Қайднома

Қидирув

Олий Лига ҳам бўлаверади, фақат...

Олий Лига ҳам бўлаверади, фақат...

  04.11.2021 09:00
  0
  770
Олий Лига ҳам бўлаверади, фақат...

Вақтида оддий - Олий лига номи билан юритилган миллий чемпионатимиз элит дивизионига Суперлига ёрлиғи берилгач, ҳаммаси ўзгаришига умид боғлаганимиз рост. Ҳар ҳолда, биз - мухлислар миллий чемпионатимиз ўз номига яраша юксалиши ва янги даражага чиқишини кутдик, албатта. Бироқ футболимизнинг бугунги аҳволи 100 фоиз адашганимизни кўрсатиб турибди (яхшики, фоиз ҳисоби 100гача, холос, акс ҳолда, адашиш даражасини 1000 фоиз билан ифодалашга тўғри келармиди...?) Хўш, ҳозир ким чемпионатимиз элит дивизиони Суперлига номи остида олдинга силжиганини баралла айта олади? Ким? Менимча, ҳеч ким айтолмайди, айтолмаса ҳам керак. Чунки футбол ривожланмаяпти, аксинча, олдинги кичик ўсиш ҳам батамом тўхтади...

Очиқ айтиш керак, футболда муайян мезон тушунчаси йўқолди, ЎФА ёки ПФЛ хоҳлаганича иш тутмоқда. Чемпионатлар форматига қаранг: битта мамлакат футболида неча хил тизим... Суперлига - икки даврали, Про-лига - икки босқичли ва ҳоказо... Аёллар футболи ва футзалда ҳам аниқ бир формат йўқ. Ҳакамлик ҳақида-ку гапириш ҳам ортиқча (очиқ кўзлар майдонда гўёки, ўз-ўзидан юмилиб қолаётгандек). Энг ёмони, ҳозирги ҳолатдан фақат ва фақат футболга меҳр берган, ундан юз ўгиролмайдиган мухлислар азият чекишади. Ҳа, футбол мутасаддилари ва раҳбарларга ҳеч нима эмас, бечора мухлисларга қийин. Чунончи, улар яқин-яқингача футболдан қандайдир қувонч онларини олишарди, ҳозир эса... Эҳ, мутасаддилар, сизларга катта умид боғлаган жабрланувчилар образидаги мухлисларга ачинаман. Бу ҳаётда барчасининг хотимаси бор, бироқ ўзбек футболи атрофидаги ўзбилармонликнинг чегараси кўринмаяпти, турли «ислоҳот»лар қачон тугашини ҳеч ким, ҳаттоки, раҳбарлар ҳам билишмаса керак.

Тушунарлики, инсон борки, у ўз ҳаётида нимадир топишга, қандайдир маррани забт этишга ҳаракат қилади, фақат бу гап миллий футболимизга тааллуқли эмасдек. Ахир футболимиз ҳамон ўз обрўсини йўқотиш билан овора. Нима, соҳада тартиб ўрнатиш, аниқ стратегия асосида иш юритиш шунчалик қийинми? Гапирсак, гап кўплигидан тил қуриб кетади, оғиз чарчайди, ёзаверсак, қалам ожизлик қилади... Дардларни эшитадиган, инсон йўқ (бўлса ҳам, ўзимизга ўхшаган оддий мухлис эшитади, мутасаддиларда фикрлар устида мушоҳада юритишга хоҳиш йўқ).

Ҳакамларга айтадиган алоҳида сўзим бор: бу касбни танладингизми, адолатни ушланг. Ҳакамларга фақат одиллик, оқилона қарорлар ярашади. Кечирасизу, ҳозирги ҳакамларимиз учун адолат тушунчаси ёт нарсадек. Мана, ўзингиз бир ўйланг ва кимнидир ўрнак сифатида кўрсатинг. Кимни ажратиб кўрсата оласиз? Борми ўзи шундай ҳакам? Масъулиятли касбни эгаллаб олган, бироқ масъулия­ти йўқ реферилар эса етарлича топилади. Миллий чемпионатда ноҳакликлар кўп. Биз - мухлислар кўп жабр тортяпмиз, бироқ роҳат кўрмаяпмиз. Оддий мисол, бу йил ОЧЛда қатнашган жамоаларимиз нима каромат кўрсатди? Уларнинг тузукроқ натижага эришмагани Суперлига савиясига тақалмайдими? Тожикистон клуби «плей-офф»га чиқсаю, бизнинг вакиллар қолиб кетишса... Буни яна қандай изоҳлаш мумкин? Ҳа, «Насаф» хурсанд қилмоқда, аммо ОЧЛ ва ОФК кубогини ўзаро таққослаш ҳам кулгули эканлигини яхши биламиз-ку.

Футбол раҳбарларидан илтимосимиз, керак бўлса, талабимиз битта: бизга 1996 йил, лоақал 2000 йилгача бўлган миллий чемпионатимизни қайтариб беринг. Майли, Суперлига бўлмасин, Олий лига номи ҳам бўлаверади. Фақат футболимиздан олдингидек завқ­лансак, бас. «Оти улуғ, супраси қуруқ» мақоли бежиз айтилмаган. Номи Суперлига бўлсаю, ичидаги ўйинлар супер мақомига тортмаса, бундан нима наф? Умуман, ҳозирги футбол сиёсати Суперлига номига мутлақо тўғри ҳам келмаяпти. Фидоий мухлисларни бошқа азобламанг, лоақал ўзбек футболига қизиқишларни батамом сўндирманг...

Акрамжон ҚОДИРОВ, Наманган шаҳри


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz