Афтидан, ўз терма жамоаларидаги иштирок топ-чемпионатлар вакилларига чарчоқ эмас, илҳом берган кўринади. Нима бўлганда ҳам, ортда қолган дам олиш оқшомларида мухлислар ажойиб қарама-қаршиликлар шукуҳидан баҳраманд бўлдилар.
Англия. Етакчи учлик шакллангандек
8-тур натижаларидан кейин АПЛ турнир жадвалининг юқори 3 поғонасини «Челси», «Ливерпуль» ва «Манчестер Сити» жамоалари банд этишди. Уларни атиги 1 очколик фарқ ажратиб турибди. Изма-из келаётган таъқибчилар ҳам жуда ортда қолишган эмас. Лекин навбатдаги ғолиб тақдири айнан шу учлик ўртасида ҳал этилса, ажабмас. Боиси, Тухель, Клопп ва Гвардиола жамоалари сўнгги турларда барқарор ўйин кўрсатишмоқда, қолганларга эса ана шу жиҳат етишмаяпти.
Тўғри, навбатдаги 3 очкони расмийлаштириш учун етакчилар турлича куч сарфладилар - Уотфорддаги беллашув «Ливерпуль» учун чигалёзди машғулоти мақомида кечди, «Челси» Брентфордда жиддий қаршиликка дуч келди, «Сити» эса «Этиҳад»да тежамкор ўйин намойиш этди ва «қора» гуруҳни тарк этиш учун ҳар қандай рақибга жиддий қаршилик кўрсатаётган «Бёрнли»ни ҳар бўлимда бир мартадан ўз дарвозасидан тўп олиб чиқишга мажбур этди. Муҳими, 3 очко.
Ливерпулга йўл олган «Вест Хэм» «Гудисон-Парк»да «Эвертон»дан устун келган ҳолда рақибидан тўплар нисбатига кўра ўзиб, етакчи квартетга яқинлашиб олди. «Брайтон» ўрнига чиқиб олиш имкониятига эга бўлган «МЮ» сафарда «Лестер»га имкониятни бой берди ва икки поғона пастлади. «Тоттенхэм» эса аксинча, «Ньюкасл» устидан зафар қучиб, 5-ўринга кўтарилиб олди.
«Эмирейтс»да «Кристал Пэлас»га қарши баҳсни фаоллик билан бошлаган «Арсенал» тезкор гол уришга муваффақ бўлди. Лекин танаффусга қадар ҳисобни йириклаштира олмади. «Тўпчилар»нинг собиқ ўйинчиси Патрик Виейра раҳбарлигидаги меҳмонлар эса иккинчи бўлимда нафақат мувозанатни тиклаш, балки олдинга чиқиб олишга улгурдилар. Бироқ ғалабани ушлаб қолишлари учун саноқли сониялар ортиқчалик қилди - қўшимча вақтда майдон эгалари мағлубиятдан қутулиб қолдилар.
Испания. 4-тур воқеаси такрорланди
Ла Лиганинг 9-тури тўлиқ ўтказилишига яна худди бир ой аввал бўлганидек, Жанубий Америкадан келган легионерларнинг терма жамоаларга жалб этилганликлари халал берди. Бу гал «Реал» ва «Атлетико» ўз учрашувларини ўтказа олмадилар. Мос равишда уларнинг рақиблари - «Атлетик» ва «Гранада» ҳам дам оладиган бўлишди. Қизиғи шундаки, мана шу узилиш бўлмаганида, «қироллик клуби» бу ҳафтада бир йўла 2та «класико» учрашувида майдонга тушарди. Энди бунинг иложи йўқ.
Мана шу мажбурий ўзгариш «Реал Сосьедад»га турнир пешқадами бўлиб олиш имконини берди. Ўз майдонида «Мальорка»ни маҳв этган жамоа бу имкониятдан унумли фойдаланди. Ваҳоланки, мезбонлар иккинчи бўлимни озчиликда (45-дақиқада Муньос четлатилганди) ўтказишганди. Лекин беллашувнинг сўнгги дақиқасида гол уришни уддаладилар.
Аввалги турда «Райо Вальекано»дан ўз майдонида устун келган «Осасуна» энди сафарда «Вильярреал» устидан зафар қучди. Турга бир хил очколар жамғармаси билан келган «Барселона» - «Валенсия» баҳсида тезкор гол қабул қилган майдон эгалари якунда ишонарли ғалабани расмийлаштирдилар.
Сафарда «Алавес»ни енгган «Бетис» ва Барселонада «Кадис»ни ишончли тарзда таслим этган «Эспаньол» ўз мақеларини яхшилаб олдилар.
Германия. «Бўрилар» «ис»ни йўқотишди
Бир неча тур муқаддам Бундеслига пешқадами бўлиб турган «Вольфсбург» ҳисобот турида Берлиндан қуруқ қайтди - дастлабки бўлимда меҳмонлар дарвозасига йўл топа олмаган «Унион» танаффусдан кейин «бўрилар» дарвозасини икки марта ишғол этди. Натижада, «Вольфсбург» яна бир поғона пастлади. «Унион» эса аксинча, айнан 5-ўринга чиқиб олди.
Аввалги турда «Арминия» дарвозасига 4та жавобсиз гол уриб, мавсумдаги дастлабки мағлубиятини тан олган «Бавария»га етиб олган «Байер» билан пешқадам ўртасидаги баҳс табиийки, марказий учрашув мақомида эди. Лекин гранд биринчи бўлимнинг ўзидаёқ ўйин тақдирини ҳал қилиб қўя қолди.
Танаффусдан кейин меҳмонлар ғалаба нақд эканлигига ишонган ҳолда хотиржам тўп суришди, «доришунослар» эса ўтказиб юборилган 5та голдан кейинги тушкунликка барҳам бера оладиган малҳамни топа олишмади ва атиги битта жавоб тўпи билан кифояланишди.
Иккинчи йирик ҳисоб тур беллашувларини бошлаб берган «Хоффенхайм» - «Кёльн» қарама-қаршилигида қайд этилди. Бу ўйин тақдири 2-бўлимда ҳал этилди - танаффусга 1:0 ҳисоби билан чиқиб кетган мезбонлар кейинчалик меҳмонларни яна 4та гол билан ранжитдилар.
Дортмундда «Майнц»ни ишонарли тарзда маҳв этган «Боруссия Дортмунд» «Байер» ва «Фрайбург»ни қувиб ўтиб, етакчига яқинлашиб олди.
Ўз майдонида «РБ Лейпциг» билан куч синашган «Фрайбург» жанговар дурангга имзо чекиб, «Байер»га тенглашиб олди.
Италия. «Ювентус» ўзига ўхшамоқда
«А» сериянинг навбатдаги тури ҳам қизиқарли ва муросасиз курашлар остида ўтди. Римда «Лацио»га қарши майдонга тушган «Интер» мавсумдаги дастлабки мағлубиятини қабул қилиб олди. Аслида беллашув амалдаги чемпион учун муваффақиятли бошланган, Перишич пенальти кўмагида ҳисобни очганди. Лекин иккинчи бўлимда устунликни ўз томонига оғдирган майдон эгалари Хандановични 3 марта ранжитдилар.
«Милан» - «Верона» баҳсида ҳам аввал мезбонлар ўз дарвозаларидан тўп олиб чиқдилар ва худди Римдаги ўйин каби якунда иродали ғалабани нишонладилар. Фарқи - «россонерилар» бир эмас, иккита гол ўтказиб юборишди. Ўхшашлиги, ғалабани таъминлаган 3та голни «Лацио» ҳам, «Милан» ҳам танаффусдан кейин амалга оширди.
Мунтазам равишда фаворитларга жиддий қаршилик кўрсатиши билан танилган «Аталанта» ҳисобот турида ўртамиёна «Эмполи»ни сафарда йирик ҳисоб билан маҳв этди. Агар Иличичнинг «нуқта»дан йўллаган зарбаси голга айланганида, ҳисоб янада йирикроқ кўриниш оларди.
Ниҳоят, пешқадамликни ўз қўлига олган «Наполи» «Торино» устидан, «Ювентус» эса «Рома» устидан камтарона ҳисобда ғалабага эришдилар. Неаполликлар натижаси таҳсинга лойиқ, Турин гранди эса охирги 4 учрашувни ғалаба билан якунлади.
Франция. Чемпион
дебютантдан енгилди
10-турнинг дастлабки учрашувида Месси ва Неймарсиз майдонга тушган «ПСЖ» ўз таъқибчиларидан бири бўлган «Анже»ни анчайин қийинчилик билан таслим этди. Ўйиндаги ҳисоб ва голларнинг амалга оширилиш вақти иродали ғалаба қийматини белгилаб беради. Биринчи бўлимни бой берган фаворит танаффусдан кейинги тинимсиз саъй-ҳаракатлар эвазига сўнгги дақиқаларда 3 очко тақдирини ўз фойдасига ҳал қилди.
Амалдаги чемпион учун эса ўз унвонини ҳимоя қилиш у ёқда турсин, ҳатто еврокубоклар ҳудудига яқинлашиш ҳам оғирлик қилмоқда. Бу сафар «Лилль» дебютант «Клермон»дан енгилди.
«Лион» ва «Монако» ўртасидаги муросасиз беллашув майдон эгалари фойдасига ҳал бўлди. Сўнгги 15 дақиқа ичида «князлик клуби» дарвозасини 2 бор забт этган мезбонлар ниҳоят, еврокубоклар ҳудудига чиқиб олишди. Аниқроғи, меҳмонлар билан ўрин алмашишди.
Аутсайдерлар гуруҳидан узоқлашишни мақсад қилган «Труа» «Ницца»ни, «Монпелье» эса «Ланс»ни камтарин ҳисобда мағлубиятга учратишди. Ўз майдонида «Лорьян»ни йирик ҳисобда енгган «Марсель» етакчи квартет аъзосига айланди.
А.АҲМЕДОВ тайёрлади
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20