Қайднома

Қидирув

Мавсум кашфиётлари: Замбиялик «замбарак»

Мавсум кашфиётлари: Замбиялик «замбарак»

  07.11.2021 06:36
  0
  232
Мавсум кашфиётлари: Замбиялик «замбарак»

«Лестер»нинг замбиялик легионери Патсон Дака яқинда Москванинг «Спартак» клубини 4та гол билан «сийлади». Хўш, у қаердан чиқиб қолди? Европалик скаутлар уни Африканинг қайсидир «тешикча»сидан топиб келишган. Австрияда эса Дакага «Янги Холанд» сифатида қарашган. Демак, ЕЛда энг тезкор «хет-трик» муаллифига айланган замбиялик «замбарак» билан яқинроқ танишамиз.

«Спартак» еврокубоклар ўйинида яна 3та гол урди. Бироқ 3та гол бу гал  ҳаттоки, дуранг натижага ҳам етгани йўқ. «Лестер» Москвадан ғалаба билан қайтди, барибир. Чунончи, замбиялик 23 ёшли Патсон Дака «покер» қайд этиб, 4:3 ҳисобини таъминлади ва «оқ-қизиллар»нинг ҳақиқий жаллодига айланди. Ваҳоланки, «спартакчилар» аввалига 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олишди, аммо якунда тарихга алоҳида ёзиладиган аламли мағлубиятни тан олишдан ўзга чора топишолмади. Барчасига «Лестер»нинг янги ҳужумчиси Патсон Дака «айбдор». Хўш, Москвадаги ўйин қаҳрамони ҳақида нималарни билиш керак? Умуман, Дака Африканинг бир бурчагидан Европага қандай кўчиб ўтди? Маълум бўлишича, унга Замбия бойларидан бири яқиндан ёрдам берган.

Дака тарихига боғлиқ энг қизиқ саҳифа - унинг катта футбол сари йўлни қандай бошлагани. Патсон Замбиянинг чамаси 145 минг аҳолиси бор Чингола шаҳарчасида туғилган. Замбия иқтисодиётини ҳаракатга солувчи асосий йўналиш - бу қимматбаҳо металлар қазиб олиш. Хуллас, Даканинг аксарият ватандошлари ўсмирлик чоғиданоқ мамлакатдаги энг йирик очиқ конлардан бири - Нчангага бориб, мис қазиб олиш билан шуғулланишади. Лекин ёш Патсонда бошқа устувор қизиқиши бор эди. Ҳаётини кон билан боғлашни истамаган йигитча футбол майдони дейиш ҳам қийин бўлган ўнқир-чўнқир баланд-паст­ликларда суткалаб тер тўкарди. Патсон алоҳида иқтидори ва қатъия­ти эвазига тез орада Замбия ўсмирлар терма жамоаси назарига тушади ва унинг таркибида ҳам бинойидек тўп сура бошлайди. Тўғри, салоҳиятли ҳужумчи ўзининг омадли чиптасини кейинроқ тортиб олади. Бу борада замбиялик йигитга Африка футболи тараққиётига қаратилган «Кўтарилаётган юлдузчалар» дас­тури қўл келади. У шу лойиҳа доирасида ҳамюрти, футболнинг чинакам ихлосманди - Ли Кавану эътиборига тушади. Ушбу тадбиркор ўзининг қадрдон шаҳри Кафуэда нолдан янги клубга асос солганди (худди Краснодарда Сергей Галицкий қилгани каби). Хуллас, Дака «Замбиялик Галицкий» билан танишувдан кейин мамлакатда энг илғор футбол академияси мақомини олишга улгурган «Кафуэ Селтик» тизимида шуғуллана бошлайди. Тушунарлики, ҳозир ҳам Африка ва Европадаги шароитларни ўзаро таққослаш мушкул. Бунга «Кафуэ Селтик» академиясидан олинган суратлар ёки видеолавҳалар далил бўла олади. Муҳими, Кавану йўлга қўйган лойиҳа ҳамон ривожланмоқда: эндиликда «Кафуэ» тизимида хорижлик мураббийлар ишлашмоқда. Кавану Европа мамлакатларидан ҳаттоки, овқатланиш бўйича мутахассисларни ҳам таклиф қилмоқда, шунинг баробарида академия инфратузилмасини тобора яхшиламоқда. Ҳар ҳолда, ҳозирги пайт Замбияда ундан яхшироқ академиянинг ўзи йўқ.

Патсон «Кафуэ»га кўчиб ўтиши билан деярли бир вақтда Замбия ёшлар терма жамоасидан чақирув олди, бунинг самараси ўлароқ, собиқ ҳужумчи ва бўлажак агент Фредерик Кануте билан танишди. «Севилья» тарихида ёрқин из қолдирган Мали футболи юлдузи замбиялик йигитни илк марта кўрганидаёқ унинг истеъдодини пайқаганди. Аниқроғи, Патсон U-17 тоифасидаги Африка кубоги-2015да Кануте назарига тушди. «Бу йигитни бир кўришда ёқтириб қолдим. Кейин унинг ўйинлари ёзилган бир нечта видеолавҳаларни таҳлил қилдим ва чиндан ҳам, ноёб фазилатларга эгалигига амин бўлдим. Мисол учун, Патсон ажойиб тезликка эга, ҳар икки оёғи билан енгилгина зарба йўллайди. Қисқаси, ёш йигитчада куч-қувват ҳам, индивидуаллик ва катталарга хос ўйнаш  ҳам жойида эди. Ўшандаёқ бу бола билан нималардир қила олишимизга заррача шубҳаланмагандим», - дея хотирлаганди Кануте кейинчалик.

Ҳаммаси айнан Кануте ўйлагандек ривожланди. Собиқ ҳужумчи бошқарувидаги агентлик 2017 йилнинг қишида Даканинг Австрия чемпионати иккинчи дивизиони иштирокчиси «Лиферинг» клуби сафига ўтишини таъминлади. Яна 6 ойдан сўнг эса, Фредерикнинг шахсан ўзи ёш ҳужумчининг «Зальцсбург»га трансферини ташкиллаштирди. Эътиборлиси, Австриянинг гранд клуби нотаниш ва ёш йигитча учун 250 минг евро тўлади - камбағалгина Замбия футболи учун космик сумма. Дака «Лестер» сафига қўшилишига қадар «Зальцбург»да 4 йил ўйнади. У бу вақт оралиғида жами 125та учрашувда қатнашиб, 68та гол урди ва 27та самарали узатма муаллифига айланди. Замбиялик «замбарак» хусусан, 2020|2021 йиллар мавсумида Австрия чемпионатининг энг яхши тўп­урарига аталган совринга эга чиқди. Умуман олганда, Патсон Австрия клубида Эрлинг Холанд ўрнини муносиб тўлдирди. Норвегиялик голеадор жамоа сафида бўлганида, у сояда эди, кейин бирдан чақнади ва Австрияда «Янги Холанд» номини олди. Тўғри, Даканинг ўзи бундай таққослашга эътибор қаратмаслиги ва футболда ўз йўлию, номи билан танилишни хоҳлашини баралла айтди. Дарвоқе, инсайдер Фабрицио Романо ёзда Даканинг «Ливерпуль» сафига қўшилиши ҳақида хабарлар чоп этди. Бироқ Юрген Клопп жамоаси Дивок Оригини сотолмади, шу боис замбиялик футболчи трансферидан воз кечди. Бу эса «Лес­тер»га қўл келди ва «тулкилар» келажакда Жейми Варди ўрнини босишга қодир муносиб номзод топишди.

Фактлар

** Патсон Дака - Европа ЧЛ гуруҳ босқичида гол урган ва еврокубоклар асосий раундида «покер» қайд этган замбиялик биринчи футболчи.

** Патсон Дака «Лестер» сафидаги дастлабки 7та ўйинда 5та гол урди - фантастик статистика.

** Патсон Даканинг Замбия миллий жамоасидаги ишлари ҳам чакки эмас - 22та ўйин, 7та гол.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz