Қайднома

Қидирув

«Реал» кушандаси ва Умар Хайём ўртасида қандай боғлиқлик бор?

«Реал» кушандаси ва Умар Хайём ўртасида қандай боғлиқлик бор?

  16.10.2021 11:55
  0
  339
«Реал» кушандаси ва Умар Хайём ўртасида қандай боғлиқлик бор?

Юрий ВЕРНИДУБ: «АФСУСКИ, ЕЧЛ ДАРАЖАСИДА МОЛДОВАЛИК ФУТБОЛЧИ ЙЎҚ, ҲОЗИРЧА...». «Зенит»нинг собиқ сардори Юрий Вернидуб қисқа муддатда Молдова футболи афсонасига айланди. Ҳар ҳолда, унинг жамоаси «Шериф» - жорий ЕЧЛнинг энг катта кашфиёти! Оддий айтганда, Тирасполь клубининг шов-шувли натижалари тепасида турган украиналик мураббий Юрий Вернидуб - «Реал» кушандаси. У яна яхши бобо ҳам. «Шахтёр» ва «Қироллик клуби»га қарши кечган ўйинлардан кейин 6 очко нақд, шунингдек, набираси Ваня учун Лука Модричнинг имзоси туширилган либос ҳам. Вернидуб хорватиялик ярим ҳимоячи футболкасини «Сантьяго Бернабеу»да «Реал»нинг захира дарвозабони Андрей Лунин воситачилигида олди.

**«Сантяго Бернабеу»да «Реал»ни мағлуб этиш қандай?

**«Шериф» РПЛнинг барча клубларидан арзонлигига қарамай, бу ишни қандай уддалади?

**Ғалабадан кейин «Сантьяго Бернабеу» кийиниш хонасида нималар рўй берди? Энди мотивацияни йўқотмаслик учун нима қилиш керак?

**Молдовада легионерлар лимитининг бекор қилингани «Шериф»га нечоғли ёрдам бермоқда?

- Келинг, аввало, «Реал»ни қандай мағлуб этиш юзасидан рецепт тузамиз...

- Биринчидан, майдонга пул эмас, футболчилар тушишади - энг муҳим рецепт шу. Иккинчидан, қишки селекциямиз ўзини тўла оқламоқда. Учинчидан, жамоамиз анча ёш ва тезкор, ҳа, таркибда юлдузлар йўқ. Тўртинчидан, ҳар қандай клубни мағлуб этиш учун уни обдон ўрганиш керак. Табиийки, мураббий майдонга тушиб, ўйнай олмайди. Бизнинг вазифамиз - рақиб ҳақида максимал даражада маълумот тўплаш, барчасини йигитларга тўғри етказиш. Оддий айтганда, унинг кучли ва заиф томонларини кўрсатиб бериш муҳим. «Реал»дек кучли жамоа билан тенгма-тенг ўйнолмаслигимиз кундек равшан эди, шунинг учун махсус режа туздик. Унинг асоси оддий: ҳимоявий ҳаракат, рақиб футболчилари ёқтирадиган энг хавфли ҳудудларни тўлиқ ёпиш. Яна ҳимоя­дан тезда ҳужумга ўтиш чизмаси устида ишладик. Хуллас, айни шу фалсафага таяндик ва бу натижа берди.

- «Реал»га қарши туриш мотивациясининг ўзаги нима?

- Ҳақиқий интернационал жамоа­га эгамиз. Бундай таркиб билан ишлаётганда, футболчилар майдонда охирги жангга киришгандек ҳаракатланишлари учун уларнинг юрагига етиб борадиган янги сўзларни топиш керак. Ҳозирги даврда интернет бор, бу - кўп китоб ўқиш ва захирангизни муносиб сўзлар билан бойитиш учун қўшимча имконият. Сирларимни тўлиқ ошкор қилмайман, лекин дейлик, Умар Ҳайём ижодидан айрим яхши нарсаларни оламан. Умуман, ҳар доим вазиятга мос келадиган таклиф-талабларни кашф қилиш мумкин. Албатта, топганингизни жамоага тўғри етказишингиз ҳам муҳим. Бундан ташқари, инглиз тилини яхши тушунаман. Тўғри, равон гапиролмайман, бу борадаги билимим 3 баҳога тортса керак. Умуман, инглиз тили бў­йича ҳолатимни янги йилгача кескин яхшилашим шарт. Йўқ, тил ўрганиш учун алоҳида вақт ажратмайман. Шунчаки, ўзимча ўрганаман, чунки қандайдир дарс олиш имкони йўқ - эрталаб клуб базасига бораман ва уйга жуда кеч қайтаман.

- «Реал» иккинчи бўлимда ҳисобни тенглаштирган паллада ҳаммаси тезда тугашидан чўчимадингизми?

- Ичимда нимадир тўсатдан «ёнди»: пенальти, 1:1, важоҳатли Бензема... Асосийси, ўша паллада ҳам йигитларга ишондим, чунки тўпни майдон марказига олиб борганларида, кўзларига қараб, уларда кучли хоҳиш-иштиёқ борлигини сездим. Ғалаба голидан кейин қувончим шу қадар кучлилик қилдики, қандай тиз чўкканимни билмай қолдим. Барчамизда ақлга сиғмайдиган ҳис-туйғулар жўш урганди. Ўйиннинг асосий вақтига 6 дақиқа қўшиб берилди, якунда 7 дақиқа ўйнадик ва ғалаба голи!  Йўқ, ақлдан озмадим: ҳаёт давом этиши ва янада қатъий ишлашимиз зарурлигини яхши тушуниб турибман.

- Испан матбуоти жамоангизга паст назар билан қараганди. Сизларни менсишмаганини ўқидингизми?

- Йўқ, эътибор қаратмадим. Майли, биз ҳақимизда шундай ёзаверишсин, қарши эмасман.

- Муваффақият омилларидан бири сифатида футболчиларга босим ўтказмаслигингиз, улар билан ўзаро дўстона ишлашингизни бир неча марта таъкидладингиз. Бундай муносабат ҳақиқатан ҳам, ёрдам берадими?

- Албатта. Такрор айтаман, бизда чинакам интернационал жамоа йиғилган. Дейлик, Лотин Америкаси вакиллари кўп, африкаликлар ҳам бор, шунингдек, ўзбек Жасур Яхшибоев... Футболчилар маданияти, тамойиллари хилма-хил. Демак, мураббийлар бундай йигитлар билан эҳтиёткорона ишлашлари керак. Мисол учун, жамоамизда мусулмонлар ҳам бор ва улар Рамазон ойида кундузи ҳеч нарса емайдилар-ичмайдилар, шунга қарамай, машғулотларда қатнашаверадилар. Хўш, қаердан куч оладилар? Жиддий зўриқишларга қандай бардош берадилар? Хуллас, ҳар бир йигитнинг маданияти, диний қарашини инобатга олиш, уларга ҳурмат билан ёндашиш, заруратга қараб, қандайдир қулайликлар яратишга ҳаракат қиламиз. Бунга жавобан майдонда максимал ҳаракат кутамиз. Албатта, ҳозирга қадар инсон психологияси мавзусида кўплаб китоблар ўқидим. Тушунарлики, маслаҳат ёки олға ундовчи сўзларнинг ўзи билан иш битмайди, лекин ниманидир ишлатаман, барибир. Оддий айтганда, қаердадир шогирдларимга  мослашаман, ўрни келганда, қўлга «қамчи» олиб, қаттиққўллик қилишимга тўғри келади.

- Жамоада футболчилардан бир хил кийинишни талаб қилар экансиз: поло кўйлак, спорт кос­тюми, лекин кепкасиз. Бу сиз учун қанчалик муҳим?

- Кийиниш интизоми ҳам йигитларни тартибга солади. «Шериф»ни ҳам жамоа, ҳам катта оила сифатида кўраман. Шундай экан, ўз принципларимиз, жумладан, кийиниш услубига ҳам эга бўлишимиз шарт.

- Айни пайт 6 очко нақд. Қизиқ, жорий ЧЛ учун реал мақсад қандай?

- Гуруҳ раунди учун ҳозирча аниқ вазифа белгиланмаган. Олдинда яна 4та тур бор. Ишонинг, ҳаммаси энди бошланмоқда. Ҳар бир ўйинга жиддий тайёргарлик кўриш ва босқичма-босқич қадам ташлаш мақсадга мувофиқ. Гуруҳдаги охирги ўйинни 7 декабрь куни «Шахтёр» майдонида ўтказамиз - натижани ўшанда кўрамиз.

- Молдовада легионерлар лимити бекор қилинди. Бу «Ре­ал»ни енгишда нечоғли қўл келди?

- Айтиш қийин. 9 ойдан буён Молдова чемпионатида ишлаяпман. Ишонинг, айни пайт мамлакатда ҳаттоки, ЕЛга тортадиган футболчи топиш жуда мушкул. Эҳтимол, хато қилаётгандирман. Аммо «Реал»ни олайлик, унинг таркибида неча нафар испан бор? Дарвозабон - бельгиялик. Гутьеррес ва Начо - 11 нафар футболчидан атиги шу иккиси испан. Ваҳоланки, гап «Қироллик клуби» номига эга, кучли академияси ва катта истеъдодлар захираси мавжуд жамоа ҳақида кетяпти. Қолаверса, Испания атиги 4 миллиондан кўпроқ аҳолига эга Молдовадан анча катта. Нима, «Шахтёр»­да украинлар кўпми? Бизга қарши баҳсда асосий таркибда икки футболчи тушди - Пятов ва Матвиенко. Кўпчилик менга жамоада молдоваликлар йўқлиги юзасидан эътироз билдиради. Ҳа, бунга қўшиламан. Шунинг баробарида баралла айтаман: агар ЧЛ даражасида ўйнашга қодир молдовалик бирор футболчини топсам, унинг таркибдан жой олишига 100 фоиз кафолат бераман! Афсуски, ҳозирча бундай футболчи йўқ.

- Вақтида «Зенит»нинг илк марта Россия кубогини ютишида катта ҳисса қўшган эдингиз. Клубни ҳозир ҳам кузатиб борасизми?

- Албатта, ахир Питерда 3 йил яшаган, фаолиятимнинг энг яхши дамларини шу жамоада ўтказганман. Тўғри, бунга анча бўлди, лекин эслашга арзийдиган жиҳатлар йўқ эмас. Умуман, имкон қадар ҳаммани, барча чемпионатларни кузатаман.

- «Реал» устидан қозонилган ғалабадан сўнг чинакамига бахт­ли эканлигингизни айтдингиз. Қизиқ, сиз учун асосий бахт нима?

- Бахт - бу яқин кишингиз, болалар ва набираларингиз хотиржам, соғлом ҳолатда ёнингизда эканликлари. Асосийси - шу. Ишдаги бахт - юқорига кўтарилиш ва орзунинг амалга ошиши. Лекин бу ҳақда гапирмайман. Турмуш ўртоғимнинг айтишича, бахт сукунатни яхши кўради. Шунинг учун сукут сақлашни маъқул кўраман.

Сўз

 

- «Реал»га қарши ўйиндан олдин йигитлардан юзландим: «Сантьяго Бернабеу»да олдин ўйнаганлар борми?» Шунда ҳеч ким қўлини кўтармади. Қисқаси, бу ўйин барча йигитлар ва мураббийлар штаби вакиллари, шунингдек, шахсан ўзим учун «Бернабеу»даги биринчиси эди. Шундай экан, ғалабадан кейин мутлақо янги ҳиссиётлар оғушида қолдик. Тўғри, ҳис-туйғуларга берилган бўлсамда, ўзимни тезда тутиб олдим ва кийиниш хонасида йигитларни яхши ўйин, чиройли ғалаба билан табриклаш баробарида дарҳол бизни олдинда чемпионат етакчисига қарши баҳс кутаётганини эслатдим. Юрий Вернидуб («Шериф» бош мураббийи, Мадриддаги ўйиндан сўнг).

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz