Қайднома

Қидирув

Педри - бу 12 нафар Месси!

Педри - бу 12 нафар Месси!

  23.10.2021 09:39
  0
  345
Педри - бу 12 нафар Месси!

Ёш истеъдод Педри ва «Барселона» ўртасидаги янги шартномани ақлга сиғдириш қийин. Қаранг, ярим ҳимоячига белгиланган товон пули Лионель Мессининг трансфер суммасидан 12 карра баланд! Каталонияликлар ёш футболчини шайхларнинг миллионларидан асраш учун унинг келишувига рекорд миқдорда товон пули белгилашди - миллиард евро. Гап ўтган мавсум «Барселона»нинг 73та ўйинида қатнашган, шунингдек, Испания миллий ва олимпия терма жамоалари сафида ҳам ўйнаган ярим ҳимоячи ҳақида кетмоқда. Клуб олдинроқ ҳаттоки, Педрига суръатни бироз пасайтириб, нафас ростлаб олиши учун 2 ҳафталик таътил берганди.

Ҳа, «Барселона» ўта омадсиз йилда ҳам янги юлдузча кашф этди: Педри ҳозирнинг ўзида топ-футболчилар қаторида. Каталонияликлар бу йигитча билан шартнома муддатини 5 йилга узайтиришни ёздаёқ муҳокама қилгандилар, бироқ Испания матбуоти хабарига кўра, музокара жараёни сентябрдагина бошланди. Ярим ҳимоячи клубнинг келгуси тараққиётида муҳим роль ўйнашини ҳисобга олган раҳбарият унга узоқ муддатга қолишни таклиф этди. Ваҳоланки, каталонияликлар шунчаки, амалдаги битимни ҳозирги шартлар асосида 2024 йилгача бир томонлама узайтириш бандидан фойдалансалар ҳам бўларди. Чунончи, Педри 2019 йили расмийлаштирган шартномага мувофиқ, айни пайт жамоада энг кам маош олувчи футболчилардан биридир. Мана, «Барса» футболчи билан аллақачон янги битим шартлари юзасидан келишиб олди. Унга мувофиқ, Педри «Барселона»дан фақат реалликка тўғри келмайдиган пул эвазига кетиши мумкин - компенсация миқдори 1 миллиард евро!

Нега бунчалик кўп? Аслида ақлни шоширадиган даражадаги товон пули - испан футболи учун одатий ҳол. Бу ОАВда «антишайх» банди сифатида изоҳланади: Испания клублари ёш истеъдодларни «Манчестер Сити» ва «ПСЖ» (энди «Ньюкасл» ҳам) каби пулдорлардан шу тариқа ҳимоя қилишга уринади. Хуллас, «Барса» Педрига мислсиз товон пули белгилаб, амалда уни «ўғирлаш» имкониятини йўққа чиқарди. 1 миллиард еврони тасаввур қиляпсизми? Дейлик, шунча маблағ Лионель Мессини 12 марта сотиб олишга етади!

***    Педрининг янги шартномаси 2026 йилнинг 30 июнигача амалда бўлади.

***    «Барса» энди Ансу Фати ва Рональд Араухо билан ҳам худди шу йўсинда янги шартнома тузмоқчи. Клуб президенти Жоан Лапортанинг фикрича, бу формула ёш иқтидорларнинг Лео Месси каби эркин агент сифатида кетиб қолишлари олдини олади.

***    Испания чемпионатида яна 2 нафар футболчининг товон пули 1 миллиард еврога тенг. Булар - «Реал» вакиллари Карим Бензема ва Федерико Вальверде.

Ҳ.АТАВУЛЛАЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz