Қайднома

Қидирув

Ракурс: Уй хизматчисига ҳиммат...

Ракурс: Уй хизматчисига ҳиммат...

  15.10.2021 08:48
  0
  270
Ракурс: Уй хизматчисига ҳиммат...

Германиялик мураббий Томас Тухель «ПСЖ»ни бошқараганида уй хизматчисини ишга ёллаган эди. У Париждан кўчиб кетаётганида ҳам, филиппинлик ўша аёлни ўз ҳолига ташлаб қўймади. Яъни унинг ўғли жарроҳлик амалиётига эҳтиёж сезишини билган Тухель операция харажатини тўлиқ ўз ҳисобидан қоплади, қолаверса, ватанига қайтиш орзусидаги аёлга Филиппиндан шинамгина вилла олиб берди - чинакам совға. Қуйидаги мақола айни шу тарих ҳақида.

***

Томас Тухель 2018 йил май - 2020 йил декабрь оралиғида «ПСЖ»ни бошқарди. Германиялик мутахассис бу даврда шахсий коллекциясини жами 5та сов­рин билан бойитди. Умуман, у Париждаги фаолиятини фақат кубоклар, балки яна бир қатор ёқимли воқелар билан ёдга олиши мумкин. Франция оммавий ахборот воситаларида ёзилишича, Тухель Парижда клубнинг барча ходимларига нисбатан ўта яхши муносабатда бўлган, уларга ҳамиша мулойимлик билан ёндашган. Франция медиа оламида ўз обрўсига эга RMC ва ESPN журналистлари Томас Тухелга яқин кишилар маълумотларига таяниб, мураббийнинг олижаноблигига мисол бўлувчи бир тарих ҳақида ёзишди. Тухель Парижга кўчиб ўтгач, оиласи билан О-де-Сен туманидан қўним топган. Парижнинг шимоли-ғарбида жойлашган ушбу мўъжаз департамент жуда тинч ва у ерда асосан бадавлат кишилар истиқомат қиладилар. Хуллас, германиялик мураббий кўпинча клуб билан овора бўлиб, уйига кам келарди. Шунинг учун у хонадонга қараб юрадиган хизматчи ёллаганди.

***

Тухель кейинчалик филиппинлик уй хизматчиси билан дўст тутинган, уни дилкаш суҳбатдош сифатида кўрган. Гап шундаки, Томас Тухелнинг рафиқаси ҳам вақтида уй хизматчиси бўлиб, қўшимча ишлаган экан. Қисқаси, Томас филиппинлик аёлдан нима учун ватанидан йироқда ишлаётгани ҳақида ҳам сўраган. Шунда у ўғли хаста эканлиги ва унинг операцияси учун пул йиғаётганини яширмайди. Аёлнинг шароитидан хабар топган Тухель дарҳол жарроҳлик амалиёти харажатини кўтаришга тайёрлигини билдиради. У кейинчалик ўз сўзи устидан чиқади.

Яна бир факт: филиппинлик хизматчи ўзаро суҳбатларда ватанига тезроқ қайтиш орзусида эканлигини ҳам кўп бора таъкидлайди. Тухель эса 2020 йилнинг декабрида Париждаги миссиясини тугатиб, кетиш олдидан аёлга хайрлашув совғаси сифатида Филиппиндан вилла олиб беради. Умуман, мураббий ўз хизматкори билан турли мавзуларда чақчақлашган: футбол, Франциядаги ҳаёт тарзи, қандайдир бошқа масалалар... Мураббийнинг оиласи Парижда ҳар доим унинг ёнида бўлмаган. Муҳими, Томаснинг турмуш ўртоғи ҳам уй хизматчиси билан жуда яхши муносабат ўрнатган. Тухель ҳаттоки, филиппинлик аёлни «ПСЖ» ўйинларига таклиф этган.

Бу Томас Тухель бағри кенг инсон эканлигига далолат берувчи ягона тарих эмас. The Guardian нашри ижодкорлари 2021 йилнинг май ойида Тухелнинг шахсий ҳаёти ва фаолияти ҳақида катта мақола тайёрладилар. Унда келтирилишича, мураббий машҳурликка эришганидан кейин ҳам собиқ ўқитувчиси Ханс Комм билан алоқаларни узган эмас. «Унинг спиртли ичимлик истеъмол қилганини бирор марта кўрмаганман. Томас ёшлигида ҳам жуда меҳрибон ва дўстсевар йигит эди. У камдан-кам ҳолатда овозини баландлатади, қолаверса, можароларда шахсиятга асло тегинмайди», - дея Комм сўзлари келтирилди ўша мақолада.

** Тухель Дортмунд «Боруссия»сини бошқарганида, клуб базасида ходимлар учун тез-тез кечки овқат уюштирарди.

** Тухель хайрия ишларида жуда фаол мураббийлардан биридир.

** Тухель «Челси» бош мураббийи сифатидаги дебютини Бешинчи лига жамоасига қарши оддий ўртоқлик учрашувида нишонлади. Мураббий 13:0 ҳисоби қайд этилган ўша баҳс якунида рақиб футболчилари билан дўстона равишда гаплашиб, уларнинг айрим хатоларини кўрсатиб берди.

Ҳ.Атавуллаев тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz