Қайднома

Қидирув

Криштиану Роналду: Энди энг севимлиси - Люксембург термаси

Криштиану Роналду: Энди энг севимлиси - Люксембург термаси

  22.10.2021 06:00
  0
  261
Криштиану Роналду: Энди энг севимлиси - Люксембург термаси

Криштиану Роналду Португалия миллий жамоаси учун навбатдаги 3та голини уриб, битта ўйинда ўзига тегишли жаҳон рекордини 3 карра янгилади! Эндиликда ожизгина Люксембург термаси португалиялик юлдузнинг миллий жамоалар миқё­сидаги энг севимли рақибига айланди - жами 9та гол. Бунга қадар Литва ва Швеция миллий жамоалари асосий «қурбон» мақомида эди. Умуман, Криш 12 октябрь куни терма жамоа либосида 113-115-голларини нишонлади.

Европада Қатар-2022 квалификацион жараёни тобора якунига яқинлашмоқда. «А» гуруҳи 8-турида португаллар Фару шаҳрида камтарин Люксембург термасини қабул қилиб, меҳмонларни жавобсиз 5та гол билан «сийлашди». Бу ғалаба Португалия миллий жамоасига гуруҳдаги даст­лабки икки ўриндан бирини кафолатлади, Криштиану Роналдуга эса хуш кайфиятни. Олдинроқ жаҳон миллий жамоалари тўп­урарлари рейтингида мутлақ 1-ўринга кўтарилган «МЮ» вакили рекордчи сифатида ишга киришишни пайсалга солмади - 8 ва 13-дақиқаларда 2та пенальтидан унум чиқарган голеадор учрашув якунида «хет-трик»ни расмийлаштирди, бу сафар ўйин ҳолатидан.

***Роналду Португалия миллий жамоасидаги голлари сонини 115тага ошириб, ўз рекордини уч бора янгилади. Кўринишидан унга чегара йўқдек.

***Роналдунинг Португалия терма жамоаси либосида қайд этган «хет-трик»лари сони 10тага етди (бу ҳам рекорд). У биринчи учталик голни 2013 йили Шимолий Ирландия термасига «тортиқ» этганди.

***«Хет-трик» қабул қилиб олган Люксембург термаси Роналдунинг энг севимли рақибига айланди. У «митти» жамоа дарвозасини жами 9 марта нишонга олган.

***Ҳар эҳтимолга қарши қўшимча маълумот: Роналду топ-рақиблардан Бельгия ва Испания термалари дарвозасига 3тадан гол урган. Французлар унинг голидан 2 бора, аргентиналик ва германияликлар эса 1 мартадан жабр чекишган.

***Роналду Люксембург термаси билан ҳисоб-китоб­ларга боғлиқ голли сериясини 6та ўйинга етказди. Тўғри, у люксембургликларни илк марта 1тадан кўп гол билан ранжитди. Яна бир томони, Криш бу рақибга қарши дастлабки 4та учрашувда атиги 1 бора гол қувончини туйганди.

***Португаллар Люксембург термасига қарши 10 марта майдонга тушиб, уларнинг барчасида ғалаба қозонишган. Роналду жамоадошлари бу ўйинларда 37та гол уриб, атиги 2та қўйиб юборишган.

***Пенальтиларга доир қизиқ статистика: Роналду клуб ва терма жамоада бу борадаги кўрсаткичини 141:28га келтирди. Transfermarkt порталида ёзилишича, у пенальтидан урган охирги 5та голини айнан Португалия термаси сафида расмийлаштирди. Криш шунингдек, жорий йил сентябрда ирландияликлар билан баҳсда пенальтини кўкка совурди, лекин терма жамоада гол уриш бўйича жаҳон рекордини янгилади, барибир.

***Роналду фаолиятида айнан Люксембург термасига қарши ўйинга дахлдор можаро ҳам бор. У 2019 йили кичик мамлакатдаги стадион ҳолати ҳақида кескин гапирганди: «Тўғриси, бундай майдонда ўйнаш азоб. Худди картошка экилган далага ўхшайди. Бундай майдонда бизнинг даражадаги жамоалар қандай ўйнаши кераклигини билмайман. Муҳими, бугун ўз вазифамизни бажардик».

***2019 йили яна бир воқеа кузатилди - люксембурглик мухлислар бутун ўйин давомида Месси номини куйлаб, Роналдунинг жиғига тегишди. Португалия ва Люксембург термалари ўртасидаги охирги ўйиндан олдин эса мураббий Фернанду Сантуш вазиятни «иситди». Яъни Роналдуни Қатар термасига қарши ўртоқлик ўйинида ҳам майдонга ташлаб, буни унга амалиёт зарурлиги билан изоҳлади. Қолаверса, Сантуш АПЛ ўйинида Роналдуни захирада қолдирган норвегиялик ҳамкасби Оле-Гуннар Сульшерни роса танқид қилди.

роналдунинг голларидан энг кўп жабр кўрган терма жамоалар

Люксембург – 9

Литва, Швеция – 7

Андорра, Венгрия – 6

Арманистон, Латвия – 5

Нидерландия, Фарер о., Эстония – 4

Роналду Люксембург термасига Қарши ўйинларда

2004 йил. Ўртоқлик учрашуви - 3:0 (-)

2004 йил. ЖЧ-2006 саралаши - 5:0 (1)

2005 йил. ЖЧ-2006 саралаши - 6:0 (-)

2006 йил. Ўртоқлик учрашуви - 3:0 (-)

2011 йил Ўртоқлик учрашуви - 5:0 (1)

2012 йил. ЖЧ-2014 саралаши - 2:1 (1)

2019 йил. Евро-2020 саралаши - 3:0 (1)

2019 йил. Евро-2020 саралаши - 2:0 (1)

2021 йил. ЖЧ-2022 саралаши - 3:1 (1)

2021 йил. ЖЧ-2022 саралаши - 5:0 (3)

ДарвоҚе...

 

**      Дунёнинг нариги бурчагида Лионель Месси КОНМЕБОЛ миқ­ё­сидаги ЖЧ-2022 саралашида Уругвай термаси дарвозасини нишонга олиб, «альбиселестлар»­нинг 3:0 ҳисобида устун келишларига катта ҳисса қўшди. Аргентиналик юлдуз шу тариқа Жанубий Америка миллий жамоалари тўп­урарлари рейтингида 1-ўринга кўтарилди - 78та гол.

**      Буюк рақобатнинг яна бир кўриниши: кимда таниқли мухлислари сафи кенг - Мессидами ёки Роналдуда? Икки футболчининг машҳур фанатларидан тузилган ўзига хос рамзий терма жамоаларга қараб, ўзингиз баҳо беринг.

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz