бўйича космик ўсиш кузатилди. Янги шартнома қийматига мувофиқ, РПЛ Европада нақ 9-ўринга кўтарилди. Эндиликда Россия лигаси аутсайдер клублари ҳам ўтган мавсум чемпиони олганидан кўпроқ улушга эга чиқади. Бу - чинакам ўсиш, албатта! Ҳа, РПЛ ва «Матч ТВ» ўртасида ниҳоят, янги телешартнома тузилди. Унга кўра, томонлар яна 4 йил ҳамкорлик қилишади - янги битим 2022-2026 йиллар оралиғи учун расмийлаштирилди. Унинг миқдори сезиларли даражада ошди. «РБК Спорт» маълумотига кўра, РПЛ дастлабки 2 йилда телекомпаниядан 6,6 миллиард рублдан олади, кейин йиллик сумма 7,7 миллиардга ошади. Демак, «Матч ТВ» ҳар мавсум ўртача ҳисобда 7,15 млрд. рубль тўлайди. Sports.ru айни шу катта ўзгаришга дарҳол эътибор қаратди.

Энг муҳим ўзгариш: РПЛнинг ТВ-ҳуқуқлари баҳоси сезиларли даражада ошди (2018-2022 йилларни ўз ичига олган шартномага кўра, «Матч ТВ» ҳар мавсум учун чамаси 1,7 миллиард рубль тўлаган). Бу битим қиймати бўйича Европа рейтингида 18-қаторда қайд этилганди. Кўриниб турибдики, РПЛ камтарона даромад билан чекланган. Россия чемпионати эски шартномага кўра, Швейцария лигасидан бироз кўпроқ оларди, лекин Исроил, Австрия, Руминия ва Шотландия каби мамлакатлар элит дивизионлари ТВ-улуш бобида олдинда эди. Аслида бундай ўсиш парадокс ҳисобланади. Зеро, Европа коэффициентлар жадвалига қарасак, Россия чемпионати мавқеи нисбатан пасайди. Таққослаш учун айтсак, мавсум-2017|2018 охирида олдинги шартнома расмийлаштирилган пайт РПЛ умумий жадвалнинг 6-қаторидан жой олганди. 2020|2021 йиллар мавсуми якунида эса Россия лигаси Португалия ва Нидерландия дивизионларини олдинга ўтказиб юборди - 8-ўрин.

Шунга қарамай, РПЛ янада кўпроқ ундириши мумкин эди. Чунончи, «Матч ТВ» худди аввал бўлганидек, ҳуқуқни тендерсиз қўлга киритди. Ваҳоланки, клублар бу борада танлов ўтказилишига овоз берган ва тендер ўтказилиши режалаштирилганди. «Тендер эълон қилинишидан олдин хоҳлаган нарсага эришдик, - деди ЦСКА бош директори Роман Бабаев бу масалада клублар номидан. - Маъмурий босим йўқ. Шунчаки, лайлак ортидан қувмасдан яхши чумчуқни танладик».

Хўш, янги телевизион улуш ҳисобига Россия клублари даромади нечоғли ўзгаради? Эндиликда элит лиганинг ҳар бир клубига ўртача ҳисобда 5 миллион евродан кўпроқ тегади. Бу Европада 9-юқори кўрсаткичдир. Айни пайт кучли олтилик сирасига кирувчи чемпионатлар ва Бельгия ҳамда Туркия лигалари клублари улуши бундан кўпроқ, холос. Оддий айт­ганда, клуб РПЛдаги иштирок ортидан топадиган маблағ миқдори кескин ошади. Таққослаш учун келтирсак, ҳар бир жамоа эски шартномага асосан ўртача ҳисобда 1,25 миллион евро оларди. Энди бу сумма йилига 5,31 миллион еврони ташкил қилади. Тўғри, Россия клублари ҳали ҳам Туркия ёки Франция лигалари иштирокчиларидан жуда узоқда (уларда 1та жамоанинг ўртача даромади 13-15 миллион еврога тенг ва бу «Уфа» ёки «Урал»нинг йиллик бюджетидан кўп). Ҳаттоки, Португалия Примероси иштирокчиларида ҳам ўртача улуш миқдори (чамаси 7 миллион евро) баланд. Муҳими, РПЛ клублари ТВ-даромад масаласида Бельгия лигаси кўрсаткичи (ҳар бир клуб 5,72 миллион евро олади)га анча яқинлашади. Лекин бунда бир томонини ҳисобга олиш керак: Бельгия чемпионатида 18та, Россияникида эса 16та жамоа бор.

Қизиқ, РПЛнинг муайян битта клуби энди қанча олади? Демак, 2022|2023 йиллар мавсумида охирги ўринни банд этган жамоа мавсум-2021|2022 чемпиони улушига нисбатан икки ҳисса кўп пул топади. Шундай экан, янги шартнома - РПЛнинг барча иштирокчилари учун катта имконият. Телевизион ҳуқуқлар улуши тақсимлашининг янги тизими туфайли кичик клублар шундоқ ҳам йилига олдингидан 11-18 миллион рубль кўпроқ оларди. Эслатма, энди умумий маблағнинг 60 фоизи 16та клуб ўртасида тенг тақсимланади, 40 фоизи жадвалдаги жой ва бошқа мезонларга асосан бўлинади. Олдин бунинг акси амалда эди - 40 фоиз маблағ ўртада тенг бўлинар ва 60 фоизи натижага қараб тақсимланарди. Асосийси, телешартнома пули энди кўплаб клублар бюджетининг катта қисмини қоплайди. 2022|2023 йиллар мавсумида лига бўйича энг паст натижа кўрсатадиган жамоалар ҳам ҳозирги тақсимлаш тизимига асосан, янги шартнома бўйича тахминан 300 миллион рублга эга чиқади. Мавсум-2020|2021 аутсайдерлари - «Тамбов» ва «Ротор» мисолида олсак, бу маблағ ҳар иккисининг йиллик бюджети (чамаси 500 миллион рубль) ярмидан кўпини ташкил қилади. Асосий факт: 300 миллион рубль - РПЛ-2021|2022 чемпиони улуши (143,7 миллион рубль)дан икки баравар кўп ва  «Уфа» ёки «Урал» каби клублар бюджети (1 миллиард рубль)нинг учдан бир қисми.

Табиийки, юқори ўринлар учун курашувчи клублар даромади ҳам анча ошади. Дейлик, Россия чемпионининг бонуси тахминан 4 баравар кўпаяди: 143 миллион рубл­дан 608,8 миллион (7,25 миллион евро)га. Эҳтимолки, бу максимал даража эмас. РПЛ  яқин орада бош ҳомий мақоми ва букмекерлик ҳуқуқини ҳам сотади (кутилаётган сумма тахминан - 2 миллиард рубль). Шундай экан, Россия жамоалари улуши ҳали янада ошса, ажабмас.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz