Қайднома

Қидирув

Синиш ва синдириш «қонун»и ёки Ислом Исмоиловдан Ҳамиджон Актамовгача

Синиш ва синдириш «қонун»и ёки Ислом Исмоиловдан Ҳамиджон Актамовгача

  20.10.2021 09:29
  0
  324
Синиш ва синдириш «қонун»и ёки Ислом Исмоиловдан Ҳамиджон Актамовгача

Футболимиз асл маънода ҳам, кўчма маънода ҳам синиш ва синдиришга кўникиб бормоқда. Тажрибалироқ футболчи эндигина порлаб келаётган, ўз ўрнини эгаллашга реал имконият ҳосил қилган ёш истеъдод йўлига тўғаноқ бўлади, қандайдир «усул»лар билан уни четга чиқаришга интилади. У бундай ҳаракатини тап-тортмай, ҳаёт учун кураш «қонун»и, деб ҳисоблайди. Ҳали суяги қотмай туриб, футбол ўйнашни йиғиштирган қанча-қанча истеъдодлар тақдири шу тахлит ўзгариб кетган. Бу ўринда фақат руҳан синишни назарда тутмаяпмиз. Охирги 3 йил ичида пойтахтдаги донгдор клубларнинг бирида тарбияланаётган икки навқирон ўсмирнинг вафоти наинки биз ёки мухлислар, балки футболчи бўлишни орзу қилганлар қалбини ҳам ларзага солганди. Таниқли ёзувчи ва олимнинг фарзандлари бўлмиш бу икки истеъдод ҳам футболимиз довруғини дунёга таратишни исташарди. Тўғри, башарият ҳамиша тақдир ҳукми қаршисида бош эгади, унинг измига бўйсунади. Лекин бу каби йўқотишлар инсон омили ва муҳит таъсирида рўй бераётгани кишини ўйга толдиради. Шундай оғир воқеалар ҳақида ёзиш ўз йўлига, аммо ўғли вафотидан кейин футбол томоша қилолмаётган ва яқинлари, танишлари фарзандларига бу соҳага кирмасликни маслаҳат бераётган ота-оналар юз-кўзига боқиш нақадар қийин. Камолиддин Кенжаев, Сирожиддин Сайфиев, Александр Шадриннинг футболдаги аянчли қисмати ҳали-ҳануз мухлислар ёдида. Афсуски, кўз ўнгимизда рўй берган бу каби воқеалардан етарли даражада сабоқ чиқарилмаяпти. Кўплаб жамоалар ўртасида ҳамон ҳалол рақобатдан кўра, ўзаро адоват кайфияти ҳукмрон. Шундай футболчилар борки, майдонда бир-бирларини аяб ўтиришмайди, зомби ёки манқурт каби ёвузларча ҳаракатланишади. Гоҳо «Бу спортча курашми ёки ўлим жанги?» - деган хаёлга борасан киши...

«Пахтакор» - «Қизилқум» учрашувидан сўнг Ҳамиджон Актамов шогирди Ислом Кенжабоев руҳий мададга муҳтожлиги хусусида куюниб сўзлади. Агар бу футболчи талаб даражасида қўллаб-қувватланганида, ҳозир бирор хориж клубида тўп суриб, миллий жамоамиз сафига жалб қилинармиди?!  У ўзини кўрсатиш учун «шерлар» ҳимоячиларига қарши дадил ҳаракатланди, нафис дриблинги билан рақибларини роса терлатди. Ҳа, футбол - эркаклар ва мардлар ўйини. Бироқ бу хулоса истеъдодни ҳар қандай усул билан синдириш мумкинлигини англатмайди зинҳор. Юқорида бежиз футболчилар ўртасидаги ёзилмаган «қонун»лар хусусида қисқача мулоҳаза юритмадик. Халқимиз  «Бош бошлайди, оёқ ташлайди», -  дейди донолик билан. Футболчилар ўртасидаги низо ва адоват кайфияти ўз-ўзидан пайдо бўлмайди, албатта. Ҳакамлар ва мураббийлар ўзлари билиб-билмай, футболчилар руҳиятига шундай иллатларни сингдиришади. «Пахтакор» - «Қизилқум» учрашувидан сўнг Ҳамиджон Актамов ҳакамлар ишига кескин эътироз билдирди. Таъкидлаш жоиз, бу эътироз фақат Фирдавс Норсафаровга қаратилмаган. Мураббий шунчаки, 16 октябрь куни портлади. Сабр косаси қачон тўлишини ҳеч ким олдиндан билмайди. Йўқ, биргина Фирдавс Норсафаров билан боғлиқ ҳолат Ҳамиджон Актамовни қуюшқондан чиқармайди. Умуман олганда, у қачон ва қандай вазиятда кескин сўзлаш лозимлигини яхши билади. Ҳар ҳолда, тажрибаси бор. Шунинг учун ҳозиргача футболимизнинг ичида, айланиб-ўргилиб, яна «Қизилқум» билан бирга! Ислом Исмоиловга эса тажрибасизлик панд берди. Унинг «Сўғдиёна» - «Турон» баҳсидан кейин бутун борлиғи билан ловуллаб ёнгани эсингиздами? Унинг кўксидан отилган олов бутун ўзбек футболи вужудини  қиздириб куйдирганди. Ўша олов бир амаллаб ўчирилди. Мутасаддилар ҳам Ислом Исмоилов иши энди қайта такрорланмайди, деган ўй-хаёлга боришди, чоғи.  Йўқ, адолат олови ҳеч қачон бутунлай ўчмайди, бандаси бу оловни ўчиролмайди. Ўйлаймизки, Ҳамиджон Актамовдаги қатъият футболимиз мутасаддиларини ҳушёр торттиради. Бундан бир ой аввал ҳам футболчилар ёки мураббийлар шундай қатъият кўрсатишолмасди. Шуҳрат Мақсудовнинг «Қулоқ тинч тургани маъқул!» қабилидаги сўзларини кўпчилик ҳали унутмади. Ўшандан буён орадан ҳеч қанча вақт ўтмади.

Президент сайловлари арафасида биз яшаб турган жамиятда очиқлик ва ошкоралик руҳи сезиларли даражада ижобий томонга ўзгарди. Аёнки, Ҳамиджон Актамовни ҳам шундай ижобий ўзгаришлар кучга тўлдирмоқда ва бор гапни баралла айтишга ундамоқда. Эҳтимол, Ҳакамлар қўмитаси биз билмайдиган қонун-қоидаларга суяниб,  Фирдавс Норсафаровни яна оқлар, унинг ҳақлигини исботлар. Лекин бир шафқатсиз ҳақиқат унутилмаса, бас: инқироз кўчасига кириб қолган футбол учун бундай «исботлар»нинг нима кераги бор?! Айни шу каби «исботлар» йиллар давомида футболимизни ич-ичидан кемирмоқда. Ҳа, футболимиз ич-ичидан емирилаётганини узоқ вақт пайқамадик. Мана, энди ҳаммаси ҳувиллаган стадионлар, нохуш манзаралар мисолида кўзга ташланмоқда. Пойтахт аҳли футболдан йироқлашганини ва «Пахтакор», «Локомотив», «Бунёдкор» каби етакчи клублар тошкентликлар учун қизиқ эмаслигини ҳамон эскича қарашлар билан яшаётган «инвентор»лар тушунишни исташмаяпти. Хусусан, оталаримиз қадрлаган, биз яхши кўрган «Пахтакор»нинг оппоқ-ойдин бўй-бас­ти аста-секин бошқа ҳудудлардаги мухлисларнинг қора рангли қарашлари билан бўялмоқда!  Бу футболимизнинг шонли авангарди бўлмиш «Пахтакор» учун - адолатсизлик! Аммо адолатсизлик ўз-ўзидан туғилмайди. Бошқача айтганда, бир адолатсизлик натижасида иккинчиси бош кўтаради! Икки адолатсизлик ўртасидаги аёвсиз рақобатнинг охири ёвузликдир, фожиадир! Афсусланарлиси шуки, қора ранг қайнаб тошган пайт ҳамма айб ҳакамга ағдарилади. Йўқ, ҳакамни оқламаймиз! Унинг айби - қўғирчоқ мисол буйруқлар, топшириқлар, келишувларни сўзсиз бажаришида! Инсоф ва виждони бўлса, у ҳакамликнинг олий мақоми нуқтаи назаридан ҳар қандай буйруқ ёки илтимос, келишув ёки дағдағалардан устун туриши даркор, устун туролмаса, бу соҳадан кетгани маъқул! «Айтишга осон, бола-чақани боқиш учун одам ҳар ишга қўл уради!» - дегувчилар орамизда топилади ҳозир ҳам. Уларга жавобан айтамизки, бугун очарчилик ёки қаҳатчилик замонида яшамаяпмиз.  Бугун изланган, ҳаракат қилган киши очдан ўлмайди, тирикчилиги ўтаверади. Пул ёки мансаб, мартаба учун инсофни бир четга улоқтириш, виждонни сотиш - номардлик!

Муҳтарам мухлис! Мазкур мулоҳазаларни вазият хавотирли тус олаётгани учун ёзмоқдамиз! Ана, «Локомотив» - «Андижон» учрашувида Элёр Турсунов мезбонлар вакили Санжар Қодир­қулов симуляция ишлатган чоғ пенальти белгилашда ҳеч иккиланмади. Ҳолбуки, ҳаммаси аниқ-равшан кўриниб турганди. Жарима майдони ичидаги ҳар қандай тўқнашув ҳакамларимиз учун пенальти бўлиб кўринадиган даражага келиб қолибмиз. Агар бу ўйинда VAR ишламаганида нима бўларди, ҳакамнинг гапи гап ўрнида ўтаверармиди?! Бунақада  ҳакамликка не ҳожат?! Хайриятки, VAR борлигидан адолат тикланди. Акс ҳолда, 17 октябрь ҳам футболимиздаги яна бир қора кунга айланарди!

Инкор этмаймиз, ҳаётда қувонч ва ташвиш ҳамиша ёнма-ён. Футболда ҳам шундай. Ўтган шанба куни, яъни «Пахтакор» - «Қизилқум» учрашувидан аввал ота маконимиз, жонажон қишлоғимиз Пешқўрғонда бўлдик ва футбол жонкуяри Темур Ражаббоев, унинг шогирдлари билан учрашдик. Очиғи, мақтаниб  бўлмайдиган шароитда футбол сирларини ўрганаётган болалар ва уларнинг келажакка ишонч билан боқаётган устозини кўриб, кўнглимиз кўтарилди. Ҳали, ҳозирча болалар футболга қизиқишмоқда, устозлар соҳада адолат тантана қилишига ишонишмоқда. Шу қизиқиш ва ишончни асраш - барчамизнинг бурчимиз!

Муҳаммад ВАЛИ, InterFUTBOL газетаси


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz