Қайднома

Қидирув

Иньяки Уильямс: «Орзумни амалга ошириб, тарихга кирдим»

Иньяки Уильямс: «Орзумни амалга ошириб, тарихга кирдим»

  20.10.2021 03:30
  0
  266
Иньяки Уильямс: «Орзумни амалга ошириб, тарихга кирдим»

«Атлетик» Бильбао - давримизнинг ўзига хос ноёб клубидир. Консерватив трансфер сиёсати, фақат ўз академияси битирувчилари ва баск футболчиларига таяниш «шерлар»нинг янги, юқори босқичга ўтишига, Европа мусобақаларида барқарор ўйнаб, Ла Лигада мунтазам юқори ўринларни эгаллашига сабаб бўлмаслиги мумкиндир, лекин клуб узоқ вақтдан бери ўз йўлини танлаган ва ҳеч нарсага қарамай, у Испания футболида сезиларли из қолдирган, қолдирмоқда ва қолдиради. Тельмо Сарра, Пичичи, Дани Руис, Хосе Анхель Ирибар, Хулен Герреро, Хосеба Эчеберрия, Андони Ираола, Исмаэль Урсаис, Ариц Адурис, Икер Муньяин - бу «Атлетик»ни эслаган заҳоти ёдга тушадиган исмлар. Икер ҳозирда «шерлар» сардори, афсона, баск мухлисларининг ҳақиқий кумири, янги авлоддан эса, шубҳасиз, яқинда Ла Лига рекордини ўрнатган Иньяки Уильямсдир. У кетма-кет ўтказилган ўйинлар сони бўйича янги рекорд ўрнатди. Иньякининг ушбу серияси 2016 йилнинг 20 апрелида бошланган. 21 ёшли ҳужумчи «Сан-Мамес»да «Атлетико» устидан 1:0 ҳисобида ғалаба қозонилган учрашувнинг 59-дақиқасида майдонда Икер Муньяин ўрнини эгаллаганди. Ўшандан бери Уильямс Ла Лиганинг ҳар бир ўйинида қатнашиб келмоқда. 2021 йилнинг 1 октябрида 27 ёшли ҳужумчи Испания чемпионатида кетма-кет 203та учрашувда майдонга тушиб (!), «Реал Сосьедад» афсонаси Хуан Антонио Ларраньяги рекордини янгилади (1980-1994 йилларда ўйнаган). Тан олинг, замонавий футбол учун бу шунчаки фантастик кўрсаткич! Беш йилдан ошиқ вақт мобайнида Иньяки Уильямс оғир ўйинларда ва оғир мавсумларда жароҳатлардан қочди ва коронавирус ҳам унинг рекорд ўрнатишига тўсқинлик қилолмади. Ҳужумчининг ўзи шу билан чекланиб қолмоқчи эмас. Уильямс бу ҳақда Marca наш­рига берган интервьюсида гапирди.

- Табриклаймиз! Сиз Ла Лига тарихисиз. Кетма-кет 203та ўйин. Бу тарихий рекордга эришгандан кейинги илк туйғулар қандай?

- Ҳали ҳам бунга ишонолмаяпман, лекин бу албатта мағрурлик ва бахтга сабаб бўлади. Бу ҳар куни ҳам эришиб бўлмайдиган муҳим босқичдир. Одатда, бу мени безовта қилмасди, лекин ўйинлар яқинлашгани сайин, рекордга яқинлашаётганимни кўрганимда, бунга эришишни жуда хоҳлардим. Ўз орзуларимни амалга ошириб, «Атлетик» либосида тарихга кира олдим. Жуда хурсандман.

- Охирги кунларда одатдагидан бироз эҳтиёткорроқ бўлдингизми? Тан оламан, ҳар куннинг охирида сизда ҳаммаси жойидами-йўқми, текширдик... Кейинги ўйинни ўтказиб юбориш хавотирида, охирги ҳафталарда ўзгаришлар бўлдими?

- Йўқ. Ҳамма нарсани одатдагидек қилишга интилдим. Лекин баъзида рекорд менга қараб «Фақат ҳозир эмас...» деётгандек туюларди (кулади). Энергияни тежамадим ва ўзимни машғулотларга бағишладим. Ҳозир эса хоҳлаган нарсамга эришдим.

- 2016 йилнинг 20 апрелидан буён бирорта ҳам ўйинни ўтказиб юбормадингиз. Агар Иньяки Уильямс ўйнамаса, Ла Лига бўлмайди...

- Бу ақл бовар қилмайдигандек кўринади. Охирги кунларда ҳамкасблар билан шу мавзуда батафсил гаплашар эканман, жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий менинг ютуғим шунчаки ақлга сиғмаслигини айтди. Менга омад кулиб боқди, жароҳат олмадим, ҳатто шамолламадим ва мураббийлар менга ишониши мумкин эди. Албатта, яхши генетикам бор ва бу менга ҳам ёқади.

- «Реал Сосьедад»дан Ларраньяга ва Арконада рекордчилар рўйхатида биринчи эди. «Атлетик» улардан пастда бўлиши мумкин эмасди!

- Уларнинг натижаларини такрорлаганимда, Ларраньяга мени табриклади. Кўп йиллар давомида бошқа ҳеч ким унга яқинлаша олмади. У буни бильбаолик йигит қила олганидан хурсанд. Сизларга мағрур ва бахтли эканлигимни айтгандим-ку.

- Кўриниб турибдики, бу 203та ўйиннинг ортида қандайдир омад бор, лекин энг аввало, жуда кўп меҳнат, чунки фаолиятингиз бошида олган жароҳат излари йўқ. Машғулот базасидан ташқарида сизни қизиқтирадиган бирор нарса борми?

- Мавсумга қараб, танангиз сизни кўпроқ дам олиш ёки аксинча, қўшимча машқларни бажаришингизни кечиради, лекин мен ҳали-вери тўхтамоқчи эмасман. Машғулот базасида бизни аъло даражадаги мутахассислар, профессионаллар қуршаб олишган ва мен майдонга чиқиш учун зарур бўлган ҳамма нарсани қилишга, ҳар бир ўйин олдидан оптимал ҳолатда бўлишга ҳаракат қиламан.

- Криштиану Роналду «Реал» билан шартнома имзолаганда, унинг 3000тагача ўтириб-туришни амалга ошириши ҳақида кўп гапирилди, лекин у ҳар доим асосийси дам олиш эканлигини айтди. Кўп ҳолларда ҳордиқ чиқариш спорт билан шуғулланишдан кўра қийинроқдек туюлади...

- Ҳа, шундай. Юқори тайёргарликдан ўтган спортчи тикланиши ва дам олиши керак. Менинг тикланишим дам олишга асосланган, лекин биринчи навбатда гидратация туради. Уйқу ҳам муҳим роль ўйнайди. Кечаси ухлайман, тўшакда телефон билан ётмайман, эрта ухлашга ҳаракат қиламан. Ҳақиқат шундаки, бир хил даражада бўлиш учун машқ қилишингиз керак.

- 203та ўйин - бу фақат бошланиши. Марселино Иньяки Уильямсга ишонч билдиришдан тўхтаганга ўхшамайди. Энди нима бўлади? Кетма-кет яна нечта ўйин ўтказишингиз мумкинлигини ўйлаб кўрдингизми?

- 300 атрофида. Умуман олганда, тўхтамоқчи эмасман. Жамоам ғалабаларига ўз ҳиссамни қўшишни давом эттирмоқчиман ва қилаётган ишимдан завқланмоқчиман. Ўзимга жуда талабчанман, ахир мен Бильбаоданман. Рекорд чизиғини юқорига кўтаришни хоҳлайман, шунда бошқаларнинг унга етиши жуда қийин бўлади.

- Ҳимоячилардан ким билан имкон қадар камроқ учрашишни хоҳлардингиз?

- Менга энг кўп халал берганлардан бири - Жене («Хетафе» марказий ҳимоячиси). Жуда тезкор, кучли ва чаққон.

- Дарвозабонлардан-чи?...

- Тибо Куртуа. У билан яккама-якка қолганингизда, ҳудудни жуда яхши ёпади ва сизнинг вазифангизни анча қийинлаштириб қўяди.

Испания терма жамоаси ҳақида

- Ҳар доим унга чақирув олиш учун кўп ишлайман. Бир кун келиб ҳаммаси яхши бўлади, буни биламан. Агар тиришқоқлик билан ҳаракат қилсам, ниятимга эришаман ва барчасини тўғри бажараман. Умид қиламанки, ҳали терма жамоа эшигини тақиллата оламан.

Самарадорлик ҳақида

- Биз - ҳужумчилар урилган голлар эвазига яшаймиз ва бу жиҳатни яхшилашим керак. Йилдан-йилга олдинга қадам ташлаяпман ва менга «тўққизлик»да ўйнаш ёқади. Марcелино («Атлетик» бош мураббийи) менга ғамхўрлик қилади ва кўп нарсани ўргатади. Ҳозир биз 4-4-2 схемасида ўйнаяпмиз ва бунда ўзимни жуда қулай ҳис қиляпман. Мендан гол талаб қилишларига розиман, лекин бу вазифани бажара оламан. Чунки деярли ҳар бир ўйинда менда голли вазиятлар бўлади.

Еврокубоклар ҳақида

- Уни жуда соғиндим. Асосий жамоада ўз ўрнимни топган пайтимда биз кетма-кет уч-тўрт мавсум еврокубокларда ўйнагандик. Бу мунтазам рўй бераётган пайт жуда осон ва одатий бўлиб туюлади, лекин аслида уч ёки тўрт йилдан кейин Европа мусобақаларида қатнашмасангиз, бундай эмаслигини тушуна бошлайсиз. Жорий мавсум биз яна шундай шарафга эришиш имкониятига эгамиз ва бундан хурсанд бўламиз. Бу «Атлетик» учун, бутун Бильбао учун рағбатдир.

Марcелино Гарсия Торал келиши билан Иньяки Уильямснинг укаси Нико биринчи жамоа ўйинларига жалб этила бошланди. Янги мавсумда у аллақачон асосий таркибнинг барқарор ўйинчиси, деярли ҳар бир учрашувда ўйнамоқда, ҳатто бошланғич таркибда ҳам пайдо бўляпти.

- Нико ёш ва фаолиятини эндигина бошламоқда, - дейди Иньяки. - Унинг ҳали ўрганиши керак бўлган кўп нарсалар бор, лекин ақли жойда. Кўп меҳнат қилиш кераклигини билади ва буни уддалайди ҳам. Албатта, бу ҳамма учун катта сюрприз бўлди. Никонинг қилаётган ишидан жуда фахрланаман, лекин у ишлаш ва ривожланишни давом эттириши кераклигини билади. Агар сиз ҳар куни ишласангиз, ҳамма нарсага эришиш мумкин. Бизнинг ҳаётимиз ўхшаш, лекин айни пайт улар бутунлай бошқача. Никода менда йўқ нарса бор ва аксинча. Тўғри, биз ака-укалармиз, лекин дунёқарашимиз бошқа-бошқа. Буни майдонда ҳам кўриш мумкин. У тўп билан умуман бошқача ишлайди, менда Никода ҳали бўлмаган тезлик ва куч бор. Биз орзуларимизни рўёбга чиқараётганимиз билан фахрланамиз, лекин бир-биримиз билан рақобатлашмаймиз. Ҳар биримизнинг ўз дастурларимиз бор ва одамлар бизни солиштиришлари шарт эмас. Нико интилган нарсага эриша олади. Унинг улкан салоҳияти ва имкониятлари бор ва у нимага қодирлигини ҳали билмайди. Мен унинг акасиман ва унга ёрдам беришга, ҳимоя қилишга ҳаракат қиламан, лекин барибир, унинг ўз ақли бор. Шу билан бирга, менга катта ҳурмат билан қарайдиган укам борлигидан хурсандман.

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz