Қайднома

Қидирув

Муҳаммад Одилов: «Тўпурар бўлиш нақадар ёқимли...»

Муҳаммад Одилов: «Тўпурар бўлиш нақадар ёқимли...»

  24.10.2021 05:25
  0
  312
Муҳаммад Одилов: «Тўпурар бўлиш нақадар ёқимли...»

«Зомин» - Биринчи лига чемпиони! Жиззах вилояти жамоаси Про-лига йўлланмасини муддатидан олдин нақд қилди. Жамоа ҳужумчиси Муҳаммад Одилов эса тўпурарлик маҳоратини намойиш қилди - 16та учрашувда 16та гол! У жумладан, 21-турдан ўрин олган «Чиғатой»га қарши баҳсда «покер»га эришди. Биз ўз навбатида, мавсум қаҳрамонини мухлисларга яқинроқ таништириш мақсадида уни суҳбатга чорладик.

- Муҳаммад мавсумни юқори нотада якунладингиз. Яъни жамоангизнинг охирги ўйинида 4та гол урдингиз. Аввало, таассуротлар билан ўртоқлашсангиз...

- Вазифани олдинги турда ҳал қилган бўлсакда, охирги учрашувда мухлисларимизга чинакам байрамона муҳит тортиқ этишни ўйлагандик. Хуллас, бутун жамоа бор эътиборни ҳужумга қаратди. 6та голдан 4таси менинг номимга ёзилгани - бу омадим юришганидан далолат. Тўпурар бўлиш ёқимли, албатта. Ўз ўрнида айтишим керак, рақиб ҳам охиригача курашди ва ўйинга интрига қўша олди - 6:3 ҳисоби бунга далолат.

- Бир қарашда, Про-лига йўлланмасини осонгина қўлга киритдинглар. Бу фикрга қўшиласизми?

- Аслида мавсум давомида бир қадар қийинчиликларга ҳам дуч келдик. Бинобарин, Про-лига йўлланмаси учун бошқа даъвогарлар ҳам йўқ эмасди - «Ғиждувон», «Нефтгазмонтаж», «Навбаҳор-Фарм». Менимча, «Зомин»га сифатли таркиб шакллантиргани қўл келди. Хусусан, Жонибек Кўчимов, Отабек Аҳмаджонов, Элдор Каримов каби футболчилар бутун мавсум давомида ажойиб ўйин кўрсатиб, якуний натижага катта ҳисса қўшишди. Шунингдек, бу муваффақиятда бош мураббийимизнинг ўрни катта - у бизни ҳар қандай ҳолатда ғалабалар сари етаклади. Ўз нав­батида, раҳбарият талаб даражасида шароит яратиб берди. Қисқаси, маррани тўғри йўлга қўйилган тизим ва ҳамжиҳатлик эвазига забт этдик.

- Келинг, энди суҳбат мавзусини ўзингизга бурайлик: кўпчилик Муҳаммад Одилов ҳақида етарли маълумотга эга эмас.

- 1997 йили Самарқанд вилояти Пахтачи туманида туғилганман. 2012 йилдан Навоий футбол мактабида Обид Жумаев қўл остида шуғуллана бошладим. Кейинчалик вилоят биринчилигида «Қизил­қум-Фарм» ва «Шуҳрат» жамоаларида тўп суриб, тажриба оширдим. 

- Қизиқ, «Қизилқум»да ўйнаб кетолмаганингизга нима сабаб бўлди?

- Ёшлар жамоасида Акмал ва Алишер Холиқовлар қўл остида чакки ўйнамадим. Дейлик, 2019 йилги мавсумда ёшлар лигасида 15та гол уриб, биринчилик тўп­урарлари қаторидан жой олдим. 2020 йили мени «Қизилқум»нинг асосий таркибига ҳам жалб этишди. Бироқ асосан захирада ўтириб, ўйин амалиётисиз қолдим. Қисқаси, мураббийлар штаби ишонч билдирмагач, жамоани алмаштиришга қарор қилдим.

- «Зомин» сафига айнан кимнинг таклифига асосан қўшилдингиз?

- Жамоага йил бошида бош мураббий Асқар Умаровнинг шахсан ўзи чорлади. Тўғриси, «Зомин»га ўтиш билан фаолиятимда туб бурилиш кузатилди. Дейлик, Ўзбекистон кубоги доирасидаги 6та ўйинда 6та гол урдим. Мана, Биринчи лигада 16 марта майдонга тушиб, шунча гол ҳосил қилдим. Муҳими, ўз голларим билан жамоанинг Про-лига йўлланмасини ютишига ҳисса қўшдим ва бундан хурсандман, албатта.

- Эндиги режалар қандай?

- «Зомин» билан амалдаги шартномам 2022 йилнинг декабригача мўлжалланган. Демак, кейинги мавсум учун мақсад - Про-лигада ҳам етарлича гол уриш. Албатта, келажакда Суперлигада тўп суришни хоҳлайман.

- Қайси футбол юлдузлари ўйинларини алоҳида кузатиб борасиз?

- Асосан Неймар, Луис Суарес ва Роберт Левандовски ҳаракатларини обдон ўрганишга ҳаракат қиламан. Ўзимиздан эса Элдор Шомуродов мухлисиман.

- Қайсидир клубга ҳам мухлислик қиласизми?

- «ПСЖ», «Бавария» ва «Боруссия» Д. ўйинларига бефарқ эмасман. Суперлигада эса «Пахтакор» ва «Қизилқум» иштирокидаги учрашувларга қизиқишим баланд.

ИЗЗАТБЕК суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz