Қайднома

Қидирув

Суткасига 24 соатлик қўриқлаш хизмати

Суткасига 24 соатлик қўриқлаш хизмати

  15.10.2021 03:33
  0
  197
Суткасига 24 соатлик қўриқлаш хизмати

Криштиану Роналду Англияда қатъий қўриқлаш хизматидан фойдаланмоқда. Махсус гуруҳ куну тун футболчи ва унинг оиласи хавфсизлигини таъминлаш билан банд. Айтишларича, Кришнинг дабдабали кошонасида фавқулодда ҳолатларда яшириниш учун махсус хона ҳам бор.

Криштиану Роналдунинг «МЮ» сафига қайтганига унча кўп бўлгани йўқ, лекин у Манчес­терда аллақачон қулай ва хавфсиз турмуш тарзини ташкил этишга улгурди. Португалиялик футболчи биринчи навбатда, оиласи учун шаҳар четидан каттакон турар-жой сотиб олди. Орада ҳамма Роналду қўйлар шовқини туфайли бошқа уй топганини муҳокама қилди, лекин футболчининг ўзи буни рад этди. Криш шунингдек, янги Bentley харид қилди ва суткасига 24 соат ишлайдиган қўриқлаш хизматини ёллади.

Гувоҳларнинг айтишларича, Роналду 23 сентябрь куни Карринг­тондаги клуб базасига янги автомобилини миниб борган. Унинг ортидан яна бир машина келиб тўхтаган ва ичидан икки бақувват эркак тушган. Шундан сўнг Британия матбуотида Роналду тансоқчилар назоратида юрганини тасдиқлайдиган хабарлар берилди: «Криштиану ёллаган қўриқлаш гуруҳи туну кун ишлайди». Daily Star нашрида ёзилишича, махсус тайёргарликдан ўтган гуруҳ собиқ аскарлар, полициячилар ва ҳарбийлардан ташкил топган. Португалиялик сотиб олган уй ичида эса махсус хона бор - фавқулодда вазиятларда оила аъзолари шу ерга яширинишлари мумкин.

Mirror таблоиди мақоласидан олинган текстга эътибор қаратинг: «Криштиану Манчестерга қайтгач, уни шаҳарда жиноятчилар, тўдалар ва ўғрилар кўпайгани ҳақида огоҳлантиришган. Яъни жиноий гуруҳлар асосан машҳур кишиларни «нишон»га олишлари, айниқса, футболчиларнинг уйларини тунашга мойил эканликларини айтишган. Дейлик, «Челси» ҳимоя­чиси Рис Жеймс «Зенит»га қарши ўйин учун кетганида, ўғрилар унинг уйида бўлиб, сейфни олиб кетишди. Футболчининг ўзи кейинчалик кузатув камералари ёзувини ижтимоий тармоққа жойлади: ўғрилар бол­ға билан уриб, сейфни ағдаришган... Роналду барчасини инобатга олиб, махсус қўриқлаш гуруҳини ишга ёллади. Унинг аъзолари ўқ ўтказмайдиган машиналардан фойдаланишади, ҳаттоки, энг хавфли жиноятчиларга ҳам бемалол қаршилик кўрсата олишади. Асосийси, хавфсизлик хизмати гуруҳи Роналдуни кечаю кундуз кузатиб боради. Уй атрофига ўнлаб камералар ўрнатилган. Қисқаси, футболчи ва унинг яқинлари хавфсизлигига жавобгар шахслар уйга полицияга қараганда тезроқ етиб келишади. Бордию, қандайдир кутилмаган ҳолат юз берса ёки вазият қалтислашса, тансоқчилар футболчи ва яқинларини тезкор равишда махсус жиҳозланган хонага яширишади. Маълум бўлишича, у ерда бутун оила ўзини мутлақо хавфсиз сезиши мумкин».

Роналдунинг шахсий ҳимояси ҳаҚидаги фактлар

- ЖЧ-2018да Криштиануга ММАнинг собиқ жангчиси Гонсало Сальгадо ва буқаларни бўйсинтирувчи Нуну Марекош «ҳамроҳ» бўлишди. Марекош кўп йиллар давомида жанговар самбо билан шуғулланган. Сальгадо хизматини эса Роналдуга 2014 йилиёқ тавсия этишган. Футболчи шу баҳона у билан дўстлашиб қолганди. Криштиану «Реал»да ўйнаганида, Гонсало унинг уйида меҳмон ҳам бўлганди. Матбуотда ёзилишича, Марекош ўз хизмати учун футболчидан ойига 125 минг доллар иш ҳақи олган.

- Роналду Туринда улкан ҳудудни ўз ичига олган кошонада яшади. Португалияликнинг орада «Ювентус» раҳбариятидан шахсий ҳимояни кучайтиришни сўрашига ҳам тўғри келган - бу ҳақда Corriere di Torino журналистлари ёзишганди. Клуб шунга мувофиқ, полиция хизматидан фойдаланди. Яъни махсус бириктирилган гуруҳ Роналдуга тегишли турар-жойни кечаю кундуз кузатди. «Юве» бундан ташқари, 3 нафар тансоқчи ёллади. Улардан бири футболчининг қаллиғи - Жоржина Родригесни қўриқлади. Яна бири доимий равишда уйни назорат қилган бўлса, учинчиси шахсан Роналду хавфсизлигига жавоб берди.

- 2014 йилги жаҳон чемпионати пайти Португалия терма жамоасини 6 нафар қуролланган қўриқчи назорат остига олган бўлса, улардан 4 нафари биргина Роналдуга бириктирилганди.

- 2016 йили Роналдуни собиқ денгиз аскарлари қўриқлашган.

- Роналду «Реал» сафига қўшилганида, клуб раҳбарияти унга дарҳол 2 нафар тансоқчи тайинлаганди. Умуман, «Қироллик клуби»нинг шахсий хавфсизлик хизмати бор ва у футболчиларни барча тадбирларда назорат остига олади. Айтишларича, «Реал» хавфсизлик тизимининг собиқ раҳбари Хулио Сендалнинг шахсан ўзи Роналду тансоқчилари машғулотларини қаттиқ назорат қилган. Қолаверса, улар Дублиндаги ёпиқ лагерда махсус тайёргарлик курсини ўтаб қайтишган.

- 2017 йилнинг ноябрь ойида нотаниш мухлис Роналдуни суратга олишни хоҳлаганида, бирданига 7 нафар қўриқчи уни четга олган.

 Ҳ.МАСАИДОВ тайёрлади

 


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz