Қайднома

Қидирув

Сулола: Майдонда яна Мальдини!

Сулола: Майдонда яна Мальдини!

  18.10.2021 03:18
  0
  172
Сулола: Майдонда яна Мальдини!

Буюк Чезаренинг набираси, буюк Паолонинг ўғли бўлмиш Даниэль Мальдини «Милан» таркибидаги дастлабки голини амалга оширди. Агар «Милан»нинг рамзи бўлса, бу шубҳасиз, Мальдинилар сулоласи. Афсонавий Паоло ўз фаолиятини якунлаган паллада, клубнинг ўша пайтдаги вице-президенти Адриано Галлиани жамоада 3-рақам муомаладан чиқарилгани ва бу рақам остида фақат Мальдинилар майдонга тушишларини маълум қилганди.

Бироқ ўша вақтда оилавий сулоланинг давомчиси аниқ эмасди. Тез орада бу масала ижобий ҳал этилди: Паолонинг 19 ёшли ўғлони Даниэль «Милан» либосида майдонга тушиб, «Специя» дарвозасига гол урди. Тўғри, у 3 эмас, 27-рақам остида тўп сурмоқда. Лекин бунинг ортиқча аҳамияти йўқ.

«Россонерлар» таркибига Мальдинилар авлодидан дон Чезаре биринчи бўлиб келди. У 1954 йилда камтарин «Триестина»дан «Милан» сафига ўтиб, 12 йил ичида қитъанинг энг яхши ҳимоячилари қаторидан жой олган ва клуб афсонаси мақомига кўтарилган. «Қизил-қоралар» либосидаги 412та учрашувида дон Чезаре 4та скудетто ва клуб тарихидаги дастлабки Европа Чемпионлар кубоги соҳибига айланди.

Замондошларининг ҳикояларига кўра, Чезаре позиция танлаш бобида ва «иккинчи қават»­да ўта ишончли тўп сурган. Қўпол «подкат»лар ва «суяксиндирарлар» даврида ўйнаганига қарамасдан, ўзи қўполликларга йўл қўймаган. Ана шу ажойиб хислати Паолога мерос бўлиб қолди. 1967 йилда футболчилик фаолиятини якунлаган Чезаре «Милан»нинг мураббийлар штабидан жой олди, бир йилдан кейин Паоло дунёга келди. 10 ёшида клуб академиясига келган Паоло ажойиб иқтидорини юзага чиқарди ва 1985 йил январида асосий жамоада дебютини нишонлади. Ўшанда бўлажак афсона 16 ёшу 208 кунлик эди. Кун сайин янада ишончлироқ тўп сурган ҳимоячи охир-оқибат, отасидан ўзиб кетди.

Паолонинг барча соврин ва рекордларини санаб чиқиш анчагина вақт талаб қилади. Асосийси, Мальдини номи 1990-2000 йилларда эталон ҳимоячи иборасининг синонимига айланди. Италиялик афсонанинг ўйинига «Милан»нинг собиқ бош мураббийи Карло Анчелотти қуйидагича таъриф беради: «Милан»даги фаолиятимда ҳеч қачон шуғулланмаган юмушим - ҳимоя тактикасидан сабоқ бериш. Ўйлаб кўрсам, шогирдларимнинг орқа чизиқда қандай ҳаракат қилишлари хусусида бирор марта ҳам машғулот ўтказмаган эканман. Чунки жамоамда Паоло Мальдини ва Алессандро Несталар бор эди. Энди айтинг-чи, шундай мукаммал ижрочиларга ҳимоя бобида қандай янгиликни қўшимча қилишим мумкин?».

Ҳозирда Паоло «Милан»да техник директор вазифасини адо этмоқда. Жамоадаги босқичма-босқич ривожланиш жараёнида ўзига яраша ўринга эга.

Афсуски, набирасининг дебюти (Даниэль 2020 йилнинг 3 февралида илк марта майдонга тушганди) ва дастлабки голини кўриш Чезаре Мальдинига насиб этмади. Паоло эса ўз вазифаси тақозосига биноан, ўша оқшом «Альберто Пикко» стадионида эди, тўп дарвоза тўридан жой олганида, ундан бахтлироқ инсон йўқ эди. Ҳужумкор ярим ҳимоячи рақиб ҳарима майдончасига ёриб кирди ва Пьер Калюлю узатган тўпни «Специя» дарвозасининг ўнг қанотига йўллади. 10 дақиқадан кейин учрашув қаҳрамонини захира ўйинчиси билан алмаштиришди, у эса вақтни чўзганлиги учун сариқ карточка билан жазоланди.

Ҳа, «ҳужумкор ярим ҳимоячи» атамаси сизни ажаблантиргани аниқ. Ўғлининг позицияси борасида Паоло шундай деди: «Даниэль - плеймейкер, тўпурар, «ўнлик». Оиламизда фақат у шунақа ўйинчи. Тўп билан ижод қиладиган шоир. Унда ўзимнинг табиатимни кўряпман. Унинг ёшида мен айнан у каби ўйнардим. Ваҳоланки, бир неча йиллар аввал мухлислар менинг ўйинимда отам сиймосини кўришарди. Ўйлашимча, бу ирсиятнинг таъсири».

Паоло ўз ўғлони билан фахрланади. Эҳтимол, у фарзандининг муваффақиятидан ўз голларидан ҳам кўпроқ завқ олгандир. Тантананинг асосий «айбдори» эса ўз ўйинига камтарона изоҳ берди: «Голни бошим билан уришимни кутмагандим. Аслида, тўп билан оёқда муомала қиламан. Энди «Сан-Сиро»да гол уришга уриниб кўраман».

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz