Қайднома

Қидирув

Эътироф: Ҳозирча назардан четда...

Эътироф: Ҳозирча назардан четда...

  18.10.2021 06:00
  0
  287
Эътироф: Ҳозирча назардан четда...

Шубҳа йўқки, Холанд, Левандовски ва Роналдунинг янги голлари, «ПСЖ»даги юлдуз ҳужумчиларнинг қийинчиликлари ёки Карим Бенземанинг муваффақиятларидан барчамиз яхши хабардормиз. Лекин футбол фақат суперюлдузлар билан чекланган эмас. Қуйидаги материал ҳозирча номлари турли бурчакларда эшитилавермайдиган ўйинчиларга бағишланган. «Ҳозирча» атамаси яқин йилларда ўз кучини йўқотиши аниқ.

НИКОЛО БАРЕЛЛА («Интер», Италия. 24 ёшда, суратда)

Рўйхатимиздаги энг нуфузли футболчи, «Интер» таркибида «А» серия ғолиби, Италия терма жамоаси билан Европа чемпиони. Барелла анчадан бери юқори савияни намойиш этаётган бўлсада, хорижликлар ҳанузгача муносиб баҳо беришмаяпти. Ваҳоланки, Николо фаолиятининг чўққисига тобора яқинлашмоқда. Жорий мавсумнинг дастлабки 7 учрашувида у ўз ҳисобига гол ва 5та ассист ёздириб қўйди.

САНДРО ТОНАЛИ («Милан», Италия. 21 ёшда, суратда) 

Миланнинг қарама-қарши қисмида ярим ҳимоя чизиғининг бошқа етакчиси жавлон урмоқда. Сандро ўтган йилнинг ёзида «Милан»га келганида, «янги Пирло» сифатида кутиб олинган бўлсада, дебют мавсумида ўзини кўрсата олмади. Лекин ҳозир бу мақомга лойиқ эканлигини исботламоқда. Ўзининг «Милан»даги дастлабки голини стандарт вазиятдан унумли фойдаланган ҳолда, жозибали зарба эвазига амалга оширди. У Барелладан ташқари яна бир ватандоши билан стартни шиддатли бошлаган футболчилар сафида бормоқда.

ЛОРЕНЦО ПЕЛЛЕГРИНИ («Рома», Италия. 25 ёшда)

Бу йигит «бўрилар» таркибида мавсумни сермаҳсул старт билан бошлади - барча турнирлар доирасидаги 9 учрашувда 7та гол ва 2 ассист. Бундан шошиб қолган мутасаддилар лабларини тишлаб қолмаслик мақсадида Лоренцо билан янги шартнома имзоладилар. Футболчи эса бу муҳим воқеадан кейин ЕМЛ турнирининг ярим финалида терма жамоага муҳим голни совға қилди. Пеллегрини - Моуриньо амалга ошираётган инқилобнинг асосий етакчи кучи.

БРАИМ ДИАС

(«Милан», Испания. 22 ёшда)

Рўйхатдан ўрин олган «А» сериянинг тўртинчи ва сўнгги вакили. Аввалроқ у «Манчестер Сити» ва «Реал»да, энди «Милан»да мақтовларга муносиб жавоб қайтармоқда. Натижада ижарада тўп сура бошлаган ҳужумчи ҳозир 4та гол ва 2та ассистни амалга ошириш орқали «россонерилар» сафида етакчи ҳужумчи бўлиш истагини намойиш этмоқда.

АРНОЛЬД ГРУНЕВЕЛЬД

(«Вильярреал», Нидерландия. 24 ёшда)

Ёзда «Вильярреал» «Борнмут»­га 25 млн. евро тўлаш эвазига нидерландиялик вингерни ўз таркибига қўшиб олганди. Стартдаги ўйинлар хариднинг омадли эканлигини исботлади. Арно Ла Лигада 4та гол, ЕЧЛда гол ва ассистни амалга оширишга улгурди. Афтидан, Унаи Эмери бу шогирдини тез орада юксак савияга олиб чиқиб, икки баравар қимматроқ баҳода АПЛ грандларидан бирига сотиб юборадиган кўринади.

НИКО ШЛОТТЕРБЕК

(«Фрайбург», Германия. 21 ёшда)

Кристиан Штрайх жамоаси мавсумни муваффақиятли бошлаганининг асосий сабаби - ишончли ҳимоя чизиғи. Ортда қолган 7 турда «Фрайбург» 5 марта ўз дарвозасидан тўп олиб чиқди. Бунда марказий ҳимоячи Шлоттербекнинг сезиларли улуши бор. Тез орада Нико қитъанинг етакчи ҳимоячилари сафидан жой олиши аниқ. Ҳозир у Бундестимдан таклиф олди, баҳорда эса ёшлар ўртасидаги Европа чемпионатида ғолиб чиққанди.

АМИН ГУИРИ

(«Ницца», Франция. 21 ёшда)

Келиб чиқиши жазоирлик бўлган ёш иқтидор соҳиби узоқ вақт франциялик келажаги порлоқ ёшлар сафида юрди. Ўтган йили «Лион»дан «Ницца»га ўтгач, шиддат билан чўққи сари интилмоқда. Лига 1нинг аввалги мавсумида Амин гол}пас тизимида 12}7 натижани қайд этган бўлса, жорий мавсум стартининг ўзида 8 марта майдонга тушди ва шунча (5}3) балл жамғаришга улгурди. Гуирининг сермаҳсуллиги туфайли «Ницца»да ЕЧЛ йўлланмасини қўлга киритиш имконияти пайдо бўлди.

АНТОНИ

(«Аякс», Бразилия. 21 ёшда)

Токиодан Олимпиада чемпиони унвони билан қайтган Бразилия терма жамоаси аъзоси Нидерландия гранди таркибида мукаммаллик сари дадил интилмоқда. Яқинда у миллий терма жамоада ўз дебютини ўтказиб, тарихий воқеани Венесуэла дарвозасини ишғол этиш билан нишонлади. Ҳозир Антони Европа топ-клублари нишонида: «Аякс» вингери учун «Бавария» ва «Манчестер Сити» ўртасида муросасиз кураш кечмоқда.

ПОЛ АНУАЧУ

(«Генк», Нигерия. 27 ёшда)

Ёш иқтидорлар орасида айни кучга тўлган пайтида юксак савияни намойиш этаётган футболчини зикр этишни ўринли, деб топдик. Нигериялик ҳужумчи Европа футболи билан Даниянинг «Мидтьюлланд» клубида танишди. 2019 йилда у Бельгиянинг «Генк» клуби таркибидан жой олди. Янги жамоадаги дебют мавсуми мақташга арзигулик даражада ўтмаган бўлсада, 2020|2021 йиллар мавсумининг 41та учрашувида 35та гол урди. Жорий мавсум стартида эса 11 марта рақиблари дарвозаларини нишонга олди. Энди бу «гол машинаси» учун навбат топ-чемпионатларга келган кўринади.

ХУЛИАН АЛЬВАРЕС («Ривер Плейт», Аргентина. 21 ёшда)

Жанубий Америкада бирданига икки нафар Альвареслар яқин келажакда Европа клублари юлдузларига айланиш йўлида дадил одимламоқдалар. «Пеньярол»даги уругвайлик Агустинни хотирада сақлаган ҳолда, бор эътиборимизни аргентиналик Хулианга қаратамиз. «Ривер Плейт» вакили - аргентиналикларга хос типик ҳужумчи: ўрта бўйли, чўрткесар, бақувват. Хулианнинг статистик кўрсаткичлари ҳозирнинг ўзида кескин ўсишда давом этмоқда: Аргентина чемпионатининг 11 учрашувида 11 балл (7}4). Ортда қолган дам олиш оқшомида Альварес фаолиятидаги асосий беллашувда азалий рақиб - «Бока Хуниорс» дарвозасига 2та гол урди ва Аргентина Суперкласикоси қаҳрамонига айланди.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz