Қайднома

Қидирув

Чемпионликдан мақсад нима?

Чемпионликдан мақсад нима?

  03.11.2021 07:17
  0
  331
Чемпионликдан мақсад нима?

Очиғи, навбатдаги мулоҳазаларни шу сарлавҳа остида ёзмаслигим керак эди. Чунки бир ҳафта муқаддам «Репетитор» газетаси учун «Ижодий учрашувдан мақсад нима?» номли мақола ёзгандим. Икки мақола гарчи бошқа-бошқа газеталар учун бўлса-да, сарлавҳалардаги ўхшашлик боис анча вақт бир тўхтамга келолмадим. Албатта, сарлавҳа учун бир неча вариант бор эди, лекин охир-оқибат, шунисида тўхтадим, барибир. «Ўхшаса ўхшабди, муҳими,  тушунарлилик!» - дедим ўзимча. «Ижодий учрашувдан мақсад нима?» номли мақолада «Биринчи устозингиз ким?», «Биринчи шеърингизни қачон ёзгансиз?», «Оилангизда яна ижодкорлар борми?» каби сийқаси чиққан саволлар танқид остига олинганди. Тўғриси, ҳозир ўтказилаётган кўплаб ижодий учрашувлардан иштирокчилар завқланишмайди, уларнинг таассуротлари таъсирида янгиланиш кузатилмайди. Аксарият ижодий учрашувлар ўша сийқа саволларга анъанавий мазмундаги жавоб қайтариш билан ўтиб кетади.

«Футболга ижодий учрашувнинг нима алоқаси бор - деб ўйлаётгандирсиз балки. Айни шу ўринда алоқаси бор.

Бежиз зерикарли ўтаётган ва иштирокчилар тафаккурини янгиламаётган ижодий учрашувлар ҳақида сўз очмадим.  Суперлиганинг якунланаётган мавсумини ана ўша зерикарли ижодий учрашувларга қиёсласа бўлади. Савол - финиш маррасига яқинлашиб қолган мавсумдан футболимиз нима наф кўрди? Суперлигага янги ҳаво олиб кириши кутилган «Турон» не аҳволга тушди? Чемпион ва совриндор клубларнинг ОЧЛда муваффақиятли қатнашиши, футболимиз рейтингининг халқаро миқёсда кўтарилишига ишониш мумкинми? Мазкур саволлар зерикарли ўтадиган ижодий учрашувлардаги сийқа ва юзаки мулоқотларни эслатади гўё. Негаки,  мухлислар бу саволлар жавобини билишади, билишганига анча бўлди ҳам. Тасаввур қилинг, дарсда ўтирибсиз ва ўқитувчи синфга кириб, сиз яхши биладиган маълумотларни айта бошлади! Бу ҳолатдан энсангиз қотиши, зерикишингиз табиий. Суперлига ўйинларини томоша қилаётган оз сонли мухлислар бугун мана шундай аҳволдалар. Ҳақиқат шуки, Суперлиганинг айрим ўйинларини томоша қилиш учун стадионга борган оз сонли мухлислар ҳам - асосан футболчилар ёки жамоаларга алоқадор кишиларнинг қариндош-уруғлари. Қолаверса, уларнинг стадионга футбол томошасидан завқланиш учун боришларига ҳам ишониш қийин. Улар кўпинча ўйин томошаси эмас, балки танишлари ва яқинларидан уялишгани учун стадионга йўл олишади.

Мана, «Пахтакор» - яна чемпион! Жамоа бу сафар ҳам чемпионлик йўлида унча қийналмади, мураккабликка юз тутмади. Оддий айтганда, якунланаётган мавсум худди олдингиси каби «шерлар»ни  у қадар қийнамади. Энди савол туғилади: «шерлар»нинг нав­батдаги зафарларини кимлар завқ-шавқ билан нишонлашди, қайси рақиб жамоа қойил қолганидан «Пахтакор»ни алоҳида табриклади, қайси бетараф мухлис Питер Хюистра шогирдларини самимий қутлади? Эҳтимол, кимлардир «Биз бормиз!» - дея луқма ташлашар... Бироқ уларнинг ўзлари ҳам бу гаплари ишонч билан, шод-хуррам янграмаётганига ҳайрон қолишса, ажабмас. Хўш, у ҳолда Суперлигада чемпион бўлиш учун курашишдан мақсад нима? «Пахтакор» қандай мақсад йўлида чемпионлик учун курашмоқда? «Шерлар»нинг ғалабаларидан Тошкент кўчалари мухлисларни сиғдиролмай завқ-шавққа тўладими?! Чемпионлик учун курашишнинг моҳия­ти аслида шундай қувончли лаҳзалар эмасми?! Токио-2020 чемпионларини  пойтахт кўчаларида мухлислар тўлқини қандай кутиб олгани ҳалигача эсимизда-ку! Олимпиада чемпионлари ва сов­риндорлари шундай бахтли дамлар учун жанг қилишганини очиқ-ойдин айтишди-ку! «Пахтакор»нинг чемпионлик учун курашидан мақсад эса анчайин тушунарсиз.

Футбол тарихи ва ОЧЛдаги камтарона иштирок учунгина чемпионлик учун курашиш бироз мантиққа зид! Бир хулосани ҳар қайси мухлис баралла тасдиқлайди: «Пахтакор» таркиб борасида Суперлигадаги энг кучли жамоа! Ҳа, бунга ҳеч ким шубҳа қилмайди. Аммо футболда кучли таркиб ҳар доим ҳам ғалаба ва ғолибликни белгиламайди-ку. Ана, «Манчестер Cити»дек таркиби ва мураббийи билан мақтаса арзийдиган жамоа «Кристал Пэлас» каби ўртамиёна клубга ютқазди, яна ўз майдонида. Бу - футбол ҳаётида тез-тез учраб турадиган ҳодиса. Фақат ўзбек футболи ҳаётида, айниқса, «Пахтакор» иштирокидаги учрашувларда бу каби ҳодисаларнинг учраши қийин масала. Йўқ, «шерлар» ҳам ҳар мавсум мағлубиятга учрашади. Қачонки, чемпионлик «ҳид»и келиб қолса! Акс ҳолда, «Пахтакор» бирор рақибига ютқазмайди ёки сафардаги учрашувларда ҳам енгилишига йўл қўйилмайди. Тахминан шундай ҳолат қадим Шошнинг миллий анъаналар сақланиб қолаётган даҳаларида яшовчи юз минглаб мухлисларга жуда яхши маълум!

Чорсу ёки Кўкчанинг қишлоқ кўчаларидан унча фарқ қилмайдиган маҳаллаларида ҳамон Биродар Абдураимовни олқишлаган катта авлод вакиллари яшашади. Бу авлод ҳозир ҳам ХХ асрнинг 60-70-йилларидаги футбол қувонч­ларини қўмсайди. Афсуски, «Пахтакор» иштирокидаги ўйинлардан ўша қувончни тополмайди ва шу боис стадионга бормайди, севимли жамоаси чемпионлигига бефарқ қарайди. «Пахтакор» эмас, балки «Пахтакор»параст баъзи корчалонлар йиллар мобайнида мухлислардаги футболга иштиёқ ва қизиқишни шу тариқа сўндиришди, ўлдиришди. Бугун ўша катта авлод вакиллари «Барселона»даги ин­қироздан кўпроқ қайғурмоқдалар, «МЮ» ғалабалари бардавом эмаслигидан ўкинмоқдалар. Майли, жаҳон футболи авангардлари фаолиятига лоқайд қарамаслик - эзгу фазилат. Зеро, футбол -  умуминсоний ўйин! Бироқ ҳар қайси қизиқиш, аввало, миллийликдан бошланмайдими?! Миллийликдан бошланиши барчага аён ва бу борада кўпчилик донолик билан маъруза ўқийдиган даражада. Амалиётга келганда эса, натижа нолга тенг. Қаранг, «Ювентус» «А» серияда қаторасига бир неча йил скудеттони бировга бермади. Рақиблар эса бундан тушкунликка тушишмади ва пайт пойлашди, ўз нав­батларини кутишди. Алал-оқибат, яна «Интер» ва «Милан» саҳнада! Четдан халақит берилмаса, футбол шундай табиий ривожланаверади.

Шу маънода аслан кучли саналган «Пахтакор» қўшимча ва сунъий қўллаб-қувватланишга муҳтож эмас. Мухлислар «Бунёдкор» ва «Локомотив» ўз вақтида чемпионликни «Пахтакор»дан тортиб олганида, у қадар севинишмаган. Қандай севинишсин?! «Бунёдкор» ва «Локомотив»га ҳурматни сақлаган ҳолда, айтиш жоиз, ҳар икки жамоа қўшимча, ортиқча молиявий қўллаб-қувватланиш эвазига чемпион бўлганди. Агар футболимиз табиий ривожланиш йўлидан борганида, «Насаф» аллақачон чемпионликни нишонларди, «Навбаҳор» ёки «Нефтчи» зафарли юришларини такрорларди. Ҳозир эса ҳаммаси зерикарли, чунки барчаси аввалдан маълум. «Сўғдиёна» ва «Насаф»нинг кубок учрашувидаги аёвсиз жангидан футболимизга нима наф? Ёш ва истеъдодли йигитлар шу «жанг» таъсирида тобланишадими?! Нима қиламиз ўзимизни алдаб? Хўп, «Сўғдиёна» ОЧЛ йўлланмасини қўлга киритди ҳам дейлик. Бундан нима ўзгаради? Жиззах клуби ОЧЛда «Бунёдкор», «Пахтакор» ва «Локомотив» эплолмаган ишни уддалайдими?! Ҳар доимгидек бу савол жавобини мухлислар аввалдан яхши билишади! Таъкидлаш жоиз, бу ҳолат учун номи тилга олинган клублар ва мухлисларни айб­лаш ноўрин! Уларда мутлақо айб йўқ! Уларнинг биргина айблари - футболни яхши кўришлари! Унда айбдор ким? Ҳозирги ҳолатда футболимиздаги инқироз учун жавоб берувчи аниқ айбдор шахс йўқ! Айбдор - футбол тизими! Бу «айбдор» адабини ким бериши эса ҳозирча номаълум...

Муҳаммад ВАЛИ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz