Англия футболида янги давр бошланмоқда. «Ньюкасл» дунёдаги бадавлат фондлардан (активлари 320 млрд. фунт) бирининг ихтиёрига ўтди. Келишув нархи - 360 млн. фунтга тенг. Унинг эгаси эса «Манчестер Сити» хўжайини шайх Мансурдан 14 марта бадавлатроқ. Умуман, Саудия Арабистони давлат инвестицион фонди (PIF)нинг бутун жаҳонда рақобатчиси йўқ. Энг яқин таъқибчи - «ПСЖ»га эгалик қилувчи Qatar Sports Investment жамғармасидаги маблағ ҳам 100 млрд. фунтга камроқ.
Демак, эндиликда Англиянинг ушбу жамоаси кўпчиликнинг диққат марказида туришига шубҳа йўқ. «Ньюкасл»га бундай бадавлат хўжайиннинг келгани турли муносабатларга сабаб бўлиши турган гап. Кимдадир (клуб мухлислари орасида) у ижобий, кимдадир эса салбий. Ҳар икки томонни тушуниш мумкин. Ишқибозлар Майк Эшлининг 14 йиллик бошқаруви якунланганидан мамнун. Уларга клубни ким сотиб олгани эмас, эски хўжайиндан қутулганликлари муҳимроқ.
Топ-клублар кўпаяверсин
«Челси», «Реал», «Манчестер Сити», «МЮ», «ПСЖ». Ушбу рўйхатни истаганча давом эттириш мумкин, лекин бадавлат хўжайинлар келмаганда, улар топ-клуб бўлармиди? Уларнинг айримлари янги соҳиблар билан мутлақо бошқача ҳаёт тарзига киришишди, энг нуфузли совринлар учун курашишди. Кимдир эса тарихий буюкликни янгича тизимга кўчириб, пуллар эвазига топлар сафида қолди.
Бадавлат шахсларнинг футбол клублари бошқарувига келиши турлича кечади, лекин якун бир хил - улар билан фақат яхши бўлади. Чемпионлар Лигасининг ўтган мавсуми ярим финалида тўртта бадавлат клуб қатнашди. Футбол олами ландшафти йирик пуллар эвазига ўзгармоқда. Жамоатчиликнинг бунга муносабати қандай бўлишидан қатъий назар, саудияликлар - «Ньюкасл» учун буюкликка эришиш имкониятидир.
АПЛда раҚобат ортади
10 йил аввал Англия Премьер-лигасидан ЧЛга йўл оладиган жамоаларни тахмин қилиш осон эди. Катта тўртлик вақти-вақти билан ўрин алмашишарди, лекин асосий еврокубокка бир хил клублар чиқарди. Йиллар ўтди ва «Манчестер Сити» ҳамда «Тоттенхэм»даги ўсиш эвазига «тўртлик» «олтилик»ка айланди. Кейинги ўринларда таиландликлар пули эвазига кучайган «Лестер» бормоқда. Энди уларнинг ёнига «Ньюкасл» қўшилади. Рақобат ортади, ҳаттоки, жанговар баҳслар эвазига қўлга киритиладиган ЕЛдаги ўринлар ҳам юқори баҳоланади.
Бизни «ҚайноҚ» трансфер ойналари кутмоҚда
Гап-сўзларга кўра, «Ньюкасл»нинг янги эгалари қишки трансферлар ойнаси учун катта режалар тузишга улгуришган. Шу ўринда молиявий фейр-плей ҳақида гап-сўзлар урчиди, лекин «зағизғонлар» бу борада муаммога йўлиқмайдилар, ҳар ҳолда, иқтисодий таҳлилларга асосланган Vysyble компанияси вакили айни фикрда. «МФП томонлама муаммо кўрмаяпман, - дейди Рожер Белл ва шу заҳоти сабабини тушунтирди. - Бошқа клублар билан солиштирилганда, «Ньюкасл»нинг сўнгги йилларда трансфер бозоридаги фаоллиги чекланганди. Шу боис, муаммо туғилмайди. Ҳар ҳолда, январда шундай бўлади. Жамоа истаганча пул ишлатиши мумкин, чунки улар АПЛ ўрнатган МФП талабларига тўлиқ мос тушишади. Клубларга 2020 йилдан бошлаб уч йил давомида 105 млн. фунт зиён кўришга рухсат берилади. «Ньюкасл»нинг уч йил мобайнида 80 млн. фунт ишлаб топганини инобатга олсак, клубда манёвр ишлатиш имконияти катта».
Шундай экан, «Ньюкасл» трансфер бозорида жуда кучли иштирокчига айланади. Мбаппе, Холанд ва бошқалар, тайёрланинг!
Молиявий барҚарорлик
Трансферлар учун потенциал харажатларга қарамай, PIFнинг келиши «Ньюкасл»нинг молиявий салоҳиятига ижобий таъсир кўрсатиши тайин.
Биринчидан, сўнгги 10 йил ичида Майк Эшли инфратузилмавий объектлар учун атиги 8,3 млн. фунт ажратди (АПЛ иштирокчилари орасидаги энг ёмон кўрсаткич), демакки, стадион, база ва академия янгиланишларга муҳтож. Инфраструктура ва ёшларга йўналтириладиган сарфлар МФП таъсирига тушмайди. Шундай экан, шайхлар, катта эҳтимол, Манчестердаги стадионни реконструкция қилиб, клубга ультразамонавий база ва академияни тақдим этган «Сити» хўжайинларидан намуна олишади. Буни PIF ижрочи директори, клуб директорлар кенгашидан жой оладиган Аманда Стейвли ҳам тасдиқлади: «Бу узоқ муддатли инвестиция. Клубга ягона фалсафани сингдиришимиз, аниқ мақсадларни белгилашимиз, «Ньюкасл»нинг етакчиликни қўлга олишида ёрдамлашишимиз керак. Ниятларимиз мухлислар манфаатларига мос тушади - барқарор ва кучли, мунтазам йирик совринлар учун курашадиган, бутун жаҳондаги футбол ихлосмандларида фахр туйғуларини уйғотадиган жамоа тузиш».
Иккинчидан, АПЛдаги молиявий етакчилардан бири бўлган «Ньюкасл» Майк Эшли бошқаруви даврида ўртамиёналар сафига қўшилди. Пасайишни исботловчи рақамлар ҳам бор (сўнгги маълумотлар асосида 2007 йилги солиштирув):
* Ўйин кунларидаги даромадлар 34 млн. фунтдан 17 млн. фунтгача пасайди. Инфляция бўйича тузатишлар борлигини инобатга олсак, ҳаммаси бундан ҳам ёмон кўриниш олади;
* Тижорий даромадлар 27,6 млн. фунтдан (лигада 6-ўрин) атиги 27,7 млн. фунтга (АПЛда 10-ўрин) ошди - инфляция эсимизда;
* «Ньюкасл» DFML рейтингида 14-ўриндан 21-поғонага тушиб кетди, даромадлар бўйича 10-ўрин билан орадаги фарқ эса 19 млн. фунтдан 196 млн. фунтгача етди.
Шуниси аниқки, янги хўжайинлар ва эҳтимол, топ-футболчилар ташрифидан сўнг клубнинг даромадлари яна юқорига қараб ҳаракатланади.
******
«Ньюкасл»нинг Саудия Арабистони вакиллари томонидан сотиб олиниши ҳақидаги гап-сўзлар 2020 йилнинг баҳорида тарқалганди. Клуб ўшандаёқ обрўли хўжайинларга эга бўлиб, Англия футболида катта кучга айланиши мумкин эди. Лекин бироз кутишга тўғри келди.
Ўшанда нима
бўлганди?
- Саудия Арабистони шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмон ал Сауд британиялик молиячи Аманда Стейвли билан маслаҳатлашгандан сўнг, клубни сотиб олишга уринганди.
- Томонлар келишув ҳужжатларини АПЛга жўнатишга ҳам улгуришганди.
- Англия томонининг рад жавобини беришига биринчи сабаб - Саудиядаги телеқароқчилик. Мамлакатда футбол учрашувларини, жумладан, АПЛ ўйинларини ҳам ноқонуний трансляция қилинади.
- Иккинчи минус - Саудия Арабистонидаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммо.
- Мазкур ҳолатга араб ўлкасида ўлдирилган журналист Жамол Хашшогининг рафиқаси ҳам аралашиб, клубнинг айнан саудияликлар томонидан сотиб олинишига қарши эканлигини билдирди. Унинг эри Саудия Арабистони сиёсатига қарши бўлган.
Кейин нима бўлди?
** 2020 йилнинг майида АПЛнинг ушбу мамлакатда ноқонуний намойиш этилиши сабаб келишув хавф остида қолди - юристлар керакли ҳужжатларни қўлга киритишди.
** Бундан ташқари, «Ньюкасл»ни сотиб олаётган компаниялар гуруҳининг шаҳзода билан алоқадор эмаслиги исботланмади.
** Июль ойи охирида саудияликлар «Ньюкасл» харидидан воз кечишди. «Бизнинг инвестицион тезисимизни қўллаб-қувватлашмади», - дейишди улар ва ўз навбатида, пандемияни рўкач қилишди - янги мавсумнинг қачон ва қандай шартлар асосида бошланиши номаълум эди.
** Сентябрда АПЛ Саудия Арабистони давлат инвестиция фонди (PIF), PCP Capital Partners ҳамда Reuben Brothers кабиларни ўз ичига олган компаниялар гуруҳига клубларни сотмаслигини билдирди.
** Ноябрда «Ньюкасл» мазкур қарор юзасидан АПЛ билан судлашмоқчилиги айтилди.
** 2021 йилнинг апрелида шаҳзода Буюк Британия бош вазири Борис Жонсонга таъсир ўтказишга урингани, агар келишув амалга ошмаса, мамлакатлар ўртасидаги муносабат бузилиши мумкинлигини айтгани ҳақида хабарлар тарқалди. Кузда эса саудияликлар ва «Ньюкасл» келишуви яна актуал мавзуга айланди. Бунда телетрансляциялар масаласи асосий планга чиқди. Саудия Арабистони мазкур муаммони ижобий ҳал қилди.
Ҳозирги аҳвол Қандай?
** Авваллари Саудия Арабистони Қатардан келадиган сигнални ўғирлаб, трансляциялар пайти уларнинг логотипини ўзиники билан ёпарди. Эндиликда beIN Sports каналларининг эфирга узатилиши бўйича қўйилган тақиқ олиб ташланади.
** Шунингдек, мамлакат қароқчилика қарши кураш бошлади. Яқинда beIN Sports Саудия Арабистони ҳукуматига трансляцияларни ўғирлашда давом этаётган сайтлар рўйхатини тақдим этганди. Бир неча кун ичида ушбу сайтлар блокланди.
** АПЛ давлат клуб бошқарувида тўғридан-тўғри иштирок этмаслиги бўйича ишончнома олди.
«Ньюкасл»нинг аҳволи Қандай?
- Сўнгги 10 йил ичида клуб атиги бир марта мавсумни 10-ўриндан юқорида якунлади.
- Фақат бир марта еврокубокларда қатнашди (Европа Лигасида чорак финалгача борди).
- Мавсум-2015|2016да қуйи лигага тушиб, кейингисида яна элитага қайтди.
- Ўтган мавсум 12-ўринни эгаллади.
- Жорий мавсум охирги поғоналарда бормоқда, 7 ўйинда бор-йўғи 3 очко жамғарди.
Хуллас, «Ньюкасл» янги тарих остонасида турибди. Майк Эшлининг 14 йиллик бошқаруви эса якунланди.
Ж.БОБОХОНОВ тайёрлади
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20