Қайднома

Қидирув

Вундеркиндлар: Соядаги қаҳрамон

Вундеркиндлар: Соядаги қаҳрамон

  17.10.2021 09:49
  0
  273
Вундеркиндлар: Соядаги қаҳрамон

Ёзги трансферлар ойнасида «Челси» Курт Зумани «Вест Хэм»га сотгач, бошқа марказий ҳимоячи харид қилмади. Жюль Кунде трансфери сўнгги паллада амалга ошмади, лекин август охирида «кўклар» ушбу позицияни кучайтиришга ортиқча интилишмади - Томас Тухель жамоа ичида бу чизиқда ўйнашга муносиб номзод борлигини билдирди.

Трево Чалоба - «Челси» тизимида тарбияланган ака-укалардан бири. Уларнинг ҳар иккиси ижара асосида бошқа жамоаларда тўп суришган, кўпроқ Чемпионшипда тобланишган - лекин Натаниэл маълум муддат «Наполи»да ўйнаш имкониятини қўлга киритиб, ўйин амалиётисиз қолиб кетган бўлса, Трево «Лорьян»га ўтиб, 29та турда майдонга тушган.

Ёзда Чалоба «Челси»га қайтди - айрим футболчилар термага кетган пайт асосий таркибга кирди. Тухель у ҳақда шундай деганди: «Бу футболчини «Лорьян»даги иштироки орқали яхши билардим. Чало мавсумолди йиғинда ўзини кўрсатди. Уч марказий ҳимоячи схемасини сақлаб қолдик. Тьяго Силва, Андреас Кристенсен, Рис Жеймс ва Сесар Аспиликуэта майдонга тушмаган пайт ушбу позицияда ўйнаш учун йўл очилди».

Мавсумолди тайёргарликлар пайти ёш тарбияланувчининг таркибга киргани кўпчиликни ажаблантирмади, лекин Чалоба «Вильярреал»га қарши кечган суперкубок баҳсида ҳам бошланғич рўйхатдан жой олди. Трево ажойиб ўйин ўтказди: жамоа ҳужумлари айнан у орқали бошланди, ҳимоячи томонидан берилган 130та узатманинг 124таси аниқ бўлди.

Трево 8 ёшидан буён «Челси» тизимида. Бир сафар, Англии U-17 термаси таркибида ўйнаб юрган кезлари Дэниел Старридж унга илҳом бағишлаганини айтганди: «Дэниел Англиянинг катталар жамоасида ўйнарди. У барчамизни тўплаб, футбол асосий мақсадимиз бўлиши кераклигини таъкидлаганди. Шунингдек, уйқунинг қанчалик муҳимлигини тушунтирган. Турли байрам оқшомларидан таклиф тушганда, «йўқ» дейишнинг аҳамияти ҳақида гапирган. Футбол биринчи ўринда бўлиши лозим. Бу фикр доимо миямда сақланиб қолган. «Челси»да ҳам, «Ипсвич» ва «Хаддерсфилд»да ҳам».

Тухель схемаси уч нафар марказий ҳимоячига асосланган, бундай паллада эса Чалоба ҳам имкониятга эга бўлади. Тьяго Силва 37 ёшда, лекин у ҳамон Бразилия термасида ўйнамоқда. Демак, у миллий жамоалар ўйини сабаб кетишга мажбур бўлади - бундай паллада «Челси» Антонио Рюдигер ва Кристенсенга шериклик қиладиган футболчига эҳтиёж сезади. Жароҳатга мойил Тьяго Силвасиз чора кўришни ўрганиш лозим.

АПЛ 1-турида Чалоба, Рюдигер ва Кристенсен трио ҳосил қилишди, Тьяго Силва захирада қолди - якунда «Челси» «Кристал Пэлас»га умуман имконият қолдирмади. «Арсенал» ва «Ливерпул»га қарши кечган сафар учрашувларида Трево «ўриндиқ»да ўтирди: Тухель мудофаа марказига номинал қанот ҳимоячиси Аспиликуэтани қўйишни афзал билди. Лекин мазкур режанинг яққол камчилиги бор: Аспиликуэта қанотда ўзининг энг яхши сифатларини кўрсатишдан мосуво бўлади, Жеймсга берилган имконият эса «Ливерпуль» билан ўйиндага четлатиш сабаб йўққа чиқди.

Ҳозир Тухель Чалобанинг хизматларидан нисбатан кучсизроқ жамоаларга қарши баҳсларда фойдаланмоқда. Қаҳрамонимиз 4-тур доирасидаги «Астон Вилла» билан ўйинда майдонга тушди, кейин эса, «Тоттенхэм» ва «Манчестер Сити» билан учрашувларни захирада томоша қилди - ке­йин «Саутгемптон»га қарши баҳсда яна «бошланғич»дан жой олди. Мазкур учрашувларнинг барчасида Трево марказий учликнинг ўнг томонида тўп суриб, вингернинг асосий эътиборни ҳужумкор ҳаракатларга қаратишига замин яратди. «Астон Вилла» билан ўйинда ушбу ролни Каллум Хадсон-Одои бажарди, лекин унчалик ўхшамади - Аспиликуэта ўнг томонда ўйнаган пайтда эса, Чалобанинг у билан ҳамкорлиги анча самарали кўринди.

«Авлиёлар» билан ўйинда Трево ҳисобни очувчи голга муаллифлик қилди, Сесар эса ғалаба голига ассистент бўлди. «Челси»нинг икки голи бекор қилинди, лекин «Саутгемптон» рақибининг ҳужумларига дош беролмади. Чалоба учта яккакурашнинг иккитасида ғолиб чиқиб, икки марта тўпни эгаллаб олишни амалга оширди. Хавфнинг катта қисми нариги қанотда кузатилди ва у ерда ўйнаган Бен Чиллуэлл «Челси»нинг яна бир тарбияланувчиси - Тино Ливраментога қарши қўполлик ишлатиш оқибатида пенальтига сабабчи бўлди.

«Челси» кейинги ёзда ҳимоячи сотиб олишга уриниб кўради, бироқ Чалобанинг топ-клубдаги дастлабки иштироки ёмон чиқмади. У Тухель жамоасининг соя­даги қаҳрамони бўлиб турибди.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz