Қайднома

Қидирув

КАРИМ БЕНЗЕМА: «ОЛТИН ТЎП»НИ БОЛАЛИКДАН ОРЗУ ҚИЛАМАН»

КАРИМ БЕНЗЕМА: «ОЛТИН ТЎП»НИ БОЛАЛИКДАН ОРЗУ ҚИЛАМАН»

  26.10.2021 08:08
  0
  217
КАРИМ БЕНЗЕМА: «ОЛТИН ТЎП»НИ БОЛАЛИКДАН ОРЗУ ҚИЛАМАН»

Карим айни пайт жаҳон футболида асосий футболчилардан бири. Ҳужумчи жорий мавсум «Реал» таркибида 10та гол уришга улгурди. Шунингдек, Франция терма жамоасида ҳам «ПСЖ» форварди Килиан Мбаппе билан ҳамкорликда жуда яхши формада эканлиги кўриниб турибди. «Учранглилар»нинг «Сан-Сиро»да ўтказилган Испанияга қарши УЕФА Миллатлар Лигаси финали доирасидаги (2:1 - Франция ғалабаси) ўйинидан олдин Бензема АS нашрига интервью берди.

- Бельгия - Франция ўйини мавсумнинг энг яхши ўйини бўлдими?

- Шубҳасиз, энг ҳаяжонли учрашувлардан бири. Исталган жамоа ғалаба қозониши мумкин эди, ўйин натижаси ҳам якуний ҳуштак чоғигача ҳал бўлмади. Ишончим комилки, бу мавсумнинг энг яхши ўйинларидан бири бўлади ва кўпчиликка ёқди, деб ўйлайман.

- Ниҳоят, одамлар Карим Бенземанинг ўйин услубини тушуна бошлагандек. Сизнингча, даҳолар билан шундай ҳолат содир бўладими?

- Баъзида қийин бўлгандир, лекин энг муҳими, одамларга менинг ўйин услубим ёқади - бундан фахрланаман ва жуда хурсандман. Миннатдорчилик мени руҳлантиради, чунки мухлислар реакциясини ҳис қиляпман ва бу қўшимча мотивация бермоқда. Мен «Реал»да ўйнайман, бу эса кўплаб футболчиларнинг орзуси. Мухлисларимиз талабчан бўлишлари мумкин ва улар «Сантьяго Бернабеу»да бошқа стадионларда топилмайдиган ниманидир кўриш илинжида келишади. Буни барчамиз эсда тутмоғимиз шарт.

- Марказий ҳужумчи бошқа ўйинчилардан кўра кўпроқ намоён бўлиши керакми?

- Сиз шундай дейишингиз мумкин, лекин асосийси - яхши ўйнашдир. 30дан ошганига қарамай, янада порлайдиган кўплаб ҳужумчилар бор - улар ўзларига жиддий эътиборда бўлиб, гол уришда давом этишади. Замонавий форвард­нинг гол уриб, жамоасига ёрдам бериши ҳеч қачон йўқолиб қолмайди.

- Айни пайт жисмоний ҳолатингиз ажойиб. Сўнгги йиллардаги бундай формада бўлишнинг сири билан ўртоқлаша оласизми?

- Шунчаки, машғулотларда кўп ишлайман, шунингдек, уйда бўлганимда фаол ҳаёт тарзини олиб бораман. Ҳар ҳафта ўйинларга ўзимни тайёрлайман, яъни дам олиш кунлари ва ҳафта ўрталарида Чемпионлар Лигаси баҳсларига бор куч ва энергиям билан тайёргарлик кўраман. Футболчи қандай машқ қилса, худди шундай ўйнайди, деганлар тўғри айтишади.

- Ўзингизни 40 ёшда ҳам майдонда кўра оласизми?

- Босқичма-босқич қадам қў­йишни яхши кўраман. Ҳар йили ҳолатимга қараб ҳаракат қиламан. Ёш чегарасига қарашни ёмон кўраман, лекин мақсадим - ҳар доим қўлдан келганича ҳаракат қилиш ва вақт ўтиши билан ривожланиб бориш. Умид қиламанки, ҳар мавсум боримни бераман ва аввалги кўрсаткичларимни яхшилашга интиламан.

- Бутсаларингизни михга илгач, мураббийликни бошламоқчимисиз?

- Мураббийликка ўтаманми, йўқми, ҳали билмайман, лекин қайсидир маънода, ўйинда қолишни хоҳлаётганимга аминман. Менинг режам ва ниятим - футбол олами билан яқин алоқада бўлиш.

- Ўйин услубингизни ўрганиш мумкинми ёки у ички туйғуга асосланганми?

- Энг асосийси - ўйинни тезда ўқиб олиш. Бошқалардан бир қадам олдинда бўлишга ҳаракат қилиш ва ишни тезроқ бажариш ҳар доим яхши. Шу энг асосийси ва мен буни ўргатиш мумкинлигига унчалик амин эмасман. Тўпни олишдан олдин нима қилишни хоҳлаётганимни аниқ биламан ва бу қобилиятни ёшлигимдан олганман, чунки мен катта ёшли болалар билан ўйнаганман, улар мендан тезроқ ва кучлироқ эди ва бу мени ҳозиргидек ўйнашга мажбур қилди. Ҳушёр бўлишим ва пас беришим биланоқ тўпдан моҳирона фойдаланишим керак эди.

- Ўзингизни «Олтин тўп»га ҳақиқий даъвогар деб ҳисоблайсизми?

- Болалигимдан «Олтин тўп»ни қўлга киритишни орзу қиламан. Бу кўпчилик футболчиларнинг ҳам орзуси. Тўғри, футбол жамоавий ўйин, лекин жамоага ғалаба қозонишда ёрдам берганингизда, ғалабаларда қатнашганингизда, ҳал қилувчи голларни урганингизда, ҳар қандай футболчи «Олтин тўп»ни қўлга киритишга интилиши табиий. Албатта, мен бу совринга эришиш учун астойдил ҳаракат қиламан ва қачонлардир болалигимдаги орзумни амалга оширишдан умидворман.

- Сизга жорий мавсумдаги «Реал»да ўйнаш ёқяптими?

- Футбол ўзгармоқда ва ҳозирда «Мадрид»нинг келажаги бўла оладиган кўплаб иқтидорли йигитлар бор. Улар дунёнинг энг яхши клуби, совринлар ва ғалабалар кутаётган «Реал»да ўйнаш учун жавобгарликни ўз зиммаларига олишлари керак.

- Уларнинг сизга афсона сифатида қарашини сезяпсизми?

- Ўйлайманки, барчалари мени ака сифатида кўришади, ўз нав­батида, мен ҳам уларга доим қўлимдан келганича ёрдамлашишга, маслаҳат ва йўл-йўриқ беришга ҳаракат қиламан ва буни майдонда ҳам, ундан ташқарида ҳам қиламан. Улар ёш бўлишларига қарамай, айни пайт жуда истеъдодлидирлар.

- Бу мавсум Ла Лига чемпионлиги учун курашда кимни асосий рақиб деб биласиз: «Атлетико», «Барса», «Севилья» ёки «Вильярреал»?

- Ҳозирда аксарият жамоаларда қайта шаклланиш жараёни кетмоқда. Мавсум эндигина бошланди, ҳар бир ўйин жуда муҳим ва ҳозирги вазиятда қуйи лигадан чиққан жамоа жадвалнинг юқорисидан ўрин эгаллаган рақибини мағлуб эта олади. Бу вақтда натижаларни олдиндан тахмин қилиб бўлмайди, сиз айтган барча жамоалар эса худди «Реал» каби лигада ғолиб бўлишга интилади. Биз ҳозир жадвалнинг биринчи поғонасида турибмиз ва режамиз - ғолиб бўлиш учун қўлимиздан келганича ҳаракат қилиш, лекин бу иш осон бўлмайди.

- «Шериф» билан ўйиндаги мағлубият тасодиф эдими? Ва «Реал» ЕЧЛда қоқилишдан қўрқмайдими?

- Бу ўйинни иложи борича тезроқ унутишимиз керак. Айтганимдек, мавсум эндигина бошланди ва биз «Шериф»ни ҳурмат қилишимиз керак, у нишонга атиги иккита зарба берганига қарамай, яхши ўйнади. Биз эса гол уриш учун ўттиздан ортиқ имконият яратдик, лекин бу шуни кўрсатадики, ҳеч бир ўйинни бепарволик билан қабул қилмаслик керак ва «Реал» ҳар бир ўйинни фаворит сифатида бошлайди.

- «Сельта» дарвозасига урган иккинчи голингиз Роналдиньони эслатди...

- Тўғри, тўпни Роналдиньо каби бошқардим... Бу гол ақлий меҳнат самарасидир ва бунда сезгим катта роль ўйнади, чунки мен бу тўпни Алабадан қабул қилишимни олдиндан кўра олгандим. Дарвозага қулайроқ зарба бериш учун тўпни назорат қилдим ва ҳаммаси яхши бўлди.

- «Реал»га келганингизда, «Бернабеу» классик стадион эди, яъни ихчамроқ ва эски услубда. Янги арена шаклланмоқда ва ажойиб бўлишига ваъда беришмоқда. Ўзгартирилган стадионни янги трансфер сифатида кўрасизми?

- Тўғри, стадион сезиларли даражада ривожланди ва ҳозирги реконструкция режалари билан «Сантьяго Бернабеу» келажак аренаси учун эталонга айланади. Бу дунёнинг энг яхши клуби ва энг яхши мухлисларга аталган стадион бўлади.

- Термадаги жамоадошингиз Килиан Мбаппе билан қандай мунасабатдасиз? У яхши йигитми?

- У ёш, лекин жуда иқтидорли футболчи. Мбаппе - ўзига хос услубга эга ажойиб истеъдод, айниқса, унинг ёшини ҳисобга олсак. У жуда яхши йигит ва мен у билан, шунингдек, бўш ҳудуд топишга уста Гризманн билан ўйнашни яхши кўраман. Франция терма жамоасида ўйнаш менга ёқади, чунки фантастик ҳужумчилар билан тўп суриш бахтига муяссар бўлдим.

- Сизнингча, апрель келганда «Реал» асосий совринлар учун курашда муносиб ўринда бўладими?

- Бу бизнинг асосий мақсадимиз, «Реал»нинг вазифаси - барча совринларни қўлга киритиш ва биз шу мақсадга эришиш учун астойдил ҳаракат қилишни режалаштирмоқдамиз.

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади

P.S. Суратда:  #Karikatura “Real” “Barselona”ni mag‘lub etdi


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz