Қайднома

Қидирув

Аъзам ШЕРҒОЗИЕВ: «Биринчи марта муваффақиятга эришдик»

Аъзам ШЕРҒОЗИЕВ: «Биринчи марта муваффақиятга эришдик»

  17.10.2021 11:44
  0
  237
Аъзам ШЕРҒОЗИЕВ: «Биринчи марта муваффақиятга эришдик»

U-21 Биринчилигининг 21-турида сафарда тўп суришига қарамай, «Бунёдкор» жамоасини йирик (5:2) ҳисобда мағлубиятга учратган АГМК муддатидан анча олдин чемпионликни қўлга киритди. Олмалиқликлар 21 учрашувдан 16тасида ғалаба қозонишди, учта ўйинни дуранг билан якунлашди, атиги икки учрашувда имкониятни бой беришди. Жамоа «Андижон», «Турон» ва «Қизилқум» билан ўйинларда бир хил (1:1) натижа қайд этган бўлса, «Пахтакор»га 1:2, «Бунёдкор»га эса 0:2 ҳисобида ютқазди. Тўплар фарқи - 37:18. Иккинчи ўринда бораётган «Бунёдкор» АГМКдан 16 очкога ортда қолмоқда. ПФЛ матбуот хизмати ғолиб жамоани табриклаш ва муваффақиятлар сирини билиш мақсадида АГМК U-21 бош мураббийи Аъзам Шерғозиевга мурожаат этди.

- Олмалиқда футболни севишади, - дейди мураббий. - Туман ва шаҳар ҳокимияти, айниқса, бош муассисимиз - Олмалиқ кон-металлургия комбинати акциядорлик жамиятининг эътибори, қўллаб-қувватлаши натижасида шаҳримизда футбол анча ривожланди. Бош жамоамиз неча йилдирки, кучлилар қаторига киришга интилади, Ўзбекистон кубоги соҳиби бўлган. Футзалчиларимиз бир неча йил пешқадамликни ҳеч кимга бермади. Аёллар футболидаги ютуқларимизни ҳам, насиб қилса узоқ кутмасак керак. Шулар қаторида энди бизнинг U-21 жамоамиз ҳам тилга тушадиган бўлди. Биринчи марта муваффақиятга эришдик. Бўлганда ҳам муддатидан беш тур аввал.

- Муваффақиятлар бежиз эмас - тажрибали мураббий, қулай шарт-шароитлар, раҳбариятнинг кучли эътибори...

- Ҳақ гап. Аслида, 2008 йил АГМКнинг олий лигага чиқишига футболчи сифатида ҳисса қўшганман. Орада «Семурғ», «Машъал», «Металлург», «Зарафшон», «Трактор», «Вобкент» жамоаларида ўйнадим. Шукрки, футболчилик фаолиятимни ҳам 2016 йили айнан АГМКда тугатдим. Ўша йилиёқ мени асосий таркибнинг ёшлар жамоасига мураббийликка жалб этишди. У ерда бош мураббий Суюн Муртазоевга ёрдам бердим. 2018 йилдан шу жамоада бош мураббийман. Икки йилдирки, чемпионатда 4 ва 5-ўринларни эгалладик. Ютуқларимизнинг сабаби - раҳбариятимиз эътиборида. Футболчига энг муҳими, сифатли майдон ва тўп ҳамда тўйимли озиқ-овқат керак. Бизда буларнинг бари мавжуд. Машғулотларимиз учун алоҳида майдон, четдан келган футболчилар учун ётоқхона хизматимизда. Энг муҳими, бош жамоамиз устози Миржалол Қосимов имкон қадар ҳар ўйинимизга келади, кела олмаган пайтда ёрдамчисини юбориб, доимий равишда маълумотлар билан қизиқади.

- Шогирдларингиздан бош жамоага жалб этилганлар ҳам борми?

- Ишимизнинг асосий мақсади ҳам шу. Айни пайт асосий таркибда тўп сураётган Жасур Умаров ва Нодир Абдураззоқов биздан чиққан. Сардор Абдунабиев («Нефтчи»), Шероз Жалолов («Янгиер»), Элдор Бегимов («Олимпик»), Низомиддин Зиёвуддинов («Турон») каби шогирдларимиз айни пайт Суперлига ва Про лига клубларида ижара асосида тўп суришяпти. Бу йил ўзини кўрсатган Бобур Садиров, Суннатилла Абдуғаниев, Искандар Бусинов Миржалол Қосимовга маъқул келиб, келаси йилдан катталар сафига қўшилишга тайёргарлик кўришяпти.

- Қийин кечган ўйинлар...

- «Насаф» ва «Турон» билан ўйинларимиз қийин кечди. Айниқса, «Навбаҳор»га қарши баҳс эсда қоладиган бўлди. «Бунёдкор» ва «Пахтакор» эса ҳар доимги жиддий рақибларимиз.

- Таркибга танлов қай йўсин амалга оширилади?

- Таркибимизда нафақат 21 ёшлилар, ҳатто 17 ёшли истеъдодли футболчилар ҳам бор. Мақсадимиз - уларни сақлаб қолиш. Таркибга эса 18 ёшлилар гуруҳидаги ўсмирлар, вилоят биринчилигида қатнашувчи «Олмалиқ» жамоаси ёшлари ва яна турли турнирлардан эътиборимизни тортган ёшларни жалб этамиз. Қолаверса, республика бў­йича бир қатор мураббийлар ҳам ўз шогирдларини тавсия этишади. Талабимизга жавоб берганларни олиб қоламиз.

- Келгуси режалар...

- Чемпион бўлишдан кўра уни сақлаб қолиш қийин, дейишади. Бор кучимиз билан шунга ҳаракат қиламиз. Олиб бораётган меҳнатимиз тасодиф эмаслигини исботлаш асосий мақсадимиз бўлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz