Англия олий дивизиони ташкил топганидан буён 129 йил ўтди ва шу муддат мобайнида кўплаб жамоалар биринчи ўринни эгаллашди. Улар орасида «Шеффилд Уэнсдей», «Олдхэм Атлетик» ва ҳаттоки, «Лутон» ҳам бор - лекин «Брайтон» йўқ...
АПЛ 6-турида Грэм Поттер шогирдлари «Кристал Пэлас» билан дуранг (1:1) ўйнаб, АПЛ жадвалини бошқариш имкониятини қўлга чиқаришди. Шунга қарамай, ажойиб стартдан кейин, ўтган мавсумнинг 16-жамоаси «Манчестер Сити», «Челси» ва «Манчестер Юнайтед»лар даражасида юрибди, пешқадам «Ливерпуль» билан очколар фарқи атиги битта. Бунга қандай эришилди?
Шунчаки, омад
Ўтган мавсум «Брайтон» мемга айланди, чунки жамоага ҳеч омад кулиб боқмади. Understat маълумотига кўра, улар ўзлари лойиқ кўрилганидан 20 очко кам жамғаришган: кутилган миқдор (xPoints) 61,41га тенг бўлгани ҳолда, улар 41та тўплашди. Бу Европа топ-5 чемпионатларидаги энг юқори кўрсаткичдир. Шунга ўхшаш (лекин даражаси пастроқ) вазиятга йўлиққан жамоалар (АПЛда «Фулхэм», «А» серияда «Парма», Ла Лигада «Эйбар») мавсум охирида элитани тарк этишди.
«Брайтон» пастдан ҳисоблаганда бешинчи ўринни эгаллаган бўлсада, аслида ўйин жиҳатидан юқори бешликка киришга лойиқлигини исботлаганди. Одатда, бундай статистик номутаносиблик мавсумдан мавсумга кўчмайди, шу боис, «Брайтон»да ўртача ўсиш кузатилиши одатий ҳол эди. Яъни, назарий жиҳатдан жамоадан:
- имкониятлардан фойдаланиш кўрсаткичини яхшилаш (ўтган мавсум кутилган голлар (xG) 53,82 бўлгани ҳолда, 41та гол уришганди).
- дарвоза дахлсизлигини сақлашда ҳушёрроқ бўлиш (xG 39,9га тенг бўлгани ҳолда, 46та тўп ўтказиб юборишган) талаб этиларди.
Вазият қай тариқа ўзгарди? Энг кулгилиси, янги мавсумда «Брайтон» «бошдан баланд сакрамоқда»: улар қўлга киритилган ва кутилган очколар фарқи бўйича лигада энг катта фарққа эга бўлиб туришибди (-5,60 xP). Бундан кўринадики, «Брайтон» ўзи лойиқ бўлганидан 6 очко кўп жамғарди. Европанинг топ-5 чемпионатларида «ПСЖ» (xP 18,01 бўлгани ҳолда, 24 очко) ва «Лорьян» (xP 6,02 бўлгани ҳолда, 13 очко) кўпроқ тўплаган.
The Athletic нашрининг «Брайтон»га ихтисослашган журналисти Энди Нэйлорнинг ёзишича, клубда ривожланиш кўламини аниқлаш учун бир ўйинда қўлга киритилган ўртача очко миқдоридан фойдаланилади. Мисол учун: бир ўйинда ўртача икки очкони қўлга киритиш Чемпионшипдан чиқишни, АПЛда эса еврокубоклар ҳудуди учун курашишни англатади.
«Брайтон» Премьер-лигада ўтказган бутун даври мобайнида бир ўйинда ўртача 1,08 очко олган. Жорий мавсумда эса битта ўйиндаги кўрсаткич 2,4тага тенг бўлмоқда. Албатта, танлов имконияти чекланган, шу боис, натижаларнинг яна пасайишини кутиш мумкин. Аммо «Брайтон»нинг ҳозирги пайтдаги темпи ҳавас қиларли даражада - амалдаги чемпион «Сити» ўтган мавсум ҳар бир ўйинда ўртача 2,26 очко жамғарганди.
Ишончли мудофаа ва хавфли стандартлар
Поттер эса муваффақиятли стартни босиқлик билан изоҳлади. «Пэлас»га қарши баҳс арафасида унинг фикрлари қуйидагича янгради: «Ҳеч қандай сеҳрли формула йўқ. Ишлашда давом этишимиз, қилаётган ишимизга ишонишимиз керак. Ўтган мавсумдаги ўйинимиз натижаларимиздан яхшироқ бўлганини билардик. Бу йил эса, эҳтимол, бизга омад кўпроқ кулаётгандир».
«Брайтон» ютуғи негизида мудофаанинг мустаҳкамлиги ётибди. Олти турда 5та гол ўтказиб юборишди (фақат «Сити», «Челси» ва «Ливерпул»да камроқ), улардан иккитаси - пенальтидан. «Брайтон» камдан-кам ҳолларда рақибнинг ўйиндан имконият яратишига қўйиб беради: xG кўрсаткич 5,58га тенг, айни рақамлар фақат «Сити» ва «Вулвз»да камроқ, холос.
Рақиб томонидан йўлланган 67та зарбанинг атиги 14таси аниқ бўлган - мўлжалга тўғри борган зарбалар бобида нисбатан камроқ кўрсаткич «Сити»даги Эдерсонга тегишли. Бундан кўринадики, Роберт Санчес дарвозаси томон йўлланадиган зарбаларнинг фақат 20,9 фоизи аниқ чиқмоқда - бу ҳам амалдаги чемпионлардан кейинги иккинчи кўрсаткич.
«Брайтон»-2021|2022да стандарт вазиятлардан фойдаланиш самарадорлиги ҳам ошган: голларнинг деярли учдан бир қисми (8тадан 3таси) стандартлар маҳсули бўлди. Бурчак зарбаси натижасида «Уотфорд» дарвозасини ишғол қилинди (ғалаба голи), жарима зарбаси ва пенальти ёрдамида «Лестер» кипери ранжитилди, «Брентфорд» дарвозасига эса аутдан ташланган тўп киритилди (ғалаба голи).
«Брайтон» ўтган мавсум прессинг ишлатадиган жамоалар топ-еттилигига кирганди, ушбу йўналишда янада ўсишга эришди. PPDA (бир ҳимоявий ҳаракат - тўпни эгаллаб олиш ёки олиб қўйишга нисбатан рақибнинг узатмалари сони) кўрсаткичининг 11,3га тенглиги - чемпионатда «Ливерпуль» ва «Сити»дан кейинги учинчи натижа. «Брайтон» олти ўйин давомида 49 марта тўпни рақиб майдонининг 3дан бир қисмида қайтаришга эришган (6-кўрсаткич), улардан бири - «Уотфорд» билан ўйиндагиси самарали бўлди.
Лекин «Брайтон»нинг жадвалда юқори ўринни эгаллаб туришининг асосий сири оддий - энди улар тенгма-тенг ўйинлар ўтказишмоқда. Жамоа кутилган голлар бўйича солиштирганда, олти рақибнинг фақат иккитасидан устун келди: «Уотфорд» ва «Лестер». «Тулкилар» билан ўйинда xG 0,22ни ташкил этганди, мазкур ҳолатда ҳисоб 1:2 бўлиб турганда «Лестер»нинг иккита голи бекор қилинганини таъкидлаш жоиз.
«Брайтон» кескинлик масаласида бой берди, аммо «Бёрнли» (1,69га қарши 1,8 xG, якуний ҳисоб - 2:1) ва «Брентфорд» (0,29га қарши 0,73 xG, якуний ҳисоб - 1:0) мағлубятга учратилди. Шунингдек, кутилган голлар бўйича «Брайтон»дан икки баравар кўпроқ кўрсаткичга эга «Пэлас» (0,65га қарши 1,73 xG) билан ўйинда дуранг қайд этди. Барча вазиятларда голлар ўйиннинг охирги қисмига тўғри келди: «Бёрнли»га - 70-дақиқадан кейин, «Брентфорд»га - 90-дақиқада, «Пэлас»га - 95-дақиқада.
Ёзда кучли ҳимоячи сотидди, қолган етакчилар сақланиб қолди
«Брайтон» трансфер бозорида ўз активларидан унумли фойдаланди. Ив Биссумага топ-клублар томонидан қизиқиш борлигига қарамай, сотилмади. Бен Уайт эса «Арсенал»га бозор нархидан баландроққа пулланди (Transfermarkt 28 млн. еврога баҳолаган футболчига 58,6 млн. евро тўланди). Олинган маблағ таркибни кучайтиришга сарфланди.
«Хетафе»дан харид қилинган Марк Кукурелья (18 млн. евро) чап қанотда жавлон урмоқда. «Зальцбург»дан олинган универсал футболчи Энок Мвепу (23 млн. евро) эса ўрта чизиқдаги ротацияни кучайтиради, унда вақти келиб Биссумага ўринбосар бўлиш учун салоҳият етарли. Шунингдек, «Аякс»дан келган дарвозабон Кьелл Схерпен (5 млн. евро) ҳамда вингер «Славия»дан олинган Абдалла Сима (8 млн. евро; мавсумни ижара асосида «Сток Сити»да ўтказади) келгусида «Брайтон»га фойда келтиришлари мумкин.
Барча трансферларда тизимли ёндашув сезилди: Жесси Марш («Зальцбург») ва Хосе Бордалас («Хетафе») қўл остида тобланган футболчиларнинг Поттер йўлга қўядиган шиддатли футболга мослашиш қийин бўлмайди. Янги келганларнинг ҳаракати ёмонмас: Кукурелья АПЛдаги ўйин вақтининг 97 фоизини ўтказишга улгурди. Мвепу эса «Кардифф»га қарши кечган Лига кубоги баҳсида (2:0) ассист муаллифига айланди.
Ҳимоя марказида Уайтнинг ўрнини тўлдириш масаласини ҳам «Брайтон» тежамкор услубда ҳал қилди: «Селтик»дан ижарадаги Шейн Дафф қайтарилди. Ирландиялик футболчи Поттер тизимига яхши мослашди ва стандарт вазиятларда рақибга катта хавф туғдирмоқда: бир ўйинда ўртача 1,83та зарба йўлламоқда, «Уотфорд» билан баҳсда ғалаба голини урди.
«Брайтон» омадсиз мавсумдан кейин таркибда катта ўзгаришлар қилмаяпти, етакчиларга боғланиб қолмаган. Грэм Поттер жамоани сақлаб қолди, Дэви Проппер (ПСВ), Мэтью Райан («Реал Сосьедад») ҳамда Алиризо Жаҳонбахш («Фейеноорд») каби кераксиш футболчиларни қўйиб юбориш орқал таркибга баланс киритди.
Бу мавсум «Брайтон» еврокубоклар ўрни учун курашади
«Футболда ҳам, ҳаётда ҳам нохуш дамларни ўтказишинг мумкин. Ҳамма гап унга қандай муносабатда бўлишинг, келгусида ишларни қай тариқа ҳал қилишингга боғлиқ», - деди Поттер сентябрда Sky Sports вакилларига берган интервьюсида. Мураббий жамоага ўтган мавсумдаги натижаларга тўғри муносабатда бўлишни ўргатди, шогирдларининг ўзлари намойиш этадиган футболга ишончни йўқотишларига йўл қўймади ва яна бир имконият борлигини айтиб, илҳом бағишлади.
«Брайтон» хўжайинлари эса бир тарафлама (турнир жадвалидаги ўрин каби) критерияларга таянишмади ва мураббийлар штабига ишни давом эттириш имконини тақдим этишди. «Брайтон» техник директори Дэн Эшворт The Athletic нашрига берган интервьюсида вазият бўйича соғлом фикр билдирди: «Ўтган мавсум VAR масаласида омадимиз келмади, лекин ортиқча ўзгаришларга жазм қилмадик. Биз Грэмга ишонамиз, ҳозир йўлга қўйилган ишлар - селекция, машғулотлар, барча ҳаракатларимиз фойдамизга ишламоқда. Ўтган мавсум айрим вазиятлар бизга қарши ишлади, жорий мавсумда ҳам шундай бўлиши турган гап. Спортда самарадорлик пастлигида шунақаси ҳам учрайди. Лекин биз режаларимизга ишонамиз, мақсадимизга эришиш йўлида етарлича очко тўплашдан умидвормиз».
«Брайтон» жорий мавсум бир йил аввал тузган режаларига асосан иш юритиши лозим. Масалан: турнир жадвалининг юқорисига жойлашиш, «Лестер», Лондоннинг инқироздаги топлари ва бошқа хоҳловчилар билан иккинчи даражали еврокубоклар ўрни учун курашиш.
А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20